O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Пул-кредит сиёсати >

2011 ЙИЛДАГИ МАКРОИҚТИСОДИЙ ҲОЛАТ ВА РЕАЛ СЕКТОР ТАҲЛИЛИ

Янгиланган сана: 23.02.2012

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган республикани 2011 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари, 2009-2012 йилларга мўлжалланган «Инқирозга қарши чоралар дастури» ҳамда "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йили” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётда юқори барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблик сақланиб қолинди.

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар

2011 йилда Ўзбекистонда, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 77,8 трлн. сўмлик ЯИМ ишлаб чиқарилиб, унинг реал ўсиши 2010 йилга нисбатан 8,3 фоизни ташкил қилди.

Иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари:

- мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш бўйича ишлаб чиқилган тадрижий тараққиёт дастури ва ички талабни рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни изчил амалга оширилаётганлиги;

- иқтисодиётда солиқ юкини пасайтиришга қаратилган сиёсатни олиб борилаётганлиги;

- мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ролини сезиларли даражада ошаётганлиги;

- молия-банк тизимининг барқарор ва самарали фаолият кўрсатаётганлиги эвазига эришилди.

2011 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажми 2010 йилга нисбатан 6,3 фоизга ошди ва 41,7 трлн. сўмни ташкил этди. Саноатда ишлаб чиқаришнинг юқори ўсиш суръатлари фармацевтика ва мебелсозлик (ўсиш суръати 18 фоиз), озиқ-овқат (13,1 фоиз), машинасозлик ва автомобилсозлик (12,2 фоиз), қурилиш материаллари (11,9 фоиз) ҳамда кимё ва нефт-кимё (9,4 фоиз) соҳаларида кузатилди.

2011 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2010 йилга нисбатан 6,6 фоизга ошиб, 19,6 трлн. сўмни ташкил қилди.

Мазкур давр мобайнида кўрсатилган хизматлар ҳажми 13,2 фоизга ўсиб, унинг ЯИМ таркибидаги улуши 50,5 фоизни ташкил қилди. Юқори ўсиш суръатлари алоқа ва ахборотлаштириш (41,6 фоиз), туризм (27,3 фоиз), маиший (20,9 фоиз) соҳаларда, шунингдек, автомобиль ва бошқа техника воситаларини таъмирлаш (18,9 фоиз), молиявий (18,6 фоиз) ҳамда савдо ва умумий овқатланиш (18,6 фоиз) хизматларида кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралдаги ПҚ-1474-сонли Қарори билан тасдиқланган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили давлат дастури» доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва олиб бориш тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар комплекси амалга оширилди.

Хусусан, кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари тизимида иштирок этишини ҳамда юқори ликвидли маҳсулотлар олиш имкониятини кенгайтириш, экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотларини ва олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарни сертификатлаштириш тартибини янада соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларининг  фаолиятига дахлдор солиқ текширувларини тубдан қисқартириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ушбу кўрилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенгайишига хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра кичик бизнес субъектларининг сони, ўтган йилда 17,2 мингтага ўсиб,
2012 йил 1 январь ҳолатига кўра 218,9 мингтани (фермер хўжаликларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этди. Ўтган йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги салмоғи 1,5 фоиз бандга ўсиб, 54,0 фоизга етди.

Инфляция. 2011 йилда инфляция даражаси тасдиқланган прогноз кўрсаткичдан паст бўлди ва бунда қатъий монетар сиёсат юритилаётганлиги муҳим аҳамият касб этди.

Республика ҳудудларида товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгариши бўйича олиб борилган кузатишлар, шунингдек, истеъмол маҳсулотлари бозори конъюнктураси ва уларнинг халқаро бозордаги нархлари динамикаси таҳлили 2011 йилда инфляцияга асосан номонетар омиллар таъсир этганлигини кўрсатди.

Инвестициялар. 2011 йилда ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 2010 йилга нисбатан 7,9 фоизга ортиб, 18,3 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотдаги улуши 23,9 фоизни ташкил этгани мамлакатимизда инвестиция жараёнларининг жадал фаоллашиб бораётганидан далолат беради.

Асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг 50,2 фоизи хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг ўз маблағлари, 21,2 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 6,0 фоизи эса бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.

Умумий инвестициялар салмоғида ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицияларнинг улуши 70,6 фоизни ташкил этди. Унинг 23,6 фоизи транспорт ва алоқа, 15,2 фоизи ёқилғи-энегетика, 4,6 фоизи қишлоқ хўжалиги, 4,1 фоизи металлургия ҳамда 23,1 фоизи бошқа тармоқлар ҳиссасига тўғри келади.

Ноишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилган инвестицияларнинг жами инвестициялардаги улуши 29,4 фоизни, жумладан уй-жой қурилишининг улуши 17,7 фоизни, таълим соҳаси - 2,1 фоизни ва соғлиқни сақлаш соҳаси - 2,4 фоизни ташкил этди.

Аҳолининг турмуш даражаси. Ҳудудий бандлик дастурларининг амалга оширилиши натижасида 2011 йилда республика бўйича жами 1 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилди ва уларнинг 68 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларига тўғри келади.

2011 йилда республикамизда ўртача иш ҳақи 20,2 фоизга ошди, бюджет ташкилотлари xодимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендиялар миқдори эса 26,5 фоизга ўсди. Аҳолининг реал даромадлари йил мобайнида 23,1 фоизга ортди. Аҳоли жами даромадларининг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятидан олинди.

Ташқи иқтисодий фаолият. 2011 йилда Ўзбекистоннинг тўлов баланси экспортни рағбатлантириш бўйича ҳамда маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ  кўрилаётган чора-тадбирлар, жаҳон бозорида республиканинг асосий экспорт товарларига бўлган қулай конъюнктура каби омиллар ҳисобига шаклланди.

2011 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 25 537,4 млн. АҚШ долларини ташкил қилиб, 2010 йилга нисбатан 15,0 фоизга ўсди.

Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 4 517,4 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 272,6 млн. АҚШ долларига кўпайди. Экспорт ҳажми 2010 йилга нисбатан 15,4 фоизга ошиб, 15 027,4 млн. АҚШ долларни, импорт ҳажми 14,5 фоизга ошиб,  10 510 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

Пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар

2011 йилда пул-кредит сиёсати «Монетар сиёсатнинг 2011 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари»га мувофиқ  ҳолда юритилди.

