ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
"Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини чиқариш тўғрисида” 2004 йил 10 январь, 11-сон
Давлат қимматли қоғозлар бозорини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, давлат бюджети дефицитини инфляциясиз қоплаш манбаларини кўпайтириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини чиқаришга рухсат этилсин.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятлари давлат қимматли қоғозлари ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қоғозсиз шаклда чиқарилади ва Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорида қонун ҳужжатларига мувофиқ муомалада бўлади;
давлат ўрта муддатли пул мажбуриятлари тижорат банклари ва юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ўртасида жойлаштирилади;
давлат ўрта муддатли пул мажбуриятлари эмиссияси белгилаб қўйилган ёки ўзгарувчан даромад фоизига эга бўлган, бир йилдан беш йилгача муомалада бўладиган муддат билан алоҳида-алоҳида чиқарилган ҳолда амалга оширилади;
давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини жойлаштиришдан олинган маблағлар республика бюджетига тушади;
чиқарилган давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини жойлаштириш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги номидан ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда, молия бозори конъюнктурасига ва бюджет эҳтиёжларига қараб ҳар қайси чиқарилиш ҳажмини, тўловлар даврини ва даромад фоизини белгилаш;
иккиламчи бозорда давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини сотиб олиш операцияларини, шунингдек уларни муддатидан олдин тўлаш операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятларини чиқариш, уларнинг муомалада бўлиши ва уларни тўлаш тартиби бўйича ушбу қарордан келиб чиқадиган норматив ҳужжатларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат ўрта муддатли пул мажбуриятлари чиқарилишининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва тўловининг амалга оширилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат № 1327, 16.03.2004 й.)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси
И. КАРИМОВ
Тошкент ш.