Бош саҳифа >
Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари >
Президент фармонлари >
Янгиланган сана: 24.11.2008
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
"Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2005 йил 5 октябрь, ПФ-3665-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 40-сон, 303-модда; 2008 й., 20-21-сон, 170-модда)
Тадбиркорлик субъектларини текширишни ташкил қилиш тизимини такомиллаштириш ва текширишлар сонини кескин қисқартириш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилиши учун назорат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар белгилансин:
микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини ҳар тўрт йилда кўпи билан бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларини эса ҳар уч йилда кўпи билан бир марта режа асосида текшириш ўтказилади;
янги ташкил қилинган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб икки йил мобайнида режа асосида текшириш ўтказилмайди;
ҳудудий солиқ органлари томонидан бошқа туманлар (шаҳарлар)да рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш бинолари, савдо шохобчалари қаерда жойлашганидан ва хизматлар кўрсатиладиган (ишлар бажариладиган) жойдан қатъи назар, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш такрорланишига йўл қўйилмаган ҳолда, тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган жойдаги тегишли солиқ органлари билан бир вақтда амалга оширилади;
тадбиркорлик субъектлари текшириш натижалари бўйича назорат органларининг тақдимномаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарни белгиланган муддатда ва тўлиқ ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеняни тўлаган тақдирда уларга нисбатан молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.
2. Вазирликлар, идораларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қаттиқ огоҳлантириб қўйилсинки, назорат органларининг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари рухсатсиз текширилганлиги ва уларнинг хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашилганлиги учун етказилган иқтисодий зарарнинг ўрни қопланган ҳолда жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг текширишларни тайинлаш ва ўтказиш борасида белгиланган тартибга қатъий риоя этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолияти устидан мунтазам назоратни амалга оширсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг янгиланган таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди
4. Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш йиллик ва чорак мувофиқлаштирувчи режа-жадвалларини шакллантиришнинг аниқ асосланган тамойиллари ишлаб чиқилишини таъминласин;
2005 йилнинг 1 декабригача муддатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини 2006 йилда текшириш мувофиқлаштирувчи режа-жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқласин, унда мазкур Фармоннинг 1-бандига мувофиқ комплекс текширишлар ўтказишнинг асосланган тамойиллари ва муддатларидан келиб чиққан ҳолда текширилиши лозим бўлган субъектлар рўйхатини шакллантиришни назарда тутсин;
назорат органларига «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун моддаларига қатъий мувофиқ равишда режадан ташқари текширишлар ўтказилишини асослаб берадиган сабаблар мавжуд бўлган фавқулодда ҳолатларда уларни ўтказишга рухсат берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг идоравий норматив ҳужжатларини мазкур Фармон билан мувофиқлаштирсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 3 августдаги «Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» ПФ-2678-сонли Фармонининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Шамшиев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
|