| O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI | ||
| ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ | ||
| ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН | ||
|
Юбилей тангалари
Банкнотлар ва тангалар
Фойдали манбалар
|
Янгиланган сана: 07.02.2012
Савол: Бюджет ташкилотида ишлайман. Яқинда бизга хизмат кўрсатувчи банк томонидан пластик карточкалар таклиф қилинди. Шу сабабдан менда иккита савол туғилди. Жавоб: Таъкидлаш жоизки, Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида, республикамизда ҳам жаҳон андозалари талабларига мос замонавий янги банк хизмат турларидан бири бўлган пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш тизими яратилди. Пластик карточкалар бу - замон талаби, шунинг учун ҳар бир тижорат банки ўз мижозларига жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий банк хизматларини кўрсатишга интилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 6 апрелдаги, «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2006 йил 3 августдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 24 сентябрдаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, республикада пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Тижорат банклари томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришни янада жадаллаштириш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимликлари, манфаатдор идоралар, компаниялар, уюшмалар билан биргаликда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2009 йил 1 сентябрь ҳолатига тижорат банклари томонидан жами 5 млн. 300 дан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилди ва улардан пластик карточка эгалари самарали фойдаланиши учун 36 минг 900 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатилди. Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизими йилдан йилга шиддат билан ривожланиб бораётганини, муомаладаги пластик карточкалар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган терминаллар сони кескин ўсиб боришидан ҳам англаш мумкин. Жумладан, ўтган йилнинг 1 сентябрига нисбатан тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 30 фоизга, ўрнатилган терминаллар сони эса 99 фоизга ошган. Шу билан бирга, ўтган йилнинг 1 сентябрига нисбатан банкомат ва терминаллар орқали амалга оширилган амалиётлар 3 бараварга кўпайди. Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан ҳозирги кундаги савдо ва хизмат кўрсатувчи объектларнинг терминалларга бўлган эҳтиёжларини босқичма-босқич жорий йил охиригача тўлиқ қондириш юзасидан керакли ишлар олиб борилмоқда. Ҳукумат томонидан пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2010 йилнинг 1 январигача тижорат банклари томонидан савдо ва хизмат кўрсатувчи объектларга ўрнатилган терминаллар сонини 60 мингтага етказиш пластик карточка эгаларига янада қулайликлар яратиш юзасидан барча зарурий чоралар белгилаб олинган. Бундан ташқари, пластик карточкалар ёрдамида тўловларни қабул қилувчи терминаллар билан таъминланиши керак бўлган чакана савдо ва пуллик хизматлар соҳаси объектлари рўйхатини кенгайтириш ва уларни босқичма-босқич тўлов терминаллари билан жиҳозлаш чоралари кўрилиши кўзда тутилмоқда. Иккинчи саволингизга жавоб бериш учун, пластик карточка ўзи нима, ундан фойдаланишнинг қандай қулай ва афзалликлари борлиги тўғрисида тўхталишга тўғри келади.. Пластик карточка харид қилинган товар ва кўрсатилган хизмат учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишнинг замонавий, ишончли ва қулай воситасидир. Яъни, банк сизга ҳисобварақ очган ҳолда пулингизни пластик карточкага туширади ва у орқали тўлов учун пул кўчириш амалиётини бажараверасиз. Пластик карточкалардан тўловларни қабул қилиш учун махсус ускуна (терминал) мавжуд бўлиб, у барча тижорат банклари кассаларида, шунингдек, банк билан шартнома тузган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўрнатилган. Пластик карточкалардаги маблағингизни банк кассалари ёки банкоматларда нақд пул кўринишида олишингиз ҳам мумкин. