Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раисининг 2020 йил 5 мартда асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича ўтказилган Бошқарув йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманидаги маърузаси

Янгиланган сана:  10 Сен 2020, 19:42
5 Мар 2020

Ассалому алайкум, ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Ҳаммангизга маълумки, 2020 йилдан бошлаб Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатини Инфляцион таргетлаш режими стандартларига мослаштириш мақсадида амалий чоралар кўриб борилмоқда.

Инфляцион таргетлаш шароитида биз асосий ставкани белгилашда, энг аввало, инфляция даражасининг жорий ва кутилаётган динамикаси, ички ва ташқи макроиқтисодий шароитлардан келиб чиқишимизни аввалги учрашувларимизда қайд этган эдик.

Маърузанинг биринчи қисмида мамлакатимиздаги инфляция даражаси ва унинг хусусиятлари, пул-кредит сиёсати кўрсаткичлари ва шароитларига, иккинчи қисмида эса бугунги Марказий банкнинг бошқарув йиғилишида қабул қилинган қарорнинг асосларига батафсил тўхталиб ўтмоқчиман.

I. Инфляция даражаси ва унга таъсир қилган омиллар

Февраль ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоиздан 13,5 фоизгача пасайди (январь ойида эса14,3 фоиз).

Агар жорий йилнинг ўтган икки ойида кузатилган инфляция суръатини 2019 йилнинг мос даври билан солиштирадиган бўлсак, бу ерда ҳам 2 баробар пасайишни кўрамиз (2019 йил январь-февраль – 3,1 фоиз, 2020 йил январь-февраль – 1,4 фоиз).

Январь-февраль ойларида инфляция даражасининг пасайиши қатор омилларнинг биргаликдаги таъсири натижаси, деб изоҳлаш мумкин. Хусусан:

· фискал интизомнинг оширилиши;

· иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларини мўътадиллашуви;

· имтиёзли кредитлаш тартибларининг ўзгартирилиши;

· валюта курсининг девальвациясининг секинлашиши;

· 2019 йилда кузатилган бир марталик омиллар таъсирининг камайиб бориши ва бошқалар.

(2019 йилдаги январь ойидаги ҚҚС базасининг ўзгариши, август ойидаги энергия ресурслари нархлари оширилиши ва валюта курсининг кескин девальвацияси, октябрь ойида нон маҳсулотлари нархлари оширилиши).

Мева ва сабзавотлар нархларини мавсумий ўзгаришининг инфляцияга таъсири ўтган йилларга нисбатан анча паст бўлди.

Нон ва нон маҳсулотлари нархининг бозор шароитларига мослашиши ҳисобига ушбу гуруҳ маҳсулотларининг умумий инфляция даражасига ҳиссаси сезиларни даражада пасайди.

Шу билан бирга, январь-февраль ойларида гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиши ўтган йилларда бўлгани каби инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бири бўлди (ўсиш 2,3 фоиз).

Гўшт маҳсулотларига талаб ошиб бораётган шароитда ички бозорларни ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш масаласи комплекс ёндашувни талаб этади.

Ҳукуматимиз томонидан гўшт етказиб беришнинг ташқи каналларини йўлга қўйиш, озуқа базасини кенгайтириш ва тармоқни тизимли ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлари келгусида ушбу маҳсулот нархининг барқарорлаштиришга олиб келади. 

2020 йилдан бошлаб Марказий банк банклараро пул бозорида ўзининг инструментлари билан иштирок эта бошлади. Яъни пул-кредит инструментларини қўллашнинг амалий фаол фазасигаўтилди. 

Йил бошидан бошлаб Марказий банк асосий ставкаси ва унга +/-1 нисбатда фоиз корридорижорий қилинди.

Январь-февраль ойларида жами 3,75 трлн. сўмлик (1,75 трлн.сўм + 2 трлн.сўм) ортиқча ликвидлилик Марказий банкинг қисқа муддатли облигациялари ва депозитларига жалб қилинди.