Бунда, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, инфляциянинг тасдиқланган параметрлар доирасида бўлиши ва миллий валюта барқарорлигини таъминлаш мақсадида пул-кредит сиёсатининг бозор инструментларидан кенг фойдаланилди.

Очиқ бозордаги операциялар муомаладаги пул массасини бошқариш, банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ва фоиз ставкалари барқарорлигини таъминловчи асосий инструментлардан бири сифатида Марказий банк томонидан мунтазам равишда кенг қўлланилиб келинмоқда.

Марказий банк томонидан пул-кредит кўрсаткичларининг мақсадли параметрларидан келиб чиққан ҳолда, тўлов балансининг ижобий сальдоси ҳисобига шаклланган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш операциялари ўтказилиб борилди.

Жумладан, 2011 йилда тижорат банклари маблағларини Марказий банкнинг махсус депозитларига жалб қилиш операциялари ҳажми 2010 йилга нисбатан 1,4 мартага ошиб, 4,3 трлн. сўмни ташкил қилди (1-диаграмма).


2011 йил давомида Молия вазирлиги томонидан муомалага чиқарилган давлат ўрта муддатли облигациялари билан бирламчи ва иккиламчи бозорларда олди-сотди операцияларини амалга ошириш давом эттирилди.

Юридик шахслар учун чиқарилган 29,9 млрд. сўмлик давлат облигациялари аукцион савдолар орқали жойлаштирилди.

Бунда, 12,6 млрд. сўмлик облигациялар бирламчи савдоларда, 17,3 млрд. сўмлик облигациялар эса иккиламчи cавдоларда қўшимча жойлаштирилди.

2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра муомаладаги давлат ўрта муддатли облигациялари ҳажми 53,0 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан 30,5 млрд. сўми (ёки 57 фоизи) банклар ҳиссасига, қолган 22,5 млрд. сўми (ёки 43 фоизи) корхона ва ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу облигациялар бўйича ўртача йиллик даромадлилик 2011 йилда 6,2 фоизни ташкил этди.

Мажбурий резервлар. Мажбурий резерв талаблари муомаладаги пул массасини ва банк тизими ликвидлигини тартибга солишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қўлланилиб келинмоқда.

2011 йилда пул массасининг мақсадли параметрларидан келиб чиққан ҳолда, тижорат банклари томонидан узоқ муддатли депозитлар жалб қилинишини янада рағбатлантириш мақсадида, мажбурий резервлар нормаси, юридик шахсларнинг муддати 1 йилгача бўлган депозитлари учун - 15 фоиз, 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлари учун – 12 фоиз,  3 йилдан ортиқ бўлган депозитлари учун - 10,5 фоиз миқдорида ўзгартирилмасдан қолдирилди.

2011 йилда тижорат банкларининг Марказий банкдаги мажбурий резервлари ҳажми 207 млрд. сўмга кўпайди (2-диаграмма).

                   

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳисоб рақамида қўшимча равишда 2,7 трлн. сўм эквивалентидаги маблағлар жамланиб, ташқи омилларнинг ушбу миқдорда пул массаси ўсишига таъсири камайтирилди.

Бундан ташқари, Марказий банк томонидан иқтисодиётдаги пул таклифини бошқаришда монетар сиёсатнинг асосий инструментларидан бири бўлган қайта молиялаш ставкасидан ҳам кенг фойдаланилди.

Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 2011 йилнинг 1 январидан йиллик ҳисобда 14 фоиздан 12 фоизгача туширилди ва йил давомида ўзгартирилмасдан сақлаб турилди.

Бу эса, ўз навбатида пул бозорида фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келиб, хўжалик юритувчи субъектлар харажатларининг камайиши ва бунинг натижасида уларнинг инвестицион фаоллигини оширишга хизмат қилди.

Хусусан, 2010 йил давомида пул бозоридаги операциялар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари йиллик ҳисобда 8,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда ушбу кўрсаткич 8,5 фоизга тенг бўлди.

2011 йил давомида кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларининг ҳам пасайиши кузатилди.

Хусусан, қисқа муддатли (муддати бир йилгача бўлган) кредитлар бўйича фоиз ставкалари йил бошидаги 13,8 фоиздан йил охирига келиб 13,2 фоизга тушди. Узоқ муддатли кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 2010  йилда 13 фоизни ташкил қилган бўлса, 2011 йилда 11,8 фоизгача пасайди.

2011 йилда жисмоний шахсларнинг тижорат банкларидаги депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари йил бошидаги 9,9 фоиздан йил охирида 9,6 фоизгача тушди.

Юридик шахсларнинг жамғарма ва муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 2011 йил давомида 6,1 фоиздан 5,9 фоизгача пасайди (3-диаграмма).

2011 йилда иқтисодиётнинг пулга бўлган талаби тўлиқ қондирилгани ҳолда пул-кредит кўрсаткичлари ва инфляциянинг белгиланган мақсадли параметрлар доирасида бўлишини таъминлади.

Ўз навбатида, банк тизимининг барқарорлиги, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларига кўрсатиладиган банк хизматларини янада кенгайтириш, сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар банк тизими молиявий воситачилик ролининг мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Валюта сиёсати

2011 йилда халқаро валюта бозорларидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, миллий валюта ва нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича зарурий чора-тадбирлар амалга ошириб борилди.

Бунда ички валюта бозорига ташқи омилларнинг салбий таъсирини бартараф этиш ва уни самарали тартибга солиш мақсадида валюта алмашув курсининг ўзгариб борувчи бошқариладиган стратегияси қўлланилди.

Марказий банк миллий валюта алмашув курсини мақсадли коридор доирасида ушлаб туриш учун валюта савдоларида хорижий валюталарни сотувчи ва сотиб олувчи сифатида қатнашиб, интервенция операцияларини амалга ошириб борди. Экспортни рағбатлантириш ҳамда импортни мақбуллаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ички валюта бозоридаги операциялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 19,8 фоизга ошиб, 13,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра бир АҚШ долларининг номинал қиймати 1 795,0 сўмни ташкил қилиб, миллий валютанинг девальвацияси 9,5 фоизга тенг бўлди.

Сўмнинг АҚШ долларидан бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курслари ушбу валюталарнинг ташқи валюта бозорларидаги АҚШ долларига нисбатан курслари динамикаси ва ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси таъсири остида шаклланди.

