O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Президент қарорлари >

Янгиланган сана: 12.04.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ
2008 йил 16 октябрь, ПҚ-986-сон

"Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг капиталлашувини янада кўпайтириш ва инвестицион фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 43-сон, 432-модда)

Фуқаролар жамғармаларини ишончли, кафолатли ҳимоялашни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг капиталлашувини кўпайтириш ва молиявий барқарорлигини ошириш, жамғармаларга аҳолининг бўш маблағлари жалб этилишини кенгайтириш ҳамда кўрсатиладиган банк хизматлари сифатини яхшилаш, шунингдек банкнинг инвестицион фаолиятини кучайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ҳамда технологик янгилаш бўйича истиқболли дастурларни амалга оширишдаги иштирокини фаоллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика аҳолисига банк хизматлари кўрсатилишини тубдан такомиллаштириш, мижозларга халқаро стандартлар даражасидаги замонавий, жозибадор банк хизматлари кенг комплексини тақдим этиш, бунинг асосида аҳолининг банкка бўлган ишончини ошириш ва миллий ҳамда хорижий валютадаги банк омонатларининг барқарор ўсишини таъминлаш;

Халқ банкининг пластик карточкаларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолининг нақд пулсиз ҳисоб-китоблари тизимини ҳар томонлама ривожлантириш, шунингдек халқаро банк карточкалари билан операцияларни кенгайтириш;

банк маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини, шунингдек банкнинг барқарор фоизли даромадини таъминлаб берувчи ишончли ва юқори ликвидли активлар ҳамда молиявий воситаларга самарали жойлаштириш;

қарз олувчиларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилишнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, уларнинг кредит қобилиятини баҳолаш ва бизнес-режаларини атрофлича ўрганиш асосида кредит таваккалчилигини бошқариш тизимини такомиллаштириш;

аввало ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ҳамда технологик янгилаш, замонавий хорижий технологиялар ва ускуналарни жалб этиш, ушбу асосда юқори сифатли, жаҳон ва ички бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни таъминлашга йўналтирилган истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни биргаликда молиялаш йўли билан актив инвестиция фаолиятини олиб бориш;

Халқ банкининг ҳудудий бўлимлари ва филиалларининг молиявий салоҳиятини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этган ҳолда уларнинг моддий-техника базасини, айниқса қишлоқ жойларда янада мустаҳкамлаш, юқори даромадли минтақавий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда банк бўлимлари ва филиалларининг иштирокини кенгайтириш;

Халқ банки ходимларини қайта тайёрлаш ва малакаси оширилишини тизимли асосда ташкил этиш, банк бўлинмаларини аҳолига банк хизмати кўрсатилишини такомиллаштириш ҳамда банкнинг инвестицион фаолиятини кучайтириш масалаларини самарали ҳал этиш қобилиятига эга юқори малакали, ташаббускор раҳбар ва мутахассислар билан мустаҳкамлаш.

2. Давлат-тижорат Халқ банки акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан 2008 йилда банкнинг устав капиталини 100 млрд. сўмга етказиш тўғрисида қарор қабул этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг 2009 — 2012 йиллар мобайнида Давлат-тижорат Халқ банкининг устав капиталини банк акциядорлари орасидаги мавжуд улуш тақсимотини сақлаб қолган ва банк акцияларини 1-иловага* мувофиқ ҳажмда қўшимча жойлаштирган ҳолда 200 млрд. сўмга етказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

3. Давлат-тижорат Халқ банки Кузатув кенгашининг янгиланган таркиби 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

** 2-илова рус тилидаги матнда берилган.

4. Кузатув кенгаши (Р.С. Азимов) ва Халқ банки Бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда:

ҳар йили банкнинг кредит режасини шакллантиришда молиялаштирилиши мўлжалланаётган инвестиция лойиҳаларини синчковлик билан танлаб олиш, самарадорлигини комплекс баҳолаш ва экспертизадан ўтказишни таъминласин;

амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўзини қоплаши, қўйилган маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши устидан тизимли мониторинг жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Ф.М. Муллажонов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
                             И. КАРИМОВ

Тошкент ш.