Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  16 Янв 2020, 13:57
26 Ноя 2019

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг

Пул-кредит сиёсатининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари ҳамда инфляцион таргетлаш режимига ўтиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманидаги

МАЪРУЗАСИ

Ассалому алейкум, ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари!

Бугунги матбуот анжуманини ташкил этишимизнинг асосий мақсади:

яқинда қабул қилинган банк тизимига оид қонунлар ва 18 ноябрь куни Муҳтарам Президентимиз томонларидан имзоланган “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонлари асосида келгуси йиллар учун пул-кредит сиёсати соҳасида биз қайси йўналишда ва қандай шаклда ўз ишларимизни ташкил этишимиз;

ҳамда 23 ноябрь куни Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган “Пул-кредит сиёсатининг 2020 йил ва 2021-2022 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари” тўғрисида маълумотларни Сиз ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Таъкидлаш зарурки, пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича Президентимиз бизга 2017 йилнинг сентябрь ойида топшириқ берган эдилар. Инфляцион таргетлашга ўтиш тўғрисидаги Фармон лойиҳаси устида қарийб бир йил ишланди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, тегишли вазирлик ва идоралар билан, мутахассислар билан, халқаро экспертлар билан маслаҳатлашилди. Ҳамманинг фикри ўрганилди. Бу борада кўплаб саволлар бўлди. Хусусан,

Нима учун 5 фоизлик мақсад (ёки мўлжал) таргет қўйиляпти?

2023 йилда бу мақсад кўрсаткичига эришишнинг имконияти борми?

Ушбу мақсадга эришишда жиддий қийинчиликка учрамаймизми?

Нима учун инфляция даражасининг доимий мақсадли кўрсаткичини белгилашда нисбатан узоқроқ муддат қўйилди?

Шу каби саволларга асосли жавобларни топишимизга тўғри келади. Рухсатларингиз билан ушбу саволларга тўхталиб ўтсам.

Нима учун инфляцияни пасайтиришимиз керак?

Ҳозирги инфляция даражаси нисбатан юқори, албатта, бу инфляция даражаси кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Инфляция бу фақатгина товарлар ва хизматлар нархининг ўсиши ҳамда аҳоли даромадларининг камайишини ифодаловчи кўрсаткич эмас. Бу – кенг маънодаги иқтисодий жараён ҳисобланади.

Инфляция даражаси аслида бошқа иқтисодий жараёнлар билан бевосита боғлиқ ва ўзаро бир-бирига таъсир қилади. Мисол учун, инфляциянинг юқори даражаси хоҳлаймизми йўқми миллий валюта девальвациясига олиб келади.

Миллий валюта қадрсизланиши, ўз навбатида, барча макроиқтисодий кўрсаткичларда акс этади.

Юқори инфляция шароити тадбиркорлар учун ҳам яхши эмас, улар ҳам ўз бизнес фаолиятларини 2-3 йил олдинга режа қила олмайди, бугунги кун билан яшайди. Иқтисодиётда жамғармалар ошмайди ва бу, ўз навбатида, келгусида инвестицияларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Инфляциянинг муқобил даражаси инвесторлар учун ҳам жуда муҳим. Хорижий йирик инвесторлар биздаги инфляцияни кузатиб боради. Қачон инфляция пасайишига кўзи етсагина шунда ҳақиқий сармоясини олиб киришга ҳаракат қилади.

Ҳақли савол туғилади, нима учун очиқ иқтисодий сиёсат юритишга ўтишимизнинг биринчи кунидан бошлаб биз бу жараён билан курашмадик?

Чунки, иқтисодиётда сифат ўзгаришларини қилишимиз керак эди.

Биринчидан, иқтисодиётимизни эркинлаштиришнинг биринчи босқичида амалга оширилган ислоҳотлар (валюта бозорини эркинлаштириш, қўшни давлатлар билан чегара ва савдо муносабатларини яхшилаш, ижтимоий соҳада ойликларни кўриб чиқиш, тадбиркорликни фаол ривожланишига кўмаклашиш, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, пахта ва ғалла етиштириш соҳасидаги харид нархларини тўғирлаш ва ҳоказолар) объектив равишда инфляцион хатарларни кучайтирувчи ўзгаришлар эди.