Ушбу облигациялар банк тизимида шаклланган таркибий профицитни тартибга солишдасамарали инструмент бўлиши билан бир қаторда банклар учун ликвидлик талабларини бажаришда ҳам даромадли инструмент сифатида хизмат қилмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, тижорат банкларининг вақтинчалик (қисқа муддатда) бўш турган пул маблағлари энди даромад келтирувчи активга айланмоқда.

Февраль ойидан бошлаб Марказий банкнинг бошқа инструментлари ҳам амалда кўлланила бошланди.

банкларга ликвидлик тақдим этиш бўйича:

261 млрд. сўмлик СВОП операциялари;

53 млрд. сўмлик РЕПО операциялари ўтказилди.

банклардан ликвидлик жалб қилиш бўйича:

310 млрд. сўмлик овернайт депозитлари;

110 млрд. сўмлик депозит аукционлари амалга оширилди.

Пул-кредит сиёсати инструментларидан фойдаланишнинг фаоллаштирилиши бизнинг операцион мақсадимиз, яъни пул бозоридаги фоиз ставкаларини Марказий банк асосий ставкасига яқин даражада (январь ойида – 15,8%, февраль ойида – 15,2%) шаклланишига хизмат қилмоқда.

Умумий кредит қўйилмалари ўсиш суръатларининг пасайишига қарамай кредит бозорининг айрим сегментларида турли хил йўналишда ажратилаётган кредитлар ҳажмларининг ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Хусусан, хорижий валютада кредитлаш (ўсиш 3,4 фоиз) ҳамда жисмоний шахслар учун миллий валютада истеъмол ва ипотека кредитлар (ўсиш 5,2 фоиз) сегментида ўсиш суръатлари юқори даражада сақланиб колмоқда.

Истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлишига қарамай, ушбу сегментдаги ўсиш кўрсаткичлари турли хил омиллар, жумладан, йиллар давомида йиғилиб келган талабнинг юзага чиқиши, молиявий саводхонликнинг замон талаблари даражасида эмаслиги, ўтган йиллардаги юқори инфляция шароитида шаклланган юқори инфляцион кутилмалар билан изоҳланади.

Албатта, биз бу ҳолатларни кузатиб боряпмиз. Келгусида бу ҳолатлар молиявий барқарорлик бўйича хатарларни олиб келмаслиги ва иқтисодиётда қарз юкининг ортиб кетмаслиги учун биз тегишли макропруденциал чораларни амалга ошириб борамиз. 

Бу ўринда, бир нарсага урғу беришимиз лозим. Ажратилаётган кредитлар ҳажмида 2019 йилдаги миқдорлардан камайиш ҳолатлари кузатилаётгани йўқ, аксинча 2020 йилнинг дастлабки 2 ойида ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўпдир.

Асосий эътибор, кредитларни қайтарувчанлигини ошириш ва жорий фаолиятни кенгроқ кредитлашга қаратилмоқда.

Мисол учун: 2020 йилнинг январь-февраль ойларида 18,6 трлн. сўм кредитлар ажратилган бўлса, иқтисодиётдаги кредитлар қолдиғи 5,3 трлн. сўмга ошган, яъни кредитларнинг 70 фоизи олдин ажратилган кредитларнинг қайтиши ҳисобига амалга оширилган, таққослаш учун 2019 йилнинг мос даврида 15,6 трлн. сўм кредит ажратилган ҳолда кредитлар қолдиғи қарийб 8 трлн. сўмга ошган (қайтувчалик даражаси 50 фоиз). 

II. Бугунги Марказий банкнинг бошқарув йиғилишида қабул қилинган қарорнинг асослари

Бошқарув томонидан бугунги ўтказилган оралиқ йиғилишда Марказий банкнинг асосий ставкасини 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сизлар билан ўтказилган аввалги матбуот анжиманларимизда  2020 йилда инфляциянинг жорий даражаси ва прогнози пасая бошласа, Марказий банк асосий ставкасини ҳам пасайтириб боришини маълум қилганмиз.

