Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқарувининг 2020 йил 5 мартдаги қарори билан асосий ставка йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди

Янгиланган сана:  6 Мар 2020, 10:20
5 Мар 2020

Ушбу қарор тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган эркинлаштирилиши ҳамда коронавирус билан боғлиқ бўлган ташқи иқтисодий ноаниқликларнинг кучайиши билан изоҳланади.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра инфляциянинг энг юқори даражаси жорий йилнинг иккинчи чорагида кузатилиши мумкин. Айни вақтда, 2020 йилнинг иккинчи ярмида тарифлар ўсишининг инфляцияга таъсири пасайиб боради ва йил охирида инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасига яқинлашади.

Ўтган йиллардаги инфляция хусусиятининг таҳлили шуни кўрсатадики, давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар ва хизматлар нархларининг мунтазам тизимли равишда ошириб келиниши инфляциянинг асосий омилларидан бўлган. Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳаларда нархлар шаклланишининг бозор тамойилларини жорий қилишни кечиктириш кейинчалик ҳам нархларни ҳар йил ошириб боришни талаб қилади. Бу, ўз навбатида, қўшимча инфляцион босимни яратишда давом этади ва 2023 йилга келиб инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичга – таргетга эришишни қийинлаштиради.

Нархларнинг ўзгартиришни бир босқичда амага ошириш орқали бозор тамойилларини жорий этилиши инфляцияга маълум даражада қисқа муддатли таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантириш йўлидаги муаммоларни бартараф этишга, республика ҳудудларида энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига ҳамда товарлар ва хизматлар таклифи ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2020 йилнинг февраль ойида йиллик инфляция январь ойига (14,3 фоиз) нисбатан 0,8 фоиз бандга ва 2019 йилнинг декабрь (15,2 фоиз) ойига нисбатан 1,7 фоиз бандга пасайиб, 13,5 фоизни ташкил қилди.

2020 йил февралда базавий инфляция 2019 йил декабрга нисбатан солиштирганда 1,4 фоиз бандга пасайиб, 12,5 фоизлик даражагача тушди.

Инфляция даражасининг пасайишига, биринчи навбатда, фундаментал омиллар, жумладан, иқтисодиётни кредитлаш ҳажми ва бюджет харажатларининг ўсиш суръатларининг секинлашуви, шунингдек, 2019 йилда юзага келган бир марталик омиллар (ўтган йил январь ойида ҚҚСга тортиладиган базанинг кенгайиши, август ойида миллий валюта курсининг девальвацияси ҳамда энергия ресурслари нархининг ошиши, октябрь ойида ун ва нон нархининг эркинлаштирилиши) таъсирининг қисқариши сабаб бўлди.

Мавсумий тебранишларнинг таъсирининг камайиши жорий йилнинг январь-февраль ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор бўлишига хизмат қилди ва ушбу гуруҳ нархларининг ўсиши 2,4 фоизни ташкил қилди (2019 йилнинг январь-февраль ойларида 4,9 фоиз).

Сақлаш инфратузулмасининг кенгайиши ва иссиқхоналар тармоғининг ривожланиши ҳисобига қиш ойларида мева ва сабзавотлар нархининг кескин ошиши кузатилмади. Хусусан, 2019 йилнинг январь-февраль ойларида мевалар 15,6 фоизгасабзавотлар 13,8 фоизга ошган бўлса, жорий йилда нархлар ўсиши қарийб икки баробарга пасайиб, мос равишда 7,7 фоиз ва 6,3 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, буғдой уни ва нон маҳсулотлари нархларининг бозор шароитларига мослашиб бориши натижасида уларнинг ИНИга таъсири сезиларли даражада пасайди ва нон маҳсулотларининг улуши 0,08 фоиз бандни ташкил қилди (2019 йил январь-февраль ойларида 0,2 фоиз банд).

Мазкур даврда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиши 2019 йилнинг январь-февраль ойларидаги каби (2,3 фоиз) бўлиб, инфляцияга сезиларли таъсир кўрсатди.