Иккинчидан, бу сифат ўзгаришларини амалга оширмасдан туриб кенг маънода ва ҳар томонлама инфляция жараёнларини тўхтатишга эришиб бўлмас эди.

Шу нуқтаи назардан, эндиликда яъни ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида инфляция даражасини пасайтириш бўйича Ҳукумат ва Марказий банкнинг биргаликдаги ҳаракатларини кучайтириш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан асосли вазифалар белгилаб берилди.

Шу ўринда, Инфляцион таргетлаш ўзи нима? Биз олдин қандай режимда эдик ва нима учун инфляцион таргетлаш режимига ўтаяпмиз? Деган саволга ҳам тўхталиб ўтсам.

Инфляцион таргетлаш бу – пул-кредит сиёсатини юритишнинг замонавий режими бўлиб, бунда нафақат пул-кредит сиёсатида балки бутун макроиқтисодий сиёсатни амалга оширишдаги ҳар бир қадам инфляцияга таъсири ва уни паст даражада ушлаб туриш мақсадларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Умуман олганда, халқаро тажрибада пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг 3 та асосий режимини қайд этиш мумкин. Булар – валюта курсини таргетлаш, монетар таргетлаш ва инфляцион таргетлаш. (Тўртинчиси ҳам бор, бу аралаш режим дейилади, аслида эса Марказий банклар нима қилишини билмаса ёки ҳеч қандай режимга риоя қилмаса аралаш режимда деб юритилади.)

Хўш, булар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Аввало, мазкур режимлар пул-кредит сиёсати олдига қўйиладиган (операцион ёки оралиқ) мақсадлари бўйича фарқланади.

Пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг валюта алмашув курсини таргетлаш режимида миллий валюта курси барқарорлигини таъминлаш орқали инфляция даражасини паст миқдорда сақлаб қолиш мақсад ҳисобланади. Бунда, Марказий банк ички валюта бозорига доимий интервенция қилиш ёки маъмурий йўл билан аралашиш орқали миллий валюта курсини муайян даражада ушлаб туради (бу режим асосан нефт ва газ экспорт қилувчи Араб давлатлари, Қозоғистонда 2015 йилгача, Россияда 2014 йилгача қўлланилган).

Бироқ, ташқи иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви шароитида, алмашув курсини ушлаб туриш олтин-валюта захирасига сезиларли босим кўрсатади. Бу, ўз навбатида, ички валюта бозорида беқарорликка сабаб бўлиб, миллий валюта девальвациясига яъни қадрсизланишига олиб келиши мумкин.

Қўшни давлатлар тажрибаси яна бир бор кўрсатдики, бу режим ҳар доим ҳам самарали ишламайди ва катта миқдордаги олтин-валюта захирасининг ишлатилишига олиб келиши мумкин.

Монетар таргетлашда эса пул-кредит кўрсаткичлари – пул базаси, пул массаси ёки бошқа кўрсаткични маълум даражада ушлаб туриш орқали инфляция даражасини ва умуман макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш эътибор марказида бўлади.

Ҳозирги пайтда бу режимдан дунёнинг аксарият Марказий банклари воз кечган, сабаби глобал иқтисодиётда пул массаси билан инфляция орасида доимий аниқ боғлиқлик умуман йўқ десак ҳам бўлади. Чунки пул массаси бу ҳосила ёки натижа, яъни маълум бир иқтисодий жараёнлар натижасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобрақамларида пайдо бўлган омонат ва депозитлар миқдори ҳисобланади. Молия бозорларининг глобаллашуви жараёнида ҳам пул массаси у ёки бу томонга кескин ўзгариб туриши мумкин.

Халқаро тажриба бозор иқтисодиёти шароитида пул-кредит сиёсатини юритишнинг самарали усулларидан бири инфляцион таргетлаш режими эканлигини кўрсатади.

Бу дунёда инфляцион таргетлаш режимига ўтган давлатлар сони тобора ортиб бораётганлиги билан исботланмоқда. Ҳозирги пайтга келиб дунёнинг 40 дан ортиқ ривожланаётган ва ривожланган давлатлари инфляцион таргетлаш режимига ўтган.

