2008 ЙИЛДАГИ МАКРОИҚТИСОДИЙ ҲОЛАТ ВА РЕАЛ СЕКТОР ТАҲЛИЛИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 февраль ва 18 июлдаги йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётни барқарор, мувозанатли ва изчил ривожлантиришнинг белгиланган прогнозларига эришилди ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиблиги таъминланди.

Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ). 2008 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 9,0 фоизни ташкил қилди. Саноат, қурилиш ва хизматлар соҳасида юқори суръатларда ўсиш кузатилди. Хусусан, саноатда ишлаб чиқариш ҳажми 12,7 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4,5 фоизга, транспорт ва алоқада 16,7 фоизга ва қурилиш ишларида 8,3 фоизга ошди.

Ўтган йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 21,3 фоизга ўсиб, унинг ЯИМ таркибидаги улуши 45,3 фоизни ташкил қилди. Хусусан, савдо ва умумий овқатланиш хизмати 26,8 фоизга ҳамда молиявий хизматлар ҳажми 32,2 фоизга ўсди.

Саноатнинг муҳим тармоқларидан ҳисобланган ёқилғи саноатида ўсиш суръати 23,9 фоизни, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноатида 23,5 фоизни, ёғочни қайта ишлаш ва қоғоз ишлаб чиқариш саноатида 19,8 фоизни, озиқ-овқат саноатида 28,2 фоизни ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида 9,8 фоизни ташкил қилди.

Машинасозлик соҳасидаги ўсиш асосан ушбу соҳани техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва реконструкция қилиш ҳисобига эришилди. Натижада, енгил автомобиллар ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажми юқори суръатларда ўсди.

Шунингдек, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ўсиш суръати 17,7 фоизни, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 19,3 фоизни ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 16,6 фоизни ташкил қилди.

Қишлоқ хўжалигида деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш 2,8 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш 6,7 фоизга ошди.

Ўтган    йилда республикамизда жами 6,7 млн. тонна бошоқли дон маҳсулотлари ва 3,4 млн. тонна пахта етиштирилди.

Деҳқончилик маҳсулотларидан полиз экинлари 16,8 фоизга, картошка етиштириш 17,7 фоизга, сабзавотлар етиштириш 11,7 фоизга ва мевалар етиштириш 10,5 фоизга кўпайди.

Қишлоқ хўжалигида чорвачиликнинг улуши 46,5 фоизни ташкил этди. Ушбу соҳада гўшт етиштириш 6,6 фоизга ва сут етиштириш 6,5 фоизга ошди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳиссаси 98 фоиздан юқоридир.

Инвестициялар. 2008 йилда иқтисодиётдаги инвестицияларнинг умумий ҳажми 2007 йилга нисбатан 28,3 фоизга ортиб, 8483,7 млрд. сўмни ташкил этди.

Асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг 54 фоизи хўжалик субъектлари ва аҳолининг ўз маблағлари, 21 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 9,0 фоизи эса бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.

Умумий инвестициялар салмоғида ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицияларнинг улуши 75,4 фоизни ташкил этиб, унинг 26,3 фоизи транспорт ва алоқа соҳасига, 13,8 фоизи иссиқлик энергетика соҳасига ва 16,7 фоизи эса бошқа соҳаларга йўналтирилди.

Кичик бизнес. Иқтисодиётни эркинлаштириш ва қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар кичик бизнеснинг жадал суръатларда ривожланишида муҳим омил бўлди. Ҳисобот даврида ЯИМ таркибида кичик бизнес салмоғи 48,2 фоизни ташкил этди.

2008 йилда тижорат банклари томонидан хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредитлар ҳажми 2007 йилга нисбатан 68,2 фоизга ошиб 1250,7 млрд. сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, аҳоли бандлигини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, аҳолининг иш билан банд қисмининг 72,7 фоизи кичик бизнес соҳасига, шу жумладан, 19,7 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади.

Аҳолининг турмуш даражаси. Республика иқтисодий тараққиётининг барқарорлиги, ўсиб бораётган молиявий имконият ва захиралар аҳолининг иш ҳақи ва даромадларини босқичма-босқич ошириш имконини берди. 2008 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 54,5 фоизга ўсди.

Инфляция. Марказий банк ва Ҳукумат томонидан нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида инфляциянинг 2008 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткич доирасида бўлиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қўмитасининг берган маълумотларига кўра, 2008 йилда истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил қилди.

Республикамиз ҳудудларида товарлар нархларининг ўзгариши бўйича олиб борилган кузатишлар, истеъмол маҳсулотлари бозори конъюнктураси ва уларнинг халқаро бозордаги нархлари динамикаси таҳлили инфляция даражасига асосан номонетар омиллар таъсир этаётганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2008 йилда инфляция давлат томонидан тартибга солинадиган товарлар ва хизматлар нархлари (тарифлари)нинг тизимли оширилиши ҳамда дунё бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи ресурслари баҳоси ошиши ҳисобига рўй берди.

