ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
2008 йил 21 февраль ПФ №3968

"Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”

Аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш учун инвестиция ресурсларининг ғоят муҳим манбаи сифатида аҳолининг эркин пул маблағларини тижорат банклари омонатларига жалб этишни янада рағбатлантириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2008 йил 1 апрел - 2009 йил 1 апрел оралиғидаги даврда банклар Ўзбекистон Республикаси резидентлари  - жисмоний шахслардан депозит ҳисобварақларга, жумладан, тақдим этувчининг депозитларига нақд пул шаклида қўйилган ёки ўзларининг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан ўтказилган миллий ва хорижий валютадаги пул маблағларини омонатларнинг миқдорини чекламаган ва уларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда қабул қилишга мажбурдирлар.

2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари – жисмоний шахслар томонидан банклардаги депозит ҳисобварақларга қўйиладиган маблағлар манбалари декларация қилинмайди;

2008 йил 1 апрел – 2009 йил 1 апрел оралиғидаги даврда жисмоний шахслар томонидан банклардаги депозит ҳисобварақларга қўйиладиган пул маблағлари солиқлардан ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади.

3. Республика банкларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ ва бошқа назорат органларига омонат қўйувчи жисмоний шахслар ҳамда уларга хизмат кўрсатадиган банклардан пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари қонунийлиги тўғрисидаги турли ҳужжатлар ва маълумотномаларни ҳамда банк сири ҳисобланадиган бошқа маълумотларни сўраб олиш қатъиян таъқиқлансин.

Пул қўйувчидан пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари тўғрисида маълумотномалар ва бошқа ахборотларни ҳар қандай тарзда талаб қилиш ноқонуний деб ҳисоблансин, ушбу талабларни бузган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилсин.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки, қонун ҳужжатларига мувофиқ:

пул қўйувчи жисмоний шахслар банклардаги депозит ҳисобварақларига қўйилган пул маблағларини ўзларининг хоҳишларига кўра ва чекловларсиз тасарруф этишлари мумкин;

банклар жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ва пул қўйилмалари борасида, шунингдек, улар бўйича амалга ошириладиган операциялар хусусида банк сири сақланишини кафолатлашлари шарт;

банк сири ҳисобланган маълумотларни ноқонуний ошкор этгани ёки учинчи шахсларга бергани учун айбдор бўлган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ ва бошқа назорат органлари, банклар, мансабдор шахслар томонидан банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан  қатъий назорат ўрнатсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Ф.М.Муллажонов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                    И.Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига шарҳ

Мустақиллик йиллари мобайнида мамлакатимизда «Банк – мижоз учун, мижоз банк учун эмас» тамойили асосида банк тизими тубдан ислоҳ қилинди ва либераллаштирилди.

Ҳозирги кунда республикада 30 га яқин банклар фаолият юритмоқда. Мижоз ўзи банк танлаш, пул маблағларини бир нечта банклардаги ҳисобварақларида сақлаш ва ўз маблағларини, қаерда жойлашганидан қатъий назар, банкнинг исталган филиалидан олиш ҳукуқига эгадир. Бугунга келиб мамлакатнинг барча минтақалари ва аҳоли пунктларида тижорат банкларининг 8 мингдан ортиқ филиаллари ва бўлинмалари мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётганини айтиб ўтиш кифоя.

Агар Россия Федерацияси ва Қозоғистондаги банк муассасаларининг ҳар бирига 20 мингдан зиёд аҳоли тўғри келса, Ўзбекистонда - 5 минг киши, яъни ривожланган мамлакатлардагига деярли тенг (тахминан 4 минг киши) тўғри келади. Банкларнинг бундай кенг кўламли тармоғи мамлакатнинг бутун аҳолисини банк хизматлари билан тўлиқ таъминлаш, унинг пул маблағларига бўлган эҳтиёжини мумкин қадар кўпроқ қондириш имконини беради.

