2009 ЙИЛДАГИ МАКРОИҚТИСОДИЙ ҲОЛАТ ВА
РЕАЛ СЕКТОР ТАҲЛИЛИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февралда ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари ижросини таъминлаш, Хукуматимиз томонидан 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз таъсирини юмшатиш ва бартараф этишга доир кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикамизда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаб қолишга эришилди.
2009 йилда мамлакатимиз молиявий-иқтисодий, бюджет ва банк-кредит тизимининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига ёрдам кўрсатиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кўрилган чора-тадбирлар ўзининг амалий самарасини берди.
Ҳусусан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни, унинг муҳим тармоқлари корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни фаол давом эттириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ички истеъмолни рағбатлантириш, экспорт қилувчи корхоналарни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ўтган йилда иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлади.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ). Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қўмитасининг маълумотларига асосан, 2009 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши - 9,0 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 5,7 фоизни, чакана товар айланмаси – 16,6 фоизни, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ўсиши – 12,9 фоизни ташкил қилди.
2009 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ЯИМ таркибидаги улуши 47,2 фоизни ташкил қилди. Хусусан, алоқа ва ахборотлаштириш хизмати 21,6 фоизга, савдо ва умумий овқатланиш хизмати 21,8 фоизга, маиший хизматлар ҳажми 22,6 фоизга ҳамда молиявий хизматлар 24,7 фоизга ўсди.
Саноатда ишлаб чиқаришнинг юқори ўсиш суръатлари машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (ўсиш суръати 17,4 фоиз), нефть-кимё (11,4 фоиз), ёқилғи (10,3 фоиз), қора металлургия (8,4 фоиз), қурилиш материаллари (8,7 фоиз), озиқ-овқат (8,2 фоиз) ҳамда ёғочни қайта ишлаш ва қоғоз ишлаб чиқариш (19,1 фоиз) соҳаларида кузатилди.
Қишлоқ ҳўжалигида 2009 йилда бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш ҳажми 9,8 фоизга, полиз экинлари етиштириш 9,2 фоизга, сабзавотлар етиштириш 9,3 фоизга ва мевалар етиштириш 10,0 фоизга кўпайди. Ўтган йили етиштирилган дон маҳсулотлари ҳажми 7,3 млн. тоннадан ортиқни ва пахта ҳосили 3,4 млн. тоннани ташкил этди.
Инфляция. Нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида инфляциянинг 2009 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткич доирасида бўлиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 2009 йилда 7,4 фоизни ташкил этди.
Республика ҳудудларида товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгариши бўйича олиб борилган кузатишлар, шунингдек, истеъмол маҳсулотлари бозори конъюнктураси ва уларнинг халқаро бозордаги нархлари динамикаси таҳлили 2009 йилда инфляцияга асосан номонетар омиллар таъсир этганлигини кўрсатди.
Марказий банк томонидан миллий валюта барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул-кредит сиёсатининг юритилиши монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини бартараф этишга хизмат қилди.
Инвестициялар. Ҳукумат томонидан инвестицияларни рағбатлантириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар 2009 йилда ҳам республикада юқори инвестицион фаолликни сақлаб қолиш имконини берди. Хусуcан, иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 2008 йилга нисбатан 24,8 фоиздан зиёдга ошиб, 8,2 млрд. долларни ташкил этди.
Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 68 фоизга ўсиб, уларнинг асосий қисмини ташкил этган тўғридан-тўғри киритилган инвестициялар ҳажми 1,8 баробар ошди.
Асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг 46,9 фоизи хўжалик субъектлари ва аҳолининг ўз маблағлари, 27,8 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 8,1 фоизи эса бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Янги иш ўринларини яратиш. 2009 йилда иш билан бандликни ошириш борасида кўрилган амалий чоралар натижасида мамлакатимизда 940 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди, уларнинг 500 мингга яқини қишлоқ жойларида ташкил этилди. Кичик бизнес соҳасида 390 мингдан зиёд, шу жумладан хизмат кўрсатиш соҳасида 270 мингдан ортиқ янги иш ўринлари очилди.
Саноат корхоналари билан кооперация асосидаги касаначиликни ҳамда пудрат шартномаси асосидаги уй меҳнатини ривожлантириш натижасида 130 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Бандлик даражасини оширишга қаратилган бундай чора-тадбирлар инқироз шароитида аҳолини ишончли ҳимоя қилиш, унинг даромади ва моддий фаровонлигини ошириш имконини таъминлади.
Республикамизда меҳнатни рағбатлантириш, иш ҳақини ошириб бориш ва аҳоли даромадлари ўсишини таъминлашга қаратилган сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида 2009 йилда аҳолининг реал даромадлари 26,5 фоизга, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ўрта ҳисобда 40 фоизга ошди.
Ташқи иқтисодий фаолият. Республика Ҳукумати томонидан экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экспорт қилинаётган маҳсулотлар турларини ва экспорт бозорлари географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2009 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси сақланиб, 2,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.
2009 йилда экспорт ҳажми аввалги йилга нисбатан 2,4 фоизга, шу жумладан, энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари экспорти 42,2 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 39,0 фоизга ўсди.
2009 йилда импорт ҳажми 2,7 фоизга камайди. Айни пайтда, импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг 5,5 фоизга, машина ва ускуналар импортининг 5,0 фоизга ошиши кузатилди.
