Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Тўлов тизимлари шарҳи (2020 йил январь-май)

Янгиланган сана:  19 Июн 2020, 10:04
19 Июн 2020

Бугунги кунда тўлов хизматлари бозори соҳаси жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Янги молиявий технологиялар, инновацион ечимлар тўлов хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ барча жараёнларга кириб бормоқда ва тўлов хизматлари бозорида янги иштирокчилар ҳамда янги тўлов воситаларининг пайдо бўлишига туртки бўлмоқда.

Рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликлар рақобатнинг ривожланиши, тўлов хизматларини тақдим этиш усулларининг кенгайиши ва уларнинг оммабоплигини оширишда ижобий самарани бермоқда. Бунинг натижасида нақд пулсиз тўловларнинг улуши ошиб бораётганлигини кузатиш мумкин.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш соҳасидаги вазифаларидан бири халқаро стандартларга жавоб берадиган қулай, ишончли ва хавфсиз тўлов хизматлари инфратузилмасини яратишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида 5 та тўлов тизими фаолият юритаётган бўлиб, шулардан 3 таси Марказий банкнинг тўлов тизимлари (Банклараро тўлов тизими, Ҳисоб-китоблар клиринг тизими ва Тезкор тўловлар тизими) ва қолган 2 таси (“UZCARD” ва “HUMO” тўлов тизимлари) белгиланган тартибда Марказий банкдан лицензия олган хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланади.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига Марказий банк томонидан 8 та юридик шахсларга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилган бўлиб, булар қуйидагилар: “Сlick” МЧЖ, “BRIO GROUP” МЧЖ, “INSPIRED” МЧЖ, “National Innovative Payment Technologies” МЧЖ, “PAYBOX” МЧЖ, “Maroqand” МЧЖ, “MILLIY POCHTA TO’LOVLARI” МЧЖ ва “International Eco Pay” МЧЖ.

  1. Марказий банкнинг Банклараро тўлов тизими

Марказий банкнинг Банклараро тўлов тизими мамлакатимизнинг энг муҳим ҳисобланган электрон тўлов тизими сифатида барча тўлов тизимлари ишлаши учун пойдевор ҳисобланади.

Марказий банкнинг Банклараро тўлов тизимига банклараро тўловларни амалга ошириш мақсадида республикадаги барча 31 та тижорат банклари тўлов тизими иштирокчилари сифатида уланган.

Мазкур тўлов тизимида тўловлар реал вақт режимида ялпи ҳисоб-китоб тамойили асосида тўлов ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир неча сониялар ичида амалга оширилади ҳамда натижаси тўғрисида ташаббускор ва бенефициарга хабар юборилади.

Қуйида келтирилган 1-расм орқали 2017-2020 йилларнинг январь-май ойлари давомида ушбу тўлов тизими орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар ҳақида маълумот олиш мумкин.

1-расм

банклараро транзакциялар

2020 йилнинг январь-май ойларида Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайиб, транзакциялар суммаси 38 фоизга ошган.

Мамлакатимизда жорий этилган карантин чораларининг Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларга таъсири транзакциялар сонининг камайишида ўз аксини топди. Яъни хўжалик субъектларининг иқтисодий фаоллиги камайганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Хусусан, 2020 йилнинг май ойида 4,0 млн.та транзакциялар амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич 2019 йилнинг май ойига нисбатан 55 фоизга камроқни ташкил қилди (2-расм).

Ўз навбатида, мазкур тўлов тизими орқали транзакциялар суммасининг ортиб бориши, банк карталари орқали бажарилган операцияларнинг якуний ҳисоб-китоблари ҳамда масофавий тизимлардан фойдаланадиган хўжалик субъектларининг Тезкор тўловлар тизими орқали ўтказилган тўловларининг клиринг сессиялари Банклараро тўлов тизими орқали бажарилиши билан боғлиқдир (3-расм).

2-расм

Банклараро транзакциялар сони

3-расм

Банклараро транзакциялар суммаси

 

  1. Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими

2020 йилнинг ўтган даврида тўлов тизимлари соҳасида эришилган салмоқли муваффақиятлардан яна бири бу – Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизимининг банк тизимига интеграция қилиниши ва фойдаланишга топширилиши бўлди. Марказий банкнинг Тезкор тўлов тизимлари дастурий мажмуаси мамлакатимиздаги маҳаллий ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларининг меҳнатлари самараси ҳисобланади.