2008 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 2,7 фоизга ошиб, унинг инфляция даражасига таъсири 1,6 фоизни ташкил қилди.

Ноозиқ - овқат маҳсулотлари нархлари 7,7 фоизга ўсди, бунда ёқилғи нархи 17,4 фоизга ва қурилиш материаллари 2,8 фоизга қимматлашди.

Марказий банк томонидан монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини бартараф этиш ва миллий валюта барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул-кредит сиёсатининг юритилиши инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлар доирасида бўлишига хизмат қилмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият. Мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган валюта сиёсати ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ташқи савдо балансининг ижобий бўлишини таъминлади. 2008 йилда экспорт ҳажми 28,7 фоизга ошиб, ташқи савдо айланмаси ЯИМга нисбатан 69,2 фоизни ташкил этди.

2008 йилда республикамиз жаҳоннинг 164 дан ортиқ мамлакатлари билан ташқи савдо операцияларини амалга оширди. Республиканинг жами ташқи савдо айланмасида Европа давлатларининг улуши 62,8 фоизни, Осиё давлатлари 34,4 фоизни, Америка қитъаси давлатлари 2,6 фоизни, Африка, Австралия ва Океания давлатлари улуши эса 0,2 фоизни ташкил этди.

ПУЛ-КРЕДИТ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

2008 йилда монетар сиёсат Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни, «Монетар сиёсатнинг 2008 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари» ва Вазирлар Маҳкамасининг «Пул-кредит кўрсаткичларини тартибга солиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 4 февралдаги 63-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилди.

Хусусан, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш давом эттирилиб, бунда асосий эътибор, инфляциянинг белгиланган параметрлар доирасида бўлишини, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг юқори суръатларда ўсишини таъминлашга йўналтирилди.

2008 йилда Марказий банк томонидан пул таклифини самарали бошқариш ҳамда белгиланган макроиқтисодий ва пул-кредит кўрсаткичларга эришиш, мақсадида монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилди.

Очиқ бозор операциялари банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ва молия бозори барқарорлигини таъминловчи инструмент сифатида Марказий банк томонидан мунтазам равишда кенг қўлланилиб борилмоқда.

Монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини бартараф этиш мақсадида ўтган йилда ҳам Марказий банк томонидан ортиқча ликвидликни стерилизация қилиш операциялари давом эттирилди. Бунда тижорат банкларининг бўш пул маблағларини Марказий банкнинг махсус депозитлари ва депозит сертификатларига жалб қилиш операцияларидан кенг фойдаланилди, амалга оширилган ушбу операцияларнинг ўртача ойлик ҳажми 1222 млрд. сўмни ташкил этди.

Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан муомалага чиқарилган давлат ўрта муддатли облигациялари ҳамда Марказий банк облигациялари билан бирламчи ва иккиламчи бозорларда олди-сотди операцияларини амалга ошириш давом эттирилди.


Шу билан бирга, Молия вазирлиги томонидан юридик шахслар учун чиқарилган облигацияларни инвесторлар ўртасида жойлаштириш бўйича уларнинг бирламчи ва иккиламчи савдолари мунтазам равишда ўтказилиб борилди.

Марказий банкнинг очиқ бозордаги операцияларини, жумладан, давлат қимматли қоғозлари билан ўтказиладиган РЕПО операциялари кўламини янада кенгайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва ижро этиш тартиби тўғрисида низом» янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2008 йил 18 майда 1829-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мажбурий захира нормалари. Марказий банкнинг амалдаги мажбурий захира фондига депонентлаш нормаси иқтисодиётда пул массасини бошқариш ва банклар ликвидлигини тартибга солишнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

2007 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мажбурий захиралар нормаси юридик шахсларнинг миллий ва хорижий валютада жалб қилинган депозитлари учун бир хил 13 фоиз миқдорида белгиланган эди.

Иқтисодиётда пул таклифини бошқариш, инфляцияни жиловлаш ҳамда банк тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2008 йилда ҳам мажбурий захира нормасига ўзгартириш киритилди.

Пул массасининг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда 2008 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мажбурий захиралар нормаси юридик шахсларнинг миллий ва хорижий валютада жалб қилинган депозитлари учун 15 фоиз этиб белгиланди.



Марказий банк иқтисодиётдаги пул массаси ҳажмини бошқаришда пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири бўлган қайта молиялаш ставкасидан ҳам кенг фойдаланмоқда.

