Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ОНЛАЙН БРИФИНГ САВОЛ-ЖАВОБЛАРИ

Янгиланган сана:  23 Июн 2020, 10:13
19 Июн 2020

Хабарингиз бор, 2020 йил 11 июнь куни Марказий банкда онлайн брифинг ўтказилди. Брифинг арафасида Марказий банкнинг алоқа каналлари орқали оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бир нечта саволлар келиб тушди. Айнан ушбу саволларга тайёрланган жавоблар билан қуйида танишишингиз мумкин:

 

Савол: Асосий ставкани келгусида пасайтириш кутиляптими?

Жавоб: Асосий ставка даражасини белгилашда, биринчи навбатда, инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари ҳамда макроиқтисодий шароитларнинг жорий ва кутилаётган ўзгаришларидан келиб чиқилади.

Марказий банк прогнозларига кўра, инфляция даражаси йил якунлари бўйича 11-12,5 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда. Бу маълум маънода асосий ставкани кейинги йиғилишларда пасайтириш томонга кўриб чиқиш эҳтимолини оширади.

Лекин инфляциянинг пасайиш трендига ярим йиллик якунлари бўйича тўлиқроқ ишонч ҳосил қилиш керак. Албатта, буни вақт кўрсатади. Мутахассислар томонидан доимо прогнозлар такомиллаштириб борилади ва албатта асосий ставкани пасайтириш учун етарли шароит туғилган тақдирда Марказий банк Бошқарувига таклифлар киритилади.

 

Савол: Ставканинг туширилиши валюта курсига таъсир қиладими?

Жавоб: Ички валюта бозорида алмашув курси даражаси фундаментал омиллар, яъни талаб ва таклифнинг жорий нисбати асосида шаклланмоқда. Алмашув курсининг фундаментал омилларига жуда кўп ўзгарувчилар таъсир этади. Миллий валютадаги активларнинг қиймати ва даромадлилиги шулар жумласидандир. Ўз навбатида, бу депозитлар ва кредитларнинг реал фоиз ставкалари билан боғлиқ.

Реал фоиз ставкаларининг ижобийлиги инфляция даражаси ва макроиқтисодий шароитлардан келиб чиқади. Инфляция даражаси пасайиб бориши шароитида асосий ставка пасайтирилган тақдирда, реал фоиз ставкаларининг ижобийлиги сақланиб қолади.

Шу нуқтаи назардан, инфляция даражасининг пасайиб бориши шароитида асосий ставканинг туширилиши алмашув курсига тўғридан-тўғри оширувчи омил сифатида таъсир кўрсатмайди.

 

Савол: Марказий банк асосий ставкаси пасайса ҳам нега тижорат банкларида фоиз ставкаси ҳамон юқорилигича қолмоқда? Бу айниқса, истеъмол ва ипотека кредитларида кўринмоқда. Бу ҳол Ўзбекистонда молиявий рисклар юқорилигидан даракми?

Жавоб: Тижорат банкларининг кредит ресурслари бўйича фоиз ставкалари ушбу ресурсларнинг қиймати ва кредитга бўлган талаб даражаси билан боғлиқ. Бугунги кунда иқтисодиётда узоқ муддатли ресурслар бўйича танқислик мавжуд. Шу билан бирга, йиллар давомида йиғилиб келган кредит чанқоқлиги сўнгги икки йилда юзага чиқди. Бу ўз навбатида, фоиз ставкаларининг ошишига олиб келди.

Таъкидлаш жоизки, яқинда бўлиб ўтган Бошқарув йиғилишида кредитлар бўйича фоиз ставкаларини мақбул даражасигача пасайтириш бўйича ҳам алоҳида макропруденциал механизм тасдиқланди ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича мақбул ставка 21 фоиз этиб белгиланди.

Албатта, янги механизмни амалиётга жорий этилиши, инфляция даражаси пасайиб бориши ва иқтисодиётда узоқ муддатли пуллар кўпайиб бориши миллий валютадаги ресурслар нархларининг арзонлашишига ва кредитлаш бозорида фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келади.

