Халқаро захираларни бошқариш форуми
2026-йил 18-сентабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Халқаро захираларни бошқариш форуми — IPAM Forum 2026 (International Public Assets Management Forum) ўтказилади. Тадбир халқаро захираларни бошқариш учун масъул хорижий марказий банклар, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари, ҳамда етакчи экспертларни бирлаштиради.
Глобал молия бозорларидаги ўзгарувчанлик ва геосиёсий ноаниқлик шароитида миллий бойликни асраш ва самарали бошқариш узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу эса инвестиция қарорларига пухта ёндашиш, рискларни баҳолаш ҳамда ўзгараётган шароитларга мос стратегияларни ишлаб чиқишни талаб этади. IPAM Forum 2026 ана шу вазифалар юзасидан халқаро тажриба алмашиш ва амалий ёндашувларни муҳокама қилишга бағишланади.
Форумда марказий банклар, суверен инвестиция институтлари, йирик халқаро активларни бошқарувчи компаниялар, инвестиция банклари вакиллари ва етакчи иқтисодчилар иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро ҳисоб-китоблар банки, шунингдек, Швейцария, Сингапур, Грузия ва бошқа марказий банклар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Форум дастуридан асосий маърузалар, экспертлар тақдимотлари, панел муҳокамалари ва махсус давра суҳбати ўрин олган. Мулоқотларда глобал молия бозорлари ва халқаро захираларни бошқариш тенденциялари, активларни стратегик тақсимлаш, инвестиция портфелларини диверсификация қилиш ҳамда рискларни бошқариш масалалари кўриб чиқилади.
Муҳокамаларнинг марказида — халқаро монетар ва молиявий тизимдаги таркибий ўзгаришлар шароитида барқарор, мослашувчан ва узоқ муддатли мақсадларга мувофиқ инвестиция портфелларини шакллантириш масаласи бўлади. Шунингдек, олтиннинг халқаро захираларни бошқаришдаги ўзгариб бораётган роли ва унинг инвестиция стратегияларидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилади.
IPAM Forum 2026 Ўзбекистоннинг халқаро захираларни бошқариш бўйича минтақавий мулоқот майдони сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган. Форум доирасидаги фикр ва тажриба алмашинуви тегишли институтлар ўртасида узоқ муддатли профессионал ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.