Шунга мувофиқ, 2011 йилда сўмнинг япон иенасига нисбатан алмашув курси 16,4 фоизга, фунт стерлингга нисбатан 9,8 фоизга ва еврога нисбатан 8,2 фоизга пасайди.

БАНК ТИЗИМИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР

2011 йилда республика банк тизимидаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли Қарори билан тасдиқланган «2011 - 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари бўйича комплекс чора-тадбирлар» ҳамда Ҳукуматнинг банк тизимига оид қарор ва дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилди, жумладан:

- тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, ушбу соҳага хусусий капитални жалб этиш, депозит базасини кенгайтириш;

- тижорат банкларининг активлари сифати, улар фаолиятидаги таваккалчиликлар, айниқса кредит таваккалчилигини бошқаришнинг сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш;

- аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб қилишни рағбатлантириш;

- банк назоратини халқаро амалиётдаги янги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш;

- республика тижорат банклари ва банк тизими фаолиятини баҳолашда халқаро амалиётда қўлланиладиган меъёрлар, мезонлар ва андозаларни жорий этиш ва уларнинг бажарилишига эришиш;

- иқтисодиётга йўналтирилаётган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкларнинг инвестиция жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш механизмини янада соддалаштириш ва уларга ажратиладиган кредитлар ҳажмини ошириш, авваламбор, инвестиция мақсадларига, бошланғич сармояни шакллантиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун узоқ муддатли кредитлар беришни рағбатлантириш;

- банк қонунчилигини, жумладан, хусусий банклар ва хусусий мулккa aсослaнгaн молия институтлaрини тaшкил этишнинг қонунчилик aсослaрини такомиллаштириш орқали молия-бaнк соҳaсига хусусий кaпитaлни жaлб қилишни кўпайтириш;

- тижорат банкларида ҳисоб ва ҳисоботни юритишда замонавий технологиялар ва услубларни жорий этиш, уларнинг сифати ва шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 30 та тижорат банки фаолият кўрсатиб, уларнинг 3 таси давлат тижорат банки, 13 таси акциядорлик тижорат банки, 9 таси хусусий банк ва 5 таси чет эл капитали иштирокидаги банклар ҳисобланади.

Уларнинг 822 та филиаллари томонидан республикамиз барча ҳудудларида мижозларга банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Банк муассасалари тармоғининг кенгайиб бораётганлиги банклар ўртасидаги рақобат муҳитининг кучайиши ҳамда банк хизмат турлари сифати ва кўламининг ошиб боришига имкон берди.

Банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ривожланиш кўрсаткичлари, халқаро индикаторлар асосида таҳлил қилинганда, юқори даражадаги баҳоларга мувофиқ келади. Жумладан, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси кўрсаткичи 24,2 фоизни ташкил қилиб, умумқабул қилинган халқаро стандартларга нисбатан 3 баробар юқори бўлиши таъминланди.

Шунингдек, 2011 йилда  «тижорат банклари ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» индикаторлари Ўзбекистон Респуликаси Президентининг «2011-2015 йиллларда Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, мамлакатда ишчанлик муҳитини шакллантиришнинг мезонлари ва баҳолаш тизимини аниқлаш ва амалга оширишга доир чора-тадбирлар Дастури тўғрисида» 2011 йил 7 январдаги ПҚ-1464 –сонли Қарори билан белгиланган мезонларга кўра юқори даражадаги баҳоларга эга бўлди.

Банклар томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш индикаторлари, жумладан банк хизматларидан фойдаланиш даражаси индикатори ҳар 100 минг (катта ёшли) аҳолига тўғри келадиган банк муассасалари сони 49,5 тани ташкил этиб, (30 тадан юқориси) «юқори даража» ва ҳар мингта катта ёшли аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахс-омонатчилар ҳисобварағи сони индикатори – 1025 бирликни ташкил қилиб, бу бўйича ҳам (1000 тадан кўпи) «юқори даража» баҳоларга мувофиқ бўлди.

2011 йилда республика банк тизими жами активларининг 98 фоиздан зиёд қисмини ўзида мужассамлаштирган 23 та тижорат банки “Мудис инвестор сервисес”, “Стандарт энд Пурс”, “Фитч Рейтингс” каби нуфузли халқаро рейтинг компанияларининг “барқарор” рейтинг баҳоларига эга бўлди.

2011 йилда 6 та тижорат банкининг халқаро рейтинг баҳолари яна бир поғонага кўтарилган бўлса, банк тизими активларининг 62,7 фозини ташкил қилувчи 5 та йирик тижорат банки бир йўла иккита халқаро рейтинг агентликлари томонидан ўз молиявий ҳолатлари ва фаолият натижаларини ижобий рейтинглар билан тасдиқланишига эришдилар.

Шулар билан бирга, 2011 йилнинг август ойида “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон банк тизими бўйича ривожланиш истиқболларининг “барқарор” даражадаги рейтинг баҳоси қайта тасдиқланди.

“Стандарт энд Пурс” халқаро рейтинг агентлиги эса 2011 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон банк тизимини ижобий баҳолаб, рейтингини бир поғона юқори кўтарди.

Банк тизимининг ресурс базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида банкларнинг жами капитали 2011 йилда  30,1 фоизга ўсиб, 2012 йил 1 январь ҳолатига 5,3 трлн. сўмни ташкил этди (4-диаграмма).

Бугунги кунда 17 та тижорат банки акциялари «Тошкент» фонд биржаси листингига киритилган бўлиб, ушбу қимматли қоғозларнинг котировкаси биржада мунтазам равишда амалга оширилиб, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниб борилмоқда.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилаётган акциялар ҳажмининг 25 фоизидан кам бўлмаган қисми фонд биржасида бирламчи жойлаштирилиб борилмоқда. Хусусан, 2011 йил давомида тижорат банкларининг 53,0 млрд. сўмлик акциялари «Тошкент» республика фонд биржасининг бирламчи савдоларида жойлаштирилди. (4-диаграмма)

Банклар томонидан жалб қилинган жами депозитлар ҳажми йил бошига нисбатан 36,3 фоизга ошиб, 2012 йил 1 январь ҳолатига 18,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Банклардаги омонатлар ҳажмининг ошишида аҳоли реал даромадларининг ўсиши ҳамда банк тизимининг барқарорлиги асосий омил бўлгани ҳолда, банклардаги омонатларнинг тўлиқ қайтарилиши давлат томонидан кафолатланганлиги ва улардан олинадиган фоиз даромадлари солиқдан озод этилганлиги банк депозитларини қулай, хавф-хатарсиз ва барқарор даромадли молиявий инструментга айлантирди.