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, пластик карточканинг жуда кўп қулайликлари бор, хусусан: ҳисоб-китобларнинг тезкорлиги, яъни сизнинг навбатда туриб ёки касса олдида нақд пулингизни бир неча бор санашга сарф қиладиган вақтингизни тежайди, шунингдек ҳар қандай жойда ва исталган вақтда масофадан туриб тўловни амалга ошириш мумкин; банк карточка ҳисобварағида турган пулларингизга ҳисобланадиган фоиз кўринишида қўшимча даромад оласиз. Ҳозир тижорат банклари томонидан пластик карточкалардаги маблағларга энг камида йиллик 14 фоиз устама ҳақи тўланмоқда; пулни йўқотиб қўйиш, ўғирлатиш ёки уларни санашдаги хатолар билан боғлиқ хатарлар пластик карточка орқали амалга ошириладиган муомалада мавжуд эмас. Пластик карточкалар ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотни ўзида сақлаб қолади. Барча харидлар ва кўрсатилган хизматлар учун амалга оширилган тўловлар тўғрисидаги маълумотларни ёдда тутишга зарурат қолмайди. Чунки махсус ускуна ёрдамида пластик карточкадаги пулнинг ҳаракати тўғрисида бир неча сонияда маълумот олиш мумкин. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, пластик карточка, берилган ҳудуд ва тижорат банкидан қатъий назар, республикамизнинг барча ҳудудлари ва тижорат банкларида амал қилади, энг муҳими, ойлик иш ҳақини пластик карточкада олаётган фуқаро меҳнат таътилида ёки хизмат сафарида бўлса ҳам унга ўз вақтида иш ҳақини исталган тижорат банкида ўрнатилган касса терминаллари орқали олиш имкониятига эга бўлади. Агар эътибор қаратадиган бўлсак, пластик карточкалар нафақат товар харид қилаётган ёки кўрсатилган хизматга ҳақ тўлаётган фуқароларга, балки барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини соддалаштиради ва пировардида мамлакатда тўлов интизомини мустаҳкамлайди. Энди пластик карточкалардан фойдаланиш қоидалари тўғрисида қисқача тўхатилиб ўтсак. Биринчи навбатда пластик карточка эгасининг ҳисобига келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш учун авваламбор уларни банк карточкасига ўтказиш («загрузка» қилиш) керак бўлади. Бунинг учун пластик карточка эгалари банк ходимларига мурожаат қилишлари ёки ўзлари мустақил равишда банкоматдан фойдаланган ҳолда банк карточкасига ўтказишлари мумкин. Пластик карточка эгалари мазкур пластик карточкалардаги маблағлардан: тижорат банки ва унинг филиаллари (мини-банк, касса)дан ёки банкоматлардан нақд пул маблағларини олишлари учун; савдо ва хизмат кўрсатиш обьектларида харид қилинган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлашда ёки пластик карточкани жамғарма сифатида ўз маблағларини кўпайтириш воситаси сифатида фойдаланишлари мумкин. 1-ҳолатда, карточка эгалари ҳисобидан пул маблағларини ечиш операцияси, банк кассаларида кассир-терминали ёрдамида ёки банкомат орқали бажарилиши мумкин. Пластик карточка эгаси ҳисобидан пул маблағларини ечиш банк кассасида қуйидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини назарда тутади: карточка эгаси банк ходимига пластик карточкани тақдим этиб, ўзи учун зарур бўлган суммани айтади; даставвал банк ходими пластик карточканинг ташқи кўринишини, унинг рақамини, амал қилиш муддатини, эгасининг исми ва шарифини, имзоси мавжудлигини текширади; банк ходими кассир терминали ёрдамида мижоз пластик карточкасидан зарур бўлган электрон пулларни ечиш операциясини амалга оширади (бунда пластик карточка эгаси мустақил равишда кассир терминалнинг PIN-клавиатурасида пул маблағларини ечиш учун ўзининг махфий кодини киритади), сўнгра мижозга кассир терминалидан олинган, ўтказилган операциянинг тўғрилигини тасдиқловчи қоғоз чекни ва зарур нақд пул маблағларини беради. Банкоматлардан фойдаланган ҳолда нақд пул олинишида эса қуйидаги амалиётлар бажарилади. Авваломбор, пластик карточка эгаси пластик карточкасини банкоматнинг ахборотларни ўқийдиган қурилмасига киритади. Шундан сўнг банкомат мониторида операциялар менюси пайдо бўлади ва унда карточка эгасига қуйидаги операциялардан бирини танлаш таклиф этилади: Пластик карточка эгаси «Нақд пул бериш» операциясини танлайди ва банкоматнинг тегишли функционал клавишасини босади. Пластик карточка эгаси «Нақд пул бериш» операциясини танлаганидан сўнг, у асосий менюда кўрсатилган суммани ёки мижоз клавиатураси ёрдамида керакли суммани киритиш мумкин, шундан сўнг банкомат карточка эгасидан карточкадан пул маблағларини ечиш учун махфий паролини сўрайди. Карточка эгаси мижоз клавиатураси ёрдамида махфий паролни киритганидан сўнг, карточка эгаси томонидан киритилган махфий парол билан карточкада сақланаётган паролни таққослаш амалга оширилади. Пластик карточка эгаси томонидан парол тўғри киритилганидан сўнг, банкомат нақд пул ҳамда бажарилган молиявий операция тўғрисида чек беради ва карточкани эгасига қайтаради. Шу билан банкомат орқали нақд пул ечиш амалиёти тугатилади. 