 

Савол: “Humo” тўлов тизими жорий қилинганига анча бўлди, бошқа тўловлар қатори янгилик пайтида бироз қийинчилик бўлиши табиий, кейин изига тушиб кетади дейилган эди. Лекин бундай бўлмади, ундан фойдаланиш ҳамон муаммолигича қолмоқда?  Бунинг сабаби нимада?

Жавоб: “HUMO” миллий тўлов тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3945-сонли қарорига асосан ташкил этилиб, 2019 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилди.

Бугунги кунга қадар мазкур тўлов тизимини, унинг инфратузилмасини кенгайтириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тижорат банклари томонидан “HUMO” тўлов тизимининг муомалага чиқарилган банк карталари сони жорий йил бошига нисбатан 73 фоизга кўпайиб, 2020 йил 1 июнь ҳолатига 4,2 млн. донага етди.

Республика миқёсида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони 7,1 фоизга ошиб, 190 мингтага, банкоматлар сони эса қарийб 66 фоизга кўпайиб, 3 316 донани ташкил этди.

2020 йил январь-май ойлари давомида банк карталарига 7,7 трлн. сўмдан ортиқ пул маблағлари кирим қилинган бўлса, уларнинг 70 фоизи ёки 5,5 трлн. сўми савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ўрнатилган тўлов терминаллари орқали харидлар учун тўловлар амалга оширилган, шунингдек, июнь ойининг 10 куни давомида эса мазкур терминаллар орқали қарийб 1,1 трлн. сўмлик тўловлар ўтказилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Шу билан бирга, “HUMO” тўлов тизимининг ишга туширилиши аҳоли учун бугунги кунда оммабоплиги жадал ошиб бораётган “контактсиз” тўловларни амалга оширишга кенг имкониятлар яратмоқда.

“HUMO” тўлов тизимини амалиётга жорий этишдан аввал савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлов терминаллари билан тўлиқ қамраб олиш орқали тегишли инфратузилмани яратиш ҳамда шундан сўнг аҳолининг кенг қатлами учун банк карталарини муомалага чиқариш каби саъй-ҳаракатлар банклар билан биргаликда амалга оширилди.

Бундан ташқари, банк тизими ходимлари давлат солиқ хизмати органлари билан биргаликда жойларда “HUMO” тўлов терминалларининг мавжудлиги ҳамда уларнинг ишчи ҳолатини мониторинг қилиб бормоқдалар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, реал фаолият юритилишига эндигина бир йил бўлган “HUMO” миллий тўлов тизимининг инфратузилмаси доимий кенгайтириб борилаётганлигини, унинг янада ривожланиши банк карталарига хизмат кўрсатадиган тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитининг ошишига ҳамда янги инновацион хизмат турларининг пайдо бўлишига олиб келади.

 

Савол: Банк картамни йўқотиб қўйган эдим. Кимдир уни топиб олиб, пулларини ишлатиб юборди. Бу ҳақида телефонимга хабар келди. Шу хабардан фойдаланиб, пулларимни қайтариб олсам бўладими? Бунинг учун нима қилишим керак? Банк картани йўқотганда нималар қилиш кераклиги ҳақида тўлиқроқ тавсиялар берсангиз.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ:

банк карталарини чиқариш ва улардан фойдаланиш банк картасининг эмитенти ҳамда банк картасини сақловчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилиши, банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчи билан шартнома тузилгунига қадар банк картаси сақловчисини банк картасидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик шартлари ва чоралари, эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида хабардор қилиши шарт эканлиги қайд қилинган;

банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги факти аниқланганда, банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентини бу ҳақда хабардор қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабардор қилинмаган тақдирда, барча таваккалчиликлар банк картасини сақловчининг зиммасида бўлиши белгиланган;

банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасини дарҳол блокировка қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасидан рухсатсиз фойдаланганлик учун жавобгар бўлади.

Шу билан бирга, “Банклар томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, ПИН-код – банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг эгаси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлаши баён этилган.

Ўз навбатида, бугунги кунда мижозлар банк картасини блокировка қилиш бўйича бевосита банкка (веб-сайт ёки колл-марказ орқали) мурожаат қилиши ёҳуд банкларнинг мобиль иловаларидан фойдаланган ҳолда, картани блокка қўйиш имконияти мавжуд.