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ҳозирда тижорат банклари томонидан 400 дан ортиқ жозибадор омонат турлари таклиф этилмоқда.

Натижада, аҳолининг банклардаги пул маблағлари қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 трлн. сўмга ёки 1,4 баробарга ортиб, 2012 йил 1 январь ҳолатига 6,2 трлн. сўмга етди(5-диаграмма). Аҳоли омонатларининг таркибида жамғарма ва муддатли омонатлар улуши 88,1 фоизни ташкил этди (5-диаграмма)

Банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида банклар томонидан узоқ муддатли облигациялар ва депозит сертификатларини муомалага чиқарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2011 йилда тижорат банклари томонидан 204 млрд. сўмлик узоқ муддатли облигациялар инвесторлар ўртасида жойлаштирилган бўлса, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида жойлаштирилган банк депозит сертификатлари ҳажми 427 млрд. сўмни ташкил қилди.

Бугунги кунда банклар ресурс базасининг муттасил ўсиб бораётганлиги, ўз навбатида банкларнинг кредитлаш ва инвестициялаш имкониятларини кенгайтириб, банк активлари ҳажмининг ошишига имкон бермоқда.

Тижорат банкларининг умумий активлари ўтган йилга нисбатан 6,7 трлн. сўмга ёки 32,4 фоизга ошиб, 27,5 трлн. сўмга етди (6-диаграмма).


Банклар томонидан ажратилган кредитлар қолдиғи 4,1 трлн. сўмга ёки 35,6 фоизга ошиб, 2012 йил 1 январь ҳолатига 15,7 трлн. сўмни ташкил этди (7-диаграмма).

Таъкидлаш лозимки, ажратилган мазкур кредитларнинг 85,3 фоизи ички манбалар ҳисобига берилган бўлиб, ташқи қарзлар асосан узоқ муддатга, фақат иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинмоқда.

Банкларнинг умумий кредит портфелида узоқ муддатли кредитларнинг улуши эса 75,4 фоизни ташкил қилиб, уларнинг ҳажми 36,2 фоизга ошди. (7-диаграмма)

2011 йил мобайнида тижорат банкларининг инвестиция жараёнларидаги иштироки янада фаоллашиб, корхоналарни модернизация қилиш, технологик ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш мақсадларига тижорат банклари томонидан 4,4 трлн. сўм ёки 2010 йилга нисбатан 35 фоизга кўп инвестицион кредитлар ажратилди.

Шунингдек, тижорат банклари балансига олинган иқтисодий ночор корхоналарни тиклаш, улар базасида янги ташкил этилган корхоналарни салоҳиятли инвесторларга сотиш ишлари самарали амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу мақсадда барча етакчи тижорат банклар қошида қатор инвестицион ва инжиниринг компаниялари ташкил этилди.

2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра тижорат банклари балансига қабул қилинган жами 164 та иқтисодий ночор корхоналардан 156 тасининг фаолияти қайта тикланиб, 110 таси 851,6 млрд. сўмга янги мулкдорларга сотилди.

Тижорат банклари томонидан мазкур корxоналарни теxник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш ишларига 275 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилди, натижада 22 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Ишлаб чиқариш фаолияти тикланган корхоналар томонидан 1,0 трлн. сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 320 млн. АҚШ долларидан кўп маҳсулотлар экспорт қилинди.

Бугунги кунда тижорат банкларининг тасаруфида қолган 54 та корхонадан 46 тасида ишлаб чиқариш фаолияти тўлиқ тикланган бўлса, 8 та корхонада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, технологик линияларни тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қишлоқ жойларда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштириш бўйича “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

2011 йилда мазкур банк томонидан намунавий лойиҳалар бўйича 7400 та якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштиришга жами 573,4 млрд. сўмлик маблағлар йўналтирилди.

Ушбу маблағларнинг 208,4 млрд. сўми мижозларнинг бадаллари ва 365,0 млрд. сўми “Қишлоқ қурилиш банк”нинг кредитлари ҳиссасига тўғри келади. Мазкур кредитлар “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан имтиёзли равишда 15 йил муддатга 7 фоизли ставка бўйича ажратилмоқда.

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури доирасида соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида банк тизимида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит беришни кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2011 йил 11 мартдаги ПҚ-1501-сонли Қарори, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2011 йил 24 августдаги ПФ-4354-сонли Фармони ва бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун турли имтиёз ва қулайликлар берилди, имтиёзли кредитлаш тизими соддалаштирилди.

Хусусан:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кредитлар ажратиш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк иш кунидан ошмайдиган муддат қилиб белгиланди;

- тижорат банкларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит беришда кредитнинг умумий суммасида қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди;

кичик бизнес субъектларидан тижорат банкларида миллий валютада ҳисобварақ очганлик учун тўлов ундириш бекор қилинди;

имтиёзли кредитлаш ҳажмини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида тижорат банкларининг Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар беришдан оладиган даромадлари 2016 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғидан озод қилинди.

Давлат дастури доирасида тижорат банкларининг барча филиалларида “Тадбиркорлар хонаси” ташкил этилди, банкларнинг мунтазам янгилаб туриладиган веб-сайт ва порталлари орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ахборот хизмати кўрсатиш тизими кенгайтирилди.

Яратилган шароит ва имтиёзлар натижасида тижорат банклари томонидан мазкур соҳа вакилларига кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайиб, сифати ошиб бормоқда.

Жумладан, 2011 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2010 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ошиб, 4,0 трлн. сўмни ташкил этди ва мазкур маблағлар ҳисобига ҳудудларда 291 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Ажратилган микрокредитлар ҳажми 752,3 млрд. сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич 1,5 баробарга ўсди.

Давлат дастурига мувофиқ, турли соҳа ва йўналишлар учун кредитлар ажратиш истиқболли кўрсаткичларининг бажарилиши таъминланди. Жумладан:

- озиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга 712,4 млрд. сўм;

- ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадларига 724,0 млрд. сўм;

- хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 351,1 млрд. сўм;

- касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиш учун имтиёзли шартлар асосида 25,6 млрд. сўмлик микрокредитлар;

- шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига йирик шохли қорамол сотиб олиш учун 59,7 млрд. сўм;

- тижорат банкларида ташкил этилган Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармалари маблағлари ҳисобидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига 31,2 млрд. сўм;

- оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 54,1 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар ажратилди.

Шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 159,7 млрд. сўмлик микромолиявий хизматлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар ҳукуматларининг 143,4 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линиялари ва грантлари ўзлаштирилди.

Нақд пулсиз чакана ҳисоб-китоблар – банк пластик карточкалари муомаласини кенгайтириш ва такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2012 йил 1 январь ҳолатига муомалага чиқарилган банк карточкалари сони 8,3 млн. донага етди, чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони эса қарийб 100 мингтани ташкил қилди.

Ўз навбатида, 2011 йил давомида пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 9,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2010 йилга нисбатан 1,6 баробарга ошди.

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлиқ тўлов терминаллари билан жиҳозлаш, аҳолини етарли миқдорда пластик карточкалар билан таъминлаш мақсадида пластик карточкалар ва тўлов терминалларини республикамизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, банк карточкалари орқали тўловларнинг ўтказилишини янада тезлаштириш мақсадида, Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази ускуна ва дастурий таъминотлари янгиланиб, «Uzkart» банклараро тўлов тизимини янги технологик платформасига ўтказиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ҳозирги даврда мамлакатимизда инновацион технологиялардан фойдаланувчилар билан бир қаторда банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимлари (банк-мижоз, интернет банкинг, мобил-банкинг, sms-банкинг)дан фойдаланувчилар сони ҳам ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони 56 мингтадан ошди. Шундан, интернет-банкинг ва «банк-мижоз» дастурий мажмуаси хизматларидан фойдаланувчилар сони 26 мингтани ташкил этган бўлса, мобил-банкинг ва sms-банкинг хизматларидан фойдаланувчилар сони эса 30 мингтадан ошди.

МОНЕТАР СИЁСАТНИНГ 2012 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН
МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2012 йилга мўлжалланган монетар сиёсат ва банк тизимининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Олий Мaжлис Қонунчилик пaлaтaси вa Сeнaтининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшмa мaжлисидa «Мaмлaкaтимиздa дeмокрaтик ислоҳотлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaролик жaмиятини ривожлaнтириш концeпцияси» мавзусидаги дастурий маърузасида белгиланган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

2012 йилда монетар сиёсат инфляциянинг 7-9 фоиз миқдоридаги мақсадли кўрсаткичлар доирасида бўлишини ва миллий валюта барқарорлигини таъминлашга қаратилади. Бу эса, ўз навбатида, узоқ муддатли юқори ва барқарор иқтисодий ўсиш учун замин яратади ҳамда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун хизмат қилади.

Жорий йилда ҳам республикада юқори иқтисодий ўсиш суръатлари иқтисодиётнинг реал секторига йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини ошириш, ички талабни ва экспортни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш ҳисобига таъминланади.

2012 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ҳажми 8,2 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг юқори суръати саноат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,6 фоизга, қурилиш ишларининг 8,9 фоизга, шунингдек транспорт ва алоқа, савдо ва бошқа пулли хизматлар ҳажмининг юқори даражада ўсиши ҳисобига таъминланиши режалаштирилган. Қишлоқ ҳўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмининг 5,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ишлаб чиқариш корxоналарини модернизация қилиш, теxник ва теxнологик қайта жиҳозлаш ҳамда замонавий, юксак теxнологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришни ташкил этишни тезлаштириш борасида фаол инвестиция сиёсати юритилиши натижасида ишлаб чиқариш имкониятларининг кенгайиши машина ва металл ишлаб чиқариш, кимё ва нефть-кимё саноати, енгил ва озиқ-овқат саноат тармоқларида юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланади.

2012 йилда барча манбалар ҳисобидан йўналтириладиган инвестициялар ҳажмининг 9,3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жумладан, республика иқтисодиётига жалб этиладиган хорижий инвестициялар ҳажмининг 16 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда.

Инвестициялар, биринчи навбатда, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлилигини ошириш ва  маҳсулот бирлигига харажатлар салмоғини пасайтириш, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилиш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш;

ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш, биринчи навбатда, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ишларини, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишни давом эттириш;

янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш билан боғлиқ лойиҳаларни ва тадбирларни  амалга оширишга йўналтирилади.   

2012 йилда аҳолининг реал даромадларини ва бандлигини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ички истеъмол бозорини ривожланишига, ички талабнинг ўсишига  хизмат қилади.

Жаҳон иқтисодиётида юз бераётган инқироз жараёнлари натижасида дунё бозорида хом ашё ва тайёр маҳсулотга экспортнинг пасайишини инобатга оладиган бўлсак, бу ҳолат, мамлакат экспортига салбий таъсир этмай қолмайди. Шунга қарамай, экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш ва маҳаллийлаштириш дастурини изчил давом эттириш натижасида ташқи савдо айланмаси ижобий сальдосининг сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Жорий йилда давлат бюджетининг тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 фоиздан ошмаслиги ва тўлиқ ноинфляцион манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.

2012 йилга мўлжалланган пул-кредит кўрсаткичлари прогнози Ҳукумат томонидан белгиланган ушбу асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогноз параметрларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2012 йилда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши ҳисобига пулга бўлган реал талабнинг ошиши ва инфляция даражасининг 7-9 фоиз атрофида ушлаб турилишини инобатга олган ҳолда ўртача йиллик пул массасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатининг 1,2 фоизга  ошиши прогноз қилинмоқда.

Пул массасининг ушбу параметри доирасидаги ўзгариши, республика тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратиладиган кредитлар ҳажмининг ҳамда тўлов баланси ижобий сальдоси ҳисобига банк тизими халқаро резервларининг ошиши ҳисобига содир бўлиши кутилмоқда.

Барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида, 2012 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтириладиган кредит қўйилмалар ҳажмини камида 25 фоизга  кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Тўлов балансининг ижобий сальдоси банк тизими халқаро резервларининг ўсишида ўз аксини топади.

Ўз навбатида,  пул массасини мақсадли параметр доирасида ушлаб туриш ва ташқи омилларнинг инфляцияга таъсирини олидини олиш мақсадида, 2012 йилда ҳам монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилади.