Бугунги бошқарув йиғилишида ҳам бу ҳақда турли хил мулоҳазалар бўлди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, инфляцияни жиловлаш борасида Ҳукумат билан биргаликда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга эришиш мумкинлигига ишончимизни оширмоқда.

Хусусан, инфляцияга монетар омиллар таъсирини пасайтириш, амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва етказиб бериш инфрастузулмасини ривожланиши) нархлар барқарорлиги таъминлашдаги дастлабки ижобий натижалари дейиш мумкин.

Лекин, бугунги кунда шаклланган вазият ва ташқи иқтисодий ҳолатлар асосий ставкани пасайтириш бўйича қароримизни бироз ортга суришимизга сабаб бўлади.

Асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолиниши қуйидаги омиллар билан изоҳланади:

·   давлат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг тўлиқ эркинлаштирилишинингкутилаётганлиги;

·   дунёда коронавирусни тарқалиши билан боғлиқ глобал иқтисодий вазиятнинг мураккаблашиб бораётганлиги;

·   бюджет харажатларининг мавсумийлик хусусияти.

Муҳтарам Президентимиз Парламентга қилган Мурожаатномаларида давлат томонидан нархларни тартибга солиш эркин рақобат муҳитини яратишга салбий таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлаб, эндиликда асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш орқали нархларни пасайтиришга қаратиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Ҳозирги кунда олдимизда турган биринчи масала бу – иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларига бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, ҳар бир соҳага рақобатни олиб киришдир.

Шу муносабат билан жорий йилда Ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш, шунингдек, тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёнини якунлаш орқали ушбу тармоқларда нархларнинг шаклланишида бозор механизмларига ўтиш мақсад қилиб қўйилган.

Шу ўринда савол туғилади, тартибга солинадиган нархлар босқичма-босқич ошириб борилса яхши эмасми?

Нархларни бир мартада бозор шароитларига мослаштириш бизга нима беради?  

Ҳурматли журналистлар, шу ўринда эътиборингизни Марказий банкнинг бу борадаги хулосаларига қаратмоқчиман.

Биз тартибга солинадиган нархларни тўлиқ эркинлаштириш, ушбу соҳаларда нархлар бозор тамойиллари асосида шаклланиши тарафдоримиз. Бу нархларни оширишдан кескин фарқ қилади.

Мисол учун, мамлакатимизда инфляция даражасини узоқ йиллар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, уни шакллантирган асосий омиллардан бири тартибга солинадиган нархларни муттасил ошириб келиниши бўлган.

Сўнгги 15 йилликда энергия ресурслари нархлари, коммунал хизматлар, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товар ва хизматлар тарифлари ҳар йили оширилиб келинган.

(Мисол учун, 2006-2010 йилларда аҳоли учун электр энергияси нархлари ўртача йилига 17,4 фоиздан, табиий газ – 44 фоиздан, 2011-2015 йилларда мос равишда 16,9 ва 25,4 фоиздан, 2016-2019 йилларда мос равишда 15,2 ва 16,1 фоиздан ошган).

Агар тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёни ортга суриладиган бўлса, уларнинг келгуси йилларда ҳам маълум бир даражада ошириб борилишининг инфляция даражасига босими сақланиб қолади.

Бу ўз навбатида, инфляция даражасининг таргет кўрсаткичи яъни 2023 йилга келиб уни 5 фоизгача пасайтириш вазифасини қийинлаштиради.

Албатта, тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши қисқа муддатда инфляция даражасига маълум бир босим ўтказиши мумкин, лекин узоқ муддатли истиқболда,

· ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантириш, маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш;

· ҳудудларда электр ва газга бўлган талабни узлуксиз таъминлаш бўйича муаммоларни ҳал қилиш учун шароит яратувчи омил ҳисобланади.

