O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Вазирлар Маҳкамаси қарорлари >

Янгиланган сана: 18.12.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

"Лизинг хизматларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида2004 йил 26 апрель, 199-сон

(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 17-сон, 197-модда; 2006 й., 48—50-сон, 486-модда)

Лизинг операцияларини янада ривожлантириш, улардан корхоналарни ташкил этиш ва замонавийлаштириш учун самарали фойдаланиш, корхоналарни рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминловчи замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Солиқ солинадиган даромадлар (фойда)ни аниқлашда лизингга олувчиларнинг 2009 йил 1 январгача лизингга олинган асосий воситалар бўйича жами даромадидан амортизация ажратмалари жами суммасини, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ тезлаштирилган усул билан ҳисобланган суммани чегириб ташлаш ҳуқуқига эга бўлишига доир тартиб белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарорда белгиланган тартибга қатъий амал қилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, 2004 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун Молия-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисобининг янги ҳисоб-китоблар режаси жорий қилинишини ҳисобга олган ҳолда, икки ҳафта муддатда Бухгалтерия ҳисобида лизинг операцияларини акс эттириш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси
 И. КАРИМОВ

Тошкент ш.

Вазирлар Маҳкамасининг
2004 йил 26 апрелдаги 199-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

I. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 11-сон, 49-модда) билан тасдиқланган Давлат божлари ставкалари 4-бандининг «у» кичик бандига қуйидаги мазмундаги изоҳ қўшилсин:

«Изоҳ. Лизинг объектининг лизинг берувчи талаби бўйича ижро хатлари ёзиб беришда, лизинг шартномасида белгиланган тўланмаган тўловлар суммасидан лизинг шартномаси муддати тугашигача қолган даврга лизинг берувчи даромадини чегирган ҳолда давлат божи ундирилади».

II. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш ишларини тартибга солиш ҳақида» 1997 йил 26 майдаги 256-сон қарорига 1-иловада:

а) II бўлим 16-бандининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«16. Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар»;

б) V бўлим 1-банди «в» кичик бандининг учинчи хатбошидаги «олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш» сўзларидан кейин «лизинг, сублизинг» сўзлари қўшилсин;

в) қуйидаги мазмундаги VII бўлим қўшилсин:

«VII. Лизинг объекти ҳисобланган транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш

1. Жисмоний шахс ёки юридик шахс томонидан мулк сифатида сотиб олинган ва жисмоний шахс ёки юридик шахсга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан лизинг шартномаси ёки сублизинг шартномаси асосида берилган транспорт воситалари, лизингга берувчи номига ёки лизингга олувчи номига томонларнинг ёзма битими бўйича (белгиланган намунадаги бланкаларда) рўйхатдан ўтказилади.

2. Лизингга берувчи номига транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш умумий асосларда лизинг берувчи жойлашган жойда амалга оширилади.

3. Лизингга берувчи томонидан лизингга олувчига лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказишни назарда тутувчи лизинг ёки сублизинг шартномасига асосан вақтинчалик эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи берилган транспорт воситалари шартнома амал қилиш муддатига лизингга олувчининг жойлашган жойи бўйича қуйидагиларга асосан рўйхатдан ўтказилади:

лизингга берувчининг транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (олди-сотди шартномаси, маълумотнома-ҳисоб рақами ва/ёки давлат ордери ва бошқалар);

лизинг ёки сублизинг шартномаси;

транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси (агар транспорт воситаси илгари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган тақдирда);

транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирилганда — божхона органлари томонидан берилган тегишли ҳужжатлар;

лизингга олувчининг, агар у юридик шахс бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

4. Транспорт воситаларини лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказиш лизинг ёки сублизинг шартномасида ёхуд транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирилганда божхона органлари томонидан берилган ҳужжатларда кўрсатилган муддатга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилган ҳолда амалга оширилади. Бунда лизингга берувчининг рухсатисиз транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилмайди.

5. Транспорт воситаларини лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказишда бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг «Муҳим белгилар» устунига «Лизинг, вақтинча ҳисобда туриши ____гача» ёзуви ёзилади ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш муддатининг тамом бўлиш санаси кўрсатилади, лизинг (сублизинг) шартномасининг тартиб рақами ва шартноманинг тузилган санаси қўйилади.

6. Лизинг шартномаси муддати тугагач лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаси белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади. Транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек транспорт воситаларини ҳисобдан чиқаришга асос бўлган ҳужжатлар тикиб қўйилади ва ҳужжатлар белгиланган тартибда сақланади.

7. Транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтишини назарда тутувчи лизинг шартномаси асосида лизингга берувчи ёки лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари транспорт воситасига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтиши тўғрисида лизингга берувчининг ёзма тасдиғи ва лизинг шартномаси асосида лизингга олувчи номига қайта рўйхатдан ўтказилади.

8. Транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқининг лизингга олувчига ўтишини назарда тутмайдиган лизинг шартномасининг амал қилиш муддати тугагач транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилиши ва фақат кўрсатилган транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтишини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар асосида лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

9. Лизинг шартномаси бекор қилинганда ва лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари лизингга берувчига қайтарилганда, кўрсатилган транспорт воситалари лизингга берувчи ва лизингга олувчининг биргаликдаги ёзма аризаси ёки суд органлари ёки бошқа органларнинг ижро ҳужжати нусхаси илова қилинган ҳолда лизингга берувчининг ёзма аризаси асосида лизингга берувчига қайта расмийлаштирилади. Лизинг шартномасининг муддати тугаганда уни ўз вақтида қайта рўйхатдан ўтказилиши учун лизингга берувчи ҳам, лизингга олувчи ҳам жавоб беради»;

г) VII бўлим VIII бўлим деб ҳисоблансин.

III. Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 1998 йил 6 майдаги 194-сон қарорида:

а) қарорнинг тўртинчи хатбоши ва қарорга 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 1-илованинг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«8. Лизингга берувчи номига импорт бўйича келувчи товарларни божхонада расмийлаштиришда декларант ёки божхона брокери уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинадиган ҳужжатлар билан бирга божхона органига тақдим этади».

IV. Вазирлар Маҳкамасининг «Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 2002 йил 18 январдаги 26-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 1-сон, 4-модда) иловага қуйидаги мазмундаги XI бўлим қўшилсин:

«XI. Лизингга олувчидан қарзни ундириш ва лизинг объектини талаб қилиб олиш

15. Лизингга олувчининг қарзини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ижро хатларини олиш учун қуйидагилар тақдим этилади:

а) қарзни ундириш ва/ёки лизинг объектини талаб қилиб олишни амалга оширишга асос бўладиган лизинг шартномасининг асл нусхаси;

б) лизингга олувчининг лизингга берувчи олдидаги қарзини тасдиқлайдиган икки томонлама таққослаш далолатномаси;

в) лизингга олувчининг огоҳлантиришни олганлиги тўғрисидаги тилхати билан бирга қарзни қайтариш тўғрисида огоҳлантириш хатининг нусхаси».

Олдинги таҳрирга қаранг.

(V банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 4 декабрдаги 250-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 48-50-сон, 486-модда)

VI. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилги Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2003 йил 25 декабрдаги 567-сон қарорига «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ажратмалар ва йиғимлар ставкалари» номли 20-илова жадвалидаги 5-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

«Асосий фаолияти лизингга мол-мулк тақдим этиш бўлган корхоналар томонидан маблағлар ажратиш — лизинг бўйича даромад (фоизлар) суммасидан».