Бош саҳифа >
Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари >
Президент фармонлари >
Янгиланган сана: 28.11.2008
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
"Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида” 1998 йил 19 ноябрь, ПФ-2114-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 209-модда; 2001 й., 6-сон, 122-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 47-48-сон, 352-модда)
Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни янада тартибга солиш, текширишлар сонини камайтириш, турли назорат органлари томонидан амалга ошириладиган текширишларда параллелчилик ва такрорлаш фактларини бартараф этиш, уларнинг корхоналар хўжалик фаолиятига иқтисодий зарар етказувчи асоссиз аралашувига йўл қўймаслик мақсадида, шунингдек тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш манфаатларини кўзлаб:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
мулкчилик шаклидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига доир барча текширувларни, молия-хўжалик фаолиятини текширишни истисно этган ҳолда, ўтказиш, қоида тариқасида, бир йўла комплекс текширишлар ўтказилишини назарда тутиб, фақат Ўзбекистон Республикаси назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига биноан режа асосидаги тартибда назорат органлари томонидан йилига кўпи билан бир марта амалга оширилади;
мазкур субъектларнинг фаолиятини муқобил текшириш жиноий ишлар бўйича тергов давомида текширувни белгилаш тўғрисидаги қарор асосида ёки фақат Ўзбекистон Республикаси назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарори билангина назорат органлари томонидан амалга оширилиши мумкин. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини муқобил текшириш хўжалик юритувчи субъектларга бормасдан амалга оширилади ва фақат уларнинг текширилаётган хўжалик юритувчи субъект билан ўзаро муносабатлари доирасидагина йўл қўйилади;
белгиланган норма ва қоидаларга ўз вақтида ва тўла ҳажмда риоя этадиган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш, молия-хўжалик фаолиятини текширишни истисно этган ҳолда, назорат органлари томонидан ҳар икки йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади;
(1-банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 ноябрдаги 2005 й., ПФ-3694-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 47-48-сон, 352-модда)
хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан фақат қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов тартибида текширилади. Бунда мазкур субъектларнинг фақат қўзғатилган жиноий иш билан боғлиқ бўлган фаолияти текширилиши мумкин, бу ҳақда текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилиши лозим;
хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг ҳар қандай текширишларини ўтказиш чоғида назорат органларининг мансабдор шахслари текширишларни рўйхатга олиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда ёзиб қўядилар;
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 19 июндаги ПФ-2886-сонли Фармони таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 122-модда)
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари зиммасига республика ҳамда маҳаллий бюджетларнинг, шунингдек қўшма бюджетда ҳисобга олинадиган бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан молияланадиган муассасаларнинг молия-хўжалик фаолиятини белгиланган тартибда текшириш вазифаси юклансин. Зарур ҳолларда ана шу текширишларни амалга ошириш учун солиқ ва бошқа назорат органлари жалб қилиниши мумкин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
назорат органлари томонидан ҳар қандай текширишни ўтказиш муддати 30 календарь кунидан ошиб кетиши мумкин эмас. Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ узайтирилиши мумкин;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 19 июндаги ПФ-2886-сонли Фармони таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 122-модда)
аудиторлик текширишларини ўтказиш бўйича сарф-харажатлар ана шу текширишларни тайинлаган ташкилотлар ҳисобидан қопланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини назорат тариқасида текшириш ва муқобил текширишларни ўтказиш борасида белгиланган тартибга риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик солиқ ва молия органларининг, Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги органларининг, шунингдек давлат назоратини амалга оширишга вакил қилинган бошқа органларнинг раҳбарлари зиммасига юклансин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 19 июндаги ПФ-2886-сонли Фармони таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 122-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг янгиланган таркиби ва у ҳақдаги Низом 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1, 2-иловалар берилмайди.
6. Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши бир ой муддатда вакил қилинган вазирликлар ва идоралар томонидан ҳудудлар бўйича хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш борасида 1999 йилги мувофиқлаштирувчи режалар ишлаб чиқилишини таъминласин, бунда комплекс текширишларни кенг жорий этиш асосида уларни ўтказиш даврийлиги ва муддатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш назарда тутилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқларни ва мажбурий тўловларни тўлашдан ашаддий бўйин товлаш фактларининг ҳар бири бўйича чора кўриш учун йилнинг ҳар чорагида назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига ўз таклифларини тақдим қилсин.
7. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишга вакил қилинган вазирликлар ва идоралар:
икки ҳафта муддатда молия-хўжалик фаолиятини текширишга, шу жумладан назорат текширишлари ва тафтишлар ўтказишга қўйиладиган мансабдор шахсларнинг рўйхатини тасдиқласинлар;
молия-хўжалик фаолиятини текширишга, шу жумладан назорат текширишлари ва тафтишлар ўтказишга қўйиладиган мансабдор шахслар белгиланган тартибда аттестациядан ва қайта аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган қоидани татбиқ этсинлар. Бир ой муддатда хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга, шу жумладан назорат текширишлари ва тафтишлар ўтказишга қўйиладиган мансабдор шахслар учун махсус гувоҳномалар жорий қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширишга вакил қилинган вазирликлар ва идоралар томонидан текширишларни ташкил қилишни тартибга солиш ва такомиллаштириш тўғрисидаги қонунлар, фармонлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари қандай ижро этилаётганлигини назорат қилишни таъминласин, назорат органлари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари хусусида Республика мувофиқлаштирувчи кенгашининг тақдимномаларини, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг шикоятларини ўз вақтида кўриб чиқиб, қонунда кўзда тутилган чораларни кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда текширишларни ташкил қилишни тартибга солиш ва такомиллаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланишини кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига қўшимчалар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Прокуратураси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ва ноҳукумат ташкилотлари билан бирга хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг ҳуқуқий маданиятини юқори кўтариш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсинлар, назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини бузиш сабабларини мунтазам таҳлил этиб, уларни тугатиш чораларини кўрсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, «Ўзтелерадио», оммавий ахборот воситалари хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ишларини ўтказиш қоидаларини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенг тушунтириб берсинлар, шунингдек назорат органларининг мансабдор шахслари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини бузиш фактларини ёритиб борсинлар.
11. 1998 йил 8 июндаги ПФ-2008-сон Фармоннинг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармонни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
|