2020 йилнинг I ярим йиллиги давомида Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига дунёда COVID-19 пандемиясининг бошланиши билан боғлиқ ички ҳамда ташқи бозор ҳолатидаги ўзгаришлар, ташқи савдо айланмасининг пасайиши, глобал бизнес фаолиятининг секинлашиши ва молиявий хатарларнинг ортиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказди.
Шунингдек, 2020 йилнинг I ярим йиллигида жорий қилинган карантин чора-тадбирлари маҳаллий характер касб этиб, трансчегаравий пул ўтказмаларининг умумий ҳажмига салбий таъсири бўйича хатарлар рўёбга чиқмади ва резидентларга ўтказмалар 2019 йилнинг мос даври даражасида сақланиб қолди. Бундан ташқари, олтин нархининг жаҳон бозоридаги ижобий динамикаси экспорт ҳажми қисқаришини қисман қоплаш имкониятини яратди.
Юқорида таъкидланган омиллар таъсирида жорий операциялар ҳисоби 2,0 млрд. доллар (2019 йилнинг I ярим йиллигида 1,8 млрд. доллар) ҳажмидаги дефицит билан шаклланди. Шунингдек, савдо баланси ва халқаро хизматларнинг манфий сальдоси (4,2 млрд. доллар) бирламчи ҳамда иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (2,2 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.
Шу билан бирга, молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 2,5 млрд. долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич резидентларнинг молиявий мажбуриятларининг ортиши (3,8 млрд. доллар) ҳамда резидентлар томонидан активларнинг қабул қилиниши (1,3 млрд. доллар) оқибатида ҳосил бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг соф халқаро инвестицион позицияси 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига 13,8 млрд. долларни ташкил этди. Халқаро инвестицион позициясининг иқтисодиёт секторлари бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича давлат бошқаруви сектори ҳамда бошқа секторлар “соф кредитор” позициясини сақлаб қолган бўлса, банк сектори “соф қарздор” позициясини эгаллаб турибди.
Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига 27,6 млрд. долларни ташкил этган бўлиб, бунда 17,5 млрд. доллар давлат секторига, 10,1 млрд. доллар хусусий секторга тўғри келади.