Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2023 йил 26 октябрдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  8 Ноя 2023, 14:55
8 Ноя 2023

Бугун Марказий банк Бошқарувининг таянч йиғилишида  2 та масала кўриб чиқилди.

Биринчи масала бўйича иқтисодиётда шаклланган макроиқтисодий ҳолат ва кутилмалардан келиб чиқиб Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди;

Иккинчи масала, Марказий банкнинг асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланган ҳамда келгуси йиллар учун бизнинг қайсидир маънода режаларимиз ва ривожланиш дастуримизни ифодалайдиган “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлариконцептуал жиҳатдан маъқулланди.  

I. Асосий ставка даражасининг ўзгаришсиз қолдирилиши қўйидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчидан, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар жорий йилнинг биринчи яримидаги пасайишдан сўнг, маҳсулотлар таклифидаги ўзгаришлар ва проинфляцион талаб омиллари таъсирида бироз тезлашиши кузатилди.

Хусусан, умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикада шаклланиб охирги чоракда 9,2 фоизгача тезлашди. Инфляциянинг ўсиши озиқ-овқат нархлари ошишининг 11 фоизгача тезлашиши (июнь ойида 10,5 фоизгача пасайган эди) ва тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг умумий инфляциядаги ҳиссасини ортиши билан изоҳланади.

Биз доимий эътибор қаратадиган базавий инфляция сентябрь ойида 10,3 фоизни ташкил қилди. Пасайиш тенденциясига қарамай, базавий ва умумий инфляция ўртасидаги сезиларли тафовут сақланиб қолмоқда.

Бу, ўз навбатда, инфляция саватининг барқарор компонентлари нархларида юқори ўсиш сақланиб қолинаётганини кўрсатиб, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашни тақозо этмоқда.

Иккинчидан, аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари август ойидаги ўсишдан сўнг мос равишда 13,5 ва 14,2 фоизгача пасайган бўлса-да, ҳали ҳам юқори суръатларда шаклланмоқда.

Кутилмаларга қисқа муддатли шокларнинг таъсирлари даражаси юқорилигича қолмоқда.

Учинчидан, глобал инфляцион жараёнлар ҳали ҳам юқори даражада шаклланиб, уларнинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Етакчи марказий банклар томонидан қатъий пул-кредит сиёсатини сақланиб қолаётганлиги, халқаро молия бозорлардаги шароитларларда қатъийликни ҳам давом этишини тақозо этмоқда.

Асосий савдо-ҳамкор давлатлардаги инфляция ва алмашув курслари динамикасини сўмнинг реал самарали алмашув курсини мустаҳкамланишига босимлари сақланиб қолмоқда.

Тўртинчидан, иқтисодиётнинг реал секторидаги ижобий тенденциялар таъсирида жорий йилнинг 9 ой якунига кўра, ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди.

Бу албатта, ялпи таклиф кўламларини босқичма-босқич кенгайиб бораётганлигини ҳам кўрсатади.

Бунда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми
5,7 фоизга, хизматлар – 12,1 фоизга ва қишлоқ хўжалиги –
4,1 фоизга ўсган.

Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари асосан (фискал рағбатлантириш таъсирида) истеъмол харажатларининг ўсиши ҳамда марказлашмаган инвестициялар ҳажмининг сезиларли ошиши билан изоҳланади.

Жорий йилнинг 9 ойида марказлашмаган инвестициялар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 фоизга ошган бўлса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1,5 баробарга ўсди.

Айни пайтда, иқтисодиётда ялпи талабнинг ижобий ўсиш динамикаси шаклланиши муқобил кўрсаткичларда ҳам намоён бўлмоқда.

Кўрсатилаётган бозор хизматлари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушган пул тушумлари ҳажмининг 28 фоизга ўсиши кузатилди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари юқори база эффекти ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 34 фоизга қисқарган
бўлса-да, 2021 йилнинг мос даври билан таққослаганда
1,4 баробарга ўсган.

Бешинчидан, банклараро пул бозоридаги фаолликни кучайиши давом этмоқда ва ўртача тортилган банклараро депозит ва репо ставкалари тўлиқ фоиз коридори доирасида шаклланди.