Хусусан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Украина сингари МДҲ давлатлари ҳам охирги 5-6 йилда инфляцион таргетлаш режимига ўтган давлатлардан ҳисобланишади.

Инфляцион таргетлаш режимининг афзалликлари 2007-2009 йиллардаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳамда Европа инқирози даврида яққол намоён бўлди. Инфляцион таргетлаш йўлини танлаган иқтисодиётлар инқироздан олдинги даврга нисбатан бироз пастроқ иқтисодий ўсиш суръатларига эришган бўлишсада, глобал молиявий-иқтисодий инқироздан (2007-2009 йиллар) катта иқтисодий талофатларсиз ўтишга муваффақ бўлдилар.

Бунинг сабаби оддий: инфляцион таргетлашга ўтган давлатларда мувофиқлашган макроиқтисодий сиёсатнинг юритилишидир. Яъни, инфляцион таргетлаш режимига ўтишда ҳар бир давлат тартибли макроиқтисодий сиёсат юритади:

1) кредитлар ҳажми ўсиши мувозанатли бўлади;

2) макропруденциал назорат бўйича самарали чоралар жорий этилади. Ушбу ижобий ўзгаришлар мамлакатга ташқи инқироз таъсирларидан нисбатан осонроқ чиқиш имконини беради;

3) фискал ҳолат белгиланган параметрлар доирасида бўлади ва пул-кредит сиёсати билан солиқ-бюджет сиёсатининг мувофиқлиги таъминланади.

Мазкур режимда, инфляция бўйича узоқ муддатли мақсаднинг бўлиши жуда муҳим. Сабаби аҳоли ва иқтисодиётнинг бошқа субъектлари истеъмол ва инвестиция қилиш бўйича қарорларни қабул қилишда инфляциянинг келгуси мақсадли кўрсаткичларини инобатга олишади.

Инфляцион таргетлаш режимида, биринчи навбатда, бозорда пулнинг нархи белгиланади.

Марказий банк ўз операциялари билан пулнинг бозор нархини ва шу орқали пулга бўлган талаб ва таклифини тартибга солиши – инфляцион таргетлаш режимининг туб моҳияти ҳисобланади.

Бу билан биз нима демоқчимиз: Бизда ҳозир пулнинг нархи самарали бошқарилмайди, маълум миқдордаги пулдан бир кун, бир ҳафта ёки бир йил фойдаланиш қанча туришини (фоиз тўловини) аниқ айтишимиз қийин.

Шу нуқтаи назардан, эндиликда Марказий банк томонидан пул бозорида бир кунлик, икки ҳафталик ва узоқ муддатларга мўлжалланган доимий операциялар амалга оширилади.

Бундан асосий мақсад Марказий банк пулнинг бозор нархини тўғри белгилаш орқали инфляция даражасига самарали таъсир кўрсатиши ҳисобланади.

Ушбу режимда коммуникация сиёсатининг, яъни жамоатчилик билан алоқа каналининг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Бунда, (яъни узоқ муддатли таргет эълон қилинганидан кейин) энг муҳим омил ушбу таргетга эришишда кенг жамоатчиликнинг ишончини қозониш ҳисобланади.

Яъни, инфляцион таргетлаш бўйича тажрибали мутахассисларнинг таъбири билан айтганда, Марказий банк чораларининг таргетга эришиш бўйича кетма-кетлиги ёки босқичма-босқич амалга ошириб борилаётганлиги ва бу бўйича қилинаётган ишлар ва уларнинг натижаси бўйича кўпчиликда аниқ тасаввур ва маълумот бўлиши керак.

Юқорида таъкидланганидек, инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун 2 йилдан ортиқ тайёргарлик кўрилди. 2017 йил сентябрь ойида Президентимизнинг Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш борасида Қарорларида инфляцион таргетлаш режимига ўтишга тайёргарлик кўриш вазифаси топширилган эди.

Бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Марказий банкнинг таркибий тузилмаси қайта кўриб чиқилди, янги департаментлар ташкил қилинди, мароиқтисодий прогнозлаш ва таҳлил салоҳиятини оширишга, коммуникация сиёсатини янгидан ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

Инфляцион таргетлашга ўтиш орқали нималарга эришамиз?- деган саволга жавоб берадиган бўлсак:

Биринчи навбатда, инфляцион таргетлаш режимининг самарали жорий этилиши иқтисодиётда нархлар барқарорлигига ва 2023 йилга қадар инфляциянинг узоқ муддатли 5 фоизлик мақсадли кўрсаткич атрофида бўлиш имконини беради. Паст даражадаги инфляция эса аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш билан биргаликда, иқтисодиётда бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилайди.

