Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 26 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди

Янгиланган сана:  26 Окт 2023, 11:41
26 Окт 2023

Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар йилнинг биринчи ярим йиллигидаги пасайишдан сўнг, маҳсулотлар таклифидаги ўзгаришлар ва инфляцион талаб омиллари фонида бироз тезлашиши кузатилди.

Асосий ставканинг жорий даражаси йил охирига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида шаклланиши учун зарурий пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилади.

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикада шаклланиб охирги чоракда 9,2 фоизгача тезлашди. Инфляция ўсишининг таркибий омиллари қаторида озиқ-овқат нархларининг 11 фоизгача тезлашиши, мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг умумий инфляциядаги ҳиссаси ортиши билан изоҳланди.

Базавий инфляция йил бошидан пасайиб сентябрда 10,3 фоизни ташкил қилди. Мазкур пасайиш тенденциясига қарамай, умумий инфляция билан сезиларли тафовути сақланиб қолмоқда. Бу инфляциянинг барқарор компонентлари нархларида юқори ўсиш кузатилаётганини кўрсатиб, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашни тақозо қилмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари август ойидаги ўсишдан сўнг мос равишда 13,5 ва 14,2 фоизгача пасайди. Иқтисодиётдаги кутилмалар қисқа муддатли шокларга юқори таъсирчан бўлиб қолмоқда.

Глобал инфляцион жараёнларнинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорлардаги инфляция даражаси ва алмашув курсларининг жорий динамикасидаги вазият сўмнинг реал самарали алмашув курсини мустаҳкамланишига босимларни кучайтирмоқда.

Иқтисодиётнинг реал секторида ижобий тенденциялар кузатилиб, жорий йилнинг 9 ой якунига кўра, ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди.

Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари фискал рағбатлантириш таъсирида истеъмол харажатларининг ўсиши ҳамда марказлашмаган инвестициялар ҳажмининг сезиларли ошиши ҳисобига таъминланди.

Иқтисодиётда ялпи талабнинг ижобий ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу кўрсатилаётган бозор хизматлари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан пул тушумлари ҳажмининг 28 фоизга ўсишида намоён бўлди.

Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари юқори база эффекти ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,7 фоизга қисқарган бўлса-да, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсган.

Банклараро пул бозоридаги фаолликда ҳам ўсиш кузатилиб, ўртача тортилган банклараро депозит ва репо ставкалари тўлиқ фоиз коридорида шаклланган.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётга ажратилаётган кредитларни мақбул ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, сўнгги ойларда кузатилган чакана кредитлардаги юқори ўсиш суръатлари макропруденциал чораларни қўллаш орқали мувозанатлаштирилмоқда ва келгусида зарурият пайдо бўлган ҳолда қўшимча чоралар қўлланилиши мумкин.

Ижобий реал фоиз ставкалари депозит бозорининг чакана сегментида юқори фаолликни таъминламоқда. Сентябрь ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,1 фоизни ташкил этиб, 1 октябрь ҳолатига муддатли депозитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 47,1 фоизни, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари ўсиши 52,3 фоизни ташкил этди.

Инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар балансидан келиб чиқиб янгиланган прогнозларга кўра, жорий йил якунида инфляция
прогноз коридори доирасида шаклланиши кутилмоқда.

 

Мавсумий озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва тартибга солинадиган нархларга киритилаётган ўзгаришларнинг умумий инфляцияга бирламчи ва иккиламчи таъсирлари каби инфляцияни оширувчи омиллар сақланиб қолмоқда.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини баҳолаб, барча пул-кредит инструментларини инфляцияни жорий йилги прогноз доирасида шаклланишини ва ўрта муддатда таргет кўрсаткичларига эришишни таъминлашга қаратади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 декабрга белгиланган.

USD = 12662.01
+21.8
EUR = 13593.93
+34.78
RUB = 137.65
+0.63
GBP = 15849.04
+31.08
JPY = 80.81
-0.41
CHF = 13885.31
+34.54
CNY = 1747.30
+3.17
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X