Хусусан, Марказий банк томонидан амалга ошириладиган стерилизация операцияларининг, яъни тижорат банкларининг пул маблағларини Марказий банкдаги махсус депозитларга жалб қилиш операциялари ҳажмини пул агрегатларининг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб ҳамда тўлов балансининг ижобий сальдосини инобатга олган ҳолда 1,2 мартагача  ошириш мўлжалланмоқда.

Жаҳон бозорида нархлар ўзгаришининг ички бозорга салбий таъсирини олдини олиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий маблағлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни жамлаш давом эттирилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2012 йилда ушбу жамғармага қўшимча равишда маблағларнинг жалб этилиши, пул массасини 3,7 трлн. сўм миқдордаги ўсишининг олдини олишга ва уни мақсадли чегарада ушлаб туришга хизмат қилади. Бунда, 2012 йилда ушбу жамғарма томонидан 758 млн. доллардан зиёд ҳажмдаги инвестицион лойиҳаларнинг молиялаштирилиши инобатга олинди.

Фоиз сиёсати банк депозитлари жозибадорлигини таъминлашга, шу орқали аҳолининг банклардаги омонатлари ҳажмини оширишга ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтириладиган кредитлар ҳажмини янада кенгайтиришга қаратилади. Бу эса пировард натижада банк тизимининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

2012 йилда инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичини инобатга олган ҳолда қайта молиялаш ставкасини йиллик 12 фоиз даражасида сақлаб қолиш кўзда тутилган.

Жорий йилда ҳам валюта алмашув курси экспортни рағбатлантирувчи ва инфляциянинг олдини олишга қаратилган механизм сифатида қўлланилади.

Макроиқтисодий кўрсаткичларнинг 2012 йилга мўлжалланган мақсадли параметрларидан  ҳамда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда сўмнинг алмашув курси девальвациясини босқичма-босқич амалга ошириш сиёсати юритилади.

Бунда, асосий эътибор сўмнинг реал эффектив алмашув курси динамикасига қаратилади. Сўмнинг девальвация даражаси реал эффектив алмашув курсининг пасайишини таъминлаб, экспорт рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.

Монетар сиёсат инструментлари ва улардан фойдаланиш

2012 йилда Марказий банк пул таклифини тартибга солишда  монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланиш, уларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Банк тизими ликвидлигининг етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида, тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварағидаги маблағлари мониторинги мунтазам равишда амалга оширилиб, уларнинг оптимал даражада бўлиши учун барча зарурий чоралар кўрилади.

Хусусан, мажбурий резервлар нормаси банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, зарур ҳолатларда, унга ўзгартиришлар киритилиб борилади.

Шу билан бирга, Марказий банк пул бозоридаги ликвидликни тартибга солиш бўйича пул-кредит сиёсатини бошқа инструментларидан фойдаланиб боради. Хусусан, банк тизимида қўшимча ликвидлик юзага келган ҳолларда, ушбу маблағларини Марказий банкнинг махсус депозитларига жалб қилиш билан боғлиқ стерилизация операциялари амалга оширилади.

Банк тизимида вақтинчалик ликвидлик етишмовчилиги юзага келган ҳолларда Марказий банк томонидан ликвидлик билан таъминлаш  инструментларидан, хусусан:

Марказий банк томонидан муомаладаги давлат қимматли қоғозларини, белгиланган муддат ва баҳода қайта сотиш шарти билан, сотиб олиш операциялари - РЕПО операцияларидан;

Марказий банк томонидан тижорат банкларидан хорижий валютани (АҚШ доллари, евро, япон иенаси ва фунт стерлинг), белгиланган муддат ва алмашинув курсида қайта сотиш шарти билан, сотиб олиш операциялари - валютавий СВОП операцияларидан;

давлат қимматли қоғозларини ёки эркин алмашинувчи хорижий валюталарни гаровга олган ҳолда қисқа муддатли кредитлар бериш механизмидан фойдаланилади.

Шунингдек, ички валюта бозоридаги барқарорликни ва сўмнинг алмашув курсининг белгиланган коридор доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида Марказий банк банклараро валюта бозорида олди-сотди операцияларида иштирок этади.

Банк тизими ликвидлигини тартибга солиш тизимини бозор тамойиллари асосида янада такомиллаштириш фоиз сиёсатининг самарадорлигини ошириш ва пул бозорида фоиз хатарларини пасайтириш имконини беради.

БАНК ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА
БУ БОРАДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ИСЛОҲОТЛАР

2012 йилда банк тизимини ривожлантириш ва ислоҳ қилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли Қарори билан тасдиқланган «2011 - 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари бўйича комплекс чора-тадбирлар» дастурида ҳамда банк тизимига оид бошқа Фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилади. Хусусан:

Банк назорати тизимини, хусусан, тижорат банклари капиталининг етарлигига ва ликвидлигига қўйилган талабларни халқаро андозалар асосида янада такомиллаштириш, бу борадаги Базель қўмитасининг янги тавсияларини тадбиқ этиш ишлари давом эттирилади.

Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсияларини жорий қилиш учун халқаро молия институтларидан техник ёрдам ва экспертлар жалб этилиб, бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бунда, банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан банк капиталининг етарлилиги бўйича тавсиялар, жумладан, биринчи даражали банк капиталини сифатини ва унинг етарлилик даражасини оширишни, консервацион буфер капиталини (молиявий инқирозлар давридаги зарарларни қоплаш учун захира) ҳамда контрциклик буфер капиталини (циклик ўзгаришлар зарарлари олдини олиш учун захира) ташкил этишни назарда тутади.

Шунингдек банк ликвидлиги бўйича нормативларни, хусусан, қисқа ва узоқ муддатли ликвидлик нормативларини Базель қўмитасининг янги тавсиялари асосида қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Банклар капитали, активлари, бошқаруви, даромадлари, мажбуриятларининг сифати ва даражасини холис баҳоланишини таъминловчи CAMEL(S) тизимининг янги талқинини инспекцион текширишларда тадбиқ қилиш ишлари давом эттирилади.

Тижорат банкларида бошқарув самарадорлигини оширишга эътибор кучайтирилади, банк Кенгашлари роли янада оширилади ва корпоратив бошқарув тизими фаолияти янада такомиллаштирилади.

