Бош саҳифа >
Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари >
Президент фармонлари >
Янгиланган сана: 04.11.2008
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
"Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1997 йил 24 апрель, ПФ-1749-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 202-модда)
Хусусий тижорат банкларини ташкил қилиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитларини яратиш, хусусий сармояни жалб этиш ва ундан хўжалик оборотида самарали фойдаланиш мақсадида:
1. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб турган тижорат банклари билан бир қаторда хусусий тижорат банклари ташкил қилиниши мумкин, муассислар — жисмоний шахсларнинг мазкур банклардаги улуши устав капиталининг камида 50 фоизини ташкил этади, қолган қисми эса давлатга қарашли бўлмаган юридик шахсларга тегишли бўлади;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари хусусий тижорат банкларининг устав капиталига маблағларини ўз даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмасдан қўшишлари мумкин;
хусусий тижорат банклари ташкил этилган пайтдан бошлаб икки йил мобайнида бюджетга даромад солиғи тўлашдан озод қилинади, бунда бўшайдиган маблағлар уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва инфраструктурани ривожлантиришга йўналтирилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 июлдаги ПФ-3624-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 28-29-сон, 202-модда)
фаолият бошлангандан кейин олти ой ўтгач, хусусий тижорат банкига хорижий валютада операциялар ўтказишга лицензия берилиши мумкин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда касса узелларини сотиб олиш ва улар билан ускуналашда, биноларни Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозлашда хусусий тижорат банкларига зарур ёрдам берсин.
3. Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши хусусий тижорат банкларининг фаолиятига назорат органларининг асоссиз аралашувига йўл қўймасин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хусусий тижорат банкларига мослаштирилган хоналарни шартнома асосида сотиб олишда ёрдам кўрсатсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгариш ва қўшимчалар бўйича таклифлар тайёрлаб тақдим этсин.
Марказий банкка бир ҳафта муддатда ўзининг норматив актлари ва йўриқномаларини мазкур Фармон талабларига мувофиқ ҳолга келтириш тавсия қилинсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
|