Саволда кўтарилган масала юзасидан, йўқотилган картани бегона шахслар томонидан фойдаланиш ҳолати юзага келган тақдирда (банкка хабар берилмаганда ёки фойдаланувчининг ўзи блокировка қилмаганда), бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда тезкор хабар берилиши керак. 


Савол: Марказий банк кредитлар бўйича ўртача ставкаларни 21 фоиз этиб белгилади. Бу нимани англатади? Батафсил маълумот берсангиз?

Жавоб: Марказий банк томонидан инфляция ва бозордаги ҳолатни инобатга олиб, банклар фаолиятидаги фоиз хатарларининг олдини олиш мақсадида депозит ва кредит операциялари бўйича мақбул фоиз ставкалари эълон қилиниши банкларни мазкур фоизларда кредит ва депозит операцияларини амалга оширишга мажбурламайди.

Аксинча, Марказий банк пул-кредит инструментлари ва пруденциал чораларни қўллаш орқали ўз операцияларини мақбул фоиз ставкаларида амалга оширишга қўшимча ликвидлилик ва преференциялар билан рағбатлантиради.

Мазкур фоиз ставкалари Марказий банкнинг амалдаги асосий ставкасидан келиб чиққан ҳолда ўзгаради.

Маълумот учун: жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб 2021 йил 1 январга қадар:

юридик шахслар депозитлари бўйича 16 фоизгача, жисмоний шахслар омонатлари бўйича 18 фоизгача;

юридик шахслар кредитлари бўйича 21 фоизгача, жисмоний шахслар кредитлари бўйича 24 фоизгача;

шунингдек, тадбиркорларга хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича 8 фоизгача бўлган ставкалар мақбул фоиз ставкалари, деб ҳисобланади.

Мақбул фоиз ставкаларида депозит ва кредит операцияларини амалга оширган банклар пул-кредит сиёсати инструментлари ва пруденциал чоралардан фойдаланган ҳолда рағбатлантирилади. Хусусан:

Марказий банкнинг мажбурий резервлар норматив миқдорини ҳисоблашда ўртачалаш коэффициенти амалдаги 35 фоиздан 75 фоизгача оширилади;

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондига ўтказиладиган календарь бадаллари амалдаги 0,25 фоиздан 0,05 фоизгача пасайтирилади;

Банкларни пул-кредит сиёсати инструменти орқали 3-6 ой ҳамда 1 йиллик муддатга зарур ресурс билан таъминлаш тизими жорий этилади.

 

Савол: 2020 йил 17 март куни Президент томонидан “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун билан 50 млн.гача қарз олиш мумкин экан. Лекин банкка мурожаат қилсам, 10 млн. олишингиз мумкин деди. Микроқарз олишнинг шартлари ва қоидаларини тушунтириб берсангиз. Масалан, мен 20 млн. олиш учун қанча ойлик маош кўрсатаман. Фоизи қанчадан бўлади? Қандай ҳужжатлар керак бўлади ва ҳоказо?

Жавоб: “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунга асосан микроқарз қарз олувчига 50 миллион сўмдан ошмайдиган суммада берилиши кўзда тутилган.

Яъни мазкур 50 млн. сўм кредитнинг энг юқори чегараси бўлиб, банклар томонидан мижознинг молиявий ҳолати, кредитни тўлаш қобилиятидан келиб чиққан ҳолда кредит суммаси мустақил белгиланади.

Аксарият банклар томонидан мазкур кредитларни ажратиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб, бунда банкка фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ҳарбий гувоҳнома) тақдим этилиши кифоя.

Пандемия шароитида банклар томонидан масофавий банк хизматларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда жисмоний шахсларга онлайн тарзда микроқарз ва овердрафтлар ажратиш тизими 13 та банкда йўлга қўйилган.

Кредитлар бўйича тўловлар қиймати кредитларнинг муддати ва фоиз ставкасидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, 12 ой муддатга йиллик 24 фоиздан 20 млн. сўм микроқарз олсангиз, ўртача тўлов миқдорингиз 2 млн. сўм атрофида бўлиб, бошқа кредит қарздорликларингиз мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, сизнинг ойлик даромадингиз 4 млн. сўмдан кам бўлмаслиги лозим. (Яъни даромадингизнинг 50 фоизи қарзингизни қоплашга йўналтирилади.)

