ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

"Республика банк тизими бошқаруви тузилмасини ва унинг амалий фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида1994 йил 3 май, 234-сон

Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида банк тизими фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 1994 йил 18 мартдаги 146-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳузурида, зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклатилган ҳолда, иловага* мувофиқ таркибда пул-кредит сиёсати бўйича комиссия ташкил этилсин:

* Илова берилмайди.

пул-кредит муомаласининг асосий параметрлари бажарилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатилишини таъминлаш;

устувор тармоқларнинг мақсадли кредитларга эҳтиёжлари бўйича Марказий банкнинг қайта бериладиган маблағларининг йилнинг ҳар чораги бўйича чегараланган миқдорларини ишлаб чиқиш;

иқтисодиётнинг устувор соҳалари бўйича Марказий банкнинг қайта бериладиган маблағлари доирасида ажратилган мақсадли кредитларни тақсимлаш юзасидан республика Ҳукуматига таклифлар киритиш.

Олдинги таҳрирга қаранг.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 март 104-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган)

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин ва уларга қуйидаги функциялар юклатилсин:

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорига мувофиқ бериладиган мақсадли кредитларини жойларда тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ва улар ўз вақтида қайтарилиши устидан назоратни таъминлаш;

тижорат банкларининг ва уларнинг жойлардаги минтақавий филиалларининг мажбурий захираларини бошқариб бориш;

тижорат банклари филиалларининг жорий фаолиятини назорат қилиш.

4. Республика акционерлик-тижорат банклари муассисларига банкларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига «минтақавий филиал» мақоми бериш ҳамда уларни қуйидаги муддатларда босқичма-босқич тўла хўжалик ҳисобига ўтказиш тавсия қилинсин:

«Ўзсаноатқурилишбанк» тизимини — 1995 йил 1 январгача;

«Ўздеҳқончиликсаноатбанк», «Ўзтадбиркорбанк» тизимларини — 1995 йил 1 июлгача.

5. «Ўзжамғармабанк»:

молиявий барқарор бўлинмаларга бошқа тижорат банклари билан бир қаторда фаол кредит фаолияти билан шуғулланишга эксперимент тариқасида рухсат берсин;

кредит ресурслари бозори конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда вилоятлардаги филиалларга жалб этилган маблағларни тижорат банкларига ва уларнинг жойлардаги филиалларига қуйишига рухсат берсин;

1994 йил 1 октябргача ўзига қарашли муассасаларда ҳисоб ва ҳисоботни банк тизимининг бирхиллаштирилган ҳисоби ва ҳисоботига ўтказсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

ишлаб турган ва янгидан ташкил этилган тижорат банклари ўз фаолиятини мувофиқлаштириш учун республика даражасида иттифоқлар ва уюшмалар ташкил этиш ҳуқуқига эгадирлар;

кредит ресурслари, депозитлар ва қийматли қоғозларнинг банклараро бозорини ривожлантириш мақсадида тижорат банклари акционерлик асосида кредит ресурслари ва қийматли қоғозлар биржалари (Банк уйлари), клиринг марказлари барпо этишлари мумкин.

7. Белгилаб қўйилсинки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги бирлашмалари ва фирмаларининг, унинг вилоятлардаги бўлинмаларининг, шунингдек, давлат экспорт-импорт операцияларини таъминловчи бошқа тузилмаларнинг тўлов-ҳисоб-китоб операцияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида ва унинг республика вилоятларидаги филиалларида хизмат кўрсатилади.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. С. Ҳамидов ва Марказий банк Бошқарувининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси
 И. КАРИМОВ

Тошкент ш.