O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ибора тўлиқ ҳолда
 
Юбилей тангалари

Банкнотлар ва тангалар

Фойдали манбалар

Бош саҳифа > Марказий банк тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар > Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси >

Янгиланган сана: 05.04.2010

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

"ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАР ХАРИД ҚИЛИШ, САҚЛАШ ВА СОТИШ ТИЗИМИНИ  ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА " 2003 йил 31 октябрдаги ПФ-3346-сонли

"Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ ҳамда қимматбаҳо металлар харид қилиш, сақлаш ва экспорт қилиш жараёнини бошқариш тизими самарадорлигини ошириш ва ортиқча бўғинларни қисқартириш мақсадида:

1. 2004 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қўмитасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги этиб қайта ташкил қилиш, Давлат асллик даражасини белгилаш палатасини унинг ихтиёрида сақлаб қолиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Қимматбаҳо металлар агентлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сотиб олинадиган ва сотиладиган қимматбаҳо металларни харид қилиш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва ортиб жўнатиш борасидаги ишларни бажариш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки заҳиралари таркибидаги қимматбаҳо металлар, шунингдек сақланаётган бошқа бойликлар ҳисоби юритилиши ҳамда сақланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

республика ҳудудида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш, ҳисобини юритиш ва сақлашни ташкил этиш устидан назоратни уюштиришда иштирок этиш;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, таркибида шундай металл ва тошлар бўлган буюмлар, уларнинг парчалари ва чиқитларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ҳамда сотишни ташкил қилиш масалалари бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни келишиб олиш;

Ўзбекистон Республикасида асллик даражаси назоратини ташкил этиш ва тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Қимматбаҳо металлар агентлиги ҳамда Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асллик даражасини белгилаш палатаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муассасалари мақомига эгадирлар;

Агентлик ва Давлат асллик даражасини белгилаш палатасининг фаолиятини молиялаш Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

Қимматбаҳо металлар агентлиги бош директори лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг ўринбосари ҳисобланади ва белгиланган тартибда тайинланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қўмитасида сақланаётган бойликларни 2004 йилнинг 1 январи ҳолати бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда хатловдан ўтказиб, қабул қилиш ва топшириш ишларини амалга оширсинлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ҳисоб палатаси олтин-валюта заҳираларининг энг мақбул таркибига эришиш ҳамда таваккалчиликларини бошқариш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда республиканиг қимматбаҳо металларидан самарали фойдаланишни таъминласинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий банк ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

Маҳфий.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў.Т.Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Ф.М.Муллажонов зиммаларига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                           И.Каримов