Тезкор тўловлар тизими тижорат банклари мижози бўлган юридик шахслар ва юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи мижозларига масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тўловларни туну-кун 24/7 режимида (шанба ва якшанба кунлари ҳам) амалга ошириш имконини беради.

Мазкур тизим орқали тўловларни амалга оширишнинг мижоз учун муҳим жиҳатларидан бири – тўловларнинг тижорат банклари ходимларига боғлиқ бўлмаган ҳолда автоматик тарзда амалга оширилишидир.

Бугунги кунда мазкур тизимдан фойдаланиш кўламини ошириш ҳамда Ғазначиликка тўловларни амалга ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

2020 йил февраль ойининг иккинчи ярмида ишга туширилганига қарамасдан, ушбу тизим орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажми 2020 йилнинг май ойида 6,1 трлн. сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич олдинги ойга нисбатан қарийб 2,3 баробар кўпдир (4-расм).

4-расм

Тезкор тўлов тизимидан тўловлар

  1. Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими

Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими жисмоний шахсларнинг тўловларини туну-кун 24/7 режимида амалга оширишга ихтисослашган тўлов тизимидир. Ушбу тизим орқали тўловларни қабул қилувчи ташкилотларнинг ахборот тизимларини ҳисоб-китоблар клиринг тизимига интеграция қилиш орқали аҳолига кўплаб қулайликлар яратилган.

Бугунги кунда банклар инфратузилмаларида ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали коммунал ташкилотлар, Молия вазирлиги Ғазначилигига тўланадиган бюджет тўловлари, солиқ ва божхона тўловлари, нотариат ва ФҲДЁ тўловлари, Ички ишлар вазирлигига тўланадиган жарима тўловлари, Давлат хизматлари агентлиги хизматлари тўловлари, “UzAuto Motors” автомашиналари учун тўловлар, кадастр хизматлари учун тўловлар, шунингдек, мобил алоқа, интернет-провайдерлар каби 35 та хизматлар учун тўловчини хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизими орқали аниқ идентификация қилиш орқали тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш ва акс эттириш имконияти яратилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2017-2020 йилларнинг январь-май ойлари давомида қабул қилинган тўловлар йилдан-йилга ўсиш тенденциясига эга бўлиб, 2020 йилнинг январь-май ойларида қабул қилинган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 фоизга ошди (5-расм).

Шу билан бирга, 2020 йил январь-май ойларида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали қабул қилинган тўловлар суммасининг 36 фоизи ЎзАвтоМоторс, 21 фоизи Ғазначилик тўловлари, 10 фоизи Ўзтрансгаз тўловлари, 8,1 фоизи Ўзбекэнерго тўловлари, 5,1 фоизи солиқлар ва йиғимлар, 4 фоизи Адлия вазирлиги хизматлари тўловлари, 3,8 фоизи ЙҲХББ жарима тўловлари ҳиссасига тўғри келди.

5-расм

 Хисоб китоб клиринг тизими

  1. Банк карталарига хизмат кўрсатиш инфратузилмаларининг ҳолати

Мамлакатимизда банк карталарига хизмат кўрсатадиган UZCARD ва HUMO чакана тўлов тизимларининг инфратузилмаси ҳам, тўлов тизими доирасида кўрсатилаётган тўлов хизматлари ҳам ривожланиб бормоқда.

2019-2020 йиллар январь-май ойлари давомида банк карталари орқали амалга оширилган транзакциялар суммаси таҳлил қилинганда, транзакциялар суммаси барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлганлигини кўриш мумкин (6-расм). Хусусан, 2020 йил май ойи кўрсаткичи 2019 йилдагига нисбатан қарийб 38 фоиз зиёдроқни ташкил этди.

6-расм

Банк карталари суммалар

Навбатдаги диаграмма ёрдамида 2020 йил 5 ойи мобайнида банк карталари орқали амалга оширилган транзакцияларнинг таркибидаги ўзгаришларни кузатиш мумкин (7-расм). Карантин талаблари юмшатилиши натижасида банк карталари орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажмининг ортиши, жумладан, нақд пул маблағлари ечилишининг 51,3 фоизга ва нақд пулсиз транзакцияларнинг 22,6 фоизга ортиши кузатилди.                              