2-ҳолатда, савдо ва хизмат кўрсатиш обьектларида харид қилинган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар учун пластик карточка орқали ҳақ тўлашда масъул ходим (сотувчи) терминал ёрдамида пластик карточкадан олиниши зарур бўлган пулларни ечиш операциясини амалга оширади (бунда пластик карточка эгаси мустақил равишда кассир терминалнинг PIN-клавиатурасида пул маблағларини ечиш учун ўзининг махфий кодини киритади), сўнгра пластик карточка эгасига терминалдан олинган операциянинг тўғрилигини тасдиқловчи қоғоз чеки берилади. Савол: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг қарорларига асосан 2009 йил 6 августдан бошлаб, мамлакатимиздаги барча савдо объектлари пластик карточкалар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун терминалларга эга бўлиши мажбур. Бу ерда савдо объектларига қайсилар киради? Ушбу ҳолатдан истисно бўлган савдо-сотиқ жойлари ҳам борми? А.Ҳ. Ибрагимов, тадбиркор, Тошкент шаҳри Жавоб: Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда «Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низом ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида 2009 йил 27 июлда 1986-сон билан давлат рўйхатига олинди. Мазкур Низом жорий йилнинг 6 августидан кучга кирди. Мазкур Низомга мувофиқ, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари - мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъий назар, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишга мўлжалланган (мослаштирилган) жой ёки иншоот. Низом талабларига кўра қуйидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим: авиация ва темирйўл патталарини сотиш кассалари; уй-жой коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар ҳузурида очилган аҳолидан тўловларни қабул қилиш шахобчалари; телефон, шу жумладан уяли алоқа телефонлари хизматлари учун тўловларни қабул қилиш шахобчалари; аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қабул қилиш шохобчалари; автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари; савдо зали майдони 150 квадрат метрдан ортиқ бўлган турғун савдо шохобчалари; ресторанлар; иш ҳақи тўлаш пластик карточкалардан фойдаланиб амалга ошириладиган корхоналар ва муассасалардаги умумий овқатланиш объектлари; меҳмонхоналар; алоқа бўлимлари. Мазкур савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини таъминлашлари шарт. Савол: Терминаллар ўрнатилган супермаркетлар ва бошқа дўконларда баъзи маҳсулотларнинг нархи бошқа жойлардагидан кўра сезиларли даражада баланд. Бундай товарларни (айниқса, деҳқончилик маҳсулотлари) бозордан нақд пулга харид қилиш анча арзон. Терминаллар бозорларга ҳам ўрнатилиши мумкинми? Бу борада қандай муаммо ва қийинчиликлар мавжуд? И.Сотиболдиев, Қўқон шаҳри Жавоб: Шу ўринда бир нарсага урғу бериб ўтиш лозим, пластик карточка асосида нақд пулсиз-ҳисоб китобларни амалга оширилишида ҳеч бир фуқарони ўзлари истаган савдо объектларидан харид қилиш эркинликлари чегаралаб қўйилмайди. Ҳар бир пластик карточка эгаси ўз эҳтиёжини қондириш учун ўзи истаган савдо объектларидан хоҳлаган товарларни сотиб олиши мумкин. Агар мазкур савдо объектларида терминаллар ўрнатилмаган бўлса, пластик карточкадаги маблағларни пластик карточка эгалари банк кассаларидаги терминаллар ёки банкоматлардан нақд пул олиш орқали харид қилишлари мумкин. Бундан ташқари, ҳозирги кунда пластик карточка эгаларига қулайликлар яратиш мақсадида, тижорат банклари томонидан деҳқон бозорларида ташкил этилаётган ярмаркаларда терминаллар ўрнатилган бўлиб, мазкур терминаллар орқали мева ҳамда сабзоват маҳсулотларини харид қилиниши ташкил этилган. Савол: Айтингчи, пластик карточкалардан тўланаётгани боис сотувчи товарга устама фоиз қўйиши мумкинми? Бундай ҳолатлар бугунги кунда учраб турибди. Б.Шермухамедов, Тошкент шаҳри. Жавоб: Устама ҳақ ўрнатишга ҳақи йўқ, албатта. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан Давлат солиқ қўмитаси томонидан биргаликда ишлаб чиқилган «Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига кўра, банк пластик карточкалари орқали тўловлар амалга оширилганда товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари асоссиз равишда оширилишига йўл қўйилмайди. Хаттоки бундай салбий ҳолатлар, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»га мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексларига асосан, жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Агар пластик карточкадан фойдаланувчилар нархни сунъий равишда ошириш ёки пластик карточкани қабул қилишдан бош тортиш ҳолатларига дуч келса, бевосита Давлат солиқ қўмитаси ва Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг жойлардаги бўлинмаларига ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин. Савол: Мен яқиндан бошлаб пластикдан фойдалана бошладим. Шу орада менда иккита савол пайдо бўлди. Биринчиси, пластик карточкадан маблағни ечаётганда банклар пулнинг қанча фоизини олиб қолишга ҳақли? Шу ўринда қайси банкнинг бу ставкалари қанчадан белгиланганини билмоқчиман. Жавоб: Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида, ягона тарифлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда барча тижорат банклари мазкур ягона тарифлар бўйича пластик карточкалар асосида ҳисоб-китобларни амалга оширмоқда. Хусусан, мазкур ягона тарифларга кўра, пластик карточка эгалари хизмат кўрсатувчи банк кассаларидан иш ҳақи лойиҳаси бўйича нақд пул олиш амалиётларини амалга оширганларида хизмат ҳақи олинмайди. Пластик карточкага қонунчиликда белгиланган тартибда турли мақсадларда, масалан, ижара ҳақи, автомобиль ёки бино сотишдан нақд пулсиз шаклда келиб тушган маблағларни банк кассаларидан нақд пул шаклида олинаётганда шартнома шартларига мувофиқ, лекин олинган маблағнинг 0,5 фоизидан ошмаган миқдорида хизмат ҳақи олиниши мумкин. Иккинчи саволингизга, албатта мумкин, деб жавоб берамиз. Пластик карточка қайси тижорат банки томонидан эмиссия қилинганидан қатьий назар, улар орқали тўловлар республиканинг барча ҳудудларида исталган терминалларда қабул қилинади. Бу дегани, сиз бир банкнинг пластик карточкасига эга бўлиб, бошқа тижорат банки томонидан ўрнатилган терминал орқали бемалол тўловларни ёки банкоматдан нақд пул олиш амалиётларини амалга оширишингиз мумкин ёки аксинча. Савол: Ойлик маош ҳақидан пластикка туширилган ва бошқа йўллар орқали пластикка туширилган нақд пулсиз тўловлар ўртасида имтиёзлар, фоизлар борасидан фарқ мавжудми? Б.Муродалиев, Андижон вилояти Жавоб: Бор, иш ҳақи лойиҳалари асосида пластик карточкалар орқали бажариладиган амалиётлар бўйича банклар томонидан хизмат ҳақлари олинмайди. Нақд пулсиз шаклда келган маблағларни банк кассаларидан нақд пулда олишда шартнома шартларидан келиб чиқиб, банклар томонидан олинаётган маблағнинг 0,5 фоизигача миқдорида хизмат ҳақлари ундирилиши мумкин. Савол: Мен Тошкент шаҳрида яшайман. Жамоат транспортидан фойдаланаман. Ҳозирги пайтда барча метростанция бекатлари терминаллар билан тўлиқ таъминланмаган. Бошқа транспорт воситаларида ҳам терминаллар қўйиш режалари борми? А.Акбаров, хизматчи Жавоб: Бутун мамлакатда бирйўла ҳаммани пластик карточкадан фойдаланишга ўргатиш ва ҳамма жойда терминал қўйиш учун катта машаққат ва жуда кўп миқдорда маблағ талаб этилади. Шу сабабли пластик карточкалар тизимини ривожлантириш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини таъминлашлари шарт. Тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари ўн кун муддат ичида тўлов терминалларини соз ҳолатга келтириш чораларини кўришлари лозим. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 6 апрелдаги, «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2006 йил 3 августдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, республикада пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Ҳукумат томонидан пластик карточкалар бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон банклари Ассоциацияси, тижорат банклари ҳамда Марказий банк зиммаларига юклатилган. Савол: Савдо объектларида пластик карточкалар қабул қилинмаса уларга нисбатан қандай жазо қўлланилади? Х.