O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ibora to'liq holda
 
Yubiley tangalari

Banknotlar va tangalar

Foydali manbalar

Bosh sahifa > Bank tizimiga oid qonun hujjatlari > Vazirlar Mahkamasi qarorlari >

Yangilangan sana: 15.04.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

"Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида 2003 йил 13 ноябрь, 506-сон

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда амалдаги идоравий норматив ҳужжатларни ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Ў. СУЛТОНОВ

Тошкент ш.

Вазирлар Маҳкамасининг
2003 йил 13 ноябрдаги
506-сон қарорига
ИЛОВА

Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ

1. Ушбу Низом қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Юридик шахслар — матбаа корхоналари ёки матбаа ишлаб чиқаришига эга бўлган корхоналар лицензия талабгорлари бўлиши мумкин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

4. Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.

(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)

5. Қуйидагилар қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

лицензиат томонидан қимматбаҳо қоғозлар бланкалари ишлаб чиқариш бўйича қонун ҳужжатларига мажбурий риоя этиш;

шунингдек қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши:

қимматбаҳо қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришнинг тугалланган цикли;

қимматбаҳо қоғозлар бланкалари тайёрлаш, шу жумладан намуналар тайёрлаш, босиш шакллари, уларга тартиб рақами қўйиш ва ишлов беришнинг махсус технологик жараёни;

қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини қалбакилаштиришдан юқори даражада ҳимояланганлигини амалга ошириш имкониятини таъминловчи махсус асбоб-ускуналар ва технологиялар;

матбаа асбоб-ускуналарида ишлаш бўйича махсус билим ва тажрибага эга бўлган камида иккита мутахассиснинг бўлиши;

қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлаш бўйича асосий талабларга, шунингдек лицензия талабгорига қўйиладиган режим талабларига мувофиқ бўлган ҳисобга олиш ва сақлаш тизими (1 ва 2-иловалар);

қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг техник параметрларига қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминловчи шарт-шароитлар (3-илова).

6. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Олдинги таҳрирга қаранг.

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

лицензия талабгори аризасини лицензияловчи орган кўриб чиққани учун йиғимнинг лицензия талабгори томонидан тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

матбаа корхонасининг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

матбаа корхонасининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида ҳудудий ички ишлар органларининг маълумотномаси;

лицензия талабгорида касб бўйича махсус тайёргарликка эга бўлган ходимларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

лицензия талабгорида, ўзининг ёки бошқа қонуний асосда, лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун (ишлаб чиқариш, омборхона, ёрдамчи ва бошқалар) бинолари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

лицензияланаётган фаолият амалга ошириладиган асбоб-ускуналар тўғрисидаги маълумотлар;

ҳудудий ички ишлар органларининг лицензия талабгорининг ишлаб чиқариш биноларидаги бойликларни сақлаш режимининг аҳволи тўғрисидаги хулосаси.

Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

7. Лицензия талабгорининг аризасини лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

8. Лицензияловчи орган тегишли хулосаларни тайёрлаш учун зарурат бўлганда шартномавий асосда экспертларни жалб этишга ҳақлидир.

9. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур орган томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма равишда хабардор қилишга мажбур.

Лицензиялар лицензия талабгори давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин берилади.

10. Лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилиши учун лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензия талабгорига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

томонларнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бузганлик учун жавобгарлиги;

лицензия талабгорининг лицензия битими талаблари ва шартларини бажаришини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади.

11. Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач у лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугагунгача икки ойдан кечикмай берилиши керак. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

12. Лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

13. Лицензияловчи орган қимматбаҳо қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришга лицензиялар реестрини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси.

Лицензиялар реестридан маълумотлар тақдим этганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади.

Лицензияловчи орган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига лицензиялар реестридан маълумотларни бепул тақдим этишга мажбур.

Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари
ишлаб чиқаришни лицензиялаш
тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлаш бўйича асосий талаблар

1. Матбаа корхоналарида қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг сақланишини таъминлаш мақсадида қоғозлар, ярим тайёр маҳсулотлар, матбаа ва шакл буюмларини тайёрлаш, қабул қилиш, сақлаш, ишлов бериш, топшириш, бериш, транспортда ташишнинг ягона тартиби амалга оширилади.

2. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, қимматбаҳо қоғозларнинг тайёр матбаа ва шаклли буюмларини тезкорлик билан ҳисобга олишнинг ташкил этилиши, ишлаб чиқаришнинг барча участкаларида ва уларни сақлаш жойларида ушбу ҳисобга олиш ишлари учун бош бухгалтер жавоб беради.

3. Бухгалтерия цехларда, омборхоналарда, сақлаш жойларида тайёрланаётган буюмларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳисобга олиб борилишини ҳар куни назорат қилиб боради.

4. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, тайёр матбаа ва шаклли буюмлари ҳисобга олиб бориладиган барча дафтарлар, карточкалар рақамланади, ип ўтказиб боғланади, пломбаланади, бош бухгалтер (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади ва махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилгандан кейин тилхат билан берилади.

5. Қоғозлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришга бериш ҳамда ишлаб чиқарилгандан кейин қабул қилиб олиш фақат бажарувчининг назорати остида биттадан қайта санаб амалга оширилади ва ҳисобга олиш дафтарида тилхат бўйича расмийлаштирилади.

6. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, буюмларини маҳсулотнинг сақланиши учун жавобгар бўлган бажарувчининг алмашиниши билан боғлиқ ҳолда цех ичида битта операциядан иккинчи операцияга (ёки цехдан цехга) бериш фақат тегишли омборчилар орқали расмийлаштирилади.

7. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари буюмларини тайёрлаш, қабул қилиб олиш, сақлаш ва бериш билан боғлиқ бўлган моддий жавобгар шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий жавобгарлик тўғрисида мажбурий шартнома тузган ҳолда лицензиат раҳбарининг буйруғи билан тайинланади.

8. Ярим тайёр маҳсулотлар ва буюмлар сақлаш учун махсус жиҳозланган омборхоналарда, сақлаш жойларида, стеллажларда уларнинг ўғирланишдан, йўқотишдан ва яроқсизланишдан тўлиқ сақланишини таъминлайдиган шароитларга риоя этилган ҳолда сақланиши керак. Шу билан бирга, қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг ярим тайёр маҳсулотлари ва буюмларини стеллажларда сақлаш ёпиқ контейнерларда ёки ёпиқ сеткаларда ва ушбу қоғозларнинг ўғирланишига йўл қўймайдиган бошқа усулларда амалга оширилади.

Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларининг бошқа буюмлар билан биргаликда бир-биридан тўсилмаган битта омборхонада, шкафда сақланиши тақиқланади.

9. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари қоғозлари, чала тайёр маҳсулотлари ва буюмлари тушлик танаффуслар вақтида ҳамда иш сменаси тугагач санаган ҳолда, омборчининг. Ҳисоблаш дафтаридаги тилхати бўйича омборхонага сақлаш учун топширилади.

Тушлик танаффуслар вақтида қимматбаҳо қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари ва буюмларини иш жойларида қолдиришга фақат:

жамоанинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномасини имзолаган бригада ходимларидан бирортаси қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини кузатиб туриш учун иш жойида қолган;

бажарувчилар айнан бир вақтда чиқиб кетадиган ва кейинчалик бир айнан вақтда кириб келадиган шароитда буюмлар маҳкам беркитилган участкаларда қолдирилганда, бунда участка қулфланадиган ва пломбаланадиган ҳолларда йўл қўйилади.

10. Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари буюмларининг камайиб қолганлиги аниқланганда далолатнома тузилади, у тегишли чора-тадбирлар кўриш учун лицензиат раҳбарига берилади ва етишмаётган буюмларни қидириб топиш чора-тадбирлари кўрилади.

11. Лицензиат бажарилган ҳар қайси буюртмадан биттадан архив нусхаси қолдириши керак, унга «тўланган» ёзувли штамп қўйиши ва уни махфий ҳужжат сифатида сақлаши лозим. Ҳар бир архив нусхасига инвентар тартиб рақами берилади. Архив нусхасини сақлаш муддати: депозит сертификатлар учун - 4 йил, векселлар учун – 3 йил, акция ва облигациялар учун – 50 йил, давлат мажбуриятлари учун – уларни тўлаш муддатигача. Лицензиат – тайёрловчининг фаолияти тўхтатилган тақдирда архив нусхаси далолатнома бўйича буюртмачига (эмитентга) берилади.

Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари
ишлаб чиқаришни лицензиялаш
тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Лицензия талабгорига қўйиладиган режим талаблари

1. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш биноларига ва хўжалик ҳовлилари ҳудудига кириш қўриқлаш пости орқали, рухсатномалар бўйича ёки ташкилот раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади.

2. Ишлаётган ёки асбоб-ускуналар, нусха кўпайтириш техникаси, шрифтлар, матрицалар мавжуд бўлган қурилаётган матбаа ташкилотлари ҳудуди ўралади ва қўриқланади.

Матбаа ташкилотларининг, нусха кўпайтириш участкаларининг бинолари қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш бўйича огоҳлантириш воситалари билан жиҳозланади, уларнинг дераза ва эшикларига (қўриқлаш), шипларига (ёнғиндан сақлаш) датчиклар сигналлар қўриқлаш постига ёки ички ишлар органларининг марказлаштирилган қўриқлаш пультига етадиган қилиб ўрнатилади.

