O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Банк тизимига оид қонун ҳужжатлари > Қонунлар >

Янгиланган сана: 25.01.2012

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

2004 йил 26 август 660-II-сон

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида

I. Умумий қоидалар

II. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни ташкил этиш

III. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва уларни амалга оширувчи ташкилотлар

IV. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборот

V. Якунловчи қоидалар

I. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

2-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

3-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш мулк (пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк) жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус беришдан, шунингдек бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини ёхуд пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки уларнинг кимга қарашлилигини яширишдан ёхуд сир сақлашдан иборат бўлган, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмишдир.

Терроризмни молиялаштириш террорчилик фаолиятини пул маблағлари, моддий-техника воситалари ва бошқа воситалар билан таъминлашдан иборат бўлган, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмишдир.

II. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни ташкил этиш

4-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар

5-модда. Мажбурий назорат

6-модда. Ички назорат

7-модда. Идентификациялаш

8-модда. Махсус ваколатли давлат органи

9-модда. Махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари

10-модда. Махсус ваколатли давлат органи қарорларининг мажбурийлиги

4-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларга қуйидагилар киради:

мажбурий назорат;

ички назорат;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахсларни идентификациялаш.

5-модда. Мажбурий назорат

Мажбурий назорат ушбу Қонунга мувофиқ тақдим этиладиган ахборот (ҳужжатлар) асосида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар устидан назорат қилиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириладиган фаолиятдир.

6-модда. Ички назорат

Ички назорат пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолиятидир.

Ички назорат амалга оширилаётганда зарур ахборотни расмийлаштириш, унинг махфийлигини таъминлаш тартиби, кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талаблари, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни аниқлаш мезонлари ва уларнинг аломатлари белгиланади.

Ички назорат қоидалари махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда белгиланади.

7-модда. Идентификациялаш

Идентификациялаш пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан мажбурий назоратни амалга ошириш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни улар тақдим этган ҳужжатлар асосида аниқлашдир.

Идентификациялаш қуйидаги маълумотлар асосида амалга оширилади:

жисмоний шахсга нисбатан - фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, доимий ва вақтинчалик яшаш жойи, паспортининг (туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг) серияси ва тартиб рақами;

юридик шахсга нисбатан - фирма номи, жойлашган ери (почта манзили), шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияда унинг номидан иш кўрувчи жисмоний шахсни идентификациялашга оид маълумотлар.

8-модда. Махсус ваколатли давлат органи

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган махсус ваколатли давлат органи пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ўтказилиши устидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади.

9-модда. Махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари

Махсус ваколатли давлат органи:

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи органларнинг ишини мувофиқлаштиради;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар бўйича ушбу Қонунга мувофиқ равишда олинадиган ахборотлар таҳлил қилинишини амалга оширади;

мажбурий назоратни амалга оширади;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

етарлича асослар бўлган тақдирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ҳақидаги материалларни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи тегишли органларга юборади ҳамда шу билан бир вақтда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга ушбу Қонуннинг 13 ва 14-моддаларида кўрсатилган операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида кўрсатмалар йўллайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

10-модда. Махсус ваколатли давлат органи қарорларининг мажбурийлиги

Махсус ваколатли давлат органининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалаларига доир қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

III. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва уларни амалга оширувчи ташкилотлар

11-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар

12-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар

13-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операциялар

14-модда. Алоҳида ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операциялар

15-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг мажбуриятлари

16-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни бажаришни рад этиш

17-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ чет эл валютасидаги операция

11-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар

Юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка нисбатан ўз мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга, ўзгартириш ёхуд тугатишга қаратилган ҳаракатлари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялардир.

12-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қуйидагилардир:

банклар, кредит уюшмалари ва бошқа кредит ташкилотлари;

инвестиция фондлари, депозитарийлар ва бошқа турдаги инвестиция институтлари;

биржалар;

суғурталовчилар;

лизинг хизмати ёки бошқа молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар;

почта алоқаси ташкилотлари;

ломбардлар;

лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўтказувчи ташкилотлар;

нотариал идоралар (нотариуслар).

