Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистонда электрон пуллардан фойдаланиш тартиби белгиланди

Янгиланган сана:  8 Май 2020, 12:06
8 Май 2020

Бугун рақамли технологиялар иқтисодиётимизнинг барча тармоқларига жадал кириб бормоқда. Электрон тижоратнинг ривожланиши, турли тўлов хизматларини етказиб берувчилар ўртасида рақобат муҳитининг шаклланиши ва кучайиши, чакана тўловлар бўйича транзакцион харажатлар қисқартирилишини, шунингдек, тўловларни амалга оширишда молиявий институтларнинг воситачилигини талаб этмайдиган инновацион ва жозибадор тўлов воситаларининг жорий қилинишини тақозо этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши электрон пуллар муомаласини, жумладан, электрон пулларни чиқариш, фойдаланиш ва уларни қоплаш бўйича амалга ошириладиган фаолиятнинг ҳуқуқий асосини яратиб берди.

Ушбу қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида 2020 йил 29 апрелда 3231-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ҳужжат жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш, электрон пуллар муомаласи, электрон пуллар тизимида рискларни бошқариш ҳамда тизимда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Унда электрон пуллар тизимига оид асосий тушунчалар, шу жумладан, “айирбошлаш операцияси”, “бир ва кўп эмитентли электрон пуллар тизими”, “олдиндан тўланган карта”, “электрон пуллар тизимининг агенти”, “электрон ҳамён” ва соҳага оид бошқа терминларга батафсил тушунтиришлар берилган.

Қоидага кўра, эмитент, оператор, электрон пуллар тизимининг агенти, электрон пуллар эгаси, шунингдек, эмитент билан шартнома тузган банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар электрон пуллар тизимининг субъектлари ҳисобланади (1-расм). Бунда электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ва (ёки) тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилоти – электрон пуллар тизимининг операторидир. Эмитент ёки эмитент бўлмаган бошқа банк оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг ҳисоб-китоб банки сифатида фаолият юритиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, эмитент ўз фаолиятини бошлаши учун, энг аввало, электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиши тўғрисида Марказий банкка белгиланган шаклдаги хабарнома ва унга илова сифатида оператор билан тузилган шартнома ҳамда электрон пуллар тизими субъектлари билан тузиладиган шартномалар намуналарини юбориши зарур.

Электрон пул тизими субъектлари

1-расм. Электрон пул тизими субъектлари


Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан электрон пуллар тизимида транзакцияларни оператор томонидан электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган. Ушбу қоидалар оператор ва эмитент ўртасида тузилган шартномага асосан тасдиқланади. Кўп эмитентли электрон пуллар тизимида эса ушбу қоидалар ҳар бир эмитент билан келишилган бўлиши талаб этилади.

Электрон пулларнинг чиқарилиши

Ҳужжатга мувофиқ, электрон пулларнинг чиқарилиши эмитент томонидан жисмоний шахс ёки электрон пуллар тизимининг агентидан қабул қилинган пул маблағлари доирасида электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.

Эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқарилиши учун жисмоний шахс нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда пул маблағларини тақдим этиши зарур. Ушбу пул маблағлари эмитент томонидан ҳисоб-китоб банкида очилган махсус ҳисобвараққа кирим қилиниши таъминланади (2-расм).

Электрон пулларни жисмоний шахсга ва электрон пуллар тизимининг агентига реализация қилиш электрон пуллар тизими томонидан ҳар бир электрон пуллар эгаси учун шакллантириладиган электрон ҳамёнга эмитентдан сотиб олинган электрон пулларни кирим қилиш йўли билан амалга оширилади.

Эмитент ёки оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти электрон ҳамёнга эга бўлган жисмоний шахсларга ушбу пулларни реализация қилиш ёки уларни қоплаш мақсадида электрон пулларнинг номинал қиймати бўйича унинг эгаси бўлган жисмоний шахсдан сотиб олиши мумкин.

 Электрон ҳамёнларни тўлдириш йўллари

2-расм. Электрон ҳамёнларни тўлдириш йўллари


Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эмитент томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валютада номиналлаштирилган бўлиши шарт.

Эмитент ва электрон пуллар тизимининг агенти томонидан электрон пулларни чиқаришда унинг эгасига электрон пулларни реализация қилинганлиги ва электрон пулларнинг эгаси электрон пулларни сотиб олганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат қоғоз шаклда ёки электрон шаклда тақдим этилади. Мазкур квитанцияда кўрсатилиши мажбурий бўлган реквизитлар, хусусан,

  • агент, эмитент ва операторнинг номи;

  • операциянинг амалга оширилган санаси ҳамда вақти;

  • амалга оширилган операциянинг тартиб рақами;

  • реализация қилинган электрон пуллар суммаси;

  • электрон пуллар эгасига тегишли электрон ҳамённинг идентификация коди;

  • ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори кўрсатилиши шарт

.

Электрон пуллардан фойдаланиш

Қоидага кўра, электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс электрон пуллардан тўловларни ва электрон пуллар тизимининг қоидаларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шартлар асосида эгасидан электрон пулларни мазкур тизимнинг бошқа иштирокчисига ўтказиш орқали бошқа операцияларни амалга ошириш мақсадида фойдаланади (3-расм).

