Бош саҳифа >
Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари >
Президент қарорлари >
Янгиланган сана: 12.04.2011
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ 2005 йил 5 август, ПҚ-147-сон
"Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақда пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида”
Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини депозитларга жалб этиб, уларни айланмага қўйиб ва шу ҳисобдан банк даромад олиб, амалда омонатчилар ҳисобига манфаат кўриб, айни вақтда ўзларининг омонатчилар олдидаги тўғридан-тўғри мажбуриятларини аниқ бажармасдан, уларнинг қонуний талаблари ва эҳтиёжларига бефарқ қараётганликлари, бунинг устига омонатчиларнинг буюртмаларини қондириш чоғида ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, уларнинг манфаатларини писанд қилмасликлари мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят ва шаҳар бўлимлари фаолиятида ҳам худди шундай ҳолатлар мавжуддир.
Шуни назарда тутиш керакки, бундай муносабат банкларга нисбатан ишончга путур етказмоқда, омонатчиларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда, аҳоли, тадбиркорлар ва бизнесменларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга қўйишни чеклаб, уларни жалб этишни рағбатлантирмайди, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартиришга ёрдам бермайди, бутун пул муомаласи тизимини беқарорлаштириб мамлакатга катта иқтисодий зиён етказмоқда.
Кўрсатиб ўтилган камчиликларни батамом тугатиш, нақд пул муомаласини янада мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозит ҳисобварақларидан нақд пуллар банклар томонидан узлуксиз бериб борилишини таъминлаш мақсадида:
1. Тижорат банклари томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банклардаги депозит ҳисобварақларга жалб этишни рағбатлантириш ҳамда биринчи талаб бўйича уларнинг ҳисобварақларидан нақд пуллар чекловсиз берилишини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари ходимларининг бюрократик, сансалорлик, лоқайдлик ва таъмагирлик ҳолларини жуда қисқа муддатларда тугатиш учун қонунда ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда унга берилган барча таъсир кўрсатиш механизмлари ва воситаларидан кенг фойдалансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари 2005 йилнинг 1 сентябригача аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг талаби бўйича нақд пуллар узлуксиз берилишини таъминлаш мақсадида банклардаги депозит ҳисобварақларда бўлган пул маблағларини бериш тартиби ва амалдаги низомни қайта кўриб чиқиш борасида зарур чоралар кўрсин.
Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга депозит ҳисобварақлардан нақд пуллар узлуксиз берилиши тижорат банкларининг чорак, ярим йиллик ва йиллик иш якунларини сарҳисоб қилишда улар фаолияти самарадорлиги ва ишончлилигини баҳолашнинг энг муҳим мезонларидан бири деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларининг, иш якунларини кўриб чиқиш вақтида, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга банкларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пулларни кечиктирмай тўлаш борасида ўрнатилган тартиб бир неча марта (ойига уч мартадан кўпроқ) бузилган тақдирда тижорат банклари ҳудудий бўлимлари ва филиалларининг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши лозимлиги тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
Нақд пул маблағлари узлуксиз бериб борилишини таъминлаш учун тижорат банкларининг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва жавобгарлигини ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нақд пул маблағлари беришни мунтазам кечиктириш ҳоллари мавжуд бўлганида тижорат банкларига нисбатан қаттиқ жавобгарлик чоралари, ҳатто банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияни қайтариб олиш чораларини қўлласин.
5. Нақд пуллар узлуксиз тўланишини таъминлаш мақсадида:
тижорат банклари ўз бўлинмаларида нақд пул маблағларига бўлган талаб тезкорлик билан тўлдирилишини ва мижозларнинг буюртмалари қондирилишини таъминлайдиган нақд пул захирасини яратсин;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нақд пулларнинг минтақавий захира жамғармаларини ташкил қилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
тижорат банкларини уларнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоб-касса марказларидаги захира жамғармаларидан фойдаланган ҳолда нақд пул маблағлари билан чекланмаган миқдорда таъминлаб турсин;
нақд пулга бўлган талабни узлуксиз таъминлашни назарда тутиб, республика минтақалари ўртасида нақд пул маблағларини тезкор қайта тақсимлашни амалга оширсин;
тижорат банклари билан биргаликда тижорат банкларининг филиалларидаги нақд пул захиралари ҳажмининг энг кам миқдорини тасдиқласин ҳамда мажбурий захиралар бўйича талабларни ҳисоб-китоб қилиш чоғида умуман банк бўйича амалдаги захиралар суммасини ҳисобга олсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари:
ўз тузилмаларида нақд пул маблағлари берилиши мониторинги бўйича махсус бўлинмалар ташкил қилсин;
нақд пулни қонуний беришдан бош тортиш ҳоллари қайд этилиши ва назорат қилиниши юзасидан индикаторлар ишлаб чиқсин ва шулар асосида тегишли ойлик ҳисоботни жорий этсин.
Қуйидагилар мазкур бўлинмаларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
кундалик нақд пул маблағлари келиб тушиши устидан доимий мониторингни амалга ошириш, шунингдек нақд пул ҳисоб-китобларининг ҳолатини таҳлил қилиш, нақд маблағларни тўлаш ҳолати, уларни беришни кечиктириш ҳоллари мавжудлиги тўғрисида ҳар ойлик ҳисоботларни тақдим этиш;
нақд пул захиралари ҳолати ва улардан фойдаланишни тезкорлик билан бошқариш, шунингдек бўш нақд маблағлар етарли ҳажмда бўлишини таъминлаш мақсадида улардан оқилона фойдаланиш;
банк мижозларининг нақд пул маблағларини чекловсиз ва узлуксиз бериш масалалари бўйича мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан зудлик билан чоралар кўриш, тижорат банкларининг бўлимлари ва филиалларида ушбу масалалар юзасидан текширишлар ўтказиш;
тижорат банклари мансабдор шахсларининг аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пуллар узлуксиз берилишига оид талаблар бажарилишини таъминлаш борасидаги фаолияти натижаларига кўра уларни рағбатлантириш ёки жавобгарлик чоралари қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш.
Нақд пулларни бериш масалаларига тезкорлик билан эътибор қаратиш учун ҳар бир минтақада мижозларнинг аризаларини, шу жумладан «ишонч телефони» орқали мурожаатини кўриб чиқиш ва келиб тушаётган мурожаатлар дарҳол текширилиши ташкил қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг депозит ҳисобварақларидан нақд пул сўзсиз ва чекловсиз тўланишини таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволини ҳар чоракда умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот бериб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
банкдан ташқари айланмани чеклаш бўйича қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарлар сотиш, иш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ топширилиши устидан назоратни кучайтирсин;
банк кассаларига топширилган нақд-савдо тушуми билан чакана товар обороти ва пулли хизматларни амалдаги ҳажмлари ўртасида мутаносиблик бўлиши, шунингдек чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларидан мажбурий фойдаланиш устидан қаттиқ назорат ўрнатсин. Пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловни қабул қилишдан ҳуқуққа зид тарзда бош тортиш фактлари аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораси кўрилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий банк ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур қарорнинг қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Раиси Ф.М. Муллажонов зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.
|