13-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операциялар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар, агар уларнинг суммаси операция бажарилаётган кундаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлса ҳамда қуйидаги турларда амалга оширилаётган бўлса, мажбурий назорат қилиниши керак:

иккита ёки ундан ортиқ ҳисобварақлар очиш;

бир кунда ёки бир неча кун мобайнида одатдаги кўламга номувофиқ миқдорда операциялар бажариш;

пул маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига эгасининг номи яширин ҳолда очилган ҳисобвараққа ўтказиш ва пул маблағларининг Ўзбекистон Республикасига эгасининг номи яширин ҳолда очилган ҳисобварақдан келиб тушиши;

банк омонатларига пул маблағларини нақд ҳолда киритиш;

пул маблағларини нақд ҳолда ҳисобварақдан олиш, ҳисобварақдан ўчириш ёки ҳисобвараққа киритиш, агар бу юридик ва жисмоний шахслар фаолиятининг хусусияти тақозоси бўлмаса;

пул маблағларини жисмоний шахс тақдим қилувчига пул бериладиган ҳужжатлар бўйича олиши;

жисмоний шахс қимматли қоғозларни нақд пулга олиши;

жисмоний шахс юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) пул маблағларини нақд ҳолда киритиши;

учинчи шахслар фойдасига омонат (депозит) очиб, унга пул маблағларини нақд ҳолда жойлаштириш;

чет эл валютасини нақд пулга сотиб олиш ёки сотиш;

бир қимматдаги банкнотни бошқа қимматдаги банкнотга алмаштириш;

мол-мулкни сақлаш учун махсус хоналарни ёки уларда турган сейфларни ижарага олиш учун банк билан шартнома тузиш;

кредит (заём) бериш ёки олиш;

қимматли қоғозлар, қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ёки бошқа қимматли нарсаларни ломбардга қўйиш;

суғурта шартномаси бўйича суғурта товони (суғурта пули) тўлаш ёки суғурта мукофоти олиш;

лотерея ёки таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўйналганда ютуқ олиш.

14-модда. Алоҳида ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операциялар

Ушбу Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ белгиланганидан камроқ суммадаги пул маблағлари ёки мол-мулк билан боғлиқ операция, шу операциянинг тарафларидан бири:

террорчилик ёки бошқа жиноий фаолиятда иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик ёки бошқа жиноий фаолиятни амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик ёки бошқа жиноий фаолиятни амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёки ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс эканлиги ҳақида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлса, мажбурий назорат қилиниши керак.

15-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг мажбуриятлари

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қуйидагиларни бажаришлари шарт:

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахсни идентификациялаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни, юридик ёки жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операцияларни истисно этганда, бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан икки иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бундай операция ҳақида операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиш. Операцияни тўхтатиб туриш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмаси бўлмаса, кўрсатилган муддат ўтгач, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот тўхтатиб турилган операцияни бажаришга киришаверади;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар амалга оширилиши ҳақида шу операция бажарилиши лозим бўлган куннинг ўзида махсус ваколатли давлат органига ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш;

ўз ички назорат тизимини жорий этиш.

16-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни бажаришни рад этиш

Идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этмаган юридик ёки жисмоний шахсларга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар мазкур операцияларни бажаришни рад этади, юридик ёхуд жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш операциялари бундан мустасно.

17-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ чет эл валютасидаги операция

Агар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция чет эл валютасида амалга оширилаётган бўлса, унинг миллий валютадаги миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

IV. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборот

18-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш

19-модда. Маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаш

20-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни чеклаш ҳамда бундай ахборотни тарқатмаслик

21-модда. Идентификациялаш маълумотларини сақлаш

18-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларни террорчилик ёхуд бошқа жиноий фаолиятда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёхуд жисмоний шахслар ҳақида хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

19-модда. Маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаш

Махсус ваколатли давлат органи ва унинг ходимлари ўзларига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сири ёки бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлашлари шарт.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг, махсус ваколатли давлат органининг ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи бошқа органларнинг ходимлари юридик ва жисмоний шахсларни уларга нисбатан ўтказилаётган мажбурий назоратдан хабардор қилишга ҳақли эмас.

20-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни чеклаш ҳамда бундай ахборотни тарқатмаслик

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар, махсус ваколатли давлат органи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи бошқа органлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклайдилар ҳамда бундай ахборотнинг тарқатилмаслигини таъминлайдилар.

21-модда. Идентификациялаш маълумотларини сақлаш

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар идентификациялаш маълумотларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида сақлашлари шарт.

V. Якунловчи қоидалар

22-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

23-модда. Низоларни ҳал қилиш

24-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

22-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

23-модда. Низоларни ҳал қилиш

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва

терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

24-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикаси Президенти
 И.Каримов