O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Ibora to'liq holda
 
Yubiley tangalari

Banknotlar va tangalar

Foydali manbalar

Bosh sahifa > Bank tizimiga oid qonun hujjatlari > Prezident farmonlari >

Yangilangan sana: 25.11.2008

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

"Ўзбекистон Республикасида нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2002 йил 27 июнь, ПФ-3099-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 6-7-сон, 115-модда)

Ягона тўлов воситаси сифатида миллий валютани мустаҳкамлаш ҳамда унинг харид қобилиятини ошириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валюта муомаласи тўғрисида амалдаги қонунчилик талабларини сўзсиз бажариш мақсадида:

1. 2002 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик ҳамда жисмоний резидент ва норезидент шахслар томонидан барча турдаги товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақини тўлашда нақд хорижий валюта билан ҳисоб-китоб ва тўловларни амалга оширишлари тақиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан республика ҳудудида нақд хорижий валюта муомаласи тўғрисидаги амалдаги қонунчилик сўзсиз бажарилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар, қонунбузарлик ҳоллари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чоралар қўлланилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳаво қатнови тўғрисида хорижий давлатлар билан тузилган ҳукуматлараро битимларни мазкур Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсинлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритсинлар.

4. «Жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани олиб келиши ва олиб чиқиб кетишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 20 мартдаги ПФ-1979-сон Фармонининг 4-банди;

«2005 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат дастури тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 15 апрелдаги ПФ-2286-сон Фармонининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармонни ижро этиш юзасидан қарор қабул қилсин.

6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.

7. Мазкур Фармон матбуотда эълон қилинсин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти
И. КАРИМОВ

Тошкент ш.