Республикамиз ўтган йилда жаҳоннинг 167 дан ортиқ мамлакатлари билан ташқи савдо операцияларини амалга оширди. Жами ташқи савдо айланмасида Европа давлатларининг улуши 59,6 фоизни, Осиё давлатлари 37,3 фоизни, Америка қитъаси давлатлари 2,8 фоизни, Африка, Австралия ва Океания давлатлари улуши эса 0,3 фоизни ташкил этди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳамда хорижий мамлакатлар билан анъанавий савдо алоқаларининг мустаҳкамланиши давом этмоқда. МДҲ давлатларидан Россия, Қозоғистон ва Украина, узоқ хорижий мамлакатлардан Жанубий Корея, Хитой, Эрон, Туркия ва Швейцария каби давлатлар мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади. 2009 йилда МДҲ давлатлари билан амалга оширилган ташқи савдо айланмаси жами ташқи савдо айланмасининг 37,7 фоизини ташкил қилди.
Пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар
2009 йилда Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун, “Монетар сиёсатнинг 2009 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари” ва Вазирлар Маҳкамасининг “Пул-кредит кўрсаткичларини тартибга солиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 4 февралдаги 63-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилди.
Хусусан, инфляция даражасининг 8 фоиздан ошмаслигини таъминлаш мақсадида Марказий банк томонидан қатъий пул-кредит сиёсати юритилиб, Ҳукумат билан биргаликда ички истеъмол бозорида нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган бошқа антиинфляцион чора-тадбирлар амалга оширилди.
2009 йилда монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини олдини олиш мақсадида монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилди.
Очиқ бозордаги операциялар банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ва молия бозори барқарорлигини таъминловчи инструмент сифатида Марказий банк томонидан мунтазам равишда қўлланилиб борилди.
Марказий банк томонидан ўтган йилда ҳам, пул-кредит кўрсаткичларининг мақсадли параметрларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро резервларнинг кўпайиши ҳисобига юзага келган ортиқча ликвидликни стерилизация қилиш операциялари мунтазам ўтказиб борилди. Жумладан, 2009 йилда Марказий банк томонидан тижорат банкларининг бўш пул маблағларини Марказий банкнинг махсус депозитлари ва облигацияларига жалб қилиш операцияларининг ўртача ойлик ҳажми 2008 йилга нисбатан 1,4 мартага ошиб, 1,7 трлн. сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан муомалага чиқарилган давлат ўрта муддатли облигациялари ҳамда Марказий банк облигациялари билан бирламчи ва иккиламчи бозорларда олди-сотди операцияларини амалга ошириш давом эттирилди.
Мажбурий резервлар. 2009 йилда тижорат банклари мижозларининг депозитлар бўйича ўрнатилган мажбурий резерв талаблари муомаладаги пул массасини ва банк тизими ликвидлигини тартибга солишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қўлланилди, ушбу инструментнинг қўлланилиш механизмига киритилган ўзгартиришлар унинг самарадорлигини янада оширди.
Пул массасининг мақсадли параметрларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда тижорат банклари томонидан узоқ муддатли депозитлар жалб қилинишини янада рағбатлантириш мақсадида 2009 йилнинг 1 сентябридан мажбурий резервлар нормаси тижорат банклари депозитларининг муддатига қараб табақалаштирилди. Жумладан, мажбурий резервлар нормаси, муддати 1 йилгача бўлган депозитлар учун - 15%, муддати 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлар учун - 12%, муддати 3 йилдан ортиқ бўлган депозитлар учун - 10,5% миқдорида ўрнатилди.
Шу билан бирга, мажбурий резервларни ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ўн тўрт кунга қисқартирилди ва бу тижорат банкларига ликвидликни янада самарали ва тезкор бошқариш имкониятини бермоқда.

2009 йилда амалдаги ва кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиқиб Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз миқдорида ушлаб турилди. Бу эса, ўз навбатида пул бозорида фоиз ставкаларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди.
Шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий маблағлар билан таъминлаш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобварағида 3,7 млрд. доллар миқдорида маблағлар шакллантирилиши ҳам ташқи омилларнинг пул массасига таъсирини камайтиришга хизмат қилди.
Фоиз ставкалари динамикаси
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини олдини олишга қаратилган Ҳукумат қарорлари асосида тижорат банкларининг реал сектор корхоналарини узоқ муддатли кредитлаш бўйича ресурс базаларини ҳамда аҳолининг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб қилинишини кенгайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тижорат банкларининг фоиз сиёсатига ўз таъсирини кўрсатди.
Жумладан, ўтган йилда жисмоний шахсларнинг тижорат банкларидаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари йил давомида 14 фоиз атрофида сақланиб қолди.
Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида тижорат банклари томонидан инвестицион лойиҳаларни, экспорт қилувчи корхоналар ва кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга ажратилган имтиёзли кредитлар ҳажмининг ошиши натижасида 2009 йилда кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси йил бошидаги 16,4 фоиздан йил охирига келиб 15,9 фоизгача пасайди.
Валюта сиёсати
2009 йилда Марказий банк миллий валюта барқарорлигини таъминлаш борасида аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга оширди.
Валютани тартибга солишда ўзгариб борувчи-бошқариладиган алмашув курси стратегиясининг қўлланилиши ташқи иқтисодий конъюнктуранинг мамлакатимиз молия тизимига салбий таъсирини бартараф этиш ва ички валюта бозорида мувозанатни таъминлаш имкониятини берди.
Марказий банк миллий валюта алмашув курсини мақсадли коридор доирасида ушлаб туриш учун валюта бозорида хорижий валюталарни сотувчи ва сотиб олувчи сифатида қатнашиб, валюта операцияларини амалга ошириб борди. Натижада, 2009 йилнинг охирига келиб, бир АҚШ долларининг номинал қиймати 1511,4 сўмни ташкил қилиб, миллий валютанинг номинал девальвацияси 8,5 фоизга тенг бўлди.
Сўмнинг АҚШ долларидан бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курслари ушбу валюталарнинг ташқи валюта бозорларидаги АҚШ долларига нисбатан курслари ва ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси динамикаси остида шаклланди. 2009 йилда сўмнинг еврога нисбатан девальвацияси 8,0 фоизни, япон иенаси ва фунт стерлингга нисбатан эса мос равишда 7,2 ва 12,4 фоизни ташкил қилди.
Ўтган йилда жаҳонда рўй берган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамасдан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган валюта сиёсатининг юритилиши ҳамда Ҳукумат томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакат ташқи савдо балансида ижобий сальдога эришилганлиги республикага хорижий валюталар тушумини ошириб, ички валюта бозоридаги савдолар ҳажмини кенгайтириш имконини берди.
Марказий банк томонидан юқорида қайд этиб ўтилган чора-тадбирларнинг амалга ошириб борилганлиги натижасида иқтисодиётнинг пулга бўлган талаби тўлиқ қондирилган ҳолда пул-кредит кўрсаткичлари ва инфляциянинг белгиланган мақсадли параметрлар доирасида бўлишига эришилди.
Кредит институтларида амалга оширилган ишлар
Банк тизими ва унинг ривожланиши
2009 йилда чуқурлашган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида Ҳукуматимиз томонидан 2009 – 2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши дастур доирасида банк-молия тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ўзининг ижобий самарасини берди.
Кўрилган тадбирлар қаторида банк тизимининг барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, банкларнинг капиталлашув даражасини, уларнинг ресурс базасини янада ошириш орқали банк-кредит тизимининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш, банкларнинг иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнларидаги иштирокини фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида, сўнгги икки йилда тижорат банкларининг умумий капитали 2 баробар кўпайиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 3 трлн. 10 млрд. сўмга етди.
Биргина 2009 йилнинг ўзида етакчи банкларнинг низом жамғармаларини ошириш учун қўшимча равишда 500 млрд. сўмдан ортиқ давлат маблағлари ажратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорларига асосан Халқ банки, Асакабанк, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Қишлоқ қурилиш банк”ларнинг устав капиталларини белгиланган параметрларга етказиш борасидаги ишлар давом эттирилиб:
- Давлат тижорат Халқ банкининг устав капитали 130 млрд. сўмга;
- “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик-тижорат банкининг устав капитали 110 млрд. сўмга;
- “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг устав капитали 150 млрд. сўмга;
- “Агробанк” акциядорлик-тижорат банкининг устав капитали 100 млрд. сўмга;
- “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банкининг устав капитали 90 млрд. сўмга;
- “Асака” давлат акциядорлик-тижорат банкининг устав капитали 300 млрд. сўмга етказилди.
Шунингдек, давлат-тижорат Халқ банкининг устав капиталини 2009-2012 йилларда 200 млрд. сўмга, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банкининг устав капиталини 150 млрд. сўмга етказиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Банклар устав капиталига хусусий капитални жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида «Тошкент» РФБнинг листингига киритилган банклар сони 18 тага етди ва 2009 йил давомида уларнинг 17,4 млрд. сўмлик акциялари бевосита фонд биржасида инвесторларга сотилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистон банк тизими халқаро талабларга жавоб берадиган барқарор тизимлардан бирига айланиб, айни пайтда у белгиланган қатор нормативлар бўйича мустаҳкам позицияга эга бўлди.
Хусусан, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига банклар капиталининг етарлилик даражаси 23 фоиздан юқори даражани ташкил этди ва бу банклар назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро меъёрдан қарийб 3 баробарга кўпдир.

Шу билан бирга, халқаро стандартларга асосланган самарали банк назоратининг юритилиши, активларнинг ликвидлиги ва сифати устидан доимий мониторинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг тижорат банкларига етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан ижобий баҳо берилишига хизмат қилмоқда.
Ҳозирги пайтда умумий активлари мамлакатимиз банк тизимининг 90 фоиздан ортиғини ташкил қиладиган 14 та тижорат банки «Fitch Ratings», «Moody's investors service», “Standart & Poor"s” каби нуфузли халқаро рейтинг компанияларининг “барқарор” рейтинг баҳосини олишга муваффақ бўлди.
Банк тизими барқарорлигининг асосий омилларидан бири банк тизимининг ликвидлиги ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичнинг ҳам етарли даражада сақланаётгани Ўзбекистон банкларини халқаро миқёсдаги энг ишончли ва барқарор шериклар қаторидан мустаҳкам жой олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги пайтда банк тизимининг умумий жорий ликвидлиги банкларнинг ташқи тўловлар бўйича жорий мажбуриятлардан 10 баробар кўпдир. Бу эса республикамиз банк тизимининг мустаҳкам ҳимояси яратилганлигидан далолат беради.
Айни пайтда банк тизимининг умумий активлари ҳажми аҳоли ва юридик шахсларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар миқдоридан 2 баробардан ҳам ортиқ бўлиб, бу депозитларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларга ўз вақтида ва тўла ҳажмда хизмат кўрсатишни кафолатлайди.
Тижорат банкларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини банк депозитларига жалб қилиш борасида амалга оширган ишлари натижасида мижозларнинг банклардаги депозитлари ҳажми 2008 йилга нисбатан 1,5 бараварга ошиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 8 703 млрд. сўмга етди.
Фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатларининг миқдоридан қатъий назар тўлиқ қайтарилиши давлат томонидан кафолатланганлиги ва аҳолининг кредит ташкилотларидаги омонатлари ҳажмини кўпайтиришни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Натижада, фақат 2009 йилнинг ўзида аҳолининг кредит ташкилотларидаги омонатлари миқдори 1,7 баробар ошиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 2 914 млрд. сўмни ташкил этди.

Банклар капитали ва депозитларининг юқори суръатларда ўсиши, ўз навбатида, уларнинг иқтисодиётнинг реал секторини молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштирокини фаоллаштиришга, банк активлари ва кредит қўйилмалари ҳажмининг кўпайишига ижобий таъсир қилди.
Жумладан, банкларнинг жами активлари 2009 йилда 30 фоизга ошиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига 15 трлн. 703 млрд. сўмни ташкил этди.
Банклар томонидан реал секторга йўналтирилган кредит қўйилмалари қолдиғи 2009 йилда 34,3 фоизга ошиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 8 трлн. 558 млрд. сўмни ташкил этди. Тижорат банкларининг узоқ муддатли кредитлари улушини ошириш бўйича кўрилган чоралар туфайли 3 йилдан ортиқ муддатга берилган кредитларнинг банклар кредит портфелининг умумий ҳажмидаги улуши ҳозирги пайтда 69 фоизга етди ва сўнгги ўн йилда 28 баробар кўпайди.

Шу билан бирга, банкларнинг кредит портфели таркиби тубдан ўзгарди. Агар 2000 йилда кредит портфелининг қарийб 54 фоизи ташқи қарзлар эвазига шаклланган бўлса, 2009 йилга келиб, банкларнинг жами кредит портфелининг 84 фоизи ички манбалар ҳисобидан шакллантирилди. Бошқача қилиб айтганда сўнгги 10 йил ичида иқтисодиётнинг реал секторини кредитлашга йўналтирилган ички манбалар 25 баробардан зиёдроқ кўпайди.
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига, тадбиркорлик субъектларига ва аҳолига кредитлар ажратиш, инвестициялаш ҳажмларини ошириш билан бир қаторда банклар томонидан уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш ва замонавий банк хизматларини жорий этиш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилди.
Ҳозирги пайтда республикада 31 та тижорат банки фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 3 таси давлат-тижорат банки, 13 таси акциядорлик-тижорат банки, 10 таси хусусий банк ва 5 таси чет эл капитали иштирокидаги банклар ҳисобланади. Ушбу банкларнинг республика ҳудудларида 810 та филиали самарали фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 мартдаги
ПҚ-1083-сонли қарорига асосан қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш, қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, уй-жой қурилишини узоқ муддатли имтиёзли кредитлаш тизимини кенг жорий этиш мақсадида “Ғаллабанк” акциядорлик-тижорат банки негизида “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 мартда ПҚ-1084-сонли қарорига мувофиқ иқтисодиётнинг аграр секторини янада барқарор ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаси субъектларининг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, замонавий қайта ишловчи корхоналарни жадал барпо этиш, ички бозорни маҳаллий озиқ-овқат товарлари билан тўлдиришга йўналтирилган кенг турдаги банк хизматларини кўрсатиш мақсадида “Пахтабанк” акциядорлик-тижорат банки “Агробанк” акциядорлик тижорат банкига айлантирилди.
Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг “Шинхан” банки ваколатхонаси очилди ва 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра йирик хорижий банкларнинг республикамиздаги ваколатхоналари сони 8 тага етди.
Республика ҳудудларида, айниқса қишлоқ жойларида банк инфратузилмасини янада кенгайтириш орқали аҳолига ва фермер хўжаликларига кўрсатилаётган банк хизмат турларини кўпайтириш, уларга банк хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш ҳамда банклар ўртасидаги рақобат муҳитини янада кучайтириш мақсадида, 2009 йилда қўшимча 157 та, шу жумладан қишлоқ жойларда қўшимча 113 та мини-банклар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 2 318 тага, шу жумладан, қишлоқ жойларида 1 605 тага етди.
Шу билан бирга, мижозларга касса хизматларини кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида ташкил этилган махсус кассалар сони бир йил давомида 221 тага ортиб, 2010 йил 1 январь ҳолатига кўра 1 632 тани ташкил этди.
Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар доирасида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштириб борилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 апрелдаги ПҚ-1090-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда “Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом” ишлаб чиқилди.
Ушбу Низомга биноан терминал ўрнатилиши мажбурий бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари назорат-касса машиналарини ўрнатиш ва фойдаланиш тартиби, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳолатларига тенглаштирилди ҳамда улар зиммасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик юклатилди.
Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида, 2009 йилда банклар томонидан қўшимча 1 млн. 544 минг дона пластик карточкалар муомалага чиқарилиб, уларнинг умумий сони 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 6 млн. 59 минг донага етказилди. Шу билан бирга, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ўрнатилган терминаллар сони 2009 йил давомида 33 минг 127 тага ошиб, йил охирига келиб 60 минг 631 донани ташкил этди. Пластик карточкалар билан амалга оширилган тўловлар миқдори ўтган йилда 2008 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди.