Ҳакимов, тадбиркор, Сирдарё вилояти. Жавоб: Саволингиз ўринли. Ҳа, айрим савдо, умумий овқатланиш ва пуллик хизмат кўрсатиш корхоналарида тижорат банклари томонидан хорижий валюта маблағлари эвазига олиб келинган терминалларни атайлаб ишлатмаслик ҳолатлари учраб турибди. Шу билан бирга, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари томонидан турли важлар билан ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишдан бош тортиш, товар ва хизматлар пластик карточкалар орқали алоҳида, нақд пулда алоҳида нархда сотиш ҳолатлари маълум бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан Давлат солиқ қўмитаси биргаликда ишлаб чиққан «Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминалларининг мавжудлиги ва улардан мажбурий равишда фойдаланиш устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади. Низом талабларига кўра, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг сотувчи-ходимлари томонидан тўлов терминалларидан фойдаланишни билмаслик сабаби билан банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилмаслик ҳолати савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сотувчи-ходимлари (масъул шахслар) томонидан тўлов терминалининг носозлиги баҳона қилиниб, банк пластик карточкалари орқали тўловлар қабул қилинмаса, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, пластик карточкада хизмат кўрсатиш тадбиркорлик субъектлари учун фойдалидир. Бу борада Ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар белгиланган. Хусусан, Президентимизнинг "Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2006 йил 3 августдаги қарорига асосан хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарига пластик карточкалар қўлланиб тўланган ҳажмдан амалдаги ставкага нисбатан 10 фоиз пасайтирилган ставка бўйича даромад (фойда) солиғи тўлайдилар. Савол: Банклар томонидан ойлик маоши ёки нафақаларни 100 фоиз пластик карточкага ўтказилиши қонунийми? С.Пўлатов, Самарқанд вилояти Жавоб: Ўзбекистон Республикасинин Фуқаролик кодекси 773-моддасига асосан мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этади. Банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга ҳамда унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмас. Мижознинг банкдаги ҳисобварақда турган пул маблағлари Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул шаклида олиниши мумкин. Шунинг учун, фуқаролар ўзларининг ихтиёрий аризаларига кўра қонуний даромадларини бир қисмини ёки тўлиқлигича миллий валютадаги пластик карточкаларга ўтказиши мумкин. Бунда, тижорат банклари томонидан пластик карточкаларни фойдаланишга берилиши банклар ҳамда унинг мижозлари ўртасида ёзма шаклда тузилган шартномага асосан амалга оширилади. Савол: Пластик карточка йўқотилганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда уни янгисига алмаштириб бериш учун карточка эгасидан пул талаб қилиниши тўғрими? Жаримани аниқ миқдори белгиланганми? К.Пўлатова, Тошкент шаҳри Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги ПҚ-1325-сонли Қарорининг 6-бандига асосан Марказий банк Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан биргаликда тижорат банкларининг сўмли банк пластик карточкалари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ягона тарифлар ишлаб чиқиши ҳамда уларга риоя қилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, 2011 йилнинг 5 декабрида Марказий банк Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан биргаликда "Банклараро тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда миллий валютада эмиссия қилинган пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган тарифлар Режаси” ишлаб чиқилган (Марказий банкнинг cbu.uz сайтида ушбу маълумотлар жойлаштирилган). Ушбу тарифлар Режасининг 2.1-бандига асосан йўқотилган ёки шикастланган пластик карточкаларини қайтадан эмиссия қилишда, яъни янги пластик карточкага алмаштириб бериш жараёнида жисмоний шахслардан Марказий банкнинг курси бўйича 5 евро (2012 йилнинг 25 январь ҳолатига 11584 сўм 82 тийин) миқдорида хизмат ҳақи ундирилади. Савол: Виза карточкаларининг банкларнинг бошқа пластик карточкаларидан нима фарқи бор? Улар билан боғлиқ қандайдир чекловлар мавжудми? Виза карточкалари ҳалқаро кучга эгами? М.