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фақат республикамиз ҳудудида чиқарилган электрон пуллар қабул қилиниши белгиланган.

 Электрон пулдан фойдаланиш йўналишлари

3-расм. Электрон пулдан фойдаланиш йўналишлари


Электрон пуллар тизимида ҳар бир электрон пуллар эгасига мазкур тизим қоидалари, электрон пулларни чиқариш, фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома ҳамда эмитент ва оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ электрон ҳамён шакллантирилади ёки олдиндан тўланган карта (prepaid card) кўринишида эмитент, оператор ёки электрон пуллар тизимининг агенти томонидан берилади (4-расм).

Электрон пул тизимидаги электрон ҳамён турлари

4-расм. Электрон пул тизимидаги электрон ҳамён турлари


Оператор электрон пулларни айирбошлаш операцияларини турли электрон пуллар тизимлари ҳамда кўп эмитентли электрон пуллар тизими доирасида амалга ошириши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан чиқарилган чет эл валютасида номиналлаштирилган электрон пулларни айирбошлаш операциялари мазкур субъект билан шартномаси мавжуд бўлган тақдирда эмитент томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Электрон пуллар эгаси товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга тўловни амалга ошириш мақсадида электрон пулдан фойдаланиши мумкин. Бунда эмитент ёки оператор томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга махсус электрон ҳамёнлар шакллантирилади. Ушбу электрон ҳамёнларга фақат реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун электрон пулларни, кейинчалик банк ҳисобварақларига уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасини ўтказиш мақсадида қабул қилинади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг махсус электрон ҳамёнларидаги электрон пуллар мазкур тизимда қайта реализация қилинишига йўл қўйилмайди.

Электрон пулларни қоплаш

Эмитент электрон пуллар эгаси томонидан тақдим қилинган электрон пулларни мазкур тизим қоидалари ҳамда эмитент ва электрон пуллар эгаси ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ нақд пулга алмаштириш ёки нақд пулсиз маблағларни электрон пуллар эгасининг банк ҳисобварағига кирим қилиш орқали қоплайди (5-расм). Бунда эмитент томонидан:

электрон пуллар эгаси – жисмоний шахснинг банк ҳисобварағига тегишли сумма кирим қилинган ёки унга нақд пул маблағи берилган пайтдан бошлаб;

электрон пуллар эгаси – якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахснинг банк ҳисобварағига тегишли маблағ кирим қилинган пайтдан бошлаб электрон пуллар қопланган ҳисобланади.

Эмитент томонидан электрон пулларни қоплаш операцияси амалга оширилганлиги тўғрисида электрон пуллар эгасига қоғоз ёки электрон шаклда квитанция берилади.

 Электрон пул тизимида электрон пулни қоплаш жараёни

5-расм. Электрон пул тизимида электрон пулни қоплаш жараёни


Шу ўринда эътибор қаратиш керак, эмитент электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатадиган тақдирда, камида ўттиз кун олдин Марказий банкка мазкур белгиланган шаклда хабарнома юборади ва бу ҳақида ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиши, шунингдек, электрон пуллар эгаларини ва электрон пуллар тизимининг бошқа субъектларини оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон воситалар орқали мазкур фаолиятни тугатаётганлиги ҳақида хабардор қилиши зарур. Агар эмитент томонидан белгиланган муддат якунлангандан сўнг электрон пуллар эгаси томонидан мурожаат қилинмаган тақдирда, уларнинг электрон ҳамёнидаги электрон пуллари эмитент томонидан мажбурий равишда қопланади. Эмитент томонидан мажбурий равишда қопланганидан сўнг электрон пуллар эгалари белгиланган тартибда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки уларга олдиндан юборилган кодли маълумотни тақдим этиш орқали пул маблағларини олишлари мумкин.

Шу билан бирга, ҳужжатда электрон пуллар тизимида хавфсизликни таъминлаш ва рискларни бошқариш борасида ҳам эмитент ва оператор томонидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар батафсил ёритилган.

Умуман олганда, мамлакатимизда тўлов хизматлари бозорини кенгайтириш орқали электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар (хизматлар)ни интернет тармоғи орқали реализация қилиш бўйича замонавий механизм ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг товарлари ва хизматларини сотиш географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, тўлов хизматлари бозорида замонавий тўлов имкониятларини шакллантириш орқали электрон пуллар тизимининг субъектлари ҳисобланган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун харажатларни оптималлаштириш бўйича қўшимча имкониятлар ҳозирланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан шартнома имзолаган эмитент томонидан мазкур норезидентнинг чет эл валютасида номиналлаштирилган электрон пулларини айирбошлаш операцияларининг амалга оширилиши натижасида маҳаллий электрон пул тизимларининг хорижий электрон пул тизимларига интеграция қилинишига шарт-шароит яратилади.

Бир сўз билан айтганда, электрон пуллар тизимининг яратилиши ва жорий этилиши инновацион тизимли жараён бўлиб, ҳисоб-китобларни амалга оширишда замонавий IT ва технологик ечимларга асосланган ҳолда тўловларни тезкор ва қулай усулда амалга ошириш имконини беради. Бунда айнан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

 


USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X