| O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI | ||
| ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ | ||
| ЦЕНТРАЛЬНЫЙ БАНК РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН | ||
Bosh sahifa > Bank tizimiga oid qonun hujjatlari > Prezident qarorlari >
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ
"Банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва унинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2010 йил 6 апрелдаги 1317-сон
Республика банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада ошириш, тижорат банкларининг капиталлашув даражасини ўстириш, уларнинг инвестициявий фаолиятини кучайтириш ҳамда ички манбалар ҳисобидан иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтириладиган кредитлар ҳажмлариникўпайтириш, шунингдек аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон банклар уюшмаси томонидан тижорат банклари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2010-2012 йилларда тижорат банкларини янада капиталлаштириш ва инвестициявий фаолиятини кучайтириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
банклар капиталлашуви даражасини уларнинг устав капиталларини ўстириш ҳисобига ошириш, акцияларни чиқариш ва фонд бозорларида жойлаштириш орқали жами капиталнинг ҳар йили камида 20 фоиз ўсишини таъминлаш;
банк хизматларининг янги турларини жорий этиш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб этиш, уларнинг ҳажмларини 2010 йилда 1,6 трлн. Сўмга ошириш ва келгусида ҳар йили камида 20 фоиздан кам бўлмаган даражадаги ўсишини таъминлаш ҳисобига тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш;
ички манбалар ҳисобига иқтисодиётга узоқ муддатли кредит қўйилмалар улушини янада ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, замонавий технология асосида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилишини ташкил этишга йўналтирилган тижорат банклари инвестициявий фаоллигини кучайтириш, 2010 йилда ушбу мақсадлар учун 3,2 трлн.сўм кредит ресурсларини ажратиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажмларини кенгайтириш, уларни 2010 йилда камида 1,4 баробар ва микрокредитларни 1,3 баробар ўстириш;
Чора-тадбирлар Дастури ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик Марказий банк, Молия вазирлиги, тижорат банклари ва мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган бошқа ижрочи- ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
2.Акциядорлик тижорат банкларининг акциядорлари ва Кузатувчи кенгашларининг 2010 йилда қўшимча маблағларни жалб этиш ва банкларнинг жами капиталларини 2-иловага мувофиқ 490 млрд.сўмга кўпайтириш тўғрисидаги қарорига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларининг 2011 йил 1 январдан бошлаб янгитдан ташкил этилаётган банклар устав капиталининг энг кам миқдорини қуйидагича белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
тижорат банклари учун - сўм эквивалентида 10 млн.еврогача;
хусусий банклар учун - сўм эквивалентида 5 млн.еврогача.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда 2010 йилда тижорат ва хусусий банкларнинг устав капиталларини мазкур талабларга мувофиқ ҳолга келтириш бўйича чора-тадбирлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминласин.
4. Тижорат банклари томонидан, шу жумладан бошқа инвесторлар иштирокида банкрот корхоналар негизида ташкил этилган корхоналарга, янги инвесторларга сотилгунга қадар, улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган муддатга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида” 2008 йил 19 ноябрдаги Р-4010-сон фармойишининг 2-банди асосида берилган имтиёзлар бўйича мол-мулк солиғи суммасини корхона харажатларига киритмаслик;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сонли Фармонига мувофиқ, асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ўрнатилган меъёрдан камроқ ҳисоблаш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда тижорат банклари, шу жумладан бошқа инвесторлар иштирокида банкрот корхоналар негизида ташкил этилган корхоналарнинг асосий воситалари ва номоддий активлари бўйича амортизация ажратмаларини ўрнатилган меъёрдан камроқ ҳисоблаш тартиби тўғрисида вақтинчалик низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М.Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
И. Каримов
Тошкент шаҳри
-------------------------------
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган