Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
2242

“Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага шарҳлар

Янгиланган сана:  19 Май 2019, 14:08

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНКЛАРИДА ДЕПОЗИТ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЙЎРИҚНОМАГА ШАРҲЛАР

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан  2010 йил 31 декабрда  "Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома” тасдиқланиб, ушбу Йўриқнома жорий йилнинг 4 мартида Адлия вазирлигида 2205-сон билан давлат рўйхатига олинди.

Мазкур Йўриқнома кучга кириши муносабати билан  “Ўзбекистон Республикаси банкларидаги депозитлар тўғрисида Низом” (рўйхат рақами 534, 1998 йил 16 ноябрь) ўз кучини йўқотди. Ушбу  Низомда депозитлар бўйича фақат умумий тушунчалар ва депозит турларини тавсифлаш нормалари берилган эди. Бундан ташқари, “Тижорат банкларида касса ишларини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир Йўриқнома” (рўйхат рақами 1831, 2008 йил 27 июнь) банк филиаллари биносида жойлашган кассаларида бажариладиган операцияларни тартибга солади.

“Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ тижорат банклари томонидан депозитларни жалб қилиш, қайтариш, фоизлар ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ операцияларни бажариш ва назорат қилиш тартибини белгилайди.

Маълумки, ўтган давр мобайнида республика банк тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банклар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда жиддий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”, “Банк сири тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида” , “Электрон тўловлар тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида” ва “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилди. Натижада, банк операцияларини амалга ошириш ва ҳисоботлар тузиш борасида туб технологик ва ҳуқуқий ўзгаришлар рўй берди. Табиийки, мазкур ўзгаришлар депозит операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида республика банк тизимига замонавий янги технологиялар жорий этила бошланди. Хусусан, тижорат банклари таркибий тузилишида катта ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, кўпгина йирик тижорат банкларининг филиаллари ташқарисида ташкил этилаётган шохобчалар, масалан минибанклар ҳамда омонатлар операцияларини бажарувчи турғун ва сайёр операцион кассалар фаолият юрита бошлашди. Шу йилнинг бошига келиб, жисмоний шахсларнинг омонатларини қабул қилиш билан шуғулланадиган омонат кассаларнинг сони 5 мингга яқинлашгани фикримизнинг яққол далилидир.

Юқоридаги омиллар, банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг омонат (депозит)лари бўйича амалга ошириладиган операцияларининг асосий тамойиллари ҳамда унда қўлланиладиган ҳужжатлар ва уларни расмийлаштириш тартиби, омонат операцияларини шахсий ҳисобварақ варақчаларида акс эттириш, омонат кассаларда иш кунини якунлаш, кунлик ҳисоботлар тузиш ва уларни сўнгги назоратдан ўтказиш каби масалаларни тўлиқ ёритиш, бундан ташқари банк тизимида омонат операциялари бўйича махсус бўлинма ташкил қилиш бўйича қоидалар ўрнатиш ҳамда депозит операциялари билан боғлиқ бошқа барча масалаларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжат яратиш вазифасини вужудга келтирди.

Шу муносабат билан, “Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ишлаб чиқилди .

Мазкур Йўриқнома 17-бўлим, 233 та банд ва 15 та иловадан иборат.

 “Умумий қоидалар”да ушбу Йўриқномада фойдаланилган тушунчалар ва умумий қоидалар берилган, шунингдек “Омонат бўлинмаси”, “Омонат касса”, “Сўнгги назоратчи” ва “Ҳаракатсиз омонатлар”  каби бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган янги тушунчалар киритилди ва “Банк омонати шартномаси” таърифи ёритилди.

Шу билан бир қаторда, амалдаги қонун ҳужжатларига асосан жисмоний шахслар ўзларининг банклардаги омонатларини тасарруф этиш қоидалари, банк қабул қилиб олган омонатларнинг қайтарилишини таъминлаш воситалари, омонатчи томонидан қўйиладиган омонатнинг энг кам ва энг кўп миқдори ва банк томонидан омонат операцияларини бажарганлик учун  ҳақ олиш қоидалари белгиланди.

Банклар омонатлар тўғрисидаги маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга амал қилган ҳолда сир сақланишини таъминлашлари лозим.

Ушбу Йўриқномага асосан банк омонатлари “Талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатлар”, “Жамғарма омонатлар”, “Муддатли омонатлар” ва “Омонат сертификатлари” турларга бўлиниши ва ҳар бир омонат турига таъриф берилди ва уларнинг ўзига хос белгиларига аниқлик киритилди. Бундан ташқари, банклар юқорида қайд этилган омонат турларидан ташқари қонун ҳужжатларига зид бўлмаган, бошқа омонатларни қабул қилишларига рухсат берилди.

Йўриқноманинг “Жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича операцияларни амалга оширишда юритиладиган ҳужжатлар” бўлими алоҳида эътиборга моликдир. Зеро, айнан шу ҳужжатда биринчи марта банклар томонидан жисмоний шахсларнинг омонат операцияларини бажаришда қўлланилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати ва уларнинг иловаларда шакли берилди. Шунингдек, жисмоний шахслар омонатлари бўйича шахсий ҳисобварақлар очиш, шахсий ҳисобварақ варақчалари юритиш ва ёпиш бўйича ҳам алоҳида бўлим киритилди. Албатта, юқорида қайд этилган ҳужжатларнинг аксарият қисми банк амалиётида фойдаланиб келинмоқда. Лекин, улар асосан эски совет тузуми давридаги “жамғарма кассалар” томонидан қўлланилган шаклларини сақлаб қолган эди. Шу сабабли, улар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб сараланди ва шакллари соддалаштирилди. Шунингдек, омонатчи банкка маблағ қўйганлигини тасдиқловчи  янги ҳужжат  - “Тасдиқнома”жорий қилинди.

Йўриқнома бундан ташқари, жисмоний шахслардан маблағларни омонатга қабул қилиш, жисмоний шахсларга омонатни бериш, омонатчи жисмоний шахсларнинг шахсий ҳисобварақлари бўйича омонатларни нақд пулсиз шаклда кирим ва чиқим қилиш операциялари, омонат кассаларида амалиёт кунини якунлаш ва кунлик ҳисобот тузиш ва омонат кассаларда кунлик амалга оширилган операцияларнинг сўнгги назоратдан ўтказишни батафсил ёритувчи бўлимлар билан тўлдирилди.

Омонатчи қўлида банк томондан омонатни олганлигини ва омонат бўйича бажарилган операцияларни тасдиқловчи асосий ҳужжат бу омонат дафтарчасидир. Шунинг учун, ушбу норматив ҳужжатда янги омонат дафтарчаларини бериш, омонат операцияларини расмийлаштириш учун берилган омонат дафтарчаларини сарфлаш устидан назорат ўрнатиш бўйича алоҳида бўлимлар киритилди.

Йўриқноманинг охирги “Якуний қоидалар” бўлимида омонат операцияларини амалга ошириш бўйича жавобгарлик нормалари ўрнатилди.

Хулоса қилиб айтганда, тижорат банклари фаолиятида мураккаб, ва шу билан бирга ўта муҳим вазифа ҳисобланган жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича операцияларни бажариш қоидалари батафсил белгиланган ҳар томонлама пухта меъёрий ҳужжат яратилди.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома тижорат банк ходимларига омонат операцияларини тўғри ҳамда аниқ бажаришларида қўлланма вазифасини бажаради ва барча тижорат банклари ушбу ҳужжат талабларига оғишмай амал қилишлари  талаб этилади.

Тижорат банклари мазкур Йўриқнома қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз ички тартибларини ишлаб чиқишлари лозим.

М. МАРПАТОВ
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг
Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва давлат
бюджети касса ижроси департаменти
директори ўринбосари, и.ф.н.




Рўйхатдан ўтиш муддати: 12 январь 2016 й.
docx 16.3 KB
Юклаб олиш



Улашиш:

 
USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X