O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Президент қарорлари >

Янгиланган сана: 12.04.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ
2007 йил 12 январь, ПҚ-565-сон

"Аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига ишончини мустаҳкамлашга оид кейинги чора-тадбирлар тўғрисида"

Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг даромадларини легаллаштириш, депозит ҳисобварақларидаги қўйилмалар ҳажмини кўпайтириш, шунингдек нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш мақсадида:

1. Белгилансинки:

назорат қилиниши шарт бўлган, суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг тўрт минг каррасига тенг ёки ундан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар шундай операциялар бўйича маълумотларни махсус вакил қилинган давлат органига тақдим этиши лозим бўлган қоиданинг амал қилиши 2013 йилнинг 1 январигача даврда тўхтатиб турилади;

тижорат банклари юқорида кўрсатилган маълумотларни фақат банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этадилар.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг фаолиятига аралашиш, шунингдек улардан банк сирини ташкил этувчи маълумотлар беришни ҳуқуққа зид тарзда талаб қилиш каби ҳолларга йўл қўймаслик борасида банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни кучайтирсин;

ушбу қарор талабларини бузувчи айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Бош прокуратура, Марказий банк, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

вазирликлар ва идоралар томонидан ўз норматив ҳужжатлари мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
 И. КАРИМОВ

Тошкент ш.