Марказий банк томонидан қатъий пул-кредит сиёсатини юритишни давом эттириш мақсадида 2008 йилда қайта молиялаш ставкаси йиллик ҳисобда 14 фоиз даражасида ушлаб турилди.

Жаҳон бозорида ёқилғи ресурслари ва айрим истеъмол товарлари нархларининг кескин ўсиши натижасида инфляцион кутилмаларнинг ошиши ўтган йилда тижорат банкларининг фоиз сиёсатига ўз таъсирини кўрсатди.

2008 йилнинг биринчи ярим йиллигида тижорат банклари томонидан жалб қилинаётган депозитлар ва улар томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ўсиш динамикаси кузатилган бўлса, олиб борилаётган қатъий монетар сиёсат таъсирида 2008 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб фоиз ставкалари барқарорлашди.

Жумладан, тижорат банклари томонидан жалб қилинаётган жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 2008 йил бошида 19,5 фоизни ташкил этгани ҳолда, йил охирига келиб 2,1 фоизли бандга пасайди ва 17,4 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича барқарор фоиз ставкаси динамикаси кузатилди. Хусусан, 2008 йилда улар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари деярли ўзгармаган ҳолда ўртача 16,4 фоизни ташкил қилди.

2008 йилда давлат қимматли қоғозларининг (давлат ўрта муддатли пул мажбуриятлари) даромадлилик даражаси 6,0 фоиздан 5,7 фоизгача пасайди.

2008 йилда Марказий банкнинг валюта сиёсати инфляцион жараёнларни жиловлаш заруриятидан келиб чиқиб, миллий валюта алмашув курси динамикаси кескин тебранишларининг олдини олиш ҳамда экспортни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Марказий банк томонидан валюта бозорини тартибга солиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида сўмнинг алмашув курси белгиланган мақсадли коридор доирасида бўлди. 2008 йилда АҚШ долларининг сўмдаги номинал қиймати йил бошидаги 1290 сўмдан 1393 сўмга етди.

2008 йилда мамлакатда ички валюта бозори фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Чунончи, 2008 йилнинг февраль ойидан бошлаб валюта бозорида АҚШ доллари билан бир қаторда Еврода ҳам операциялар амалга оширила бошланди.

Иқтисодиётнинг устувор соҳаларини молиялаштириш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт Жамғармаси ҳисобрақамида маблағларнинг шакллантирилиши иқтисодиётда пул массасининг асоссиз ўсишини олдини олиш орқали ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Юқорида қайд этилган чора-тадбирларнинг амалга ошириб борилиши натижасида 2008 йилда иқтисодиётнинг пулга бўлган талаби тўлиқ қондирилгани ҳолда пул-кредит кўрсаткичларининг белгиланган мақсадли параметрлар доирасида бўлишига эришилди.

КРЕДИТ ИНСТИТУТЛАРИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР

2008 йилда ҳам банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларда белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишига қаратилди. Хусусан:

- аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторларнинг маблағларини банк акциялари ва депозитларга жалб қилиш орқали банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш ҳамда ресурс базасини кенгайтириш;

- банкларнинг инвестиция жараёнларида, корхоналарни модернизация қилиш, технологик ва техник қайта жиҳозлашдаги иштирокини янада кенгайтириш ва кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш;

- банкларда самарали назоратни амалга ошириш, банк инфратузилмаларини кенгайтириш, банк хизматлари сифатини ошириш ва мижозларга янги қулайликлар яратиш;

- ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, нақд пулларнинг банк айланмасига жалб этилишини янада кенгайтириш;

- банкларни якка тартибда баҳолаш миллий рейтингига ва халқаро рейтинг компанияларининг рейтингларига эга бўлишларини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Банклар устав капиталига хусусий капитални жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 17 та тижорат банки акциялари фонд бозори листинггига киритилди ва 2008 йил давомида уларнинг 20,6 млрд. сўмлик акциялари бевосита фонд биржасида номинал қийматидан юқори нархларда сотилди.

Натижада, ўтган йил давомида акциядорлар сони 23 минг 663 тага ортди ва уларнинг 98 фоиздан зиёдини жисмоний шахслар ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва Қарорларига асосан стратегик аҳамиятга эга бўлган банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш орқали уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги иштирокини фаоллаштириш мақсадида 2008 йилда:

- давлат тижорат "Халқ банки”нинг устав капитали 100 млрд. сўмга;

- “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капитали 65,4 млрд. сўм миқдоридаги қўшимча акцияларни эмиссия қилиш орқали 100 млрд. сўмга;

- “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капитали қўшимча 66,2 млрд. сўмлик акциялар чиқариш орқали 141,5 млрд. сўмга етказилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида, банкларнинг умумий капитали 2007 йилга нисбатан 40 фоизга ошиб, 2009 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 2104,3 млрд. сўмга етди.



