O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Марказий банк ҳақида >

Янгиланган сана: 29.03.2012

Ҳуқуқий мақом

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳуқуқий  мақоми,  вазифалари,   ваколатлари, ташкил  этилиши  ва  фаолияти  принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 124-моддасида Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини Республика Марказий банки бошқариши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Марказий банк юридик шахс ҳисобланади ва у давлатнинг мутлақ мулкидир.

Марказий банк - ўз сарф-харажатларини ўзининг даромадлари ҳисобидан амалга оширувчи, иқтисодий жиҳатдан мустақил муассасадир.

Марказий банк давлатга қарашли юридик шахс сифатида ташкил этилган ва молиявий фаолиятини мустақил равишда амалга оширади.

Марказий банк давлат органи бўлиб, ўз ваколатлари доирасида ягона давлат пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади, қонуний тўлов воситаси сифатида банкнотлар ва тангалар кўринишдаги пул белгиларини муомалага  чиқаришда  мутлақ  ҳуқуққа  эга, давлат томонидан валютани тартибга солувчи ва назоратини олиб борувчи орган ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг банкири, маслаҳатчиси ва фискаль агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари фаолиятини  тартибга солади  ҳамда назорат қилади. Марказий банкнинг мол-мулки унинг пул ва бошқа моддий бойликларидан  иборат  бўлиб,  уларнинг  қиймати Марказий банк балансида акс эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бош мақсади
ва асосий вазифалари

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Марказий банкнинг бош мақсади миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Асосий вазифалари:

монетар сиёсатни ҳамда валютани тартибга солиш соҳасидаги сиёсатни шакллантириш, қабул қилиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида ҳисоб-китобларнинг самарали тизимини ташкил этиш ва таъминлаш;

банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва гаровхоналар  фаолиятини лицензиялаш ҳамда тартибга солиш, банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва гаровхоналарни назорат қилиш, қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришни лицензиялаш; 

Ўзбекистон Республикасининг расмий олтин-валюта резервларини, шу жумладан  келишув бўйича ҳукумат резервларини сақлаш ва тасарруф этиш;

давлат бюджетининг касса ижросини Молия вазирлиги билан биргаликда ташкил этишдан иборатдир.

Марказий банк миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги ўзининг асосий вазифаларини амалга оширади.

Марказий банк келишилган монетар ва валюта сиёсатини амалга ошириш жараёнида муомаладаги умумий пул массаси, миллий пул бирлигининг чет валютасига нисбатан айирбошлаш курсини барқарорлиги устидан маълум даражада назорат олиб боради, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини сақлашга ёрдам беради.

Марказий банк ўзининг валюта ва кредит операциялари орқали пул массасини ошириш йўли билан товарлар ва хизматлар, ялпи ишлаб чиқариш ҳажми, экспорт ва импорт ҳажми ҳамда аҳолининг бандлик даражасига таъсир этади. 

Марказий банк валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш бўйича давлат органидир.

Марказий банк:

Ўзбекистон Республикаси худудида барча шахслар учун ижро этиш мажбурий бўлган валютани назорат қилишга доир норматив ҳужжатлар чиқаради;

банклар, бошқа юридик ва жисмоний шахсларга чет эл валютасида операциялар ўтказиш  учун лицензиялар  беради ва  лицензияларни қайтариб олади, уларнинг фаолиятини назорат қилади ва тартибга солиб боради;

банклар учун очиқ валюта  мавқеи лимитларини ва бошқа  иқтисодий нормативларни белгилайди;

миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлаш тартибини белгилайди;

            Ўзбекистон Республикасининг халқаро резервларини тасарруф  этади ва бошқаради.

Мамлакатда самарали тўлов тизимини таъминлашда ҳисоб-китоблар тизимини ташкил этиш ва таъминлаш вазифаси Марказий банкнинг муҳим вазифаларидан биридир. Тўловлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пул билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўринишида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоб-китоб қоидаларини белгиловчи умуммажбурий норматив ҳужжатлар қабул қилади, мазкур қоидаларнинг бир хилда қўлланилиши республика ҳудудида ҳисоб-китобларнинг узлуксиз ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайди.

 Ҳисоб-китоблар тизимини самарадорлигини таъминлашда Марказий банк доимий равишда замонавий техника ва технологиялар негизида ҳисоб-китобларнинг янги воситаларини амалга киритиш бўйича ишларни амалга оширади, истеъмолчилар - акционерлар, инвесторлар, омонатчилар, аудитор-лар, кредиторлар, чет эл корхоналари, ташкилотлар ва банкларни молиявий ва иқтисодий ахборотлар билан таъминлаш учун халқаро стандартларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тизимини ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий вазифаларидан бири банк фаолиятини тартибга солиш, банклар ва бошқа кредит ташкилот-ларини назорат қилиш ҳисобланади. Бу банк тизимининг барқарорлигини сақлаш, акционерлар, омонатчилар ва кредиторлар манфаатини ҳимоя қилиш учун зарурдир.