Банк Кенгаши томонидан банк Бошқаруви раиси ва аъзолари, ички аудит бўлими раҳбарларининг банк активлари, кредит ва инвестиция портфеллари ҳолати, банк капиталининг ўсишини таъминлаш, даромадлилик ва ликвидлилик кўрсаткичлари, шунингдек банк тизими олдига қўйилган бошқа устувор вазифаларнинг ижроси тўғрисидаги масалалар бўйича ҳисоботларини мунтазам равишда ҳар чоракда кўриб чиқиш ва таъсирчан чоралар белгилаб амалга ошириш амалиётидан кенг фойдаланилади.

Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлигини таъминлашда ички аудит хизматларининг ролини ошириш ва уларнинг фаолиятини амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш борасида ишлар олиб борилади.

Шу билан бирга, банк бошқаруви органларининг масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш бўйича чоралар кўрилади, миноритар акциядорлар манфаатларини ифода этувчи банк кенгаши аъзолари ваколатларининг оширилганлигини инобатга олган ҳолда, уларнинг банкни бошқаришдаги роли фаоллаштирилади. Бaрчa aкциядорлaрнинг вa бўлaжaк инвeсторлaрнинг банклар фaолияти тўғрисидa aхборот олиш имкониятлaри янада оширилади.

Тижорат банклари активларини, шу жумладан кредит портфелларини янада ўсишини ва сифатини яхшилашни таъминлаш, таваккалчиликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар фаоллаштирилади.

Банк тизимининг иқтисодиётдаги молиявий воситачилик ролини ошириш, тижорат банклари активларини, шу жумладан кредит портфелларининг ўсишини ва сифатини яхшилашни таъминлаш банк тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Банк таваккалчиликларини бошқаришда чуқур омилли таҳлилни амалга оширишнинг аниқ механизмлари жорий қилинади, захираларни шакллантириш, кредит портфелини диверсификациялашни кўзда тутган ҳолда банк активлари сифати мониторинги такомиллаштирилади, шунингдек муаммоли қарздорлик пайдо бўлишига йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантирувчи чоралар қабул қилиб борилади.

Тижорат банклари банк операцияларини амалга оширишда операцион ва бозор таваккалчиликларини аниқлаш ва тегишли чоралар кўришни «Тижорат банкларининг банк таваккалчиликларини бошқаришига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида» Низом (рўйхат рақами 2229-сон, 2011 йил 25 май) талабларига риоя қилинган ҳолда амалга ошириш таъминланади.

Банклар томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган мижозларининг кредитга лаёқатлилигини скоринг-таҳлил қилиш замонавий услубиётининг амалиёти янада кенгайтирилади. Ушбу таҳлил натижалари банк активлари ва пассивларини самарали бошқариш ҳамда уларнинг сифатини таъминлашга ёрдам беради.

Шунингдек, кредит операцияларининг қайтишлилик, таъминланганлик ва даромадлилигидан ҳамда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларнинг самарадорлилигидан келиб чиққан ҳолда бевосита кредит ажратиш масалалари билан шуғулланувчи тижорат банклари раҳбар ва ходимларини рағбатлантириш тизими янада такомиллаштирилади, банклар кредит ресурсларини жойлаштиришда субъектив омилларнинг таъсири камайтирилади.

Мамлакат банк тизими фаолиятини баҳолаш учун етакчи халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан қўлланиладиган халқаро меъёр, андозаларни ва баҳолаш кўрсаткичларини жорий этиш ишлари давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2015 йиллларда Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, мамлакатда ишчанлик муҳитини шакллантиришнинг мезонлари ва баҳолаш тизимини аниқлаш ва амалга оширишга доир чора-тадбирлар Дастури тўғрисида» 2011 йил 7 январдаги ПҚ-1464-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилади.

Тижорат банклари фаолиятини ва бутун республика молия-банк тизимини баҳолаш учун «Фитч Рейтингс», «Мудис» ва «Стандарт энд Пурс» етакчи халқаро рейтинг компаниялари томонидан қўлланиладиган меъёр, андозаларни ва баҳолаш кўрсаткичлари босқичма-босқич жорий этиб борилади.

Шунингдек, республика тижорат банклари томонидан ушбу етакчи халқаро рейтинг компанияларининг рейтинг баҳоларини мунтазам равишда янгиланиб борилиши таъминланади.

Тижорат банкларида молия-банк ҳисоби ва ҳисоботлари бўйича замонавий технология ва услубларни ишлаб чиқиб, тадбиқ қилиш, молия-банк ахборотлари даражаси ва сифатини ошириш ҳамда ундан кенг кўламда фойдаланишни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилади.

Тижорат банкларида молиявий ҳисобот ва бухгалтерия ҳисобини Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига (МҲХС) тўлиқ мослаштиришни инобатга олган ҳолда янада такомиллаштирилади.

Ушбу стандартлар талабларининг республика банк тизимида мукаммал жорий этилиши шароитларини яхшилаш мақсадида МҲХС талабларини инобатга олган ҳолда банкларнинг автоматлаштирилган банк тизимлари модернизацияланади.

МҲХСни такомиллаштириш натижасида тижорат банклари фаолиятининг шаффофлиги, самарадорлиги ва уларга бўлган мижозларнинг ишончини оширишга хизмат қилади.

Тижорат банклари фаолиятининг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан йиллик молиявий ҳисоботлари тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда ўрнатилган тартибда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан банкларнинг интернет сайтларида жойлаштириш ишлари фаоллаштирилади, маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини ошириш мақсадида доимий равишда амалий семинарлар ўтказиб турилади. Аҳолини банк хизматлари билан таништириш, банк мижозларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек тақдим этилаётган хизматлар сифатини ва келиб чиқаётган мавжуд муаммоларни баҳолаш мақсадида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида сўровлар ўтказиш ишлари давом эттирилади.

Тижорат банклари капиталлашув даражаси ва ресурс базасини янада ошириш ҳамда кўрсатилаётган банк хизматлари кўламини кенгайтириш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Тижорат банклари Кенгашлари томонидан келгуси йил давомида манбаларни аниқлаган ҳолда банк капиталини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар қабул қилиниб, уларнинг бажарилиши чоралари кўрилади.

Хусусан:

- банклар жами капиталини йил мобайнида камида 15 фоизга ўсишини таъминлаш;

- 2012 йилда аҳоли ва хўжалик субъектларининг тижорат банкларидаги депозитлари ҳажмини камида 20 фоизга ошириш;

- аҳоли ва хўжалик субъектлари талабларини ҳисобга олган ҳолда депозит ва омонатларнинг янги турларини мунтазам равишда жорий қилиш, шу жумладан, узоқ муддатли облигациялар ва депозит сертификатларни чиқариш, субординар қарзларни фаол жалб қилиш борасидаги ишларни давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Банк тизимининг умумий устав капиталида нодавлат сектори улушини ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида ишлар давом эттирилади.

