Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилги ҳисоботи тўғрисидаги масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Ялпи мажлисидаги маъруза матни

Янгиланган сана:  3 Июн 2023, 01:25
3 Июн 2023

Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда, Президентимизнинг банк тизимини ислоҳ қилишга оид қарор ва фармонларида, ҳамда 2021 йилги Марказий банк ҳисоботи бўйича Олий Мажлис Сенати қарорида нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди.

2022 йилда жаҳондаги нобарқарорлик ва ноаниқликлар шароитида глобал иқтисодиётда ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар (дисбаланс), нарх-наво, транспорт-логистика ва энергия билан боғлиқ йиғилиб қолган турли хатарларни бир пайтда юзага чиқиши тезлашди.

Бу эса, Марказий банкдан нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида тезкор чоралар кўриб боришни тақозо этди.

Хусусан, 2022 йил март ойидан бошлаб миллий валюта алмашув курси тебраниши ҳамда инфляция бўйича кутилмаларни мўътадиллаштириш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви ҳамда айрим кутилаётган инфляцион хатарларнинг юзага чиқиш эҳтимолининг пасайиши ҳисобига Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 15 фоизгача туширилди.

Ушбу тезкор жавоб чоралари миллий валютадаги активлар жозибадорлигини ошишига, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини истеъмол ва инвестицион кутилмаларини ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилди.

Хусусан, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича реал фоиз ставкалари (инфляция даражасига нисбатан) жисмоний ва юридик шахслар учун мос равишда 7,1 ва 4,1 фоиз даражасида шаклланди.

Натижада тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2021 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробарга ошиб, 131,8 трлн. сўмни ташкил этди.

Бунда жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,5 баробарга ўсиб, 45,2 трлн. сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,3 баробарга ошиб, 86,6 трлн. сўмга етди.

Бу эса, ўз навбатида, халқаро молия бозорларида молиявий ресурслар нархининг ошиб бориши шароитида, банклар томонидан иқтисодиётни узлуксиз молиявий қўллаб-қувватлашнинг ички имкониятларини кенгайтирмоқда.

Миллий валютадаги депозитлар жозибадорлигини ошиши ҳамда валюта алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги долларлашув даражасининг пасайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, 2022 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари бўйича долларлашув даражаси 2 фоиз бандга қисқариб, 45,6 фоизни, депозитларнинг долларлашуви даражаси эса, 4,7 фоиз бандга қисқариб 34,2 фоизни ташкил этди.

2022 йилда инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтириш, банк тизими ликвидлигини самарали тартибга солиш мақсадида пул-кредит операцияларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиб борилди.

Хусусан,

Марказий банк облигациялари бўйича даромадлиликнинг максимал чегараси фоиз коридорининг юқори чегарасига қадар оширилди;

– Депозит аукционларини “тўлиқ қопланадиган ўзгармас фоиз ставкали” механизм асосида ўтказилиши йўлга қўйилди;

– Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда пул бозорининг бенчмарк фоиз ставкасини ҳисоблаш методологияси ишлаб чиқилди ҳамда ушбу методология асосида UZONIA бенчмарк фоиз ставкаси, UZONIA индекси ва муддатли UZONIA ставкаларини кунлик ҳисоблаш ва эълон қилиш йўлга қўйилди.

Инфляцияга номонетар омиллар таъсирини камайтириш мақсадида эса, Ҳукумат билан биргаликдаги амалиётлар давом эттирилди.

Хусусан, ички бозорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи ҳажмларини ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига, ўсимлик ёғи, картошка, гўшт (мол, қўй, парранда гўшти), музлатилган балиқ импорти учун ажратилган 297,4 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар муддати, ҳамда импорт божларидан озод қилиш амалиётлари босқичма-босқич 2023 йил якунига қадар узайтирилди.

200 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини узоқ муддатли ижарага олган фуқароларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди.

Умуман олганда, ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини берди ва 2022 йил якунлари бўйича инфляция даражасини 12,3 фоиз атрофида шаклланишига хизмат қилди.

2022 йилда ички валюта бозорида, иқтисодий фаолликнинг ортиб бориши таъсирида, чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифнинг юқори суръатларда ўсиши кузатилди.

Хусусан, ички валюта бозорида 2021 йилга нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўп, 27,7 млрд. АҚШ доллари сотилди, валюталар хариди ҳажми эса, 1,4 баробарга ошиб, 14,8 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.

Валюта бозорида иштирок этган корхона ва ташкилотларнинг ойлик ўртача сони 2021 йилдаги 10 мингтадан 11,5 мингтагача кўпайди.

Шунингдек, нейтрал характердаги валюта интервенциялари давом эттирилиб, монетар олтин сотиб олиниши (66,3 трлн. сўм ёки 6 млрд. АҚШ доллари эквивалентида) ҳисобига юзага келган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш мақсадида 4,1 млрд. АҚШ доллари (44,9 трлн. сўм) миқдорида интервенция операциялари амалга оширилди.

Сўмнинг алмашув курси нисбатан барқарор даражада шаклланиб, 12 ойлик девальвация кўрсаткичи 3,9 фоиз доирасида қайд этилди.

Олтин-валюта захираларимизни эса, 36,4 млрд. АҚШ доллари (2021 йилга нисбатан 1 млрд. АҚШ долларига кўп) миқдорида шаклланишига имкон берди.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган чора-тадбирларининг изчил амалга оширилаётганлиги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларимизни барқарор суръатларда шаклланаётганлигида ўз аксини топмоқда.

Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кўрсаткичи юқори даражада шаклланиб, 5,7 фоизни ташкил этди.

Бу эса, ўз навбатида, аҳоли реал даромадларининг юқори суръатларда (ўсиши 9,7 фоиз) ўсиб бораётганлигида ҳамда йил якунида жон бошига ЯИМ ҳажмининг 2 255 АҚШ долларига етганлигида намоён бўлди.

Сўнгги йилларда очиқлик сиёсати, иқтисодиётни ташқи товар ва молия бозорларига интеграциясининг кучайиши тижорат банкларининг хориждан қулай шартларда капитал жалб қилиш имкониятларини оширмоқда.

Бу эса, бир томондан, иқтисодиётни молиявий ресурсларга бўлган юқори талабини қондиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, банк тизимининг ташқи хатарларни қабул қилувчи сифатидаги ролини оширмоқда.

Шу сабабли, 2022 йилдан бошлаб Марказий банкнинг банк назорати борасидаги асосий эътибори ташқи иқтисодий хатарларнинг банклар барқарорлигига салбий молиявий таъсирларини юмшатишга ҳамда банкларда мавжуд кредит рискини кескин кучайишини олдини олишга қаратилмоқда.

2022 йилда банклар назорати бўйича халқаро стандартлар ва Базелъ қўмитасининг тавсиялари асосида кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси ва инструментларини такомиллаштиришга қаратилган ишлар ҳам давом эттирилди.

Хусусан,

– тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлашнинг вақтинчалик тартиби ишлаб чиқилди ва йил давомида синовдан ўтказилди.

– мазкур тартибга мувофиқ, 6 та давлат банки (Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Агробанк, Ипотекабанк ва Халқ банки) тизимли аҳамиятга молик банк деб топилди.

– банк кафолатини олиш учун принципалга талаблар банкнинг ички сиёсатлари ва риск-аппетитига мувофиқ мустақил тарзда ўрнатиш тизими йўлга қўйилди.

– гаров сифатида тақдим этилган мол-мулкка нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш,

мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини жорий этилди.

– аҳолининг қарз юкини ортиб кетмаслиги ва молиявий тизим барқарорлигини таъминлашга қаратилган макропруденциал чоралар такомиллаштириб борилди

ҳамда қарз олувчининг тўловга лаёқатлилигини таҳлил қилишда ҳисобга олинадиган даромадлар манбалари рўйхати кенгайтирилди.

Шунингдек, ҳисобот йилида Марказий банкнинг таваккалчиликка асосланган банк назорати тизимини такомиллаштириш доирасида банкларда капитал, ликвидлиликни қоплаш, соф барқарор молиялаштириш меъёрлари ҳаққоний ҳисоб-китоб қилиниши ҳамда активлар сифати тўғри таснифланиши бўйича тематик текширишлар ўтказишнинг ҳар бир қадами ва кетма-кетлигини белгиловчи назорат маҳсулотлари ишлаб чиқилди.

Ушбу ёндашувлар асосида 2022 йилда тижорат банкларида 19 та ва микромолия ташкилотларида 9 та тематик инспекциялар ўтказилди.

Текширувлар давомида қарийб 39 мингта мижознинг жами 37 трлн. сўмлик кредитлари ёки ушбу банклар жами кредит портфелининг 58 фоизи қамраб олинди.

Текшириш натижалари асосида капитал ва ликвидлилик меъёрлари тўғрисидаги маълумотларни ҳаққоний акс эттирмаган банкларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузган банкларга нисбатан айрим операцияларини тўхтатиш, жарима санкциялари ва бошқа таъсирчан чоралар қўлланилди.

Жумладан, банк қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 26 та банкка нисбатан 56 та ҳолат бўйича жами 3,8 млрд. сўм миқдорида жарималар ундирилди.

Банк қонунчилигида белгиланган талабларни бажармаганлиги учун “HI-TECH BANK” ва “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банкларининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялари чақириб олинди ва банк омонатчиларининг маблағларини тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.

“Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банки омонатчилари маблағларини 251 млрд. сўми Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.

Геосиёсий кескинлашувлар натижасида иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни иқтисодиётимизга салбий таъсирларини минималлаштириш, комплаенс-назорат тизимини такомиллаштириш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, тижорат банкларида санкциявий хатарларни бошқариш бўйича бўлинмалар ва Марказий банкда улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус таркибий бўлинма ташкил этилди.

Санкциявий ташқи хатарларнинг ташқи савдо операциялари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида, тижорат банкларига:

– кредит қарздорликни қайтаришда муаммога дуч келган мижозларнинг 2022 йил якунига қадар ўз вақтида сўндирилмаган кредитлари бўйича пеня ва жарималар ҳисобламаслик ҳамда эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар шакллантирмаслик;

– ташқи савдо операциялари бўйича тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида санкциялардан ҳоли банклар билан ҳамкорлик қилиш чоралари кўрилмоқда.

2022 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат улуши иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилди.

Хусусан, асосий банкларда корпоратив бошқариш тизими жорий этилиб, Банк кенгашлари профессионал маҳаллий ва халқаро экспертлар ҳисобига шакллантирилиб, ҳар бир банкнинг бозордаги ўрни ва мавқеини белгиловчи трансформация Стратегиялари ишлаб чиқилди ва бу жараёнларда банк хизматларини рақамлаштириш, шаффоф ва содда ҳолда мижозларга етказишга алоҳида урғу берилган.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исталган банк бўлинмалари орқали сифатли банк хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида 6 та банк ягона банк коди технологияси асосида фаолият юритишни бошлади.

Банкларда муддати ўтган кредит қарздорликларни бошланғич босқичда ундириш билан шуғулланувчи Soft Collection хизмати ишга туширилди.

Ҳисобот йилидаги банкларнинг иқтисодиётни кредитлаш сиёсатида хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилди.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жами 203 трлн. сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга кўп кредитлар ажратилди.

Иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг 43,7 фоизи саноатга, 22,0 фоизи савдо ва умумий овқатланишга, 11,6 фоизи қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, 5,7 фоизи қурилишга ҳамда 5,2 фоизи транспорт ва коммуникация соҳасига ажратилган.

Натижада 2022 йил якунлари бўйича иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 403,1 трлн сўмга етиб, 21,4 фоизга ўсди.

Хусусан, юридик шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 15,1 фоизга ёки 40 трлн. сўмга (жами 302,1 трлн. сўм), жисмоний шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари эса қарийб 1,5 баробарга ёки 31,5 трлн. сўмга (жами 100,9 трлн. сўм) ўсди.

Ипотека кредитлари қолдиғи 1,3 баробарга ошиб, 46,4 трлн. сўмни, микроқарзлар қолдиғи 1,8 баробарга ошиб, 13 трлн. сўмни ва аҳолига ажратилган бошқа чакана кредитлар қолдиғи 1,6 баробарга ошиб, 41,5 трлн. сўмни ташкил этди.

2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида маҳсулот ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатишда марказлашган таъминот тизимидан воз кечилиб, уларни харид қилишда эркин танлов ва рақобат муҳитини ўз ичига олган “маркетплейс” электрон савдо майдони ишга туширилди.

Электрон савдо майдони орқали ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида қарийб 425 мингга яқин аҳоли ва тадбиркорларга 9,9 трлн. сўмлик кредитлар ажратилиб, 8,6 трлн. сўмлик маҳсулот ҳамда хизматлар етказиб берилди.

Бугунги кунда республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг хонадоннинг 196 тасига ушбу дастурлар доирасида қўшимча даромад олиш имкониятлари яратилди.

Шунингдек, 2022 йилда молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларнинг қайтариш муддатларини узайтириш амалиёти давом эттирилди.

Хусусан, йил давомида мижозларнинг жами 36 трлн. сўмлик кредитлари бўйича тўлов муддатлари кечиктирилди.

Экспорт-импорт операциялари билан шуғулланувчи корхоналарнинг муаммоларини тегишли ишчи гуруҳлари томонидан доимий равишда ўрганиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу соҳада молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларининг 4 трлн. сўмлик кредитларининг қайтариш муддатлари узайтирилди.

Муддати узайтирилган кредитлар қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига 75 трлн. сўмни ташкил этиб, 64,0 трлн. сўми (86 фоизи) юридик шахслар ва 11,0 трлн. сўми (14 фоизи) жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

2022 йилда ундирилиши истиқболсиз бўлган бир йилдан ортиқ муддат давомида қайтарилмаган мижозларнинг 6,2 трлн. сўмлик “умидсиз” тоифага тушиб қолган кредитлари балансдан чиқарилди.

Банклар томонидан 2022 йилда активлар бўйича 11 трлн. сўм миқдорида қўшимча захиралар яратилди ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси 1,3 баробарга ошиб, 2023 йил 1 январь ҳолатига 102 фоизга етди.

Кўрилган чоралар, 2022 йилда муаммоли кредитлар улуши 1,6 фоиз бандга ёки 3,6 фоизгача (14 трлн. сўм) камайишига имкон берди.

Банклар “яшил молиялаштириш” йўналишини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, банклар (Саноатқурилишбанк) томонидан ушбу йўналишга мўлжалланган халқаро кредит линиялари жалб қилиш, банк мижозлари тақдим этган лойиҳаларнинг “яшил молиялаштириш” меъзонларига мувофиқлигини текшириш тартиби ишлаб чиқилди ва унинг натижалари бўйича 3 кун муддатда кредит ажратилишига хулоса бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Марказий банк фаолиятининг яна бир асосий йўналиши – тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор ишлашини таъминлаш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда, асосий эътибор, тўлов хизматлари бозорида хизматлар тури ва кўламини ошириш, тўлов инфратузилмасини аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини сифатли ва тўлиқ таъминлаш заруриятидан келиб чиқиб янада кенгайтиришга қаратилмоқда.

Бугунги кунда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмалари – 20,3 минг донага, тўлов терминаллари – 434 минг донага ҳамда муомалага чиқарилган банк карталари – 34,2 млн. донага етди.

Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошиб, 1,7  млн. донага етди.

Банк мижозларининг банкка ташриф буюрмаган ҳолда нақд пул маблағларини инкассация қилиш ҳамда банк ҳисобварағини (картасини) тўлдириш имкониятини берувчи автоматлаштирилган депозит машиналари (АДМ) сони 475 тага етказилди.

