| O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI | ||
| ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ | ||
| ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН | ||
|
Юбилей тангалари
Банкнотлар ва тангалар
Фойдали манбалар
|
Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Давлат дастурлари > 2011 йил - "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" > Банклар “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили Давлат дастури” ижросини таъминлашда фаол қатнашмоқда Янгиланган сана: 12.04.2011
Мамлакатимиз Президенти томонидан 2011 йил "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши муносабати билан банк фаолиятининг субъектлари “Банклар - тадбиркорларнинг ҳамкори ва ишончли таянчи!” шиори остида фаолият кўрсатмоқда. Шу муносабат билан банк тизимида Марказий банк етакчилигида тадбиркорлик субъектларига юқори даражада қулай бизнес муҳит яратиш, хусусий мулк устиворлигини мустаҳкамлаш ва уни ишончли кафолатлар билан таъминлаш, тадбиркорликнинг эркин ривожланишига йўналтирилган қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни янада рағбатлаштириш, уларга кенгроқ имконият ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат берувчи тартиб-таомиллар тўғрисида” қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Микромолиялаш тўғрисида”, “Кредит уюшмалари тўғрисида”, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан амалий ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда иштирокини кенгайтиришга оид қонуности ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Шу билан бирга, соҳа вакилларини ахборот билан таъминлаш ва маслаҳат кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш, кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган тадбирларга ташкилотчи сифатида иштирок этмоқда. Мамлакатимиз раҳбари 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Махкамасининг мажлисида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга чек қўйишни қатъий таъкидлаган эдилар. Ушбу кўрсатманинг амалдаги тасдиғи мамлакатимиз Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2011 йил 4 апрелдаги Фармони бўлди. Мазкур ҳужжат давлат ва назорат органларининг корхоналар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини тубдан қисқартириш, текширишларни ташкил қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш, шу асосда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришни таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, банк тизимида “Банк сири тўғрисида”ги Қонун талабларига қатъий риоя этиш, жумладан хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари айланмаси ва пул маблағлари қолдиғи тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга ноқонуний берилишини олдини олиш, ушбу маълумотлар қонунчиликка зид равишда тақдим этилганда банкнинг раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жазо чоралари қўлланилиши тўғрисида яна бир бор қаттиқ огоҳлантирилди. Банклар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улушини кўпайтириш мақсадида соҳага кредит ажратиш механизмини такомиллаштириш ва ҳажмини кенгайтириш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Жорий йилда банклар томонидан иқтисодиётнинг ушбу секторига ажратиладиган кредитлар ҳажмини камида 1,3 баробарга кўпайтириш ёки қарийб 3,6 трлн. сўм, нобанк кредит ташкилотлари томонидан 307 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратиш чоралари кўрилиб борилмоқда. Бунда, авваламбор оилавий бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, бошланғич капитални шакллантириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида узоқ ва ўрта муддатли кредитлар ажратишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг равнақ топиши учун тижорат банклари ўз кредит ресурсларини бу йил: - инвестицион мақсадлар – корхоналарни модернизациялаш ва технологик янгилаш, замонавий юқори технология асосида инновацион ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бошланғич капитал ва айланма маблағларни тўлдириш учун 1,3 баробар; - тадбиркорлик тузилмалари, фермер хўжаликларига минитехнология ва ихчам асбоб-ускуналар харид қилиши ва кўрсатиладиган лизинг хизматлари учун 1,5 баробар; - истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектларига хомашё ва материаллар сотиб олиш, факторинг хизматлари кўрсатиш учун 1,2 баробар; - ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда соҳа вакилларига кўрсатиладиган банк хизматлари ҳажмини 1,6 баробар; - “Микрокредитбанк” томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, энг аввало хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар ҳажмини 1,3 баробар; - “Микрокредитбанк” ва бошқа тижорат банклари шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига йирик шохли қорамол сотиб олиш учун кредит маблағлари ажратишни режалаштирган. Нобанк кредит ташкилотлари эса соҳа субъектларининг ўз бизнесини бошлашлари ва айланма маблағларини тўлдириши учун