Шунингдек, нархлар барқарорлиги аҳолининг миллий валютага бўлган ишончини оширади ва шу орқали иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишига ҳамда миллий иқтисодиётга ички ва ташқи инвестицияларнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.

Биз кўп нарсани олдиндан кўра олмаймиз. Кўп нарсалар, хусусан, ташқи иқтисодий шароитларнинг ўзгариши, ташқи шоклар бизнинг назоратимиз остида эмас. Лекин жамиятда ишонч бўлиши керакки, инфляция мақсадли кўрсаткичдан оғган тақдирда ҳам қисқа муддатда ўз таргетига қайтади. Сабаби, макроиқтисодий сиёсат шунга асосланиб қурилган бўлади.

Келинг, шу ўринда Нима учун 5 фоизлик таргет қўйиляпти? Шу саволга ҳам аниқлик киритиб ўтсам.

Таргетни ҳар бир давлат ўзи маълум бир омилларни ҳисобга олиб белгилайди. Бунинг бирон жойда шунча бўлсин деб аниқ ёзиб қўйилган қоидаси йўқ. 2023 йилда 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш бу – мақсад.

Биз мақсадли кўрсаткични белгилашда бир нечта омилларни ҳисобга олдик.

Биринчи омил, бу ҳозирги инфляциянинг хусусияти, бугунги инфляция юқорида таъкидлаганидек маълум бир зарурий ислоҳотларнинг натижаси. Бу вақтинчалик таъсирга эга бўлиб бир-икки йилда ҳаммаси жойига тушади. Нархларни эркинлаштириш жараёни ҳам якунланади. Ундан кейин инфляцияни юқори бўлишига кучли ёки фундаментал асос қолмайди. Қолаверса, баланд инфляцияга йўл қўйишга, ҳаққимиз ҳам йўқ.

Инфляция таркибида нархлари мавсумийликка жуда таъсирчан бўлган товарлар нархлари ҳам барқарорлашади. Мисол учун ҳозирги пайтда бизда мева ва сабзавотлар нархлари юқори мавсумий тебранишга эга. Лекин, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва уни диверсификация қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва ташиш соҳасига қилинаётган инвестициялар ўз самарасини беради ва мазкур маҳсулотлар нархларидаги мавсумийлик пасаяди.

Бундан ташқари, охирги 2-2,5 йилда кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг ички нархлари қўшни давлатлар нархларига мослашиб бўлди. Бу ҳам келгусида нархларнинг юқори ошишига асос йўқлигини кўрсатади.

Иккинчи омил, инфляция бу истеъмол саватига кирган товар ва хизматлар ўртача нархлари ошиши, бунда ҳамма товар ва хизматлар бир хилда ошмайди. Қайсидир товар нархи 1 фоизга ошса, бошқаси 10 фоизга ошиши мумкин, лекин ўртача ошиш 5 фоиздан ошмаслиги керак.

Агар биз таргетни юқорироқ қўйсак унда маълум бир товарлар айниқса аҳолининг кундалик истеъмоли учун зарур товарлар нархи янада баланд ошиши мумкин ва бунда таргетдан халққа фойда бўлмай қолади.

Шунингдек, айрим бозорлардаги нархларнинг юқори ўсиш суръатлари аҳоли ва бизнес вакилларининг инфляцион кутилмаларига таъсир этиши ва натижада, янада кенгроқ товар гуруҳлари нархларининг ўсишига олиб келиши мумкин.

Инфляция 7-9 фоизлик шароитида нафақат инфляцион кутилмалар, балки алмашув курсига ҳам босим кучлироқ бўлади. Бу, ўз навбатида, миллий валютага бўлган ишончнинг пасайишига, узоқ муддатли ресурслар тақчиллигига, яъни мавжуд пул ва капитал ресурсларининг нотўғри тақсимланишига олиб келади.