2022 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан жами амалга оширилган тўловларнинг 90 фоиздан ортиғи (1 005  трлн.сўм) банкка ташриф буюрмаган ҳолда Тезкор тўлов тизими орқали амалга оширилган.

Банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмаган ҳолда, контактсиз тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “QR-online” тизимининг оммабоплиги ошиб бормоқда.

Хусусан, 2022 йилда тадбиркорлик субъектларига тақдим қилинган QR-кодлар сони 99 минг донага етиб, ушбу тизим орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажми қарийб 13 баробарга ортиб, 192 млрд. сўмга етди.

Контактсиз тўлов хизматларини ривожлантириш доирасида жорий этилган Tap-to-phone тизими хизматларидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 6 баробарга ошиб, 2,3 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Масофавий биометрик идентификация қилиш тизими (Face ID) технологиясидан фойдаланадиган тижорат банклари сони 11 тадан 26 тагача, тўлов ташкилотлари сони эса 4 тадан 13 тагача кўпайди.

Ҳисобот йилида молиявий хизматлар оммабоплигини ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар давом эттирилди.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 12,6 мингтадан ортиқ банк хизматлари кўрсатиш нуқталари (банк филиаллари, банк хизматлари кўрсатиш марказлари, мини-банклар, 24/7 тартибида ишловчи ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари, банкомат ва инфокиосклар) аҳолига ҳизмат кўрсатмоқда.

Ҳар юз мингта катта ёшли аҳолига тўғри келувчи банк хизматлари кўрсатиш нуқталари сони ўртача 54 тага етди.

2023 йил 1 январь ҳолатига банк ҳисобварағига эга катта ёшли аҳоли сони 17,3 млн. кишини ёки жами катта ёшли аҳолининг 75 фоизини ташкил этмоқда.

Банк хизматларини бошқа муқобил йўллар (каналлар) орқали кўрсатиш йўналишини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Алоқа банк билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳамкорликда 1 900 тага яқин почта бўлинмалари орқали республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан чекка ва олис ҳудудларда аҳолига 5 турдаги банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Марказий банк аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича жами 21 та лойиҳа бўйича ташкил этилган 87 та таълим тадбирлари доирасида 384 минг нафардан ортиқ аҳоли молиявий саводхонлик лойиҳаларида бевосита иштирок этди ва бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди.

Хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида 12 та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида 42 та семинар-тренинглар ўтказилиб, уларга 2,5 минг нафар хотин-қизлар, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини яқинда бошлаган ишбилармон аёллар жалб қилинди.

Банк истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида банклар, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар ҳамда банк хизматлари истеъмолчилари ўртасидаги муносабатларда юзага келаётган муаммоли вазиятларни ҳал этиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилди.

Хусусан,

– гаровга қўяётган ёки кафил бўлаётган учинчи шахсларнинг кредит, гаров ёки кафиллик шартномаси бўйича келгусида дуч келиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида тушунчага эга бўлиши;

– кредит шартномаси тузилгунга қадар банклар томонидан истеъмолчига ушбу хизмат тўғрисида барча зарурий маълумотлар берилиши;

– кредит ажратиш ёки ажратмаслик бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида асослантирилган хабар истеъмолчига тақдим этилиши мажбурий талаблар сифатида белгиланди.

2022 йилда 166 нафар банк хизматлари истеъмолчиларининг (шундан 139 таси жисмоний шахслар, 27 таси тадбиркорлик субъектлари) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашилди.

Хусусан, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш жараёнида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашилган 56 нафар истеъмолчиларнинг жами 2,1 млрд. сўмлик молиявий наф кўриши таъминланди.