 Шунингдек, давлат тижорат “Халқ банки”нинг устав капиталини 2009-2012 йилларда 200 млрд. сўмга, 2009 йилда “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капиталини 150 млрд. сўмга, “Пахтабанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капиталини 100 млрд. сўмга, “Ғаллабанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капиталини 50 млрд. сўмга, “Асака” давлат акциядорлик-тижорат банкининг устав капиталини 300 млрд. сўмга етказиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Банклар томонидан иқтисодиёт тармоқларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш мақсадида, жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини банк депозитларига жалб қилиш орқали банкларнинг ресурс базасини кенгайтириш борасидаги ишлар янада фаоллаштирилди. Жалб қилинган жами депозитлар ҳажми 2008 йилда 50,7 фоизга ошиб, 2009 йилнинг 1 январь ҳолатига 5771,6 млрд. сўмни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 февралдаги
ПФ-3968-сонли Фармонига асосан, резидент - жисмоний шахслардан депозит ҳисобварақларга ўтказилган миллий ва хорижий валютадаги пул маблағларини қабул қилиш бўйича имтиёзларнинг яратилганлиги жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари ҳажмининг ошишига ижобий таъсир кўрсатди.

2008 йилда давомида тижорат банклари томонидан аҳолига миллий валютадаги 300 тадан ортиқ, хорижий валютадаги 100 тадан ортиқ жозибодор  омонат турлари таклиф этилди. Натижада, аҳолининг кредит ташкилотларидаги маблағлари қолдиғи 2008 йилда 69 фоизга ошиб, 2009 йилнинг 1 январь ҳолатига 1 723,8 млрд. сўмни ташкил этди.        



Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4057-сонли Фармонига асосан миқдоридан қатьий назар фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақлардаги омонатлари тўлиқ кафолатланганлиги аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2009 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондида 41,5 млрд. сўм миқдорида маблағлар шакллантирилди.

Банкларнинг капитали ва мижозлардан жалб қилинган депозитлар ҳажмининг ўсиши республика иқтисодиётининг базавий тармоқларида ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация қилиш, истиқболли ва юқори самарали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашда банклар иштирокини янада кенгайтириш имконини бермоқда.

Хусусан, иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитлари ҳажми 2008 йилда 34 фоизга ошиб, 2009 йил 1 январь ҳолатига 6 372 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу кредитларнинг 78,3 фоизи узоқ муддатли кредитлардир.

Банклар томонидан узоқ муддатга ажратилган инвестицион кредитлардан олинган даромадлар бўйича солиқ имтиёзларининг берилганлиги банкларнинг ушбу жараёнлардаги иштирокини рағбатлантириб келмоқда. Натижада, тижорат банклари томонидан устувор тармоқ корхоналарини модернизация қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлаш учун кредитлар ажратилиши янада фаоллашди.

2008 йилда кичик бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредитлар 507 млрд. сўмга ошиб, 1250,7 млрд. сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, банкларнинг аҳолига узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ҳамда уй-жой қуриш, сотиб олиш учун истеъмол ва ипотека кредитлари ажратиш борасидаги ишлари ҳам давом эттирилди. 2008 йилда тижорат банклари томонидан аҳолига 250,9 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

Умуман олганда, банкларнинг умумий активлари 2008 йилда 30,1 фоизга ошди.

Ўтган йилда республикамизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари сони 30 тага етди. Шундан 3 таси давлат-тижорат банки, 11 таси акциядорлик-тижорат банки, 11 таси хусусий банк ва 5 таси хорижий капитал иштирокидаги банклар ҳисобланади.

Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган тижорат банклари филиаллари сони 800 тани ташкил этди.

Аҳолига банк хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан ташкил этилган мини-банклар сони 2008 йилда 107 тага кўпайиб 2161 тага етди ва улар деярли барча турдаги банк хизматларини кўрсатиб келмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги ПҚ-726-сонли Қарори талабларига мувофиқ, мижозларга касса хизматларини кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда коммунал ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан ташкил этилган махсус кассалар сони 1 411 тадан ошди. Жумладан, бозорлар ҳудудида банк инфратузилмаларини кенгайтириш мақсадида ўтган йил давомида тадбиркорлардан бозор хизматлари ва бошқа тўловларни қабул қилиш учун 582 та махсус кассалар ташкил этилди.

Республикамизда банк инфратузилмаларининг кенгайиб бориши банклар ўртасидаги рақобат муҳитини янада кучайтирмоқда.

Сўнгги йилларда бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини кенгайтириш воситаларидан бири бўлган пластик карточкалардан фойдаланиш тизими жадал ривожлантирилмоқда.