Ушбу мақсадни амалга оширишда энг асосий воситалардан бири банклар ва бошқа кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялашдир.  Лицензиялашдан мақсад - банк ва кредит хизматлари бозорида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган шахслар томонидан бошқариладиган, банк-молия тизимига бўлган аҳолининг ишончини оширишга хизмат қиладиган молиявий барқарор ташкилотлар фаолият юритишини таъминлашдан иборат.

            Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг монетар ҳамда валюта сиёсатини  амалга ошириш учун, шунингдек халқаро операциялар бўйича ҳисоб-китобларни  таъминлаш   учун  етарли   бўлган  даражада    халқаро ре-зервларни сақлаб турилишига ёрдам беради.  

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида Марказий банк учун тақиқланган фаолият турлари белгиланган.

Бунда Марказий банк:

молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланишга;

тижорат фаолияти билан шуғулланишга;

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг, «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг, шунингдек Марказий банк фаолият юритиши-ни таъминловчи корхоналар ва ташкилотларнинг капиталларида иштирок  этишини истисно  этганда,  банклар  ва  бошқа  юридик  шахсларнинг капитал-ларида қатнашишга ҳақли эмас.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатига ҳисоб-дордир ва бу унинг иш фаолиятининг алоҳида хусусиятидир. Халқаро амалиётда ҳам марказий банклар миллий пул бирлигининг ички ва ташқи барқарорлиги учун жавобгар, ўзининг парламенти олдида ҳисоб беради, лекин ўз фаолиятида парламентга бўйсунмайди.

Олий Мажлис Сенати Марказий банкнинг йиллик ҳисоботини, шунингдек мустақил аудиторнинг хулосасини кўриб чиқади.

Шу билан бирга, Марказий банк ҳар йили пул-кредит соҳасида ва монетар сиёсатнинг асосий йўналишларидаги жорий вазият тўғрисида ҳисобот чоп этади.

 “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун-нинг 6-моддасига асосан Марказий  банк  ўз  ваколатлари  доирасида  қарорлар қабул қилиш борасида мустақилдир.

Давлат Марказий банкнинг мажбуриятлари юзасидан,  Марказий  банк эса давлатнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, башарти, улар ўз зиммаларига бундай  мажбуриятларни олмаган бўлсалар ёки қонунларда бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса.

Юқорида таъкидланган Қонуннинг 7-моддаси Марказий банк ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча шахслар ижро этиши мажбурий бўлган норматив  ҳужжатлар чиқаришини белгилайди.

Марказий банкнинг ваколатлари

Марказий банкнинг олий органи унинг Бошқарувидир.

Марказий банк Бошқаруви қуйидаги ваколатларга эга:

           монетар сиёсатнинг йўналишларини, шу жумладан, Марказий банкнинг очиқ  бозордаги операциялари кўлами, Марказий банкнинг ҳисоб ва ссуда беришдаги фоиз  ставкалари ҳамда банкларнинг Марказий банкдаги мажбурий резервлари нормасини белгилайди;

           Марказий банкнинг норматив ҳужжатларини тасдиқлайди;

           Марказий банкнинг халқаро ташкилотлардаги иштироки масаласини ҳал қилади;

           банкнотлар ва тангаларнинг номинал қиймати ва намуналарини, шунингдек пул белгиларини муомаладан чиқариш шартларини белгилайди;

           Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига бериладиган ссудалар миқдори ва шартларини тасдиқлайди;

         банклар учун иқтисодий нормативларни ва кредит уюшмалари микро-кредит ташкилотлари ҳамда гаровхоналар учун молиявий операциялар ўтказиш қоидаларини тасдиқлайди,  шунингдек уларга риоя этилишини кўриб чиқади;

        банк фаолияти билан шуғуланиш учун лицензиялар бериш ва уларни чақириб олиш   тўғрисида қарорлар қабул қилади, кредит уюшмалари, микро-кредит ташкилотлари ва гаровхоналар фаолияти, шунингдек қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқариш лицензияланишини амалга оширади; 

        Марказий банкнинг ташкилий тузилмасини белгилайди;

        Марказий банк муассасалари ҳамда корхоналарини ташкил этади, қайта тузади ва тугатади;

        Марказий банк харажатлари ва даромадлари сметасини тасдиқлайди;

        Марказий банкнинг йиллик ва молия ҳисоботларини кўриб чиқади;

        Марказий банкнинг таркибий бўлинмалари, муассасалари ва корхоналари раҳбарларини тасдиқлайди;

