O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ibora to'liq holda
 
Yubiley tangalari

Banknotlar va tangalar

Foydali manbalar

Bosh sahifa > Bank tizimiga oid qonun hujjatlari > Vazirlar Mahkamasi qarorlari >

Yangilangan sana: 22.11.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

"Тўлов балансининг даромад қисми тўлиқ ва ўз вақтида тўлдирилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида1998 йил 6 октябрь, 424-сон

Экспортнинг прогноз ҳажмлари сўзсиз бажарилишини, экспорт-импорт товарларининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтиши тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ва ишончли ҳисобга олинишини, хорижий валютадаги тўловлар ўз вақтида тушиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 1999 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бўйича ташқи иқтисодий фаолиятнинг муддатли ойлик Давлат статистика ҳисоботи жорий қилинсин:

товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ва импорти бўйича — мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташқи бозорга чиқувчи корхоналар томонидан тақдим қилинадиган № 1-ТИФ (экспорт-импорт) шакли;

экспорт-импорт операциялари бўйича валюта маблағлари ҳаракати бўйича — Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки ва ваколатли банклари томонидан тақдим этиладиган № 1-ТИФ (валюта) шакли.

2. Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан тузилган экспорт контрактларининг амалга оширилиши мониторингини ўтказиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги бир ҳафта муддатда Марказий банк, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Давлат статистика ҳисоботи шаклларини ва уларни тўлдириш бўйича йўриқномаларни ҳамда тўлов баланси параметрларини тақдим этиш ва шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Давлат божхона қўмитаси, ваколатли банклар, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва корхоналар ташқи савдо фаолияти бўйича кўрсаткичлар статистика органларига ўз вақтида тақдим этилишини таъминласинлар.

Қайд этилсинки, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, корхоналар, ваколатли банклар ва Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари статистика органларига тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига экспорт прогнози бажарилиши, валюта тушуми тушиши ва унинг мажбурий сотилиши ўз вақтида таъминланмаганлиги учун вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, корхоналар ва ваколатли банклар раҳбарларининг жавобгарлигини кучайтиришга оид тузатишлар киритиш ҳақидаги таклифларни белгиланган тартибда киритсинлар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 2 февралдаги 65-18-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган)

7. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига тақдим этиладиган оператив ҳисоботлар асосида ваколатли банкларнинг экспорт-импорт операцияларининг амалга оширилиши, хорижий валюта тушиши ва банк мижозлари бўлган корхоналар томонидан хорижий валютанинг мажбурий сотилишини назорат қилишга доир ишларини мунтазам равишда кўриб чиқиш тавсия қилинсин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

8. Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда шу йил 1 ноябрдан бошлаб вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, корхоналар ва ваколатли банклар бўйича экспорт-импорт операциялари прогноз кўрсаткичлари бажарилиши ва валюта тушуми мажбурий сотилишининг ҳар ойлик мониторингини жорий қилсинлар.

(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда— 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

9. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк республика хўжалик юритувчи субъектлари томонидан экспорт-импорт операциялари амалга оширилиши ва валюта тушуми тушиши устидан оператив назорат қилиш механизмини амалга ошириш мақсадида ташқи савдо ахборот таъминоти ягона электрон тизимини ишлаб чиқсинлар ва 1999 йил 1 январдан бошлаб жорий этсинлар.

(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

10. Вазирликлар, идоралар, уюшмалар, компаниялар ва концернлар раҳбарлари 1999 йил учун экспорт дастурини ва товарлар (ишлар, хизматлар) экспортига буюртмалар портфелини (шартномаларни) шакллантириш учун бир ой муддатда:

ишлаб чиқариш қувватларининг фойдаланилишини ўрганиб чиқсинлар ва ишлаб чиқариш тузилмасини хилма-хиллаштириш ҳамда корхоналарни маҳсулотнинг экспортга йўналтирилган янги турларини ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш дастурини ишлаб чиқсинлар;

маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш ҳисобига, шу жумладан хизматлар экспорти ҳисобига прогноз қилинаётган йилга экспорт ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хатловдан ўтказсинлар;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда минтақавий ва халқаро бозорлар конъюнктурасини, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб, нархлар ва эҳтиёжларни ўрганиб чиқсинлар ҳамда материалларни прогнозлаштирилаётган йилга товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ҳажмини шакллантириш учун Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига тақдим этсинлар.

11. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги тузилмасида, ходимлар сони доирасида, экспорт ва импортнинг ўртача ва узоқ муддатли прогнозлари ишлаб чиқилиши ва мониторингини, шунингдек унинг бажарилиши таҳлил қилинишини таъминловчи ташқи иқтисодий фаолиятни таҳлил этувчи бўлинма ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг
              Раиси                                                                                                                         И. КАРИМОВ

Тошкент ш.

Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил
6 октябрдаги 424-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан тузиладиган экспорт контрактларининг амалга оширилиши мониторингини ўтказиш
ТАРТИБИ

Мазкур Тартиб:

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларнинг ўтиши тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш;

ташқи савдо ва божхона сиёсатини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида қарорлар қабул қилиш учун давлат ҳокимияти органларини ахборот билан таъминлаш;

давлат бюджетига тўловлар тушишини назорат қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Товарлар ташқи савдоси бўйича статистик кўрсаткичларни тўплаш ва қайта ишлаш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш давлат божхона ташқи савдо статистикаси маълумотларини тўплаш ва уни қайта ишлаш ягона услубияти асосида Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Хизматларни экспорт ва импорт қилишни ҳисобга олиш тўлов баланси услубиятига мувофиқ давлат статистика ҳисоботи ва махсус статистик кузатувлари тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан амалга оширилади.

(муқаддиманинг олтинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

1. Прогноз қилинаётган йил учун товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти бўйича топшириқ тасдиқланган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, экспорт қилувчи корхоналарга ва Марказий банкка етказилади.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

2. Молия вазирлиги товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг тасдиқланган прогноз параметрлари асосида, валюта баланси тасдиқланган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда чораклар бўйича тақсимланган валюта тушумини мажбурий сотиш юзасидан топшириқни Давлат солиқ қўмитасига, Иқтисодиёт вазирлигига, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига, Марказий банкка, ваколатли банкларга, вазирликлар ва идораларга (экспорт қилувчи корхоналар бўйича солиқ тўловчининг идентификация рақамини кўрсатган ҳолда) етказади.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

3. Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчининг идентификация рақамини кўрсатган ҳолда корхоналар рўйхатини Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига тақдим этади.

4. Тасдиқланган прогноз топшириғи асосида экспорт қилувчи корхоналар хорижий шериклари билан экспорт контрактларини тузгандан сўнг уларни амалдаги қонун ҳужжатларига биноан тегишли органларда рўйхатдан ўтказадилар ва ҳисобга қўядилар.

5. Давлат божхона қўмитаси ҳар ойда (ҳисобот ойининг 15-ва охирги кунидаги ҳолатга кўра) ойнинг 1 ва 16 кунида ваколатли банкларга 1-иловага* мувофиқ тезкор ҳисобот беради.

* 1-илова берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар божхона расмийлаштирилишида декларантлар томонидан тўлдириладиган божхона юк декларацияларидаги маълумотлар Давлат божхона қўмитасининг ҳисоботини шакллантиришда дастлабки маълумотлар ҳисобланади.

Ваколатли банклар ҳар ойда ойнинг 3 ва 18-кунларида (ҳисобот ойининг 15- ва охирги кунидаги ҳолатга кўра) Марказий банкка ва Давлат солиқ қўмитасига тезкор маълумотлар тақдим этадилар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

6. Марказий банкка келиб тушувчи ахборотларни мунтазам таҳлил қилиш, ташқи савдо аҳволини тезкор прогноз қилишни таъминлаш учун ҳар ойнинг 6 ва 21-кунларида ваколатли банкларнинг 2-иловага* мувофиқ умумлаштирилган тезкор маълумотларини Иқтисодиёт вазирлигига ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этиш тавсия қилинсин.

(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

* 2-илова берилмайди.

Олдинги таҳрирга қаранг.

7. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвсетициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги экспорт ва валюта тушуми бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлай ололмаётган экспорт қилувчи корхоналар бўйича ўн кун муддатда корхона ташқи савдо фаолиятини комплекс таҳлил қиладилар ва белгиланган ҳажмларни таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни кўрадилар.

(7-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сонли қарори таҳририда — 2005 й., 34-36-сон, 264-модда)

Таҳлил натижалари экспорт контрактларини бажариш интизомини ошириш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш юзасидан таклифлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплексига тақдим этилади.

8. Ваколатли банклар тўловларнинг ўз вақтида тушмаслиги ҳоллари тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун солиқ органларига ахборот берадилар.