Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилади

Янгиланган сана:  10 Сен 2020, 15:00
10 Сен 2020

Ушбу қарор инфляциянинг янада секинлашиб йил якунида прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолиш зарурати, шунингдек, пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш билан изоҳланади.

Бунда, прогноз қилинаётган даврда инфляцияни кескин оширувчи омилларнинг нисбатан камлиги пул-кредит шароитларини инфляцион хатарларни юзага келтирмасдан юмшатиш имконини беради.

Йил якуни бўйича инфляция прогнози 11-12,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолинди ва бунда инфляциянинг прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада шаклланиш эҳтимоли ортмоқда. Шунингдек, иқтисодиётда инфляцион кутилмалар барқарор пасайиши ва макроиқтисодий барқарорликнинг сақлаб қолиниши шароитида инфляция прогнози янада пасайтириш томонга кўриб чиқилиши мумкин.   

Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2020 йилнинг 8 ойида инфляция динамикаси электр энергия ва табиий газ тарифларини ошириш муддатларининг кечиктирилиши, карантин чекловлари ҳисобига аҳоли даромадлари ва бандлик даражасининг пасайиши натижасида ички талабнинг қисқариши, шунингдек, валюта курсининг апрель ойидаги девальвациясидан сўнг кейинги ойларда барқарорлашуви ҳисобига девальвацион босимнинг қисқариши шароитида шаклланди.

Инфляция даражаси жорий йилнинг январь-август ойлари давомида 2019 йил якунидаги йиллик 15,2 фоиздан 11,6 фоизгача секинлашди ва инфляциянинг мақсадли траекториясидан паст бўлди.

Бунга, асосан, тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги, мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши ҳамда иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўтган йилга нисбатан секинроқ суръатда ўсганлиги сабаб бўлди.

Йиллик инфляция таркибида ноозиқ-овқат маҳсулотлари (8 фоиз) ва хизматлар (7,5 фоиз) нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари (16,8 фоиз) нисбатан юқори суръатларда ўсди. Бу пандемия шароитида ушбу гуруҳ товарларига бўлган талабнинг ошганлиги билан изоҳланади.

Июль-август ойларида базавий инфляция даражаси ҳам умумий инфляция каби пасаювчи тенденциясига эга бўлди ва 8 ойлик якунлари бўйича йиллик 12,2 фоизни ташкил этди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари жорий йил июль ойидаги ўсишдан сўнг сезиларли даражада пасайди. Бироқ, инфляцион кутилмалар ва амалдаги инфляция ўртасидаги фарқ жорий йил март ойидан буён юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Сўров натижаларига кўра, респондентлар келгуси ойларда нархларнинг кўтарилишини асосан пандемия оқибатлари ҳамда бозорда монопол мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар томонидан таклиф эталидиган товар ва хизматлар нархларининг ошиши мумкинлиги билан боғлашмоқда.

Иқтисодий фаоллик. Карантин таъсирларининг камайиб бориши билан иқтисодиётнинг босқичма-босқич тикланиши кутилмоқда. Бироқ, уй хўжаликлари даромадларининг нисбатан пастроқ ошиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қарорлар қабул қилишдаги эҳтиёткорона ёндашуви сабабли иқтисодиётнинг инқирозгача бўлган даражасига қайтиши учун узоқроқ вақт талаб этилади.

Май-июнь ойларида иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденциясидан сўнг, июль-август ойларида бир қатор кўрсаткичларнинг маълум бир даражада пасайиши кузатилди.

Қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши ҳам январь-июнь ойларидаги 7,3 фоиздан 5,7 фоизгача секинлашди. Жорий йил июнь ойига нисбатан июль ва август ойларида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган барча операциялар сони мос равишда 8 фоиз ва 9 фоизга камайди.

Август ойининг ярмидан кўп қисми карантин даврига тўғри келганлигига қарамасдан савдо ва пуллик хизматлар соҳасида нақд пул тушумлари ҳажмининг ўсиш динамикасида маълум даражада тикланиш кузатилди. Бунда, пул тушумлари июль ойида ўтган ойга нисбатан 11,9 фоизга камайган бўлса (12,6 трлн. сўмдан 11,1 трлн. сўмгача), август ойида 6 фоизга ўсиб, ўтган йил мос ойдаги кўрсаткичга яқин бўлди.