7-расм

Банк карталари транзакциялар

Банкоматлар каби ўзига-ўзи хизмат кўрсатишга мўлжалланган қурилмалар тармоғи йилдан-йилга тобора кенгайиб бормоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига республика миқёсида банк инфратузилмалари, аҳоли гавжум бўладиган ва туристлар кўп ташриф буюрадиган объектларга ўрнатилган банкоматлар сони 5 512 тани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли
2,8 баробарга кўпдир (8-расм).

                                                                               8-расм

Банкомат иофокиосклар сони

Кўп функцияли банкоматлар тармоғининг кенгайиши натижасида инфокиоскларга талаб камайиб, уларнинг ўрнини банкоматлар эгалламоқда.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига жойларда ўрнатилган тўлов терминаллари сони 422 894 тани ташкил этган бўлиб, бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар ортганлигини кузатишимиз мумкин (9-расм).

9-расм

Ўрнатилган терминал инфокиоск

Банк карталари инфратузилмасини кенгайтириш доирасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига муомалага қарийб 22,4 млн. дона банк карталари чиқарилиб (шундан HUMO тўлов тизими карталари 4,2 млн. донани ташкил этиб), бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 1,8 млн. донага кўпдир (10-расм).

10-расм

Банк карталари сони 

  1. Замонавий ва инновацион тўлов услубларини жорий этиш бўйича

“Ўзбекистон Республикасида рақамли банкингни ривожлантириш Концепцияси”га мувофиқ, Марказий банк томонидан QR-код (“Quick Response Code” – тезкор аниқланадиган код) орқали тезкор тўловни амалга оширишнинг “QR-online” стандартлаштирилган ва универсал тизими жорий йилнинг март ойида ишга туширилди.

Мазкур тизим доирасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари (хўжалик юритувчи субъектлари) ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари орқали QR-кодни шакллантириб, рўйхатдан ўтказадилар. Харидорлар томонидан банкларнинг мобиль илова дастурлари воситасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг QR-кодларини сканер қилиш (“ўқиш”) орқали тўловлар амалга оширилади.

Ҳозирги кунда ушбу тизимни Тошкент шаҳрида татбиқ этиш доирасида тижорат банклари томонидан 3,4 мингдан ортиқ хўжалик субъектларининг савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари уларга тегишли “QR-online” тизими стикерлари билан таъминланди.

Шу билан бирга, “QR-online” тизими барча тижорат банклари ҳамда бир қанча тўлов ташкилотларининг мобиль илова дастурларида мавжуд тўлов тизимларининг банк карталари ва электрон пул хамёнларидан тезкор равишда тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Таъкидлаш ўринлики, хўжалик юритувчи субъектларига чиқарилган “QR-online” стикерлари уларда мавжуд POS-терминалларга қўшимча равишда харидлар учун тезкор тўловларни амалга ошириш ва мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини яратади. Масалан, маҳсулотларни мижозгача етказиб бериш, йўловчиларни ташиш каби соҳаларда фаолият кўрсатувчи ташкилотларга тўлов терминалларидан фойдаланмасдан QR-код орқали мижозлардан тўловларни тез қабул қилиш каби қулайлик яратилади.

Тўлов хизматлари бозорида “QR-online” тизимининг тўлиқ ишга туширилиши кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, Марказий банкнинг асосий стратегик мақсадли йўналишларидан бири бўлган тўлов тизими барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 6.Тўлов тизимига оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларнинг такомиллашуви

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунида, Марказий банкка республикамиз ҳудудида нақд пулсиз тўловларнинг амалга оширилиши тартибини белгилаш ваколати юклатилган. Қонуннинг қабул қилиниши тўловлар ва ҳисоб-китобларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда замон талабларига мослаштириш юзасидан олиб борилган амалий ишлар доирасида “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги Низом янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида жорий йилнинг 13 апрелида 3229-сон билан давлат рўйхатига олинди.    

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда барча тижорат банклари ҳамда кенг жамоатчилик, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳам ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, мамлакатимизда электрон пуллар муомаласини, жумладан, электрон пулларни чиқариш, фойдаланиш ва уларни қоплаш бўйича амалга ошириладиган фаолиятнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган нормалар асосида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида 2020 йил 29 апрелда 3231-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ҳужжат жаҳон тажрибасига таянган ҳолда, электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш, электрон пуллар муомаласи, электрон пуллар тизимида рискларни бошқариш ҳамда тизимда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X