ажратиладиган микрокредитлар ҳажмини Шунингдек, банклар томонидан имтиёзли кредитлаш ҳажми ҳам кўпайтирилади. Мазкур йилда: - касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг олган замонавий билим ва малакаларини амалиётга қўллаш, уларни иқтисодиётнинг ушбу соҳасига жалб этишни кенгайтириш учун уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар ҳажмини 2,5 баробарга; - устувор равишда узоқ ва бориш қийин бўлган туманлар, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманлар ва шаҳарларда жойлашган ишлаб чиқариш микрофирмалари, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликларининг юқори технологияли ва инновация лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган имтиёзли кредитлар ҳажмини 1,3 баробарга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг имтиёзли маблағлари асосан қишлоқ туманларида оилавий бизнес, касаначилик ва ҳунармандликни ривожлантиришга йўналтирилади. Кези келганда айтиш ўринлики, белгиланган режаларнинг бажарилиши, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлаш ҳажмини кенгайтиришдаги фаоллигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажмларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2011 йил 11 мартдаги қарори муҳим рағбатлантирувчи омил бўлди. Ҳужжатда тижорат банкларининг Имтиёзли кредитлаш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларидан оладиган даромадлари 2016 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғидан озод қилинди. Мазкур қарорга асосан Вазирлар Маҳкамасининг “Тижорат банкларининг кичик тадбиркорликни ривожлантиришда қатнашишини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2000 йил 19 майдаги 195-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2011 йил 19 мартдаги қарори қабул қилинди. Унда тижорат банкларининг Имтиёзли кредитлаш махсус жамғармаси маблағлари устувор равишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги юқори технологияли ва инновация лойиҳаларини, узоқ ва бориш қийин бўлган туманларда, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманлар ва шаҳарларда жойлашган ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштириш учун ажратилиши белгиланди. Жорий йилда тижорат банкларининг Имтиёзли кредитлаш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан 24 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, тижорат банкларига кичик тадбиркорлик субъектларига кредит ажратишда кредитнинг умумий суммасида қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди. Марказий банк томонидан банк кредитларидан оқилона фойдаланиш орқали ўз бизнесларини ривожлантиришга янада кўпроқ имкониятлар яратиш чоралари кўриб бориляпти. 2011 йилнинг 1 январидан бошлаб Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси йиллик 14 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Бу эса, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келди. Давлат дастурига мувофиқ, меҳнат ва ижара шартномалари бўйича корхоналарнинг касаначилар билан кооперациясини, ҳунармандчилик ва оилавий бизнесни ривожлантириш ҳисобига 216 мингдан, шу жумладан қишлоқ жойларида камида 105 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун тижорат банклари томонидан имтиёзли микромолиявий хизматлар кўрсатиш бўйича зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ҳозирги пайтда тижорат банкларининг барча филиалларида “Тадбиркорлар хонаси” ташкил этилиб, у ерда малакали мутахассислар томонидан тадбиркорларга бизнесни йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш юзасидан зарур маслаҳатлар бериб борилмоқда. Кредитлардан оқилона фойдаланиш бўйича жойларда соҳа вакиллари иштирокида туркум семинарлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, филиаллар ва мини банкларда ташкил этилган “Тадбиркорлар бурчаги” орқали республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар, таклиф этилаётган янги банк хизматлари тўғрисида доимий равишда ахборот бериб борилиши йўлга қўйилди. Банкларнинг мунтазам янгиланиб борадиган веб-сайтлари орқали ахборот хизмати кўрсатиш тизими кенгайтирилди. Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш мақсадида халқаро молиявий институтларининг имтиёзли кредит линиялари ва грантларини фаол жалб этиш ҳамда уларни ўзлаштириш ҳажмини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ҳузурида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик инвестицион лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни конкурс асосида молиялаштиришга ихтисослаштирилган Жамғарма ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда қайд этиш лозимки, мамлакатимиз Президентининг “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ва юқори халқаро рейтинг кўрсатичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори талабларига биноан республикамизда нобанк кредит ташкилотлари тармоғи ва фаолияти янада кенгайтирилади, улар томонидан кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажми шунга мос равишда оширилади. |