Ҳукумат қарорларига асосан, пластик карточкалар бўйича тўловларни амалга оширишда фойдаланиладиган пластик карточкалар тизимига оид жиҳозларни импорт қилишда божхона имтиёзларининг берилганлиги банкларнинг бу борадаги фаолиятларини янада рағбатлантирди.

2008 йил давомида тижорат банклари томонидан қўшимча равишда 787,8 минг дона пластик карточкалар муомалага чиқарилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида қўшимча 9 минг 752 дона терминаллар ўрнатилди.

Муомалага чиқарилган банк пластик карточкалари сони 4,5 млн. тага, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўрнатилган терминаллар сони эса 27 минг 504 тага етказилди.

Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг кредит линияларини жалб қилиш орқали банкларнинг инвестицион жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида республика тижорат банклари томонидан халқаро рейтинг компанияларининг кредитга лаёқатлилик рейтингларини олиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2008 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон банк тизимига нуфузли халқаро рейтинг компанияларидан бири — «Мудис» рейтинг агентлиги томонидан халқаро рейтинг баҳоси берилганлиги мамлакатимиз молия тизимининг барқарорлигидан далолат беради.

Хусусан, «Мудис» агентлиги бир йўла 3 та йўналиш бўйича республика банк тизимига «барқарор» рейтинг баҳосини берди.

«Мудис» халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоботида таъкидланишича, агентликнинг ижобий баҳоси мустаҳкам банк назорати тизимида, банк секторининг юқори ўсиш потенциалида, молия тизимининг таркибий ўзгариши ва миллий иқтисодиётнинг юқори даражада ўсишида ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари, 2008 йилда тижорат банклари томонидан халқаро рейтинг олиш учун «Мудис», «Фитч Рейтингс», «Стандарт энд Пурс», «Томпсон Файнэншл Банк Вотч», «Жапан Кредит Рейтинг Эженси», «Рейтинг Эженси Малайзия» каби нуфузли халқаро рейтинг компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик ишлари давом эттирилди.

2008 йилда республикамизда фаолият юритаётган тижорат банкларининг 12 таси халқаро «Мудис», «Фитч Рейтингс» ва «Стандарт энд Пурс» рейтинг компанияларининг «барқарор» рейтинг баҳосини олишга эришдилар.

Халқаро рейтинг компанияларининг “барқарор” рейтинг
 баҳосини олган банклар

«Мудис»

«Фитч рейтинг»

«Стандарт энд Пурс»

ТИФ Миллий банк Ўзсаноатқурилишбанк ТИФ Миллий банк
Ипотека-банк Пахтабанк Капиталбанк
Ғалла-банк Асакабанк  
Алоқабанк Хамкорбанк  
Туронбанк Ипак йўли банк  
Кредит стандарт банк    

Шунингдек, халқаро амалиёт негизида банклар томонидан чиқарилган қимматли қоғозларнинг миллий индивидуал рейтинг тизимини жорий этиш мақсадида, Ўзбекистон банклари ассоциацияси томонидан Марказий банк ҳамда қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази билан келишилган ҳолда тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Шунга мувофиқ, 2008 йил давомида «Ахбор-Рейтинг» миллий рейтинг агентлиги томонидан 21 та тижорат банкига турли даражадаги рейтинг баҳолари берилди.

Нобанк кредит ташкилотларининг (кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар) қонунчилик базасини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар нобанк кредит ташкилотлари тармоғи кенгайиб, банклар ва нобанк кредит ташкилотлари ўртасидаги рақобат муҳити кучайишига замин яратмоқда.

Хусусан, бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, 2009 йил 1 январь ҳолатига уларнинг сони 138 тага, шу жумладан, кредит уюшмалари сони 78 тага, микрокредит ташкилотлари 26 тага ҳамда ломбардлар 34 тага етди.

Нобанк кредит ташкилотларининг асосий кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада ўсиб бормоқда. Хусусан, кредит уюшмаларининг жами активлари 2008 йилда 63,8 млрд. сўмга ошиб, 2009 йил 1 январь ҳолатига 112 млрд. сўмни, уларнинг кредит портфели эса 59,5 млрд. сўмга ошиб, 102,4 млрд. сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, 2008 йилда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг жами активлари ҳамда кредит портфели ҳажмининг жуда юқори суръатларда ўсиши кузатилди.

МОНЕТАР СИЁСАТНИНГ 2009 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2009 йилга мўлжалланган монетар сиёсатнинг асосий йўналишлари Ҳукумат томонидан жорий йил учун прогноз қилинган макроиқтисодий кўрсаткичлар параметрларига мувофиқ ҳолда миллий валюта барқарорлигини таъминлаш ҳамда банк тизими олдига қўйилган устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2009 йилга мўлжалланган пул-кредит кўрсаткичлари:

- инфляциянинг йиллик даражаси 7-9 фоиздан ошмаслиги;

- ЯИМнинг реал ўсиши 8,0 фоизни ҳамда унинг дефлятори 18 фоизни ташкил этиши;

- бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 1 фоизидан ошмаган миқдорда бўлиши ва унинг тўлиқ ноинфляцион манбалар ҳисобидан қопланиши;

- ташқи савдо айланмаси соф қолдиғининг 5 млрд. АҚШ долларидан юқори бўлиши каби макроиқтисодий кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда белгиланди.