 

Савол: Президент қарори билан янги қурилган уйларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратилмоқда. Қизиқиб уй қидирдим, янги қурилаётган уйларни топдим. Кейин банкка бордим, банк ҳужжатлар тўпламини берди. Уларнинг орасида кадастр ҳужжатлари нусхаси ҳам бор эди. Табиийки, янги қурилаётган уй ҳужжати қанчадир муддатдан кейин, уй фойдаланишга топширилиш арафасида тайёр бўлади. Лекин бу ҳужжатсиз банк кредит ажратмасдан мени кўп сарсон қиляпти. Шу талаб тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 3 январдаги “Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2-сонли қарорига асосан ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда қарз олувчи мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жой ёки квартира гаровга қўйилган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармони ҳамда 2020 йил 1 майдаги “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4701-сонли Қарори асосида ипотека кредити орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби амал қилиб келмоқда. 

Янги тартибга асосан ипотека кредитлари бирламчи бозорда тайёр ҳолда топшириш шарти билан ҳамда тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни сотиб олиш учун ажратилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, амалдаги тартибларга асосан ипотека кредитлари ҳисобига сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ҳамда кўп квартирали уйлардаги квартираларни кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиши талаб этилади.

Қурилиш ишлари тугалланмаган якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда кўп квартирали уйлардаги квартиралар (кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган) табиийки, ўрнатилган давлат стандартларидан ўтказилмаган ва бу ўз навбатида, тижорат банклари фаолияти учун рискли операциялар сифатида кўрилади.

 

Савол: Корхонамга 2 та машина олиш учун кредит олганман. 2 йилдан буён узулишларсиз ўз вақтида тўловларни амалга ошириб келмоқдаман. Кредитни иккиламчи ҳисоб рақамим очилган банкдан олганман. Ҳозирги кунда яна кредит олишим мумкинми?

Жавоб: Банк қонунчилигида кредит олган корхоналарга мавжуд кредит қарздорликларини тўлиқ сўндиргунга қадар бошқа қўшимча кредит олиш бўйича тақиқ белгиланмаган.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, агар корхонангизнинг келгусида режалаштираётган пул оқимлари, шунингдек, корхонанинг молиявий ҳолати ва кредит тўлаш қобилияти шу пайтгача олган кредитлар ва янги олиниши режалаштирилган кредит учун етарли бўлса, яна кредит олишингиз мумкин.

 

Савол: Қизим Туркия университетларидан бирини тамомлаб, ўша ерда ишлаяпти ва ушбу давлатда ўзига уй олмоқчи. Аммо ватанингдан кредит буйича қарзи йўқ ёки кредит олинмаган, деган мазмунда хат олиб кел, деб айтишибди.

Қизим e-mail орқали сизларга мурожаат қилса, мазкур маълумотнома бериладими? Қизимнинг Ўзбекистон ҳудудида ҳеч кандай кредит қарзи йўк, чунки ҳеч қачон кредит олмаган.

Жавоб: Бугунги кунда республикамизда “Кредит-ахборот таҳлилий маркази “Кредит бюроси” МЧЖ фаолият юритиб, у кредит ахбороти алмашинувини амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, кредит ахбороти субъекти бўлган жисмоний ёки юридик шахслар кредит бюросидан ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини олиш, шу жумладан, бир йилда бир марта текинга олиш ҳуқуқига эга.

Агар фуқаро хорижда бўлса, уни идентификация қилиш видеоқўнғироқ орқали амалга оширилади ва шундан кейингина унга кредит ҳисоботи тақдим этилиши мумкин. Шу боис бу вазиятда кредит бюросига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Кредит бюросининг:

  • телефон рақами: (+99895) 195-99-02, (+99871) 238-69-31;
  • электрон манзили: info@infokredit.uz.
USD = 10184.73
+11.35
EUR = 11455.78
+44.3
RUB = 142.48
-3.49
GBP = 12713.60
+166.77
JPY = 94.74
-0.15
CHF = 10769.51
+36.96
CNY = 1441.45
+3.92
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X