Шунингдек, 2004 йилдан бошлаб Марказий банк ҳузурида ташкил этилган Кредит ахбороти миллий институти томонидан қарз олувчиларнинг кредит тарихи ва банклараро ахборот алмашинуви тизимининг самарали ишлаши таъминланмоқда. Бу тизим аниқ вақт режимида ишлаб, унга барча банк филиаллари боғланган ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг кредит талабномаларини кўриб чиқишда ушбу тизимдан мажбурий равишда фойдаланилади.
Бу эса, кредитлаш жараёнидаги маълумотлар номутаносиблиги, нотўғри қарор қабул қилинишининг олдини олишга ва шу орқали банк тизимида кредит таваккалчилигини камайтириш ҳамда банкларнинг кредит портфели сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида банк тизимида амалга оширилган ишлар
Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги ПФ-4053-сонли ва 28 ноябрдаги ПФ-4058-сонли Фармонлари талабларига мувофиқ банклар томонидан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини, хусусан кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жаҳон бозорида айрим маҳсулотлар нархлари ва уларга бўлган талабнинг пасайиши ҳисобига молиявий қийинчиликларга дуч келган маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, уларга айланма маблағларини тўлдириш учун 2009 йилда умумий миқдори 233 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.
Паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни тугатиш ва бу жараёнга тижорат банкларини жалб қилишга қаратилган ишлар корхоналарнинг молиявий барқарорлигини оширишда муҳим роль ўйнади.
Жумладан, мамлакатимиз бўйича, йирик корхоналарни ҳам қўшганда, жами банкрот деб эълон қилинган 240 та корхонадан 154 таси янги мулкдорларга сотилди, 86 таси эса тижорат банклари балансига ўтказилди.
Тижорат банклари балансига ўтказилган 70 та иқтисодий ночор корхонада ишлаб чиқариш тўлиқ қайта тикланиб, истиқболли сармоядорларга сотилди, қолганларида молиявий соғломлаштириш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур корхоналарда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ушбу корхоналарни потенциал инвесторларга сотиш мақсадида банклар томонидан 57,5 млрд. сўмлик инвестициялар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларига асосан, 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва фаолиятини тиклаш билан боғлиқ тадбирларнинг тўлиқ бажарилиши таъминланди.
Иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларга бир қатор солиқ ва кредит имтиёзларининг берилиши ушбу соҳанинг янада ривожланишига имкон яратди.
2009 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 50 фоизга ошиб, 1 трлн. 852 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу кредитларнинг 322,1 млрд. сўми кичик бизнес субъектларига ажратилган микрокредитлар бўлиб, бу кўрсаткич 2008 йилга нисбатан 1,6 бараварга кўпдир.
Фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг сони 2009 йилда 16,3 мингтага ўсиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 196,5 мингтага етиб, улар томонидан ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 50 фоизи ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай натижа, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланаётганининг самарасидир. 2009 йилда кичик саноат корхоналари учун ягона солиқ тўлови 8 фоиздан 7 фоизгача пасайтирилди, якка тадбиркорлар учун эса қайд этилган солиқ миқдори ўртача 1,3 баробар камайтирилди.
Шунингдек, кичик бизнес соҳасида аҳоли бандлигини янада ошириш борасида аҳамиятга молик ишлар бажарилди. Жумладан, 2009 йилда кичик бизнесда иш билан банд бўлганларнинг жами иш билан банд бўлган аҳоли таркибидаги улуши 74,8 фоизга етди.
Нобанк кредит ташкилотларининг ривожланиши
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2010 йилгача Ўзбекистон Республикасида микромолиялаштиришни ривожлантириш дастури тўғрисида” 2007 йил 8 июндаги 114-сонли қарорига асосан Марказий банк томонидан республика худудларида микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ва кредит уюшмалари тизимини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларига микромолиявий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2009 йилда Марказий банк томонидан 26 та кредит уюшмаси, 6 та микрокредит ташкилоти ва 14 та ломбардларга фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилди.
Натижада, республика бўйича нобанк кредит ташкилотларининг умумий сони 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 183 тага етиб, шундан, кредит уюшмалари 103 тани, микрокредит ташкилотлари 32 тани ва ломбардлар 48 тани ташкил этди.
2009 йилда кредит уюшмалари хизматидан фойдаланувчилар, яъни уларнинг аъзолари сони 53,4 мингтага ёки 54 фоизга ортиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 153,1 мингтага етди.
Ўтган йилда кредит уюшмаларининг капитали қарийб 2 баробарга, жалб қилинган депозитлари миқдори 1,9 баробарга, улар томонидан ажратилган кредитлари миқдори 1,8 баробарга ортди. Натижада, кредит уюшмаларининг жами активлари миқдори 212,1 млрд. сўмни, капитали 48,8 млрд.сўмни, депозитлари миқдори 151,3 млрд. сўмни ва ажратилган кредитлар қолдиғи 184,1 млрд. сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, 2009 йилда ломбардларнинг активлари 114 фоизга ошиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 3 863 млн. сўмни, кредит қўйилмалари қолдиғи 113 фоизга ошиб, 3 212 млн. сўмни, капитали эса 120 фоизга ошиб, 3 524 млн. сўмни ташкил этди.