Пул-кредит шароитлари. 2020 йил апрель ойида асосий ставканинг пасайтирилишига қарамай, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолди. Июль-август ойларида мажбурий захира талабларининг юмшатилиши ва Марказий банк томонидан пул-кредит операцияларининг фаол ўтказилиши шароитида банклараро пул бозорида, шу жумладан, узоқроқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.

Бунда, сўнгги икки ойда 14 кунгача бўлган депозитлар бўйича фоиз ставкалар Марказий банк фоиз коридори доирасида шаклланди.

Мақбул фоиз ставка сиёсатининг июль ойидан жорий этилиши натижасида иқтисодиётда депозитлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.

Жорий йилнинг июль ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкалар 18 фоизгача ва юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича эса 15,2 фоизгача пасайди. Шуни таъкидлаш лозимки, номинал фоиз ставкаларининг пасайишига қарамай, инфляциянинг пасайиши шароитида депозитлар бўйича ижобий (мусбат) реал фоиз ставкалар сақланиб қолди. Натижада, банк тизимидаги жами депозитлар ҳажми жорий йилнинг январь-август ойларида 13,6 фоизга ўсди.

Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 20,6 фоизгача, юридик шахслар кредитлари бўйича фоиз ставкалар йил бошидаги 24,3 фоиздан 19,5 фоизгача, жисмоний шахслар кредитлари бўйича эса йил бошидаги 28,1 фоиздан 22,3 фоизгача пасайди.

Сўмнинг алмашув курси динамикаси январь-август ойларида жаҳон иқтисодиётидаги умумий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, валюта тушумларининг камайиши ва асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши фонида шаклланди. Натижада, валюта курси жорий йилнинг апрель ойида 5,8 фоизга кескин қадрсизланишдан кейин май-август ойларида нисбатан барқарор бўлиб, январь-август ойларида умумий девальвация даражаси 8 фоиз атрофида бўлди.

Шу билан бирга, келгусида валюта курсининг ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шакллашини ва реал эффектив алмашув курсида жиддий тебранишлар рўй бермаслиги кутилмоқда.

Инфляцион хатарлар. Қисқа муддатли истиқболда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи омилларнинг вужудга келиши кутилмаяпти.

Бу, биринчидан, жорий йил охиригача электр энергия, коммунал хизматлар, жамоат транспорти тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши билан боғлиқ.

Бундан ташқари, аҳолининг келгуси даромадлари бўйича ишончсизлиги, харажатларни оптималлаштириш хоҳиши ва истеъмолчилар танловларининг ўзгариши фонида аҳоли томонидан, айниқса, бирламчи эҳтиёж тоифасига кирмайдиган маҳсулотларга бўлган талабнинг қисқариши инфляциянинг секинлашишига хизмат қилади.

Ички талабни оширувчи омилларнинг ўзаро мувозанатлашганлиги, шунингдек, йил якунига қадар буғдой уни ва нон маҳсулотлари нархларининг ўтган йилдаги ошиши таъсирининг чиқиб кетиши инфляциянинг янада пасайишига ёрдам беради.

Шу билан бирга, карантин чекловларининг босқичма-босқич бекор қилиниши билан истеъмолчиларда кечиктирилган талабнинг юзага чиқиши, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари - гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ортиши, куз-қиш даврида дори-дармонлар, мева-сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар нархларининг мавсумий ошиши каби омиллар қисқа муддатли даврда истеъмол нархларига оширувчи хатарларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2020 йилнинг 22 октябрь кунига режалаштирилган. 

USD = 12654.57
-12.43
EUR = 13483.44
+1.95
RUB = 135.26
-0.51
GBP = 15799.23
+26.28
JPY = 82.24
-0.39
CHF = 13860.43
+4.6
CNY = 1748.18
-2.03
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X