Келгуси йилда ҳам Марказий банкнинг монетар сиёсати юқори суръатлардаги иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашга ва инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлар доирасида бўлишига қаратилади.

 Ўтган йиллардаги каби 2009 йилда ҳам пул массасининг ўсиши асосан ташқи савдо баланси ижобий сальдосининг барқарор бўлиши ҳисобига рўй беради. Ижобий сальдо баланси сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан алмашув курсининг барқарор бўлишини таъминлайди.

2009 йилда валюта алмашув курси сиёсати экспортни рағбатлантирувчи ва инфляциянинг олдини олишга қаратилган механизм сифатида қўлланилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўзгариб борувчи-бошқариладиган алмашув курси стратегияси қўлланилади ва алмашув курси мақсадли коридор доирасида ушлаб турилади. Бунда асосий эътибор сўмнинг реал эффектив алмашув курсининг барқарорлигини таъминлашга қаратилади.

2009 йилда ишлаб чиқаришнинг юқори суръатларда ўсиши ўз навбатида пулга бўлган талабни оширади. Шунга мувофиқ Марказий банк томонидан иқтисодиётнинг пулга бўлган талабини тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб борилади. Хусусан, тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига ажратиладиган кредитлар миқдорини 40 фоизга ошириш ёки миллий валютада қўшимча равишда 1 700 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиши мўлжалланмоқда.

Инвестицион мақсадларга йўналтирилган кредитлар билан бир қаторда, ипотека кредити, микрокредит ва истеъмол кредитлари, кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга ажратиладиган кредитлар ҳажмини ошириб бориш режалаштирилган. Ушбу кредит қўйилмалари республикада барқарор иқтисодий ўсишни ва истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.

Монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилади.

Хусусан, Марказий банк томонидан амалга оширилган стерилизация операцияларининг, яъни тижорат банклари бўш пул маблағларини махсус депозитларга ва давлат қимматли қоғозларига жалб қилиш операцияларининг ўртача ойлик ҳажми 1,5 мартага ошади.

Иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий маблағлар билан таъминлаш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида қўшимча маблағларни жамғариб бориш давом эттирилади.

Инфляцион кутилмаларнинг олдини олиш мақсадида 2009 йилда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси йиллик ҳисобда 14 фоиз даражасида ушлаб турилади.

2009 йил учун инфляция даражасининг мақсадли кўрсаткичи баҳолари ҳукумат томонидан тартибга солинадиган монопол характерга эга бўлган товар ва хизматлар нархларининг ўртача 10 фоиздан ошмаслигига асосланган.

Ҳукумат томонидан тартибга солинадиган товарлар ва хизматлар тарифлари (нархлари) нинг белгиланган даражадан юқори бўлмаслигини қатъий назорат қилиш ҳамда жаҳон бозорида рўй бераётган нархлар ўзгаришининг ички бозорга таъсирини бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириб бориш номонетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини пасайтиришга хизмат қилади.

Банк тизимининг жорий ликвидлигини таъминлаш ва пул бозорини ривожлантириш мақсадида:

- монетар сиёсатнинг очиқ бозордаги иштирокини, хусусан давлат қимматли қоғозлари билан ўтказиладиган РЕПО операцияларини фаоллаштириш ва валютавий СВОП операцияларини жорий этиш;

- мажбурий резервларнинг минимал миқдорини банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириб бориш;

- Марказий банкнинг депозит сертификатлари ҳамда давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозордаги олди-сотди операцияларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилади.

КРЕДИТ ИНСТИТУТЛАРИДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ РЕЖАЛАШТИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР

2009 йил учун прогноз қилинган макроиқтисодий шарт-шароитлар банк тизимининг барқарор ривожланишига замин яратади, банкларнинг фаоллиги ва умуман иқтисодиётнинг ривожланишига қўшадиган ҳиссаси ошади. Шу билан бирга, ўтган йиллардаги каби асосий эътибор банк тизими барқарорлигини таъминлашга ва уларнинг инвестицион жараёнлардаги фаоллигини янада кенгайтиришга қаратилади.