3. Биринчи қаватдаги деразаларга ичкаридан очиладиган, табақали (сурилма) панжаралар ўрнатилади. Ёнғиндан сақлаш нарвонлари, соявонлар ёки туташ бинолар томлари мавжуд бўлганда панжаралар улар яқинидаги деразаларга ўрнатилади (дераза панжаралари диаметри камида 12 мм бўлган пўлат симлардан ясалади, улар кўпи билан 150х150 мм катакли қилиб ҳар қайси бостирмага маҳкамланади.

4. Алоҳида ҳолларда «шаклли» панжаралар тайёрлашга йўл қўйилади, лекин бу ҳолда улар ишлаб чиқариш биноларига киришга мутлақо имкон бермайдиган бўлиши керак.

5. Матбаа ташкилотларининг кириш эшиклари, шунингдек ҳарф териш, босма цехлари эшиклари (камида 40 мм қалинликдаги) бир хил тахталардан ясалган, мустаҳкам ва ишончли тамбалар (камида иккита ички қулфлар) ёки шифрли қулфлар ўрнатилган, икки томони четлари эшиклар ёнига қайириб қўйилган рухланган, асбестли тунукалар билан қопланган бўлиши керак. Эшикларга бегона кишиларнинг киришини тақиқловчи трафаретлар ўрнатилади.

6. Ҳарф териш, босма цехлари (участкалари), шунингдек нашр қилишга (кўпайтиришга) буюртмалар қабул қилиш ва тайёр материалларни бериш бўйича иш жойлари оловга чидамлилиги 2-даражадан паст бўлмаган, бошқа ёрдамчи ва хизмат биноларидан тўсилган, ёнғиндан сақлаш деворлари ва уларга киришга йўл қўймайдиган бостирмалар билан бўлинган биноларда жойлаштирилиши керак.

7. Иш тугагач бинолар қулфланади, пломбаланади (муҳрланади), уларнинг калитлари эса махсус дафтарда сана ва вақт кўрсатилган ҳолда имзо қўйдирилиб қўриқлаш учун масъул бўлган шахсга берилади. Калитларни беришда вақт кўрсатилади, уларни олувчи ўз фамилиясини ёзиб имзо қўяди.

8. Матбаа ташкилоти маъмуриятининг ва таҳририятнинг, таҳририят-нашриёт бўлимининг бинолари ишлаб чиқариш ва омборхона биноларидан ажратилган бўлиши керак.

9. Маъмуриятга, таҳририятга ва таҳририят-нашриёт бўлимига келувчиларнинг ишлаб чиқариш ва омборхона бинолари орқали ўтишига йўл қўйилмайди.

10. Шакллар ясаш, ҳарф териш, шрифтлар қуйиш ва босма цехлари (участкалари) ишлаб чиқариш биноларида цех (участка) бошлиғи ёки ташкилот раҳбари тайинлаган масъул шахс бўлмаган вақтда айрим ходимларнинг ишлашига йўл қўйилмайди.

11. Янги очилган ва ишлаётган матбаа ташкилотлари ҳудудида уй-жойларни ва ушбу ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган ҳар хил хизматларни жойлаштиришга, шунингдек матбаа ташкилоти ҳудудида ташкилот раҳбарининг махсус рухсатисиз бошқа ташкилотлар транспорт воситаларининг юришига рухсат этилмайди.

12. Матбаа асбоб-ускуналари ўрнатилган ишлаб чиқариш хоналарини супуриш-сидириш ишлари иш вақтида, у ерда ишловчининг иштирокида амалга оширилади.

Қимматбаҳо қоғозлар бланкалари
ишлаб чиқаришни лицензиялаш
тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Қимматбаҳо қоғоз бланкасининг техник параметрларига қўйиладиган
талаблар

Ташкилот буюртмачига бажарилган буюртма билан бирга қимматбаҳо қоғоз бланкасининг (намунавий нусхага мувофиқ) техник параметрлари ёзилган ҳужжатни беришга мажбур, унда қуйидаги маълумотлар бўлади:

а) дизайннинг тўлиқ тавсифи;

б) бадиий безаш элементларини полиграфик бажариш усуллари;

в) қалбакилаштиришдан график ҳимоя қилиш элементлари;

г) қалбакилаштиришдан кимёвий ҳимоя қилиш элементлари;

д) ҳақиқийлигини назорат қилиш усуллари ва бундай назоратни техник жиҳатдан амалга ошириш;

е) қоғознинг тўлиқ тавсифи (тола бўйича таркиби, қалинлиги, бир квадрат метрининг оғирлиги, қоғознинг механик жиҳатдан пишиқлигини белгиловчи икки марта букланган жойлари сони, узилиш узунлиги, ялтироқ толалар мавжудлиги, конфетти мавжудлиги).

Қимматбаҳо қоғоз бланкасининг техник параметрлари ёзилган ҳужжат икки нусхада тўлдирилади, улардан биттаси маҳсулотни қабул қилиш — бериш далолатномаси бўйича буюртмачига берилади. Иккинчи нусхаси қимматбаҳо қоғоз бланкасининг архив нусхаси билан бирга лицензиат-тайёрловчида сақланади.