2020 йил январь-февраль ойларида ноозиқ-овқат товарлари нархининг ўсиши 0,8 фоизни (2019 йилнинг мос даврида - 2 фоиз), хизматлар тарифларининг ошиши 0,6 фоизни ташкил қилиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан (1,3 фоиз) икки баробарга секинлашди.

Аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари, 2019 йил IV чорагидаги ўсишдан сўнг, 2020 йил январь-февралда сезиларли даражада пасайди. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўрта муддатли кутилмалари 2019 йил декабрь ойидаги 18 фоиз ва 18,1 фоиздан 2020 йил февраль ойида мос равишда 15,5 фоиз ва 16,3 фоизгача пасайди.

Пул-кредит шароитлари мўътадил фискал сиёсат шароитлари, иқтисодиётга кредит қуйилмалари қолдиғининг юқори бўлмаган даражада ўсиши ва пул-кредит сиёсати бозор инструментларининг фаол қўлланилиши таъсирида шаклланди.

Пул-кредит сиёсати инструментлари янги қаторининг жорий этилиши банклараро пул бозори ўртача тортилган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасига яқинлашишига шароит яратди (январь ойида 15,8 фоиз ва февраль ойида 15,2 фоиз).  

Жорий йил бошидан Марказий банк томонидан 1,75 трлн. сўмлик қисқа муддатли облигациялар муомалага чиқарилди, 2 трлн. сўмлик бюджет маблағлари Марказий банк депозитига жалб этилди ва бу банк тизими ликвидлигида мавжуд таркибий профицитни қисқартиришга ёрдам берди.

Февраль ойида Марказий банк тижорат банкларига РЕПО операциялари орқали 53 млрд. сўмлик ва СВОП операциялари орқали 261 млрд. сўмлик ликвидликни тақдим этди. Ортиқча ликвидликни жалб этиш мақсадида 110 млрд. сўмлик икки ҳафталик депозит аукционлари ва 310 млрд. сўмлик овернайт депозитлари жалб этилди.

2020 йилнинг январь-февраль ойларида иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига (6,0 фоиз) нисбатан 3,5 фоиз бандга пасайиб 2,5 фоизни ташкил этди.

Кредит портфели умумий ўсиш суръатининг пасайишига қарамасдан бозорнинг турли сегментларида кредитларнинг ўсиш динамикаси турлича бўлди.

Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги истеъмол ва ипотека кредитлари сегментида юқори ўсиш суръати (5,2 фоиз) кузатилди (умумий кредит портфели ўсишининг 38 фоизини ташкил қилди). Ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкаларнинг нисбатан юқори бўлишига қарамасдан, уларга бўлган талабнинг юқорилиги қуйидагилар билан изоҳланади:

  • истеъмол кредитлар бозори нисбатан янги бўлганлиги учун узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган юқори талаб;
  • истеъмолчилар молиявий саводхонлик даражасининг юқори эмаслиги;
  • энг асосийси, мамлакатда бир неча йиллар давомида юқори инфляция кузатилганлиги сабабли, иқтисодиётда юқори фоиз харажатларини қайтаришнинг қийин бўлмаслиги тўғрисидаги фикрларнинг сақланиб қолиши.

Хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкаларининг нисбатан паст эканлиги ушбу кредитлар ҳажмининг 3,4 фоизга ошишига сабаб бўлди.

Ушбу тенденциянинг давом этиши аҳолини кредитлаш ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш ҳамда қарз юкининг мувофиқ даражасини сақлаб туриш мақсадида макропруденциал чоралари қўллаб борилади.

Умуман, жорий йилнинг январь-февраль ойларида фуқароларнинг миллий валютага бўлган ишончи ортиб бориши давом этди. Январь-февраль ойларида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли омонатлари 9,4 фоизга ошди, хорижий валютадаги омонатлар эса деярли ўзгармади.

Иқтисодиётга қўшимча пул йўналтириш (бюджет харажатлари, кредитлар) суръатининг мўътадиллашиши ички валюта бозорида талабнинг мувозанатлашувига имкон яратди.

