O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Президент фармонлари >

Янгиланган сана: 15.08.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

2002 йил 15 ноябр ПФ-3162-сонли

"Республика банк кенгашини тузиш тўғрисида”

            Иқтисодий ислоҳатлар янада чуқурлаштирилиши ва банк тизими эркинлаштирилишини таъминлаш, банк қонунчилигини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятини ташкил этиш даражаси ва самарадорлигини ошириш, республика тижорат банкларининг ривожланишига ҳамда барқарор фаолият кўрсатишига кўмаклашиш мақсадида:

            1. Республика банк кенгаши тузилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Республика банк кенгаши доимий ишловчи коллегиал орган бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобот беради.

            2. Республика банк кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат этиб белгилансин:

            банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, банк қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

            мунтазам таҳлил асосида макроиқтисодиёт ва бюджет сиёсати билан ўзаро боғлиқ бўлган пул-кредит сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, шу сиёсатнинг иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча томонларини ислоҳ қилиш мақсадли вазифалари ҳамда устувор йўналишларига, мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга доир қабул қилинган комлекс дастурларга мувофиқлигини аниқлаш;

            миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш, пул тизимини мустаҳкамлаш, пул массасининг ўсишини чеклаш ҳамда банкдан ташқари айланмани камайтириш, пул айланмасида нақд пул ва нақдсиз пул массасининг мақбул нисбатини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

            аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, пул маблағларининг банк омонатларига жалб этилишини рағбатлантириш, фуқаролар омонатлари ҳимоя этилиши кафолатларнинг кучли механизмини яратиш борасидаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

            тижорат банкларининг инвестиция жараёнида ва иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришларида иштирок этишини фаоллаштиришга қаратилган қўшимча иқтисодий омилларнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш;

            валюта сиёсатини янада эркинлаштириш, банклараро валюта бозорини ривожлантириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, олтин-валюта захиралари барқарор ва муттасил кўпайиб боришини таъминлаш, давлатнинг валюта маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

            республиканинг банк тизимини ҳамда банклараро муносабатлар механизмини ривожлантириш ва такомиллаштириш, тижорат банкларининг мустақиллигини, улар фаолиятининг ишончлилиги ва барқарорлигини ошириш, уларнинг халқаро кредит рейтингини кўтариш, халқаро молия-кредит тизимига кенг кўламда қўшилиш борасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

            3. Республика банк кенгаши тўғрисидаги Низом тасдиқлансин.

            4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Марказий банки манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

            5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслахатчиси В.Голишев ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.Муллажонов зиммаларига юклатилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                                                И.Каримов