Айнан давлат томонидан нархлари тартибга солинадиган соҳаларда рақобат муҳитини ривожлантириш, бозор механизмларини жорий этиш ва шаффоф фаолият қоидаларини белгилаш макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, хусусан, инфляцияни пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу чораларни амалга оширилиши, иқтисодиётнинг ўзи таргет кўрсаткичга келишига ва кейинчалик ҳам паст инфляцион муҳитни шаклланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Битта ҳолатни алоҳида таъкидлашни хоҳлардим, тартибга солинадиган тарифларнинг бугунги кунда бозор нархларидан паст даражада бўлиши:

бир томондан, корхоналарнинг зарар билан фаолияти натижасида давлат бюджетига ҳар йиллик кўшимча юкламани ҳосил қилса, иккинчи томондан, ушбу тармоқларда инвестицион жараёнларни секинлаштиради ва унумдорликни пасайтиради.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилда нархларни эркинлаштириш борасида кўзда тутилган ўзгаришларни амалга оширилиши биз учун келгуси йилларда инфляцияни мақсадли кўрсаткичларигача пасайтиришга шароит яратади ва номонетар омиллар таъсирини минимал даражагача қисқартириш имконини беради. 

Энди бевосита иккинчи омилга тўхталадиган бўлсам.

Ҳаммамизга маълумки бутун дунёда кенг тарқалаётган “коронавирус” билан боғлиқ вазият жаҳон иқтисодиётига турли даражада таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Халқаро молия институтлари хулосаларига кўра, жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, ташқи талаб ва савдо ҳажмининг қисқариши ҳамда ушбу вазият билан боғлиқ ноаниқликларнинг 2020 йилнинг иккинчи чорагида ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. 

Ўзбекистон ташқи иқтисодий муносабатларда очиқ ва савдо алоқалари билан хорижий мамлакатлар билан узвий боғланган давлат.

Юзага келган вазиятнинг иқтисодиётимизга ҳам маълум даражада таъсири бўлиши мумкин. Бу аввало ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичлармизда ўз аксини топади.

Хитой ва коронавирус тарқалаётган бошқа давлатлардан импорт товарлари кириб келишининг секинлашиши, транспорт алоқаларининг камайиши ва инсон ресурслари ҳаракатининг чекланиши ички нархларга маълум бир даражада таъсир қилиши мумкин.

Мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси Хитойнинг улуши 2019 йил якунлари бўйича 18,1 фоизни ёки 7,6 млрд. долларни  ташкил этган. Бунда экспорт  2,9 млрд. долл. (энергия ва нефть маҳсулотлари 917 млн. долл., текстиль –438 млн. долл, хизматлар 694 млн. долл.), импорт  5,1 млрд. долл (машина ва жиҳозлар 3,2 млрд. долл, кимё маҳсулотлари 768 млн. долл.)

Лекин таъкидлаш жоизки, бу таъсирлар бир марталик қисқа муддатли аҳамият касб этади:

ички ишлаб чиқариш ва тадбиркорларнинг жорий вазиятга мослашиши;

товар ва хизматлар импорти географиясининг ўзгариши;

ички бозорда рақобатни кучайиши ҳисобига ушбу омилнинг нархлар даражасига таъсири минималлашиб боради.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, охирги пайтларда медиа маконда Марказий банкнинг “Инфляцион таргетлаш” режими доирасида инфляцияни пасайтира олиш имкониятлари, унинг иқтисодий ўсишга  таъсири тўғрисида мақолалар ва турли хил фикрлар пайдо бўлмоқда. Рухсатларингиз билан фурсатдан фойдаланиб, ушбу масаларга ойдинлик киритиб ўтсам.

Халқаро тажрибани кузатсак, ҳеч бир давлатда инфляцион таргетлаш режимига ўтишдан олдин идеал шароит яратиб олинмаган, аксинча вужудга келган шароит (яъни инфляцияни бошқа йўл билан секинлаштиришнинг имкони қолмагандан сўнг) таргетлашга ўтишни тақозо этган.

Инфляцион таргетлаш доирасида Ҳукумат ва Марказий банкнинг биргаликдаги ҳаракати нафақат бир ёки икки йиллик иқтисодий ўсишга балки макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали узоқ муддатли иқтисодий ривожланишга шароит яратади.