        Марказий банк таркибий бўлинмалари, унинг муассасалари ва ташкилотлари раҳ-барларининг ҳисоботлари ҳамда маърузаларини тинглайди;

        Марказий банк ходимларини ишга ёллаш, ишдан бўшатиш, уларнинг меҳнатига ҳақ  тўлаш шартларини, шунингдек уларнинг кредитлар олиши ва акциялар сотиб олиши тартибини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

        Марказий банк ваколати доирасидаги бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

        Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Марказий банк Марказий банк молия-банк тизими барқарорлигини сақлаб туриш, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва  гаровхоналар фаолиятини тартибга солади ҳамда назорат қилади, шунингдек улар томонидан  ички назорат қоидаларига ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни   легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш тартибига риоя этилиши устидан мониторинг ҳамда  назорат  қилади. 

Марказий банк банклар ва кредит уюшмаларини рўйхатга олади, шунингдек банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар беради, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари, гаровхоналар фаолиятини ва қимматли қоғозлар   бланкалари ишлаб чикаришни лицензиялайди.

Марказий банк Банкларни давлат рўйхатига олиш дафтари, кредит уюшмалари,  микрокредит  ташкилотлари, гаровхоналарга ҳамда қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб  чиқаришга берилган лицензиялар реестрини юритади.

      Марказий банк:

      банк операцияларини амалга ошириш, бухгалтерия ҳисоби ва банк статистика ҳисоботини юритиш,  йиллик ҳисоботлар тузиш  юзасидан банклар учун мажбурий бўлган қоидаларни;

       молиявий операцияларни амалга ошириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш юзасидан кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотлари учун мажбурий бўлган қоидаларни;

        фаолият ва операцияларни амалга ошириш юзасидан гаровхоналар учун мажбурий бўлган қоидаларни белгилайди.

        Марказий банк:

        банклар, кредит уюшмалари микрокредит ташкилотлари ва гаровхона-ларнинг  ҳисоботи  ва бошқа ҳужжатларини олиш ва текшириш, уларнинг фаолияти, шу жумладан  операциялари тўғрисида ахборот сўраш ҳамда олиш;

        олинган ахборот юзасидан изоҳ талаб қилиш;

        банклар ва кредит уюшмаларининг, кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотларининг  уларнинг  филиаллари  ва  улар  билан  узвий боғланган шахсларнинг, шунингдек гаровхоналарнинг фаолиятини текшириш, қоида-бузарларга нисбатан санкциялар қўллаш;

        банкларнинг ички аудитига доир талабларни белгилаш;

        банк активлари сифатини тасниф қилиш ва активлар бўйича кўрилиши мумкин бўлган  зарарлар ўрнини қоплаш учун шунга монанд резервлар яратишга доир талабларни белгилаш;

        ишончсиз активларни ҳисобдан чиқариш шартлари  ва таомилини аниқлаш;

        банклар, кредит уюшмалари микрокредит ташкилотлари ва гаровхоналарга уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф қилиш тўғрисида ижро этилиши  мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориш; 

        банк акциядорлари устав капиталининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан  ортиқроқ қисмини сотиб олган тақдирда уларнинг молиявий аҳволи ҳамда обрў-эътибори ҳақида ахборот сўраш ва олиш;

        банкларнинг ва улар филиалларининг раҳбарлари, бошқарув аъзолари ҳамда бош бухгалтерларига, кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотлари ижро органларининг раҳбарларига нисбатан малака талабларини қўйиш ҳуқуқига эга. 

        Марказий банк аудиторлардан Марказий банкнинг норматив ҳужжатлари-га, шу  жумладан тартиб ва услубиётларига риоя этишларини талаб қилишга, шунингдек улардан  банк аудити билан боғлиқ ҳар қандай маълумотларни бевосита олишга ҳақли.

        Марказий банк махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва гаровхоналар учун мажбурий бўлган ички  назорат қоидаларини  тасдиқлайди.   

   Марказий банк банклар учун мажбурий бўлган иқтисодий норматив-ларни,шу жумладан:

        капиталнинг монандлик коэффициентини;

        бир қарз олувчи ёки бир-бирига даҳлдор қарз  олувчилар  гуруҳига таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;

        йирик кредит таваккалчилик ва инвестицияларнинг энг кўп миқдорини;

        ликвидлилик коэффициентларини;

        активларни таснифлаш ва баҳолашга доир талабларни, шунингдек бундай  таснифлар  асосида банкнинг операция харажатлари жумласига киритиладиган чегирмалардан шубҳали  ва  ҳаракатсиз  қарзларга қарши ташкил этиладиган заҳираларни шакллантиришни;

        қарзларга доир фоизларни ҳисоблаб чиқариш ва уларни банк даромадлари ҳисобварағига киритишга доир талабларни;

        очиқ валюта мавқеи лимитларини белгилайди.