Монетар сиёсатнинг 2010 йилга мўлжалланган
мақсад ва вазифалари
2010 йилда пул-кредит соҳасида ва банк тизимида кўзда тутилган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2010 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишлаб 2010 йил 29 январда ўтказилган йиғилишидаги дастурий маърузаларида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларни ҳамда 2010 йил учун белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларининг бажарилишини таъминлашга қаратилади.
2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурида кўзда тутилган ислоҳотларни, жумладан иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш, бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларни давом эттирилиши, 2010 йилда ҳам иқтисодий ривожланишнинг юқори ва барқарор суръатларини, самарадорлигини ҳамда макроиқтисодий мувозанатни таъминлайди.
2010 йилга мўлжалланган пул-кредит кўрсаткичлари:
-инфляциянинг йиллик даражаси 7-9 фоиз атрофида бўлиши;
-ЯИМнинг реал ўсиши 8,3 фоизни ташкил этиши;
-бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 1 фоизидан ошмаган миқдорида бўлиши ва унинг тўлиқ ноинфляцион манбалар ҳисобидан қопланиши;
-ташқи савдо айланмаси соф қолдиғининг ижобий бўлиши каби прогноз кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.
Хусусан, 2010 йил учун пул массасининг мақсадли кўрсаткичлари иқтисодиётнинг 8,3 фоизлик ўсиши ҳисобига пулга бўлган реал талабнинг ошиши ва инфляция даражасининг 7-9 фоиз атрофида ушлаб турилишини инобатга олган ҳолда белгиланди.
2010 йилда жаҳон иқтисодиётида прогноз қилинаётган ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси учун ташқи бозор конъюнктурасининг яхшиланиши, экспорт маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиши, стратегик аҳамиятга эга бўлган экспорт товарлари нархларининг кўтарилишига олиб келиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда, республикада қулай инвестицион муҳитнинг яратилганлиги натижасида муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун 2010 йилда 3 млрд. АҚШ долларидан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан 30 фоиздан кўп хорижий инвестициялар жалб қилиниши прогноз қилинмоқда.
Ўз навбатида, Марказий банк томонидан ташқи омиллар ҳисобига пул массасининг асоссиз ўсишини ва уларнинг инфляция даражасига таъсирини олдини олиш мақсадида 2010 йилда монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилиши давом эттирилади.
Хусусан, Марказий банк томонидан амалга ошириладиган стерилизация операцияларининг, яъни тижорат банкларининг бўш пул маблағларини Марказий банкдаги махсус депозитларга ва давлат қимматли қоғозларига жалб қилиш операцияларининг ўртача ойлик ҳажмини пул агрегатларининг мақсадли кўрсаткичларидан келиб чиқиб ҳамда тўлов балансининг ижобий сальдосини инобатга олган ҳолда, 1,4 мартагача ошириш мўлжалланмоқда.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий маблағлар билан таъминлаш ҳамда жаҳон бозорида нархлар ўзгаришининг ички бозорга салбий таъсирини олдини олиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни жамлаш давом эттирилади. Бу, ўз навбатида, пул массасини мақсадли чегарада ушлаб туришга хизмат қилади.
Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини 2010 йилдаги пул-кредит кўрсаткичларининг мақсадли параметрларидан ва инфляцион кутилмалардан келиб чиқиб 14 фоиз миқдорида сақлаб туриш мўлжалланмоқда.
2010 йилда валюта сиёсати республикамизда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган экспортни рағбатлантиришга ва ички бозорда ташқи омиллар ҳисобига нархлар ўсишини камайтиришга қаратилади. Ушбу мақсадда 2010 йилда валюта алмашув курсининг мақсадли коридор доирасида бўлиши таъминланади. Бунда, асосий эътибор сўмнинг реал эффектив алмашув курси динамикасига қаратилади. 2010 йилга белгиланган асосий пул-кредит кўрсаткичларининг параметрлари реал эффектив алмашув курсининг пасайишини таъминлаб, экспортнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Иқтисодиётнинг пулга бўлган талабини қондириб бориш мақсадида пул-кредит соҳасида аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилади. Кредитларнинг ажратилишида "Инқирозга қарши чоралар дастури"да белгиланган вазифаларни амалга ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни ва янги иш ўринларини яратишни таъминлаш мақсадида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик бизнесни қўллаб қувватлаш муҳим устуворликка эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, 2010 йил учун инфляция даражасининг мақсадли кўрсаткичини ишлаб чиқишда 2010 йилда республикамизда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг 1,3 мартага оширилиши ҳамда жаҳон бозорида истеъмол маҳсулотлари нархларининг ўртача 5 фоизга ўсиши каби прогноз кўрсаткичлар инобатга олинган.
Монетар сиёсат инструментлари ва улардан фойдаланиш
2010 йилда Марказий банк муомаладаги пул массасини тартибга солишда монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан фойдаланиш билан бир қаторда уларнинг самарадорлигини ошириб боради.
Марказий банк тижорат банклари ликвидлигининг етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида вакиллик ҳисобварағидаги маблағларни мунтазам равишда мониторинг қилиб боради ва уларнинг оптимал даражада бўлиши учун барча зарур чораларни амалга оширади.
Мажбурий резервлар нормаси банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, зарурият туғилганда, ўзгартирилади.
Банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ва молия бозори барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк очиқ бозордаги операцияларни амалга ошириб боради. Хусусан, банк тизимида ортиқча ликвидлик юзага келган ҳолларда, тижорат банкларининг бўш пул маблағларини Марказий банкнинг махсус депозитларига жалб қилиш ва давлат қимматли қоғозларига жойлаштириш билан боғлиқ операциялар амалга оширилади.
Банк тизимида вақтинчалик ликвидлик етишмовчилиги ҳолати юзага келганда Марказий банк ликвидлик бериш инструментларидан, яъни давлат қимматли қоғозлари билан амалга ошириладиган РЕПО ҳамда валютавий СВОП операцияларидан фойдаланади.
Ички валюта бозоридаги барқарорликни ва сўмнинг алмашув курсининг белгиланган коридор доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида Марказий банк банклараро валюта бозорида олди-сотди операцияларни амалга оширади.
Кредит институтларида амалга оширилиши режалаштирилган
ислоҳотлар ва устувор йўналишлар
2010 йилда банк тизимининг устувор вазифалари Инқирозга қарши чоралар дастурида жорий йилга белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, қўшимча равишда банк акцияларини муомалага чиқариш орқали банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш, уларнинг узоқ муддатли ресурс базасини кенгайтириш, банк инфратузилмасини янада ривожлантириш, тижорат банкларининг инвестицион фаолиятини ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги фаоллигини янада кучайтиришдан иборат бўлади.
Шу билан бир қаторда, Ҳукумат томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ кичик бизнес субъектлари ва аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилади.
Ўз навбатида Марказий банкнинг фаолияти банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилади. Кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ишлари давом эттирилади.
Тижорат банкларининг инвестицион фаолиятини янада кенгайтириш, экспорт қилувчи корхоналарни ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилади, хусусан:
Иқтисодиётнинг реал сектор корхоналари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида тижорат банкларининг ушбу лойиҳаларда ўз кредит ресурслари билан фаол иштирок этишларини таъминлаш, уларни йирик инвестиция институтларига айлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилади.
Юқорида таъкидланган вазифанинг иқтисодий ривожлантиришнинг юқори ва барқарор суръатларини таъминлашдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, тижорат банкларининг фаолиятини баҳолаш мезонларини ўзгартирилади. Бунда уларнинг иши узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушининнг ўсиши ва бунинг учун ички манбаларни жалб этиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳоланади.
тижорат банкларининг янги корхоналарни барпо этиш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳамда қишлоқ жойларида якка тартибдаги уй-жой қурилишини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ инвестицион фаолияти янада кучайтирилади. Бу мақсадда тижорат банкларида:
· инвестицион лойиҳалар ҳужжатларини, айниқса уларнинг молиявий жиҳатдан ўзини қоплаши ва рентабеллигини чуқур таҳлил қилиш асосида пухта танлаб олиш, комплекс баҳолаш ҳамда сифатли экспертиза қилишни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш;
· таваккалчилик, гаровлар ва бошқа таъминот турларининг бозор қийматини пухта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда, берилган инвестицион кредитларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ қайтарилишини таъминлайдиган ишончли механизмлардан фойдаланишни кенгайтириш;
· инвестицион фаолиятни амалга ошираётган банклар бўлинмаларини профессионал тайёрланган юқори малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш, уларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга доир ишлар давом эттирилади.
2010 йилда инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан банклар томонидан 3,2 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,4 трлн. сўм миқдорида, қишлоқ жойларида якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан 250 млрд. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда;
барқарор экспорт салоҳиятига эга корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда уларнинг банк кредитлари бўйича мавжуд қарзларини реструктуризация қилиш йўли билан уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва уларга янги инвесторларни жалб қилиш борасидаги ишлар янада кенгайтирилади;
маҳсулот ишлаб чиқарилишини янада кенгайтириш мақсадида, хом-ашё ва материаллар сотиб олиш учун озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга айланма маблағларини тўлдириш учун ажратиладиган кредитлар ҳажми оширилади;
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантиришни молиялаштиришда банкларнинг ролини кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Мазкур соҳага 2010 йилда ўтган йилга нисбатан кредит ресурслари миқдорини 1,4 баробарга кўпайтириш, микрокредитлар ҳажмини эса 1,3 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.
“Баркамол авлод йили” дастури доирасида белгиланган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2010 йилда тижорат банклари томонидан 3,3 трлн. сўмлик кредит маблағларини йўналтириш мўлжалланган.