Инфляцион таргетлашда кредитлар чекланади, деган фикр нотўғри, банклар хоҳлаганча кредит ажратади, фақат кредитнинг нархи бозорда белгиланишига шароит яратилади (юқорида ҳам айтиб ўтдик, бу йил ажратилаётган кредитлар ҳажми ўтган йилдан кам эмас). Бу эса ўз навбатида бугунги бозор шароитида самарали бўлган лойиҳаларгина молиялаштирилиши мумкин бўлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Марказий банк томонидан облигацияларнинг чиқарилиши – бу банкларнинг кредитлар бериш имкониятини чеклаб қўйилганлигини англатмайди.

Агар банклар пруденциал талабларга, яъни ликвидлик бўйича талабларга жавоб бера олсалар, улар бемалол ушбу облигацияларни иккиламчи бозорга, шу жумладан, Марказий банкка қайта сотишлари орқали кредит бериш учун ликвидлик маблағларни тезгина (дарҳол) шакллантиришлари мумкин.

Бундан ташқари, банклар ушбу қимматли қоғозларни гаровга қўйиш орқали Марказий банкнинг қисқа муддатли  кредитларини жалб қилишлари ҳам мумкин.

Марказий банк сўмнинг бозор нархи шаклланишига шароит яратади. Иқтисодиётда ҳар бир товарнинг нархи бўлгани каби миллий валютанинг ҳам нархи (қадри) бозор шароитларидан келиб чиқиб белгиланган бўлиши керак.

Бизнинг барча саъй-ҳаракатимиз шунга қаратилган. 2019 йилнинг IV чорагидан бошланган ва 2020 йилнинг дастлабки икки ойида давом этган кредитлар ўсиш суръатининг секинлашиши ва бюджет харажатларининг тасдиқланган параметрлар доирасида бўлиши маълум бир дастлабки ижобий натижаларини кўрсата бошлади.

 Мисол учун:

Жорий йилнинг февраль ойларида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган бир ойлик валюта миқдори 514 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич бир ойлик пул ўтказмалари ҳажмидан 1,3 баробарга юқори.

Бошқа мисол, жорий йилнинг январь-февраль ойларида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган ва сотиб олинган хорижий валюта ҳажмларининг ижобий тафовути 409 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 2 баробарга юқори.

Бошқача айтганда, аҳоли томонидан икки ойда банкларга сотилган соф хорижий валюта миқдори бир ойлик ишлаб чиқарган олтинмиздан ҳам юқори.

Монетар ва макропруденциал чоралар, шунингдек,  фискал соҳада тартибли сиёсатни амалга оширишга ўтилиши нафақат инфляция даражасини, балки иқтисодиётдаги пул маблағларини самарали тақсимланиши ёки ишлатилишига олиб келмоқда.

Яъни, валюта бозоридаги айтиб ўтган ижобий ўзгаришлар бизга қўшимча валюта заҳиралариниишлатиш ёки бюджет дефицитини ошириш бўйича заруриятни камайтирмоқда. Шунингдек, аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитларининг юқори суръатларда ошиши  биз қўйган мақсадларга аста-секин эришаётганлигимизни кўрсатади.

(Мисол: аҳолининг банклардаги муддатли омонатлари ҳажми 2019 йилда 50 фоизга, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида 9,4 фоизга ортди)

Қиска муддатда эришилган ушбу ўзгаришларни ҳам инкор қилишга хаққимиз йўқ, аксинча келгусида ушбу йуналишдаги ишларимизни янада кучайтиришимиз яъни монетар, макропруденциал ва фискал чораларни кучайтириш тўғрисида кўпроқ бош қотиришимиз керак.

pdf 1.8 MB
Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича Пул-кредит сиёсати таҳлили
USD = 12654.57
-12.43
EUR = 13483.44
+1.95
RUB = 135.26
-0.51
GBP = 15799.23
+26.28
JPY = 82.24
-0.39
CHF = 13860.43
+4.6
CNY = 1748.18
-2.03
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X