O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ibora to'liq holda
 
Yubiley tangalari

Banknotlar va tangalar

Foydali manbalar

Bosh sahifa > Bank tizimiga oid qonun hujjatlari > Prezident farmonlari >

Yangilangan sana: 04.11.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

"Ўзбекистон Республикасининг тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисида2006 йил 11 май, ПФ-3751-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 19-сон, 161-модда)

Иқтисодиётнинг етакчи, энг аввало базавий тармоқларини модернизациялаш ва техникавий қайта қуроллантириш лойиҳалари амалга оширилишини таъминлаш, мамлакатни муттасил, барқарор ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш, шунингдек, самарали таркибий ва инвестициявий сиёсатни амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Марказий банкининг устав сармояси 1,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар белгилансин:

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилади ва юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлади;

1-иловага* мувофиқ субъектлар Жамғарма муассислари ҳисобланадилар.

* 1-илова рус тилидаги матинда берилади.

3. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Жамғарма тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, бунда Жамғарма қуйидагиларни амалга ошириши зарурлиги назарда тутилсин:

давлат ва хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан тижорат банклари, хорижий жамғарма ва инвесторлар ҳамда бошқа манфаатдор тузилмаларнинг молиявий маблағларини жамлаш;

иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва модернизация қилиш борасида устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ғоят муҳим лойиҳаларни молиялаштириш;

стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган корхоналар, аввало иқтисодиётнинг базавий тармоқлари корхоналарини янгилаш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш дастурларини кредитлаш;

ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати, машинасозлик ва рангли металлургия тармоқларини техникавий қайта қуроллантиришга ҳамда ишлаб чиқариш суръатлари ва ҳажмларини оширишга йўналтирилган лойиҳалар молиялаштирилишини таъминлаш;

биринчи навбатда истиқболли, аммо етарлича ривожланмаган минтақаларда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантириш бўйича ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли миллий давлат дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилишини молиялаштириш;

республиканинг халқаро коммуникациялар тармоғига интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратадиган, халқаро транспорт йўлаклари ва жаҳон бозорларига энг қисқа йўл билан чиқишини таъминлайдиган транспорт ҳамда телекоммуникациялар инфратузилмасини модернизациялаш ва ривожлантиришни молиялаштириш;

халқаро молия институтлари, республика ва хорижий мамлакатларнинг кредит муассасалари билан лойиҳаларнинг қўшма молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш.

4. Белгилансинки, Ўзбекистон ҳудудида ўзлари учун ғоят муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш (қўшма молиялаштириш)дан манфаатдор бўлган халқаро ва хорижий жамғармалар ҳамда инвесторлар ҳукумат қарорларига биноан Жамғарма ҳаммуассислари сифатида қўшилиши, мазкур молия институтларининг вакиллари Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш таркибига киритилиши мумкин.

5. Қуйидагилар Жамғармани шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

стратегик ресурсларга жаҳон нархларининг қулай конъюнктураси натижасида, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлардан олинадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан навбатдаги йилга Давлат бюджетини тасдиқлаш чоғида белгиланадиган айрим солиқ ва тўлов турлари бўйича ҳосил бўладиган қўшимча тушумлар;

Ҳукуматнинг хорижий валютадаги активларининг бир қисми;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий шериклар билан маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлари доирасида маҳсулотни сотишдан оладиган даромадлари;

давлат мулкини хорижий инвесторларга чет эл валютасига сотишда Давлат бюджети даромадлари режасидан ортиқча тушадиган маблағлар;

Жамғарма активларини бошқаришдан олинадиган инвестиция даромадлари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушум ва даромадлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2006—2009 йиллар мобайнида Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварағида Жамғарма активларини 1,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида шакллантиришни таъминласин.

7. Белгилансинки, Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш Жамғарманинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* 2-илова берилмайди.

Қуйидагилар Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгилансин:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;

Жамғармага маблағлар келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқиш ҳамда уларни навбатдаги йилга мўлжалланган макроиқтисодий ва пул-кредит кўрсаткичлари, Давлат бюджети ҳамда Давлат инвестиция дастурининг асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритиш;

қарз олган корхоналарни қайта молиялаштириш (қўшма молиялаштириш) учун тижорат банкларига Жамғарма маблағларини бериш муддатлари ва шартлари бўйича қарорлар қабул қилиш, халқаро сармоя бозорларида амал қилаётган фоиз ставкаларидан келиб чиқиб Жамғарма томонидан берилаётган маблағлар бўйича фоиз ставкаларининг аниқ миқдорларини тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, тижорат банкларига молиялаштиришни тўлиқ ва ўз вақтида очиш ҳамда тижорат банкларига берилган маблағларнинг қайтарилишини таъминлаш устидан назоратни амалга ошириш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида Жамғарма ижроия дирекциясининг ҳамда қарз олган корхоналар томонидан Жамғарма маблағларининг самарали фойдаланилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда тинглаб туриш.

8. Жамғарма солиқлар, йиғимлар, божларнинг барча турларидан ҳамда давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларидан озод қилинсин, ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки ва Иқтисодиёт вазирлиги бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
         Президентининг 
                                                                                                                   И. КАРИМОВ

Тошкент ш.