Агар 2019 йилнинг IV чорагида сўмнинг алмашув курси 0,7 фоизга қадрсизланган бўлса, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида нисбатан барқарор динамикани намоён қилди. Мазкур тенденция инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Бюджет харажатлари ва иқтисодиётни кредитлаш ҳажмини қисқартириш бўйича амалга оширилган чоралар муайян даражада импортга бўлган талабнинг мувозанатлашувига олиб келди. Хусусан, 2020 йилнинг январь ойида импортнинг йиллик ўсиш суръати 23 фоизгача  (2019 йилнинг январь ойида 43 фоиз, февраль ойида 40 фоиз) секишланди.  

Ноаниқлик ва хатарлар. Жаҳон иқтисодиётида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ бўлган иқтисодий муаммолар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам муайян даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунда таъсир кўлами жаҳон иқтисодиётидаги хатарларнинг давомийлиги билан баҳоланади.

Истеъмол саватчасида сезиларли улушга эга бўлган Хитойдан импорт қилинадиган айрим товарлар ҳажмининг қисқариши ички бозорда нархларга маълум босимни юзага келтириши мумкин.

Ички нархлар даражасига “коронавирус” таъсирининг бир марталик қисқа муддатли бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хитойдан импорт қилинадиган товарлар бўйича қопланмаган талаб ички ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ва бошқа давлатлардан янги импорт йўналишларининг йўлга қўйилиши орқали қопланади ва натижада ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлашади.

Ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабнинг сезиларли ошишига нисбатан таклиф ҳажмининг номувофиқ ўсиши нархларга маълум даражада босим яратади.

Чорвачилик соҳасини тубдан ривожлантириш ва бу учун зарур бўлган озуқа базасини шакллантириш орқали ички бозорни узлуксиз гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, маълум бир вақтни талаб қилади. Шу билан бирга, бошқа давлатлардан (Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизстон) гўшт импортининг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, гўшт импорти нархининг ошиши ўрта муддатли истиқболда гўшт нархига таъсир кўрсатади.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, транспорт инфратузилмасини, бозорларда рақобатни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз газ ва электр энергия билан таъминлаш соҳаларида зарурий таркибий ислоҳотларни амалга ошириш инфляция даражаси барқарор пасайишининг асосий омилларидан ҳисобланади.

Инфляция прогнози. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида инфляциянинг пасайиб борувчи тенденцияси кредитларнинг юқори ўсишни олдини олиш ва фискал интизомнинг кучайтирилиши орқали иқтисодиётда инфляция босимини ва инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш, хусусан тартибга солинадиган энергия ресурслари нархларини эркинлаштириш жараёнини келгуси йилларга қолдирмасдан амалга ошириш мумкинлигини кўрсатди.

Бунда, инфляция даражасини прогноз доирасида ушлаб туриш қуйидагилар омиллар ҳисобигатаъминланади:

  • умумий фискал баланс тақчиллик, ЎТТЖ даромад ва харажатлари мувозанатлашувини таъминлаган ҳолда, 2020 йилда тасдиқланган параметрларга (ЯИМга нисбатан 2,7 фоиз) тўлиқ мос бўлишини таъминлаш;
  • банклар кредит портфелининг мўътадил ўсиш суръати, яъни ЯИМнинг номинал ҳажми ўсиш суръатидан ошмайдиган (25 фоиз атрофида) даражада бўлиши ҳамда келгуси даврда кредит бозорида сегментлашув даражасининг пасайиши билан пул-кредит сиёсатининг жорий шароитини сақлаб қолиш;
  • ташқи қарзнинг мувозанатли ўсиши, хусусан, хорижий валютадаги кредитлар ўсиши ва иқтисодиётдаги қарз юкининг мувозанатлашуви ҳамда долларизация даражасининг пасайиши.

Бунда, Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари хусусиятини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляция прогноз динамикасининг шаклланишидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича асосий мажлиси 2020 йилнинг 23 апрелига режалаштирилган. Йиғилиш якунланганидан сўнг Пресс-релиз эълон қилинади.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X