Маърузамнинг якунида, 2023 йилда глобал иқтисодиётда юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг мамлакатимизда нархлар ва банк тизими барқарорлигига таъсирини юмшатиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар ва олдимизда турган бошқа муҳим масалалар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Юқорида таъкидланганидек, сўнгги йилларда кетма-кет кузатилаётган иқтисодий нобарқарорликлар таъсирида иқтисодиётда турли хатарларнинг бир пайтда содир бўлиши инфляция даражасини Марказий банклар белгилаган инфляция таргети доирасида шаклланишини мураккаблаштирмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодиётдаги хатарларнинг хусусияти ўзгариб бораётганлиги яъни, озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш, глобал транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжиридаги узилишлар билан боғлиқ хатарлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Мазкур шароитда, Марказий банклар томонидан эҳтиёткор, ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат юритилиши ва шу орқали иқтисодиёт субъектларининг банк тизимига бўлган ишончини сақлаб қолиниши муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу макроиқтисодий шароитдан келиб чиқиб, жорий йилнинг март ойида Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз этиб белгиланди ва келгусида ифляция кутилмалари ва муҳитидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари юмшатиб борилади.

Бу эса, ўз навбатида, Марказий банк томонидан 2023 йилда инфляция даражасининг ўрта муддатли прогноз коридорида бўлиши ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш имконини беради.

Бунда

Нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш борасида:

– 2023 йилда инфляция даражасини 9,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш бўйича ҳукумат билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади;

– пул бозорида депозитларнинг инфляция прогнозига нисбатан реал фоиз ставкаларнинг камида 2-3 фоиз даражасида ижобийлиги таъминланади ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда инфляциянинг монетар омиллари пасайтирилади;

– инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир омилни юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил этган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклифлар ҳукумат, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилади;

– банклар ўртасида қисқа муддатли ресурсларнинг самарали қайта тақсимланишини таъминлаш мақсадида банклараро РЕПО бозори фаолияти ривожлантирилади.

Хабарингиз бор, айрим ривожланган давлатлар банк тизимида молиявий барқарорлик билан боғлиқ тизимли хатарлар кучайиб, ушбу хатарларни халқаро банк-молия тизимларига салбий таъсирини юзага келиш эҳтимоли ортиб бормоқда.

Ушбу ҳолатларни мамлакатимиз банк тизимида такрорланмаслигини олдини олиш бўйича 2023 йилда:

– банклар фаолиятида таваккалчиликка асосланган назорат тизими доирасида мавжуд хатарларни аниқлаш,

банк тизими молиявий барқарорлиги ва банклардаги кредит риски динамикаси борасида даврий ўрганишлар ўтказилади;

– таваккалчиликларни бошқариш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида ҳар бир банкнинг кредит портфелидаги аҳамиятли 20 та йирик қарздорларнинг банклар молиявий ҳолатига таъсири бўйича доимий мониторинг ўрнатилади.

Марказий банк томонидан аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда банкларни санациялаш механизмларини қонунчилик билан тартибга солиш мақсадида “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги ва “Банкларни санациялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш, банк тизимида киберхавфсизликни таъминлаш борасида:

– тўлов хизматлари истеъмолчиларининг молиявий хавфсизлигини таъминлаш ва молиявий фирибгарлик тўғрисида хабардорлигини ошириш чоралари кўриб борилади;

Умуман олганда, 2023 йил давомида иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 2022 йилга нисбатан 20 фоизга кўп кредит маблағлари йўналтирилиши шундан, тадбиркорлик субъектларини айланма маблағларига бўлган эҳтиёжларини қондиришга қарийб 56 трлн. сўмлик револьвер кредитлари ажратилиши таъминлаш;

 банкларнинг ресурс базасини ошириш мақсадида 2023 йилда аҳолининг тижорат банкларидаги миллий валютадаги муддатли депозитлари ҳажмини 1,5 баробарга ошириш чоралари кўриб борилади.

USD = 12662.01
+21.8
EUR = 13593.93
+34.78
RUB = 137.65
+0.63
GBP = 15849.04
+31.08
JPY = 80.81
-0.41
CHF = 13885.31
+34.54
CNY = 1747.30
+3.17
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X