Олимов, Сирдарё вилоятидан Жавоб: VISA - пластик карточкалар бошқа пластик карточкаларидан On-line режимида ишлаши билан фарқланади. Пластик карточка ҳисоб рақамидаги қолдиқ маблағларни ҳамда савдо пуллик хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилган тўловларнинг ҳаракатини назорат қилиб туриш имконияти мавжуд. DUET – тизимида эса банк пластик карточкалари электрон хамён вазифасини бажариб, мижоз ўз ҳисобрақамидаги маблағларини терминал, банкомат ёки инфокиоскалар ёрдамида пластик карточкага кўчириб олади. Ушбу тизимда ишловчи пластик карточкалардаги маблағларни бегона шахслар томонидан сохталаштириш ва рухсатсиз фойдаланишига йўл қўймайди. Шунингдек, VISA пластик карточкалари (Ўзсаноатқурилишбанкнинг “сўм”ли карталаридан ташқари) халқаро кўламда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, ундаги маблағлар харакати хорижий валютада амалга оширилади. Савол: Коммунал тўловларни тўлаб келиш учун пластик карточкамни ўғлимга бергандим. Аммо жамғарма кассаси ходими пластик ўғлимга тегишли бўлмагани учун тўловни амалга оширмабди. Менинг пластик карточкамдан оила аъзоларим фойдаланиши мумкин эмасми? Пластик карточка қандай ҳолатда, нега “блокировка”га тушиб қолади? Д.Шарипов, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2011 йил 25 июндаги 19/2-сонли Қарори билан “Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги Низом”га ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 13 июлда 1344-2-сон билан давлат рўйхатига олинди (2011 йилинг 23 июлидан кучга кирган). Ушбу ўзгаришга асосан барча савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида пластик карточка эгаларидан ташқари уларнинг розилигига кўра бошқа шахслар (оила аъзолари, дўстлари ва бошқалар) ҳам фойдаланишлари мумкин. Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан банк муассасаларида, шу жумладан минибанк ва барча турдаги кассаларда банк пластик карточкалари билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда пластик карточка эгасининг шахсни тасдиқловчи ҳужжати талаб қилинади ёки бошқа шахслар томонидан пластик карточка эгасининг ёзма ишончномаси асосида ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Банк пластик карточкаси билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнида “Пин-код”ни 3 марта нотўғри терган ҳолларда пластик карточка автоматик тарзда блокировка ҳолатига тушади. “Пин-код” бу банк картаси эгасининг шахсий идентификацион рақами ҳисобланиб, пластик карточка йўқотилганда ёки карточка эгасининг рухсатисиз бошқа шахслар томонидан тўловларни амалга оширилганда маблағлар хавфсизлигини таъминлаш, пластик карточка орқали фирибгарлик ҳамда ўғирликларни олдини олиш мақсадида ўрнатилади. Савол: Мамлакатимизда пластик карточка тизимига тўлиқ ўтиш жараёни қачонга мўлжалланган? Н.Юсупова, Бухоро вилояти Жавоб: Республикамизда банк пластик карточкалари билан ҳисоб-китоблар ҳажмларини, терминал, банкомат ва инфокиосклар тармоғини кенгайтириш, умуман олганда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш борасида мутасадди ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳадаги ютуқларимиздан бири, маҳаллий шароитда тўлов терминаллари, пластик карточкаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳам олиб борилаётган ишларимизни янада жадаллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда, қарийб 8 млн. 300 минг донадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, улар орқали тўловларни қабул қилиш мақсадида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектларига 100 минг тадан ортиқ тўлов терминаллари ўрнатилган. Платик карточкаларни муомалага чиқариш, тўлов терминаллари ва улар билан ҳисоб-китоблар тизимини кенгайиши, бу – даромад олувчилар (пластик карточкалардан фойдаланувчилар) сонининг ортиб бориши ҳамда янги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ташкил этилиши натижасида уларнинг талабига кўра босқичма-босқич ўзгариб боради. Банкларнинг олдига қўйилган асосий вазифа эса, пластик карточка эгаларига янада қулайликлар яратиш ҳамда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш корхоналарини тўлов терминаллари билан таъминлаш ва уларга самарали банк хизматларини кўрсатиш ҳисобланади. |