Ҳуқуқий ва инвестицион муҳитни яхшилаш, кредит ташкилотларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг капиталлашув даражасини ошириш, банк тизими рақобатбардошлигини таъминлаш, банк соҳасида бошқарув ва назоратни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу омиллар умумий банк хизматлари сифатининг яхшиланишига ва замонавий банк технологияларининг татбиқ этилишига замин яратади.

Банк соҳасининг инвестицион жозибадорлигини сақлаб туриш биринчи навбатда, маҳаллий ва стратегик чет эл инвесторларига қўшимча акцияларни сотиш ҳисобига банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш имконини беради.

2009 йилда Марказий банкнинг банк бошқаруви ва назорати соҳасидаги фаолияти юқорида қайд этилган мақсадларни амалга оширишга ҳамда омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилади.

Жорий йилда ҳам банк тизимидаги ислоҳотлар давом эттирилгани ҳолда Марказий банк томонидан қуйидаги йўналишлардаги чора-тадбирлар давом эттирилади:

I. Кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш юзасидан:

- Базель қўмитасининг банк назорати бўйича Базель II ҳужжатида таклиф этилган ёндашувларни, хусусан «Капиталга минимал талаблар»да кўзда тутилган хусусий капиталнинг етарлилик даражасини баҳолашнинг соддалаштирилган, стандартлаштирилган методини жорий этиш;

- кредит ташкилотларида ликвидлик билан боғлиқ хатарларни (рисклар) бошқариш тизими ҳолатини баҳолаш ва бошқаришдаги ёндашувларни, кредит операциялари ва шартномаларни амалга ошириш чоғида кредит ташкилотлари томонидан қўлланиладиган хавф-хатарлар (рисклар) бошқарувини такомиллаштириш;

- умумлаштирилган асосда банкларнинг молиявий ҳолатини баҳолашнинг назорати сифатини яхшилаш, уларнинг фаолиятида юзага келадиган муаммоларни дастлабки босқичларда аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

- тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши юзасидан уларнинг масъулиятини ошириш ҳамда назорат ишларини кучайтириш;

- таваккалчиликни бошқаришда суғурта механизмларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш;

- кредит ташкилотлари фаолияти ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш, банкларда корпоратив бошқарув даражасини янада ошириш ҳамда уларни бошқариш усулларини такомиллаштириш;

- тижорат банклари акцияларининг инвесторлар томонидан сотиб олинишини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш;

- якка тартибдаги баҳолаш миллий рейтингига ва халқаро рейтинг компанияларининг рейтингларига эга бўлиш борасидаги ишларни давом эттириш;

- Марказий банкнинг инспекция соҳасидаги фаолиятининг асосий вазифаси сифатида кредит ташкилотлари барқарорлигига таъсир этувчи банк фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича кредит ташкилотлари фаолиятини текширишларини ташкил этиш ва ўтказишдан иборат бўлади.

II. Банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг капиталлашув даражаси ва ресурс базасини янада ошириш, жумладан:

- тижорат банкларининг жами капиталини келгуси йилда камида 20 фоизга, ҳамда хўжалик субъектларининг банклардаги депозитлари ва аҳолининг омонатларини камида 35 фоизга ошириш;

- акциядорларнинг бўш пул маблағларини банк акцияларига жалб қилиш орқали банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш мақсадида, банклар томонидан акциялар эмиссиясини амалга ошириш ва уларни акциядорлар ўртасида жойлаштириш ишларини фаоллаштириш;

- тижорат банкларининг ўз (регулятив) капиталининг банк активларига бўлган нисбатининг минимал миқдори 10 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш (Халқаро Базель қўмитасининг талабларига кўра ушбу кўрсаткич 8 фоизни ташкил этади);

- давлат тижорат “Халқ банки”нинг устав капиталини 2009-2012 йилларда
200 млрд. сўмга етказиш;

- “Пахтабанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капиталини 2009 йилда 100 млрд. сўмга етказиш;

- “Ғаллабанк” акциядорлик-тижорат банкнинг устав капиталини 50 млрд. сўмга етказиш;

- “Асака” давлат-акциядорлик тижорат банки устав капиталини 300 млрд. сўмга етказиш;

- “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки устав капиталини 150 млрд. сўмга етказиш режалаштирилган.

III. Банкларнинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини рағбатлантириш борасидаги фаолиятини кенгайтириш, инвестицион фаолиятини кучайтириш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларида банкларнинг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида:

- бизнес учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида банк хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига миллий валютада ажратилган кредитлар ҳажмини камида 40 фоизга ошириш;

- жорий йилда микрокредит, истеъмол кредити ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида банклар томонидан келгуси йилда ажратиладиган ипотека кредитлари миқдорини 2008 йилга нисбатан 40 фоизга ошириш;

- экспорт фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 9,8 фоиз (Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 70 фоизи) асосида 12 ойгача бўлган муддатга имтиёзли кредитлар ажратиш;

- инвестицион молиялашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, яъни инвестицион лойиҳаларни экспертиза қилиш, ташкилотларни тўлиқ молиявий таҳлил қилиш ва улар фаолиятини баҳолаш юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш;

- тижорат банклари томонидан замонавий дастурий маҳсулотлар ва технологияларни, шунингдек янги молиявий воситаларни, шу жумладан субординацияланган қарз, банк акцияларига конвертацияланадиган облигациялар, талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш каби воситаларни жорий қилиш;

- сотиб олинган банкрот корхоналарда ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва молиялаштиришда қатнашиш, шунингдек ушбу корхоналарни кейинчалик стратегик инвесторларга сотиш юзасидан тижорат банкларида олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш кўзда тутилган.

IV. Пул маблағларини банк айланмасига жалб қилишни янада кучайтириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш мақсадида:

- пластик карточкалардан кенг фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади ҳамда пластик карточкалар ва терминаллар сонини 2009 йил охирига бориб мос равишда 5 млн. донага ва 30 минг донага етказиш, улар орқали ўтказиладиган транзакциялар миқдорини 30 фоизга ошириш;

- банклардаги аҳоли маблағлари ҳажмининг бир маромда ўсиб боришини таъминлаш мақсадида, доимий равишда янги жозибадор омонат турларини таклиф этиб бориш;

- банк мижозларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, янги банк хизмати турларини ва уларнинг ҳажмини кенгайтириб бориш, пластик карточкалар билан ҳисоб-китоблар қилиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш;

- қишлоқ жойларида ташкил этилган банк инфратузилмалари, хусусан мини-банклар ва махсус кассалар фаолиятини такомиллаштириш орқали банк хизматларидан фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш;

- тўлов инструментлари, маълумотларни қабул қилиш, назорат ва қайта ишлаш тартибини халқаро амалиётга мослаштириш йўли билан тўловлар ва пул маблағлари ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларини такомиллаштириш ишлари давом эттирилади.

V. Банк тизимини юқори билим ва тажрибага эга бўлган, замонавий фикрлайдиган юқори малакали ходимлар билан бутлаш, мутахассисларни янги йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан:

- кредит ташкилотларини бошқаришда кредит ташкилотлари раҳбарлари ва таъсисчиларнинг иш нуфузини баҳолаш механизмини яратган ҳолда профессионал сифатларга эга бўлган шахсларнинг бошқарувда иштирок этишини таъминлаш;

- кредит ташкилотлари ходимларининг амалий ҳамда профессионал этикасини, банклар раҳбарлари ва ходимларининг мижозларга хизмат кўрсатиш ва банк сирига риоя қилиш юзасидан масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш;

- банклар ходимларини муаммоли корхоналарни инқироз ҳолатида бошқариш йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, лойиҳавий молиялаштириш, инвестицион лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва амалга ошириш, зарар кўриб ишлайдиган ҳамда ночор корхоналарни тиклаш ва модернизация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

- олиб бориладиган ишларнинг муҳим қисмларидан бири сифатида ҳукумат, ижро этувчи органлар, Банклар уюшмаси ва тижорат банклари билан биргаликда, банк фаолияти ва банк хизматлари соҳасида ходимларни тегишли миллий ва халқаро дастурларда иштирок этишини таъминлаш орқали уларнинг молиявий билим ва малакасини оширишдан иборат бўлади.

VI. Нобанк кредит ташкилотлари тизимини ривожлантириш борасида:

микромолиялаштириш жараёнларини янада фаоллаштириш, хусусан нобанк кредит ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, жойларда микрокредитлаш, кредит уюшмалари, ломбардлар ва микрокредит ташкилотлари фаолиятини янада кенгайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриб борилади.

Хусусан:

- микромолиявий хизматларга эҳтиёжманд аҳолининг тўлиқ қамраб олинишини таъминлаган ҳолда мамлакатнинг чекка минтақаларида нобанк кредит ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга асосий эътиборни қаратиш;

- нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига оид қонунчилик базасини такомиллаштириб бориш орқали улар фаолиятини тартибга солишнинг самарали тизимини яратиш;

- нобанк кредит ташкилотлари ресурс базасининг халқаро молия институтлари, тижорат банклари ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг кредит линиялари ҳисобига шаклланишига кўмаклашиш;

- нобанк кредит ташкилотларининг ижроия органлари ва ходимларига ушбу тизимни ривожлантириш борасида мамлакат миқёсида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, мавжуд қонун ҳужжатлари юзасидан батафсил тушунчалар бериш мақсадида Кредит уюшмалари ассоциацияси ҳамда Микромолиялаштириш ташкилотлари ва кредит уюшмаларининг миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда махсус тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.