Uzonia ставкаси сентбрь-октябрь ойида 14 фоиз даражасида шаклланмоқда. Бунда, Uzoniaнинг асосий ставкага нисбатан спреди (фарқи) йил бошидаги манфий 1 фоиз банддан, май-июнь ойларида
0,5-0,6 фоиз бандгача пасайган бўлса, октябрь ойида ушбу фарқ тўлиқ ёпилди.

Қайд этиш лозимки, шаклланган пул-кредит шароитлари иқтисодиётга ажратилаётган кредитларни мақбул ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

2023 йилнинг 9 ойида иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи 17,5 фоизга ошди ва 473,4 трлн сўмга етди.

Бундан ташқари, сўнгги ойларда кузатилган чакана кредитлардаги юқори ўсиш суръатлари макропруденциал чораларни қўллаш орқали мувозанатлаштирилмоқда.

Келгусида вазиятга қараб қўшимча чоралар қўлланилиши мумкин.

Хусусан, январь-август ойларида аҳолига ажратилган кредитларнинг ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 70 фоизни ташкил этган бўлса, январь-сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич
67 фоизгача секинлашди.

Сентябрь ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари
21,1 фоизни ташкил қилди. Ижобий реал фоиз ставкалари
депозит бозорининг чакана сегментида юқори фаолликни таъминламоқда.

Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига муддатли депозитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 47,1 фоизни, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари ўсиши 52,3 фоизни ташкил этди.

Янгиланган прогнозларга кўра, инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар балансидан келиб чиқиб, жорий йилда инфляциянинг прогноз коридори атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Энди, бугунги бошқарув йиғилишида кўриб чиқилган иккинчи масалага ўтсам.

  1. Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларининг концептуал лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари:

  • келгуси йилларда ташқи ва ички шароитлардаги ўзгаришларга нисбатан Марказий банкнинг жавоб чоралари,
  • пул-кредит сиёсати операцион механизмини ривожлантириш бўйича тадбирлар,
  • иқтисодиётдаги ўзаро боғлиқликлар борасидаги тадқиқотларни ўз ичига олиб,
  • жорий ва кутилаётган макроиқтисодий вазият бўйича Марказий банк қарашларини ифодалайди.

        Макроиқтисодий ривожланишнинг барча сценарийларида Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилганлигини алоҳида қайд этмоқчимиз.

        Ташқи савдо ҳамкорлардаги иқтисодий вазият, хомашё ва молия бозорларида келгусида ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолишини, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш суръатларини инобатга олиб кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишлари базавий ва муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.

Асосий сценарий шартлари этиб, келгуси йилларда ташқи иқтисодий шароитларда жорий вазиятнинг кескин ўзгаришларсиз сақланиб қолиши ва таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши белгиланган бўлса,

ноаниқликларнинг янада кучайиши ва ташқи шароитларда хатарли шокларнинг юзага келиши муқобил сценарийни белгиловчи омиллар сифатида қабул қилинган.

        Бунда, асосий сценарийни ишлаб чиқишда:

  • кейинги йилларда макроиқтисодий тўғриланишларни амалга оширилиши, яъни энергия, транспорт ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигидаги таркибий ислоҳотларни фаол фазага кўчиши ва айримларининг мантиқий якунига етказилиши;
  • фискал консолидация бошланиб умумий фискал дефицит даражаси 2023 йилги кўрсаткичлардан пасайиб бориши;
  • иқтисодиётда давлат улушининг камайиши;
  • хусусий инвестициялар ва товарлар экспорти ҳажмининг юқори суръатларда ўсиб бориши каби қарашларга таянилган.

Шунингдек, асосий сценарий доирасида банк тизимида долларлашув даражасини пасайтириш;

имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш;

бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтилиши борасида муҳим чоралар давом эттирилиши пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини оширишда муҳим омиллар сифатида қаралмоқда.

Ушбу сценарий доирасида ишлаб чиқилган прогнозларга кўра,
ташқи вазиятдаги ўзгаришларнинг таклиф омилларига бўлган босимини ўрта муддатда ҳам сақланиб қолишини ҳамда тартибга солинадиган нархларни тўғриланишининг умумий инфляцияга бўлган таъсирларини инобатга олиб,

инфляциянинг доимий 5 фоизлик таргетига 2025 йилнинг иккинчи ярмида эришиш бўйича асосларни юзага келтирмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу қарор доимий 5 фоизлик таргетни ўзгартирилганлигини англатмайди, балки ушбу таргетга эришиш даврининг узайтирилганлигини билдиради.