Кўрсатилаётган банк хизматларининг сифати ва кўламини ахборот-алоқа технологияларни кенг қўллаш билан кенгайтириш бўйича чора – тадбирлар амалга оширилади, шу жумладан 2015 йилгача республиканинг барча тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга интернет-банкинг бўйича хизматлар кўрсатилишини янада кенгайтириш борасида тегишли тадбирлар олиб борилади.

Банк пластик карточкаларини муомалага чиқариш ҳажмларини ошириш ва улардан самарали фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими янада кенгайтирилади.

Тижорат банкларининг инвестицион фаоллиги ва улар томонидан ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизациялаш бўйича лойиҳаларни кредитлаш ҳажмлари оширилади.

Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш ва модернизация қилиш, экспорт қилувчи корхоналарни, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларни кредитлаш бўйича тадбирлар давом эттирилади.

2012 йилда иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини кредитлаш ҳажми камида 25 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда.

Банкларнинг асосий капиталга инвестициялаш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, бу борадаги таваккалчиликларни камайтириш ва лойиҳаларнинг самарали амалга оширилиши таъминланади. Бу мақсадга эришишда банкларда инвестиция лойиҳаларини экспертиза қилиш сифатини, шу жумладан, экспертиза жараёнларининг шаффофлигини ошириш ва унда барча потенциал омиллар ва хатарларни инобатга олиш борасида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилиб борилади.

Тижорат банкларининг инвестицион фаолиятига масъул бўлган ташкилий тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг ишларини ташкиллаштиришни ва самарасини яхшилаш, кадрлар потенциалини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини, уй-жой қурилиш массивларини зарурий муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаган ҳолда молиялаштирилиш давом эттирилади.

Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантиришнинг 2015 йилгача мўлжалланган тасдиқланган дастурини амалга ошириш ишларига 2,2 млрд. АҚШ доллари қийматидаги маблағ йўналтирилиши, шундан 2012 йилда 8 510 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 427,8 млн. долларини ўзлаштириш кўзда тутилган. Жумладан, «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан ушбу мақсадларга 222,1 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.

Мазкур дастурнинг амалга оширилишида Осиё тараққиёт банки томонидан жами 500 млн. доллар миқдорида, жумладан, 2012 йилда 160 млн. доллар инвестиция киритиш режалаштирилган.

Шунингдек, бошқа тижорат банклари фаолиятида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»да қўлланадиган уй-жой қурилиш-жамғарма омонатлари моделини тадбиқ этган ҳолда қурилиш ва қайта қуриш, айниқса қишлоқ жойларда кредитлаш фаолияти янада кенгайтирилади.

Иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва ишлаб чиқаришни қайта тиклаш, шунингдек уларни стратегик инвесторларга реализация қилиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Тижорат банкларининг бошқарувчи компаниялари фаолияти янада такомиллаштирилади, жумладан банклар балансларига олинган банкрот-корхоналар фаолиятини тиклаш, ушбу жараёнга потенциал инвесторлар ва ҳамкорларни, корхоналарни модернизациялаш фаолиятида илғор тажриба ва билимга эга бўлган юқори малакали хорижлик менежерлар ва мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадлари, бошланғич капитални шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун узоқ муддатли кредитлар ажратиш ҳажмини кенгайтириш, микрокредитлашни кўпайтириш, кредит ажратиш механизмларини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилади.

Мамлакатимизда янада қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашда банкларнинг фаол иштироки таъминланади. Ўз навбатида,  кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашни узлуксиз давом эттириш мақсадида ушбу сектор иштирокчилари учун молия-кредит ресурсларидан кенг фойдаланишни таъминлайдиган бозор воситалари, механизмлари ва амалиёти такомиллаштириб борилади.

2012 йилда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилаётган кредитлар ҳажмини 4,4 трлн. сўмдан ошиши прогноз қилинмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш мақсадида халқаро молиявий институтлар ва хорижий мамлакатлар ҳукуматларининг имтиёзли кредит линиялари ва грантларини жалб қилиш ва ўзлаштириш ишлари фаоллаштирилади.

Устувор равишда олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган ҳамда ортиқча меҳнат ресурсларига эга бўлган туман ва шаҳарларда фаолият юритувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига тижорат банкларининг имтиёзли кредитлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар ҳажми кенгайтирилади.

Истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни кредитлаш, жумладан жозибадор бўлган турли молиявий инструментлар орқали молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмлари ошириб борилади.

Шунингдек, “Мустаҳкам оила йили” давлат дастурига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда ипотека кредитлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Банклар ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларни юқори малакали мутахассислар билан мустаҳкамлаш, молия-банк фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими янада такомиллаштирилади.

Ўзбекистон банклари Ассоциацияси, Банк-молия академияси, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Минтақавий банк ўқув маркази, Марказий банк, ТИФ Миллий банк, АТБ «Асака банк», АТБ «Агро банк» ва ДТ Халқ банки ўқув марказлари, хорижий ва халқаро ўқув марказлари, молия институтлари томонидан банк фаолиятининг долзарб йўналишлари бўйича курслар ва семинарлар ташкил қилиниб, уларда банк ходимларини ўқитиш ишлари самарали давом эттирилади.

Умум қабул қилинган халқаро меъёр ва андозаларга асосан банк фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари бўйича банк соҳаси амалиётчилари ва олимлари, бошқа тегишли соҳалар вакиллари иштирокида илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилади.

Тижорат банклари фаолиятини халқаро андозалар ва тамойилларга янада мувофиқлаштириш ва мaмлaкaтимиздa бозор муносaбaтлaри ривожлaнишининг ҳозирги дaврдaги янги рeaл ҳолaтидaн кeлиб чиққан ҳолда молия-банк соҳасининг қонунчилик базаси янада такомиллаштирилади.

Марказий банк, молия бозори фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш билан боғлиқ қатор қонунлар, жумладан, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида», «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Инвестиция ва пай жамғармалари тўғрисида»ги, қонунларнинг янги таҳрири ҳамда «Лизинг тўғрисида» ва «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этади.