O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Давлат дастурлари > 2012 йил - "Мустаҳкам оила йили" >

Оилавий бизнеснинг истиқболи порлоқ

Янгиланган сана: 23.02.2012

Навоий шаҳридаги «Ширин» маданият саройида Марказий банк ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган "Тадбиркорлик - мустаҳкам оила пойдевори” мавзуида  бизнес-форум бўлиб ўтди. Форумда мамлакатимизнинг етакчи банклари раҳбарлари ва 400 дан ошиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Форумда қатнашган вилоят ҳокими, сенатор Э.Турдимов "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”да ишлаб чиқилган ҳудудий дастур ижроси таъминлангани, бунда кредитлаш ҳажмини 1,6 баробар оширишга эришган тижорат банкларининг хизмати катта бўлганини қайд этди. Соҳанинг ялпи ҳудудий  маҳсулот ва экспортдаги улушлари сезиларли даражада ортди. Вилоятни ривожлантиришнинг бу йилги дастурида оилавий бизнесни кенгайтиришга урғу берилаётганини таъкидлади.

Форумда «Мустаҳкам оила йили»да тижорат банклари томонидан мижозларга таклиф этилаётган хизматлар турлари тақдим этилди. Қатнашчилар банкларнинг жорий йилдаги фаолиятининг устивор йўналишлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, айниқса оилавий бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида олиб бораётган ишлари тўғрисида етарлича ахборотга эга бўлдилар.

Хусусан, тижорат банклари бу йил ҳам ёш оилаларни, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилинишини имтиёзли кредитлар ажратиш орқали рағбатлантириб боради, турмуш шароитини яхшилаш истагида бўлганларни ипотека ва истеъмол кредитлари билан таъминлашга эътибор қаратилади. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши давом эттирилади. Республикамизнинг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларидаги тадбиркор аёлларнинг ишбилармонлик ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланади.


Банкларнинг оилавий бизнесга эътибор бериши Президент И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ келади. Қолаверса, бизнеснинг бундай шакли ўзбек халқи учун отамерос анъанадир. Оиладаги маънавий ва моддий манфаатдорлик уйғунлиги, оила аъзоларининг бирдай масъуллиги ишлаб чиқариш жараёнларининг изчиллиги ва авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.

Банкирларнинг фикрича, оилавий тадбиркорлик оилани мустаҳкамлаш ва турмуш даражасини яхшилашга, болаларни ҳунарли ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда, уларнинг ишбилармонлик салоҳияти ўсишига шароит яратади. Бугунги кунда оилавий бизнесни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда, умуман иқтисодий ўсишда банклар кредитлари муҳим ўрин тутмоқда. Бинобарин, оилавий бизнеснинг саноат корхоналари билан кооперациялашуви тенденцияси кучайиб бормоқда. Соҳа вакиллари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилган барча имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб келмоқда. Оилавий бизнес амалда ўзининг ҳар томонлама истиқболли эканини исботлади ва банкларнинг ишончли ҳамкорига айланди.

Жорий йилда вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 192,0 млрд. сўм кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Кредитлаш миқдорининг ўтган йилга нисбатан оширилишини банкирлар кредит ташкилотлари учун бозордаги ўзгарувчан вазиятларга тез мослашувчан, молиявий ресурслардан оқилона ва жамоавий масъулият билан фойдаланадиган бизнес тузилмалар билан ишлаш қулайлиги билан изоҳлашди.

Форум давомида энг яхши деб топилган 70 та лойиҳа эгасига тижорат банклари томонидан 7,7 млрд. сўм миқдорида имтиёзли фоизда кредитлар ажратиш бўйича сертификатлар топширилди.