Тижорат банкларининг ресурс базасини ва банк инфратузилмасини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар доирасида:
2010 йилда тижорат банкларининг умумий капиталини қўшимча акцияларни фонд биржасида жойлаштириш орқали камида 20 фоизга ошириш, яқин икки йилда эса унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан ҳажмини 10 фоизга етказиш;
банклардаги аҳоли маблағлари ҳажмининг бир маромда ўсиб боришини таъминлаш ва доимий равишда янги жозибадор омонат турларини таклиф этиб бориш, хусусан 2010 йилда аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш маблағларини банкларнинг узоқ муддатли депозитларига жалб этишни камида 30 фоизга кўпайтириш ва бу йўналишда банклараро рақобатни янада кучайтириш;
тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базасини мустаҳкамлаш учун тижорат банклари томонидан 2009-2010 йилларга мўлжалланган, юридик шахслар ўртасида жойлаштириладиган 200 млрд. сўмдан кам бўлмаган ҳажмдаги узоқ муддатли облигациялар чиқаришни якунлаш;
нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш кўламини ва сифатини ошириш билан боғлиқ ишларни давом эттириш, аҳолининг пластик карточкалар орқали муомала қиладиган депозитларининг сонини ошишини рағбатлантириш;
қишлоқ жойларида банк хизматлари сифатини ошириш ва ҳажмини кенгайтириш, хусусан мини-банклар ва махсус кассалар фаолиятини такомиллаштириш орқали банк хизматларидан фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш, банк тузилмалари сонини янада кўпайтириш;
якка тартибдаги баҳолаш миллий рейтингига ва халқаро рейтинг компанияларининг рейтингларига эга бўлиш борасидаги ишларни давом эттириш;
ҳисобварақ эгасига маълумот олиш ва банк ҳисобварағини электрон алоқа орқали реал вақт режимида бошқариш имконини берувчи замонавий дастурий маҳсулотлар ва технологияларни жорий этиш ҳамда тўлов инструментлари, маълумотларни қабул қилиш, назорат ва қайта ишлаш тартибини халқаро тажрибага мослаштириш йўли билан тўловлар ва пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларини такомиллаштириш ишлари амалга оширилади.
Кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солишни кучайтириш борасидаги асосий эътибор қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилади:
кредит ташкилотларида ликвидлик билан боғлиқ таваккалчилликни бошқариш тизими ҳолатини баҳолаш ва бошқаришдаги ёндашувларни, кредит операциялари ва шартномаларни амалга ошириш чоғида кредит ташкилотлари томонидан қўлланиладиган таваккалчилик бошқарувини такомиллаштириш;
умумлаштирилган асосда банкларнинг иқтисодий ҳолатини баҳолаш назоратининг сифатини яхшилаш, банклар фаолиятида юзага келадиган муаммоларни дастлабки босқичларда аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши юзасидан уларнинг маъсулиятини ошириш ҳамда назорат ишларини кучайтириш, шу билан бирга таваккалчиликни бошқаришда суғурта механизмларидан фойдаланишини кенг йўлга қўйиш;
кредит ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, банкларда корпоратив бошқарув даражасини янада ошириш, уларни бошқариш усулларини такомиллаштириш ва кредит ташкилотлари акцияларининг инвесторлар томонидан сотиб олинишини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш;
банкларни инспекция қилишда асосий эътибор кредит ташкилотлари фаолиятидаги банк тизими барқарорлиги, кредит ташкилотлари омонатчилари ҳамда кредиторларининг қонуний манфаатларига хавф солувчи вазиятлар ва молиявий ҳолатидаги беқарорлик белгиларини аниқлашга, жумладан, қуйидагиларга жиддий эътибор қаратилади:
- кредит ташкилотлари томонидан кредит хатарини, унинг кредит ташкилотлари капитали ва умумий молиявий барқарорлигига таъсирини баҳолаш механизмларининг тўғри йўлга қўйилишини таъминлашга;
- кредит ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларида муддати ўтган қарздорлик ҳамда кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун етарли заҳира шакллантиришнинг ҳаққоний акс эттирилганлигини аниқлашга;
- кредит ташкилотларида қўлланилаётган ликвидлик ҳолатини ва ликвидликни йўқотиш хатарини баҳолаш услублари ҳамда ликвидликни бошқариш воситаларини таҳлил қилишга;
- банклар томонидан мижозларнинг ҳисобварақларига маблағларни ўтказиш ва кўчиришнинг ўз вақтида амалга оширилишини, айниқса, жалб этилган аҳоли омонатлари ва уларга ҳисобланган фоизларнинг шартномада белгиланган муддатларда қайтарилиши борасидаги қонунчилик талабларига банклар томонидан қатъий риоя этилишини таъминлашга;
- шубҳали операцияларни, жумладан, Марказий банк томонидан ўрнатилган капитал етарлилиги ва бошқа иқтисодий нормативлар кўрсаткичларини сохта бажариш мақсадида капитал миқдорини, ўтказиш лозим бўлмаган активлар ҳисобига оширишга қаратилган ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг схемаларини аниқлашга;
- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлашга;
- банклардаги ички аудит тизимини, банк томонидан амалга оширилаётган фаолиятнинг банкнинг ички сиёсати, бизнес-режаси ва қонунчиликка мослиги ҳамда хатарлилик даражаси борасидаги ҳаққоний маълумотлар, таҳлиллар ва тавсиялар билан банк Кенгашини тезкор таъминлаш борасидаги уларнинг вазифаларини бажариши ва берилган тавсияларнинг тўлиқ бажарилганлигини талабчан баҳолашга қаратилади.
Нобанк кредит ташкилотлари тизимини ривожлантириш борасида:
нобанк кредит ташкилотлари тармоғи инфратузилмасини ривожлантириш, республика ҳудудларида, айниқса, чекка минтақаларда нобанк кредит ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва бу орқали аҳолининг кенг қатламига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига микромолиявий хизматлар кўрсатилишини фаоллаштириш;
нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга доир амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳисобига нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини халқаро тажрибага мослаштириш чоралари кўрилади;
нобанк кредит ташкилотларида бошқарув тизимини такомиллаштириш, улар ўртасида рақобат муҳитини кучайтириш чораларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади;
микрокредит ташкилотлари ва кредит уюшмалари миллий ассоциациясининг институционал салоҳиятини оширишга доир ишлар амалга оширилади.