ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
“Республикада савдо тушуми инкассация қилишини ва назорат-касса машиналаридан фойдаланишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”
1997 йил 11 декабр, 548-сон
Аҳолидан нақд пул маблағларини қабул қилишни ва ҳисобга олишни янада яхшилаш, солиқлар ва бошқа тўловлар тўлиқ йиғилишини ҳамда уларнинг бюджетга тушушини таъминлаш, шунингдек, пул муомаласини мустаҳкамлаш ва банкларнинг пул тушумини инкассация фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилувчи ва ойлик иш ҳақининг республикада белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча кунлик тушумга эга бўлган корхоналар ва ташкилотлар нақд пулни Марказий банкнинг инкассация хизмати орқали ҳар куни топширишга мажбурдирлар. Кўрсатиб ўтилган миқдордан кам кунлик тушумга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни банк муассасаларининг кундузги ва кечки кассаларига топширишга мажбурдирлар;
ойлик иш ҳақининг республикада белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча кунлик тушумга эга бўлган корхоналарга аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар инкассациянинг тегишли хизмати билан тузилган шартнома мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бориш қийин бўлган ва чекка жойларда яшовчи аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширувчи корхоналарнинг савдо тушумини инкассация қилиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар тарифларини камайтириш учун қайта кўриб чиқсин.
3. Республиканинг тижорат банкларига аҳоли билан ҳисоб-китоб қилувчи корхоналардан нақд пул маблағларининг банк кассаларига ўз вақтида ва тўлиқ тушишини назорат қилиш тавсия этилсин. Тушум улар томонидан кечиктириб топширилган ва тўлиқ топширилмаган ҳолларда тегишли чора кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига, пул-кредит сиёсати комиссияларига хабар қилсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тижорат банклари билан биргаликда тушумдан ажратиладиган нақд пул маблағларини харажат қилишнинг белгиланган чекланган меъёрларига, касса қолдиғи лимитларига риоя қилиниши, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, кунлик тушумга эга бўлган ташкилотлар ва корхоналар бўйича товарлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоблар устидан назоратни кучайтирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда касса чекларида харид қилиш ва хизматлар кўрсатиш санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари тегишли корхоналар томонидан оғишмай бажарилиши устидан доимий назоратни таъминласинлар;
корхоналарда ўрнатилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун тавсия этиладиган назорат-касса машиналари Давлат реестрига кирмаган назорат-касса машиналарининг фойдаланиш муддати 1998 йил 31 декабрда тугаши муносабати билан уларни ушбу реестрга киритилган назорат-касса машиналари билан тўлиқ алмаштиришнинг аниқ тадбирларини ва жадвалларини ишлаб чиқсинлар. 1999 йил 1 январдан бошлаб назорат-касса машиналарини ўз вақтида алмаштиришни таъминламаган корхоналар фаолиятини белгиланган тартибда тўхтатиб қўйсинлар.
6. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига пул-кредит сиёсати бўйича ҳудудий комиссияларга, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари ва маҳаллий солиқ органларига касса интизомининг бузилиши, тушумни кечиктириб топшириш ва топширмаслик ҳоллари ҳамда юридик шахслар ўртасида нақд маблағлар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши бўйича тижорат банклари томонидан тақдим этилган материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш мажбуриятини юкласинлар.
7. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ва «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда йўловчи ташувчи енгил автомобилларни, уларнинг кимга қарашлилигидан қатъи назар, ҳисоблагичлар-таксометрлар билан таъминлаш ва уларни қўллаш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа вазирликлар ва идоралар ўзларининг меъёрий ҳужжатларини бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Б.С.Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар
Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.