O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Давлат дастурлари > 2011 йил - "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" >

"BankExpo - 2011” - ривожланишнинг янги йўналишлари

Янгиланган сана: 29.04.2011

27-28 апрель кунлари Тошкентдаги Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Банклари ассоциацияси, Ахборот технологиялари ассоциацияси ҳамда  Марказий Осиёда микромолиялашни қўллаб-қувватлаш минтақавий дастури кўмагида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари бўйича “BankExpo - 2011” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз тижорат банклари, етакчи молия-кредит институтлари, микромолиявий ва дастурий таъминот ташкилотлари ҳамда IT-технология билан шуғулланадиган хорижий фирмалар вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур кўргазма ўтказилишининг долзарблиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва унинг барқарорлигини ошириш ва юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган республика банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва барқарорлигини оширишнинг устувор йўналишлари билан изоҳланади.

Кўргазма давомида:

- иқтисодиётимиз банк тизими соҳасининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида потенциал мижозлар кенг хабардор қилинди;

- тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш шартлари ва кўрсатилаётган банк хизматлари кенг тарғиб этилди;

- замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолати, мамлакатимиз банкларининг молия ва бошқа ресурслар билан таъминланганлик даражаси билан таништирилди.

Шу билан бирга, жорий йилда ўтказилган кўргазманинг асосий йўналиши “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар, яъни:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш механизмини янада такомиллаштириш ва унинг ҳажмини ошириш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадларига, бошланғич сармояни шакллантиришга кредитлар ажратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ўрта ва узоқ муддатли кредитлар билан таъминлаш;

кичик бизнес субъектларининг молия-кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни таъминловчи бозор инструментлари ва механизмларини жорий қилишга қаратилди.

Кўргазмага ташриф буюрувчилар эътиборига Ўзбекистон банк-молия соҳасининг янги замонавий технологиялари ва хизматлари, хусусан e-banking, мобиль тизимлар, пул ўтказиш видеокузатув тизимлари, хавфсизликни таъминлаш ускуналари, банк ва молия муассасалари учун ахборот технологиялари, пластик карталарни ишлаб чиқариш ва уларнинг дизайни, пластик карталар билан ишлаш учун дастурий-аппарат воситалари ва бошқалар ҳавола этилди.

Кўргазма республика банк-молия институтлари, ҳукумат ва назорат қилувчи органлар билан банк-молия хизматлари истеъмолчилари, жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида бевосита мулоқот қилиш учун яхши имконият яратди.

Банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари бўйича “BankExpo-2011” йиллик миллий кўргазмаси доирасида молия-иқтисод, банк-кредит тизими мутахассислари учун ишга жойлашиш ва соҳага йўналтириш борасида йирик ва самарали тадбир - “Мутахассис карьераси куни” бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Кўргазма давомида 3000 дан ошиқ иш қидирувчиларга тижорат банкларида 1000 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Кўргазма доирасида 2 та давра суҳбати, яъни банкларнинг кадр хизматлари ва изланувчилар учун мастер-класслар ўтказилди.

Банклар фаолияти билан таништириш мақсадида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари учун махсус экскурсиялар ташкил этилди.

Шунингдек, бир қатор банклар, жумладан “Микрокредитбанк” ва “Алоқабанк” томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Кўргазмада энг фаол иштирок этган тижорат банкларига бир қатор номинациялар бўйича мукофотлар берилди. Хусусан:

“Энг яхши инновацион стенд” ва “Энг яхши реклама компанияси” номинацияларига - “Халқ банки”;

“Энг кўп ташриф буюрилган стенд” ва “Таълим муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” номинацияларига – “Микрокредитбанк”;

“Энг яхши ахборот билан таъминланган стенд” номинациясига – Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки;

“Энг яхши дизайнли стенд” номинациясига – “Алоқабанк”;

“Энг яхши техник жиҳозланган стенд” номинациясига - “Ўзсаноатқурилишбанк”;

“Энг яхши ҳудудий банк” номинациясига – “Ҳамкорбанк”;

“Энг яхши стенд персонали” номинациясига – “Ипотекабанк”;

“Энг яхши кредит маҳсулоти” номинациясига – “Асакабанк”;

“Энг яхши инновацион маҳсулот” номинациясига – “Трастбанк” лойиқ деб топилди.

Кўргазмага 10 минг нафардан зиёд меҳмон ташриф буюрди.