Учинчи омил, халқаро тажрибада дунёнинг ривожланган давлатлари одатда инфляция бўйича таргетларини 2 фоиз қилиб белгиланган бўлса, ривожланаётган давлатлар 5 фоиз ва ундан паст қилиб белгиланган. Бу борада кўплаб тадқиқотлар ўтказилган 5 фоизлик инфляция ривожланаётган давлатларда барқарор ва сифатли иқтисодий ўсишни таъминлаш учун мақбул ҳисобланади.

Тўртинчи омил, аксарият қўшни мамлакатлар бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлардаги инфляция даражаси 5 фоиздан юқори эмас. Мисол учун Россия Федерациясида 4 фоизлик Қозоғистонда 5 фоизлик, Қирғизистонда 2 фоизлик инфляция бўлганда, нима учун бизда юқори бўлиши керак. Биз юқори инфляция шароитида халқаро савдода солиштирма устунлигимизни йўқотамиз, ҳар доим алмашув курсимизга босим сақланиб қолади, инфляцион занжирдан чиқиб кета олмаймиз.

Юқорида санаб ўтилган омилларни комплекс таҳлил қилиб, инфляция бўйича таргетимиз 2023 йилга 5 фоиз қилиб белгиланмоқда.

2023 йилда таргетга эришишнинг имконияти борми?

Албатта бор, бу таргетга эриша оламиз, лекин осон бўлмаслиги ҳам табиий.

Бунинг учун, энг аввало, Президентимиз Фармонларида ва “Йўл харитасида” белгилаб берилган комплекс ва тизимли вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришимиз зарур.

Бунда, ҳар бир вазирлик ва идорага алоҳида топшириқлар берилганки, ҳаммаси битта мақсад инфляцияни пасайтириш ва белгиланган 5 фоизлик таргет даражага олиб тушишга йўналтирилади.

Биринчи навбатда, Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритиш механизмини тубдан ўзгартиради. Асосий фоиз ставкаси ва фоизлар коридори жорий қилинади, пул бозорида доимий операцияларни амалга ошириш йўли билан пулнинг ҳақиқий нархини белгилайди, инфляциянинг жорий ва прогноз кўрсаткичларидан келиб чиқиб асосий фоиз ставка даражаси йилда камида 8 марта Марказий банк Бошқаруви йиғилишларида муҳокама қилинади.

Шу ўринда, юқорида таъкидланганидек, оммавий ахборот воситаларининг роли ҳам жуда муҳим. Биз очиқ бўлишимиз керак, ҳар бир қилган ишимизни, қабул қилган қарорларимизни аҳолимизга ва тадбиркорларимизга батафсил тушунтириб беришимиз керак. Инфляцион таргетлашда ўзаро ишонч жуда муҳим рол ўйнайди.

Биз очиқ бўлсак, қабул қилинаётган қарор нимага асосланганлиги ва қайси мақсадларни кўзлаганлигини ва булар ижросининг натижадорлигини батафсил ёритиб борсак, аҳоли ва тадбиркорларнинг бизга бўлган ишончи ортиб боради.

Майли биз 5 фоизлик таргетга эришмайлик, амалда 5,2 фоиз ёки 5,5 фоиз бўлсин. Лекин биз қўшимча чора-тадбир орқали инфляцияни шу даражагача пасайтиришимиз ва буни жамоатчиликка тўғри етказиб беришимиз ишончни ошириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш учун ўта муҳим ҳисобланади.

Марказий банк фаолияти шаффофлигининг ортиши ва фаол коммуникация сиёсатининг юритилиши аҳоли ва бизнеснинг амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончи ортади, инфляцион кутилмалари белгиланган мақсад доирасида бўлади.

Ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, 2020 йил ва 2021-2022 йиллар даври учун пул-кредит сиёсати соҳасида қандай асосий йўналишлар белгилаб олиняпти ва уларни шакллантиришда қандай макроиқтисодий вазифа ва омиллар асос қилиб олинганлиги тўғрисида маълумот беришни ҳам лозим топдик.

Хусусан, 2020 йилдан бошлаб пул-кредит сиёсатини юритишда мутлақо янги шароит, яъни Инфляцион таргетлаш режимига ўтилади. Бунда инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсад (таргет) белгилаб олинмоқда;

Бунга эришишда қандай макроиқтисодий (мақсадлар) ориентирлар доирасида ишлашимиз керак?

1) Иқтисодиётга ажратиладиган кредитлар қолдиғи ЯИМ номинал ўсиш даражасида бўлади (валюта ўзгаришларини ҳисобга олмаганда 2020 йилда 20-25 фоизни ташкил этади). Бу иқтисодиётда пулга бўлган талабни тўлиқ қондиришга етарли бўлади. Чунки, имтиёзли кредитлаш тартиби ўзгартириляпти. Келгуси йилдан бошлаб имтиёзли кредитлар фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасида ва 2021 йилдан компенсация механизмини қўллаш орқали бозор фоиз ставкаларида ажратилади.

Бу, биринчи навбатда, иқтисодиётда кредитга бўлган нореал талабни қисқартирса, иккинчи томондан, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бошқача қилиб айтганда, келгуси йилда ўзининг барқарор пул тушумларига эга бўлган, иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган лойиҳалар молиялаштирилади.

Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра асосий сценарий бўйича ЯИМнинг йиллик ўсиши 2020 йилда 5,5 фоизни ташкил этиши, 2021-2022 йилларда 5,5-5,8 фоизгача тезлашиши кутилмоқда.

2) Умумий фискал баланс тақчиллиги 2022 йилга қадар босқичма-босқич ЯИМга нисбатан 1,5 фоизгача пасайиб бориши мақсад қилинган.

Энг муҳими, асосий сценарий бўйича йиллик инфляция 2020 йил охирида 12-13,5 фоиз оралиғида бўлиб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига тушади, 2023 йилда эса асосий 5 фоизлик таргетига эришади.

Марказий банк ҳар қандай вазиятда ҳам инфляцияни пасайтиришни ва паст даражада ушлаб туришни мақсад қилган. Пул-кредит сиёсатининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларида ҳам шундан келиб чиқиб, қуйидаги вазифалар қўйилган:

1) Марказий банк операцион механизмини такомиллаштирилади. Банк тизими ликвидлилигини янада самарали бошқариш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси, фоиз коридори, ликвидлиликни бошқариш инструментлари (қисқа муддатли депозит ва кредит операциялари) муомалага киритилади.

2) Ички валюта бозорини янада ривожлантириш чоралари кўрилади. Илгари таъкидлаганимиздек, валюта курси тўла бозор механизмлари асосида шаклланаяпти. Энди, тижорат банкларининг валюта бозоридаги фаоллигини янада ошириш ва босқичма-босқич Марказий банк иштирокисиз мустақил савдолар олиб бориш тизимига ўтилади. (2018 йилда – 21,4 фоиз, 2019 йилда – 43,6 фоиз)

Шунингдек, валюта курси билан боғлиқ хатарларни олдини олиш учун халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган ҳосилавий инструментларни (своп, опцион ва фьючерсларни) жорий этиш мўлжалланган.

3) Марказий банкнинг таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ошириш борасида. Макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил ва прогноз қилиш бўйича замонавий моделларни ишлаб чиқиш жорий этилади. Бу орқали, иқтисодиётимизнинг ҳолати ва ўрта муддатли ривожланиш истиқболларини прогнозлаш имконияти вужудга келади.

4) Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларини ўрганишни йўлга қўйдик. Буни янада такомиллаштирамиз. Биз учун энг муҳими жамоатчилик фикри, иқтисодиётда жамғарма ва истеъмол ҳажмларини, нархларни белгилайдиган улар.

5) Келгуси йилларда Марказий банкнинг коммуникация сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва оммавий ахборот воситалари билан янада фаол ишлаш чоралари кўрилади.

Умуман олганда, келгуси 3 йилда қилишимиз зарур бўлган ишлар, вазифалар жуда кўп. Уларни босқичма-босқич самарали амалга оширишимиз инфляцияни пасайтириш учун жуда муҳим.

USD = 10209.86
+2.17
EUR = 12021.09
+125.05
RUB = 137.46
-4.91
GBP = 13362.66
+308.05
JPY = 96.43
+0.24
CHF = 11186.44
+98.36
CNY = 1463.91
+8.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X