Шунингдек, таргетга эришиш даврининг узайтирилиши, бир томондан иқтисодиётдаги ялпи таклифнинг ички истеъмол талабини етарли даражада қондиришда кечикаётгани билан изоҳланса,

иккинчи томондан, ялпи талабни тийиб туришга қаратилган кескин чоралар кўрилган тақдирда иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатарлар туғдириши мумкинлиги билан боғлиқ.

Инфляцияни таргет даражасигача самарали пасайтириш учун унга монетар инструментлар таъсирини кучайтириш билан бир қаторда ялпи таклифни оширишга қаратилган чораларни янада фаоллаштириш лозимлиги муҳим аҳамият касб этади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси доирасида 2024 йилда инфляция даражаси 8-9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляциянинг мазкур даражада бўлишини таъминлаш учун пул-кредит шароитлари 2024 йилда ҳам нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади.

Қайд этиш лозимки, 2024 йилда тартибга солинадиган нархларнинг тўғирланиш даражаси ва давридан келиб чиқиб  инфляциянинг прогнози қайта янгиланиши ва мос равишда пул-кредит шароитларига ўзгартириш киритилади.

  • Макроиқтисодий тўғриланишлар ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда умумий инфляцияга қисқа муддатли оширувчи таъсирлар юқори бўлишини инобатга олиб, келгуси йилда пул-кредит соҳасидаги қарорлар устувор равишда базавий инфляцияни пасайтиришга қаратилади.
  • Ўз навбатида, келгуси йилларда ҳам базавий инфляцияни пасаювчи динамикасини сақлаб қолиниши бўйича асослар етарли шаклланган.
  • Бунда, кутилаётган ўзгаришлар инфляцион кутилмаларга кескин таъсир кўрсатган тақдирда, пул-кредит шароитлари ўзгартирилиши ҳамда коммуникация сиёсати янада фаоллаштирилиб, ҳар бир чора тушунтирилиб борилади.

Асосий сценарий доирасида 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш прогнози 4,7-5,7 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган бўлса, 2025 йилда 5-6 фоиз ва 2026 йилда
5,5-6,5 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Бунда, хусусий секторнинг инвестицион ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошиб бориши, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлиши кутилмоқда.

Мақроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси доирасида асосий сценарийдан фарқли равишда, ташқи шароитларнинг бирмунча ноқулай шаклланиши ички нархларга қўшимча босимни яна кучайтиришини инобатга олиб, 2024 йилда инфляция даражаси 9-10 фоиз атрофида бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Бунда доимий таргетга эришиш даври янада узоқроқ даврга кечикиб, 2025 йилда инфляция 7-8 фоиз атрофида бўлиши
ва 2026 йил якунига келиб 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий доирасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантиришлар бўлади. Ўрта муддатли истиқболда ЯИМ реал ўсиши базавий сенарийда келтирилган прогнозларга нисбатан 1,5-2 фоиз бандга пастроқ бўлиши мумкин.

Бунда ЯИМ тафовути 2024-2025 йилларда манфий шаклланади ва 2026 йилга келиб ёпилади.

Муқобил сценарий шартлари юзага келганда пул-кредит шароитлари янада қатъийлаштирилади. Бунда, молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида макропруденциал чоралардан ҳам кенг фойдаланиб борилади.

Таргетга йўналтирилган фаолият давомида келгуси йилларда ҳам пул-кредит сиёсати операцион механизми, инструментлар тўплами ва пул бозорлари ривожлантирилиб, таҳлилий, прогнозлаш ва коммуникация салоҳияти такомиллаштириб борилади.

 “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг концептуал жиҳатдан маққулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банк расмий саҳифаларида эълон қилиниб, 2023 йилнинг
24 ноябригача кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. 


USD = 12662.01
+21.8
EUR = 13593.93
+34.78
RUB = 137.65
+0.63
GBP = 15849.04
+31.08
JPY = 80.81
-0.41
CHF = 13885.31
+34.54
CNY = 1747.30
+3.17
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X