Сўнгги йиллардагина тижорат банклари томонидан бозор фоиз ставкалари билан 200 дан ортиқ жозибали депозит турлари татбиқ этилди, пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизими ривожланиб бормоқда, натижада 2000 йилдан бошлаб аҳолининг тижорат банкларидаги маблағлари 55 баробар ўсди ва  1 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда, омонатлар сақланиши, банк сири, мижозларнинг биринчи талабидаёқ уларнинг ҳисобварақларидан маблағлар ҳеч қандай тўсиқсиз берилишини таъминлаш кафолатланган, Аҳолининг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ташкил этилган.

Шу билан бирга, айрим инсонларда банк тизимига нисбатан ишончсизликдан иборат сийқа муносабатлар ҳамон сақланиб қолмоқда, пулни банклардан ташқарида сақлаш одати чуқур илдиз отган. Бундай психологик стереотип давлатнинг фақат битта монополист-банки бўлган, пулларни олиш ҳар доим ҳам қулай бўлавермаган, кўпинча банкларнинг ўзида маблағ бўлмаган аввалги тизим шароитларида юзага келган. Оқибатда аҳолида пулларни жамғарма кассаларда сақлашга ишончсизлик туғилган ҳамда аксарият пул жамғармалари уйда сақланган.

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини ошириш ва пул маблағларини хуфёна иқтисодиётдан реал секторга жалб этиш мақсадида бир қатор мамлакатларда капитални легаллаштириш амалга оширилди. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Швецария каби мамлакатларда капитални амнистия қилиш бўйича бир марталик тадбирлар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ва аҳолининг бўш пул маблағларини тижорат банклари омонатларига жалб этишга қаратилган.

Мазкур йўналишда кўп ишлар амалга оширилди, замонавий қонунчилик-ҳуқуқий база яратилди, амалдаги қонун ҳужжатларининг тегишли тартиб-қоидалари тасдиқланди, бироқ улар замон талабларига ҳали тўлиқ жавоб бераётгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган Фармонга мувофиқ 2008 йил 1 апрел – 2009 йил 1 апрел оралиғидаги даврда истаган киши банкда ўз депозит ҳисобварағини очиши, унга миллий ва хорижий валютадаги чекланмаган миқдорда ва уларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда исталганча пул маблағларини қўйиши мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, омонатчи ҳам шахсий ҳисобварағига, ҳам тақдим этувчининг ҳисобварағига, яъни аноним тарзда маблағ қўйиши мумкин, маблағларнинг ўзи эса нақд пул шаклида ҳам, омонатчиларнинг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан пул ўтказиш йўли билан ҳам қўйилиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, нафақат қўйиладиган маблағларнинг келиб чиқиш манбалари тўғрисида декларация ва ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди, уларни сўраб олиш қатъиян таъқиқлаб қўйилди. Бундай сўровлар банклардан ташқари маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ ва бошқа назорат органларига ҳам ман этилди. Боз устига, пул қўйувчидан пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари тўғрисида маълумотномалар ва бошқа ахборотларни ҳар қандай тарзда талаб қилиш ноқонуний ҳисобланади, бу эса банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя этилишини таъминлайди.

Фармоннинг яна бир муҳим банди шундаки, жисмоний шахслар томонидан қўйилган пул маблағлари жорий йилнинг 1 апрели – 2009 йилнинг 1 апрели оралиғидаги даврда солиқ органлари томонидан текширилмайди – чунки улар барча турдаги солиқлардан ва мажбурий тўловлардан озод этилган.

Фармонда банк сирига риоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уни ошкор этгани учун мансабдор шахсларга нисбатан қаттиқ жавобгарлик чораларини қўллаш масалаларига катта эътибор берилган.

Қабул қилинган Фармоннинг амалга оширилиши банклар билан аҳоли ўртасида ишончли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, тижорат банклари омонатларига миллий ва хорижий валютадаги бўш пул маблағлари тушишини сезиларли миқдорда ошириш, мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини изчил равишда ошириш учун улардан инвестиция ресурслари сифатида фойдаланиш имконини беради.